🔴 Ўзбекистонда дам олиш кунлари совуқ, ёмғир ва кучли шамол кутилмоқда
3–5 октябр кунлари Ўзбекистонга совуқ ва нам ҳаво массалари кириб келиши сабаб об-ҳаво кескин ўзгаради. Республика бўйича ҳарорат пасаяди, ёмғир ёғади ва айрим ҳудудларда кучли шамол кузатилади.
3–4 октябр кунлари асосан шимолий ва чўл ҳудудларида, 4–5 октябрда эса мамлакатнинг қолган қисмида ёмғир кутилмоқда. Айрим жойларда ёмғир кучли бўлиши мумкин. Баланд тоғли ҳудудларда эса ёғингарчилик қорга айланади.
Ҳаво ҳарорати республика бўйича кундузи 15–20 даража, кечаси 5–10 даража илиқ бўлади. Шимолий ҳудудларда салқинроқ об-ҳаво сақланиб, кечаси ҳарорат 2–7 даражагача тушиши кутилмоқда.
3–4 октябр кунлари айрим ҳудудларда шамол тезлиги секундига 20–22 метргача кучайиши ва чанг-тўзон кўтарилиши мумкин.
5–6 октябр кунлари эса айрим жойларда туман тушиши эҳтимоли бор.
Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X
🔴Қирғизистон Иссиқкўлдаги Ўзбекистон пансионатлари бўйича янги шартларни тасдиқлади
Қирғизистон Ўзбекистон билан Иссиқкўл вилоятидаги дам олиш объектларига доир келишувга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш протоколини тасдиқлади. Бу ҳақда 24.kg хабар берди.
Протокол 2026 йил 30 июлда икки мамлакат президентлари учрашуви доирасида имзоланган эди.
Гап «Марказий Осиёнинг олтин қумлари», «Роҳат–НБУ», «Дилором» ва «Бўстон» пансионатлари ҳақида кетмоқда. Аввалги инвестиция режаларида ҳар бир объектга 15–20 миллион доллар сармоя киритиш кўзда тутилган. Бу тўрт пансионат учун ҳисоблаганда жами 60–80 миллион доллар дегани.
Бу пансионатлар бир пайтлар халқаро судлашувга сабаб бўлган. Ўзбекистон давлат ташкилотларига тегишли объектлар 2016 йилда Қирғизистон томонидан давлат мулкига ўтказилган. Кейин Ўзбекистон томонидаги ташкилотлар халқаро арбитражга мурожаат қилган. 2023 йил майда арбитраж уларнинг фойдасига қарор чиқариб, Қирғизистон зиммасига 40 миллион доллардан ортиқ компенсация тўлаш мажбуриятини юклаган. Кейинчалик томонлар келишувга эришган.
2024 йилги келишувда пансионатларга мулк ҳуқуқини Ўзбекистон томонига ўтказиш белгиланган. Объектларга Тошкент механика заводи, Миллий банк, Асакабанк ва Ўзсаноатқурилишбанк масъул этиб кўрсатилди.
Аввалги келишувга кўра, пансионатлар реконструкция қилиниб, халқаро стандартлар бўйича камида уч юлдузли меҳмонхона комплексларига айлантирилиши керак. Ходимларнинг камида 80 фоизи Қирғизистон фуқаролари бўлиши, уларнинг пляжларга тўсиқсиз кириши таъминланиши шарт. Объектлар жойлашган ер учун эса ижара ҳақи тўланади.
Яна бир эътиборли жиҳат, реконструкциядан кейин объектларни учинчи шахсларга сотиш имкони ҳам назарда тутилган. Бунда Қирғизистон томони уларни бозор нархида сотиб олишда устувор ҳуқуққа эга.
Telegram|Instagram | You Tube | Facebook | X
📄uzdiplomat иқтибоси🖍
“Мен кўпроқ давлат идора ходимларида кузатаётган нарса шуки, натижа эмас, очко олиш муҳим. Тушунтира олдимми? Агар менга очко бермаса, натижаси қизиқ эмас. Агар ундан қанақадир бир олқиш олмасам, шахсий манфаат бўлмаса, унинг натижаси нима бўлса бўлсин, менга қизиқ эмас. Мана шу ўринларни алмаштиришимиз керак. Натижага рози бўладиган бўлишимиз лозим”.
Озодбек Назарбеков,
Ўзбекистон Маданият вазири
Август, 2025 йил
Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X
🔴АҚШ Марказий Осиёнинг киберхавфсизлиги учун 5 млн доллар ажратади
АҚШ Марказий Осиё давлатларида киберхавфсизлик ва рақамли соҳани ривожлантириш учун 5 миллион доллар миқдорида молиявий ёрдам ажратишини маълум қилди. Маблағ CRDF Global нотижорат ташкилоти орқали бошқарилади.
Бу ҳақда 29–30 сентябрь кунлари Остонада ўтказилган C5+1 SI: Digital Innovation for Economic Growth конференцияси доирасида эълон қилинди. Тадбирда АҚШ Давлат департаментининг Марказий Осиё бўйича давлат котиби ёрдамчиси ўринбосари Марк Кэмерон иштирок этди.
АҚШ томонига кўра, янги дастур Марказий Осиёда ишончли ва хавфсиз рақамли муҳит яратиш, шу билан бирга минтақада фаолият юритувчи Америка компаниялари учун бизнес шароитларини яхшилашга қаратилган.
Лойиҳа C5+1 форматининг хусусий сектордаги ҳамкори — B5+1 ташаббуси билан ҳам боғлиқ бўлади. У давлат ва хусусий сектор ўртасида мулоқотни кучайтириш, АҚШ ва Марказий Осиё ўртасида икки томонлама савдо ҳамда инвестицияларни рағбатлантиришни кўзда тутади.
Остонадаги конференцияда сунъий интеллект ва бошқа янги технологиялар, ишончли рақамли инфратузилмани ривожлантириш, рақамли трансформация орқали иқтисодий ўсиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Марк Кэмерон ташриф давомида Марказий Осиёнинг беш давлати вакиллари билан учрашиб, минтақада янги технологияларни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.
Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X
🔴 Ишдан бўшатилган айрим ходимлар муддатидан олдин пенсияга чиқиши мумкин бўлди
Ўзбекистонда ҳар қандай ишдан бўшатилган ходим эмас, балки меҳнат шартномаси қонунда белгиланган айрим асослар бўйича бекор қилинган фуқаролар муддатидан олдин ёшга доир пенсия олиш имкониятига эга бўлди.
Гап, хусусан, ташкилот ёки унинг алоҳида бўлинмаси тугатилиши, шунингдек технология, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, иш ҳажмининг қисқариши натижасида ходимлар сони ёки штат қисқартирилиши сабаб ишдан бўшатилганлар ҳақида кетмоқда.
Ҳукуматнинг 2026 йил 28 сентябрдаги 519-сон қарори билан белгиланган тартибга кўра, камида 25 йиллик меҳнат стажига эга 58–60 ёшли эркаклар ҳамда камида 20 йиллик стажга эга 53–55 ёшли аёллар муддатидан олдин пенсия тайинлаш учун мурожаат қилиши мумкин.
Бироқ пенсия ишдан бўшатилиши биланоқ тайинланмайди. Фуқаро аввал иш қидираётган шахс сифатида рўйхатга олинади ва уч ой давомида унга мақбул иш топиш чоралари кўрилади.
Агар шу вақт ичида иш топилмаса, у ишсиз деб эътироф этилади ва муддатидан олдин пенсия тайинлаш учун Пенсия жамғармасига тақдимнома юборилади.
Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X
🔴Андижондан Тошкентга олиб кетилаётган 1 400 дона кучли таъсир қилувчи дори воситаси тўхтатиб қолинди
Андижон ва Фарғона вилоятларида ўтказилган тезкор тадбирлар давомида минглаб дона кучли таъсир қилувчи дори воситалари ҳамда гиёҳвандлик моддаси мусодара қилинди.
Давлат хавфсизлик хизмати маълумотига кўра, Андижон вилоятининг Избоскан туманида ДХХ, Чегара қўшинлари ва вилоят Божхона бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган.
Тадбир давомида Тошкент шаҳри томон ҳаракатланаётган “Lacetti” русумли автомобиль тўхтатилиб, текширилган. Автомобиль Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрида яшовчи, 1986 йилда туғилган, муқаддам судланган шахс томонидан бошқарилган.
Текширув натижасида машина салонидан 1 400 дона “Regapen” кучли таъсир қилувчи дори воситаси аниқланган.
Фарғона вилоятида ҳам ДХХ, божхона ва ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорлигида бир қатор тезкор тадбирлар ўтказилган.
Хусусан, Қўқон шаҳрида 1976 йилда туғилган маҳаллий фуқаронинг сумкасидан 1 092 дона “Regapen” кучли таъсир қилувчи дори воситаси ҳамда 200 грамм гашиш топилган.
Бошқа ҳолатда эса “Марғилон — Қўқон” йўналишида ҳаракатланаётган “VAZ-21017” русумли автомобиль Учкўприк тумани ҳудудида тўхтатилган. Қўқон шаҳрида яшовчи, 1985 йилда туғилган шахс бошқарувидаги автомобиль салонидан 99 дона “Tropikamid” кучли таъсир қилувчи дори воситаси аниқланган.
Ҳар учала ҳолат бўйича жиноят ишлари қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X
Ўзбекистон мактабларидаги ўқитувчиларнинг қарийб тўртдан уч қисми — аёллар
2025/2026 ўқув йили бошида мамлакатдаги умумий ўрта таълим ташкилотларида 577,7 минг нафар ўқитувчи фаолият юритган. Миллий статистика қўмитаси маълумотига кўра, бу аввалги ўқув йилига нисбатан 12,8 минг нафарга ёки 2,3 фоизга кўп. Ҳисобга ўриндошлик асосида ишлаётганлар киритилмаган.
Ўқитувчиларнинг 418,8 минг нафари — аёллар, 158,9 минг нафари — эркаклар. Улар жами педагогларнинг мос равишда 72,5 ва 27,5 фоизини ташкил этади.
Энг кўп ўқитувчи Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида ишлайди — ҳар бирида 65,1 минг нафардан. Кейинги ўринларда Фарғона — 60,6 минг ва Сурхондарё — 52,3 минг нафар билан қайд этилган.
Қолган ҳудудларда кўрсаткичлар қуйидагича:
- Андижон — 46,3 минг;
- Наманган — 42,6 минг;
- Қорақалпоғистон — 40,7 минг;
- Тошкент вилояти — 40,2 минг;
- Хоразм — 35,1 минг;
- Тошкент шаҳри — 34,1 минг;
- Бухоро — 33,4 минг;
- Жиззах — 25,7 минг;
- Навоий — 22,3 минг;
- Сирдарё — 14,2 минг нафар.
Шу билан бирга, таълим иш ҳақи энг паст соҳалардан бири бўлиб қолмоқда. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январь–июнь ойларида таълим соҳасида ўртача ойлик номинал иш ҳақи 4,98 млн сўмни ташкил этган.
Бу республика бўйича ўртача кўрсаткич — 7,09 млн сўмдан қарийб 30 фоиз кам. Ҳисоботда келтирилган соҳалар орасида таълимдан паст маош фақат соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматларда қайд этилган — 4,44 млн сўм. Ушбу рақамлар солиқлар ушланишидан олдинги ҳисобланган иш ҳақини ифодалайди.
Telegram|Instagram | You Tube | Facebook | X
edited
uzdiplomat иқтибоси:🖍
«Муаллимнинг шогирд зиммасидаги ҳақи жуда катта. Шогирд улғайиб, подшоҳлик мартабасига эришса ҳам, ўз муаллимига қуллуқ қилса арзийди».
Алишер Навоий (1441–1501) — буюк ўзбек шоири, мутафаккир ва давлат арбоби.
✨Байрамингиз муборак азиз устозлар!
Telegram|Instagram | You Tube | Facebook | X
🔴Ҳамид Исмоилов Нобель мукофоти бўйича букмекерлар прогнозига яна киритилди
Ўзбек ёзувчиси Ҳамид Исмоиловнинг номи 2026 йилги адабиёт бўйича Нобель мукофоти ғолиби ҳақидаги букмекерлик прогнозларида қайд этилди. Literary Hub нашри 29 сентябрда Британиянинг Ladbrokes компанияси маълумотларига таяниб, ушбу рўйхатни эълон қилди.
Унда Исмоиловнинг ғолиблиги учун 33/1 коэффициент белгиланган. Рўйхатда Ҳаруки Мураками, Маргарет Этвуд, Салмон Рушди, Дэвид Гроссман, Жоан Роулинг ва Стивен Кинг ҳам бор.
Бу ёзувчининг мукофотга расман номзод қилиб кўрсатилганини тасдиқламайди. Нобель мукофоти қоидаларига кўра, номзодлар ва уларни танлашга оид маълумотлар 50 йил давомида махфий сақланади.
Исмоилов букмекерлар рўйхатида аввал ҳам тилга олинган. 2024 йилда ҳам унга 33/1 коэффициент берилган эди. Ўша йили худди шундай коэффициент билан баҳоланган жанубий кореялик Ҳан Канг мукофотни қўлга киритган.
Ҳамид Исмоилов — 1954 йилда Қирғизистоннинг Тўқмоқ шаҳрида туғилган ўзбек ёзувчиси ва журналисти. У 1992 йилда Ўзбекистонни тарк этиб, Буюк Британияга кўчган, BBC Жаҳон хизматида 25 йил ишлаган. Ўзбек ва рус тилларида ижод қилади.
Адибнинг Абдулла Қодирий тақдири ва қатағон даврини бадиий талқин қилган «Жинлар базми» романи инглизча таржимаси 2019 йилда Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг адабиёт мукофотини қўлга киритган.
Инглиз тилида «We Computers» номи билан нашр этилган романи эса 2025 йилда АҚШ Миллий китоб мукофотининг таржима адабиёти йўналишида финалга чиққан ва 2026 йилги ЕТТБ адабиёт мукофотининг қисқа рўйхатига киритилган.
Literary Hub маълумотига кўра, бу йилги адабиёт бўйича Нобель мукофоти соҳиби 8 октябрда эълон қилинади.
Telegram|Instagram | You Tube | Facebook | X
edited
🔴Муҳаммад Солиҳ Ўзбекистонга қайтса, унинг биринчи манзили қаер бўлади?
🎥 Тўлиқ интервьюни кўриш
Ўзбекистон мухолифатининг таниқли вакилларидан бири, шоир ва “Эрк” демократик партияси асосчиси Муҳаммад Солиҳ 33 йилдан буён юртдан ташқарида яшайди. У Ўзбекистонга қайтиш имкони бўлса, биринчи навбатда Хоразмга — ота-онасининг қабрини зиёрат қилиш учун боришини айтди.
— Тасаввур қилинг, эртага Ўзбекистонга келдингиз. 33 йиллик айрилиқдан кейин биринчи қаерга борган бўлардингиз?
— Биринчи, албатта, Хоразмга боргим келади. Мен онамнинг жанозасига келолмадим. Чунки Ўзбекистонга кира олмас эдим, юрт ташқарисида эдим. Онамнинг дафн маросимида қатнашолмаганим — бир умрлик армоним.
Унинг айтишича, қайтишдаги биринчи истаги сиёсий учрашув ёки оммавий чиқиш эмас, балки ота-онаси қабрини зиёрат қилиш билан боғлиқ.
— Уларнинг мозорига бориб, дуо қилиб, авф сўрамоқчиман. Биз уларга яхши хизмат қила олмадик — отамга ҳам, онамга ҳам. Ёшликнинг ўз ақлсизлиги бўлар экан. Афсуски, мен уларнинг олдидаги фарзандлик вазифамни тўлиқ бажара олмадим.
Муҳаммад Солиҳ бу сафарни ўзи учун кечиккан фарзандлик бурчини адо этиш сифатида тасвирлайди.
— Шунинг учун уларнинг ҳаққига дуо қилиб, у ерда улар билан маънавий суҳбат қуриб, ҳеч бўлмаса дуо қилиш қарзимни узмоқчиман, албатта.
Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X
🔴Ўзбекистоннинг ташқи қарзи икки ярим йилда қарийб 31 миллиард долларга кўпайди
Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи 2026 йил 1 июль ҳолатига 84,1 миллиард долларга етди. Марказий Банк ҳисоботида бу айтилган. Бу 2023 йил якунидаги кўрсаткичдан 30,8 миллиард доллар ёки қарийб 58 фоиз кўп.
Марказий банк ҳисоботларига кўра, умумий ташқи қарз 2023 йил якунида 53,3 миллиард доллар, 2024 йил охирида 64,1 миллиард доллар, 2025 йил якунида эса 82,2 миллиард доллар бўлган. Жорий йилнинг биринчи ярмида бу сумма яна 1,9 миллиард долларга ошган.
Энг катта ўсиш 2025 йилда кузатилган — ташқи қарз бир йилда 18,1 миллиард долларга кўпайган. 2024 йилда ўсиш 10,8 миллиард доллар бўлганди. Жорий йилнинг дастлабки олти ойида эса қарз қолдиғи 2,3 фоизга ошган.
1 июль ҳолатига ташқи қарзнинг 41,7 миллиард доллари давлат, 42,4 миллиард доллари корпоратив сектор ҳиссасига тўғри келган.
Таққослаш учун, 2024 йил охирида давлат ташқи қарзи 33,9 миллиард доллар, корпоратив ташқи қарз эса 30,2 миллиард доллар эди. Демак, сўнгги бир ярим йилда давлат ташқи қарзи 7,8 миллиард долларга, корпоратив қарз эса 12,2 миллиард долларга кўпайган. Умумий ўсишнинг қарийб 61 фоизи корпоратив сектор ҳиссасига тўғри келади.
Марказий банк изоҳига кўра, корпоратив ташқи қарз бўйича тўловлар корхоналар ва банкларнинг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Telegram|Instagram | You Tube | Facebook | X
🔴 Ўзбекистон учун денгизга йўл: 10 млрд евролик Транскаспий дастурида нималар бор?
Европа Иттифоқи ва унинг молиявий ҳамкорлари Марказий Осиёда Транскаспий транспорт йўлагини ривожлантириш учун 10 млрд евро миқдорида дастлабки молиявий мажбурият олган. Ушбу маблағлар доирасида Ўзбекистондаги темир йўл, автомобиль йўллари, логистика марказлари ва трансчегаравий инфратузилма лойиҳалари ҳам молиялаштирилиши мумкин.
Бу ҳақда Европа Комиссиясининг Осиё, Марказий Осиё ва Тинч океани мамлакатлари бўйича директори Петерис Устубс Тошкентдаги Транскаспий транспорт йўлаги бўйича иккинчи миллий конференция доирасида журналистлар саволларига жавоб берар экан, қуйидагиларни маълум қилди.
Унинг айтишича, 2024 йилда Брюсселда ўтказилган инвесторлар конференциясида Европа Комиссияси ва ҳамкор молиявий институтлар Марказий Осиё транспорт йўлаклари учун 10 млрд евро миқдорида дастлабки мажбурият олган.
Ҳозирга қадар ушбу маблағнинг 2,5 млрд евроси инфратузилмага инвестиция қилинган ёки Марказий Осиёдаги лойиҳаларга йўналтирилган.
Устубсга кўра, Ўзбекистон учун Транскаспий йўлаги доирасида янги темир йўл линияларини қуриш, мавжуд линияларни модернизация қилиш, автомобиль йўлларини яхшилаш, логистика марказлари ташкил этиш ва чегара ўтказиш пунктларини ривожлантириш каби лойиҳалар кўриб чиқилмоқда.
Батафсил ўқиш
Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X
🔴Ўқитувчиларнинг бир ойлик мажбурий малака ошириши бекор бўлади
✔️Унинг ўрнига ваучер тизими жорий этилади
Ўқитувчиларнинг пойтахт ёки вилоят марказига бориб, бир ойлик мажбурий малака ошириш курсларида ўқиш тартиби бекор қилинади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев педагоглар билан учрашувда маълум қилди.
Янги тартибда ўқитувчиларга тоифа синовидаги натижасига қараб, 18 соатдан 72 соатгача малака ошириш учун касбий ривожланиш ваучери берилади. Педагог қаерда малака оширишни ўзи танлайди, харажатни эса давлат қоплайди.
Президент учрашувга тайёргарлик давомида ўқитувчиларни қийнаётган масалалар ўрганилганини таъкидлади.
«Булар — сизларнинг оғир масалаларингиз. Албатта, қийин бўлади. Лекин мана шу манфаатни жойига қўйсак, ўзгариш бўлади», — деди давлат раҳбари.
Ҳозирги тартиб қандай?
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 20 декабрдаги қарорига кўра, мактабгача ва мактаб таълими ходимлари ҳар беш йилда мажбурий малака ошириши керак. Курслар педагог ва мутахассислар учун камида 100 соат, раҳбарлар учун эса камида 144 соат этиб белгиланган.
Амалдаги низомда ишдан ажралган ёки ажралмаган ҳолда, масофавий ва дуал шаклда ўқиш имкониятлари ҳам мавжуд. Кўчма курсларни педагогларнинг яшаш ҳудудида ташкил этишга ҳам рухсат берилган.
Эълон қилинган ваучер тизимида эса малака ошириш давомийлиги ўқитувчининг тоифа синовидаги натижасига қараб белгиланади.
Telegram|Instagram | You Tube | Facebook | X
edited
🔴ЕБРР Ўзбекистон темир йўлларини рақамлаштириш учун 38,4 млн евро ажратади
Европа тикланиш ва тараққиёт банки Ўзбекистон темир йўлларини рақамлаштириш лойиҳаси учун 38,4 млн евро маблағ ажратади. Бу ҳақда Тошкентда ўтаётган Транскаспий транспорт йўлагига бағишланган иккинчи миллий конференцияда тақдим этилган маълумотларда қайд этилди.
Лойиҳанинг умумий қиймати 44 млн еврони ташкил этади. ЕБРР маблағи суверен кредит шаклида ажратилиши кўзда тутилган.
Лойиҳа доирасида “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ фаолиятига ҳаракатни бошқариш, транспорт жараёнларини назорат қилиш ҳамда киберхавфсизликни таъминлашга мўлжалланган замонавий дастурий ечимлар жорий этилади.
Тақдимотда қайд этилишича, бу ЕБРР томонидан давлат сектори мижози учун молиялаштирилаётган киберхавфсиз рақамли трансформация йўналишидаги биринчи йирик лойиҳалардан бири ҳисобланади.
Кутилишича, рақамлаштириш натижасида темир йўл тармоғининг самарадорлиги ва барқарорлиги ошади, юк ташиш ҳажмини кўпайтириш учун қўшимча имкониятлар яратилади, шунингдек, тизимнинг кибертаҳдидларга чидамлилиги кучайтирилади.
Маълумотларга кўра, “Ўзбекистон темир йўллари” мамлакат бўйлаб қарийб 6 950 километрлик темир йўл тармоғини бошқаради. Компания мамлакатдаги юк ташувларининг тахминан 40 фоизини амалга оширади ва йилига 20 миллиондан ортиқ йўловчига хизмат кўрсатади.
Лойиҳа Транскаспий транспорт йўлаги орқали минтақавий транзит юклар ҳаракатини оширишга ҳам хизмат қилиши кутилмоқда. Шу жиҳатдан темир йўл тизимини рақамлаштириш Ўзбекистоннинг Ўрта коридордаги транзит салоҳиятини оширишга қаратилган инфратузилмавий ислоҳотларнинг бир қисми сифатида кўрилмоқда. Батафсил
Ўзбекистон темир йўлларига йўналтирилган маблағлар ҳақида яна ўқиш
Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X
🔴Бошланғич синф ўқувчилари учун олимпиада ташкил этилади
✔️Ғолибларга компьютер, устозларига 100 миллион сўмгача мукофот берилади
Ўзбекистонда бошланғич синф ўқувчилари учун ҳам фан олимпиадалари йўлга қўйилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев ўқитувчи ва мураббийлар билан учрашувда маълум қилди.
Келаси йилдан 4-синфлар олимпиадасининг туман босқичида ғолиб бўлган болаларга компьютер берилади. Уларни тайёрлаган ўқитувчилар эса туман босқичи учун 10 миллион, вилоят босқичи учун 50 миллион, республика босқичи учун 100 миллион сўм билан мукофотланади.
Ҳозирги тартибга кўра, асосий фан олимпиадалари мактабларнинг 9–11-синфлари, академик лицейлар ва касб-ҳунар мактаблари ўқувчилари ўртасида ўтказилади. Улар мактаб, туман, вилоят ва республика босқичларидан иборат. Янги ташаббус билан бошланғич синф ўқувчилари учун ҳам алоҳида олимпиада ва мукофотлаш тизими яратилади.
Шунингдек, янги ўқув йилидан 100 та мактабнинг биттадан синфида математика, информатика ва табиий фанлар тўлиқ инглиз тилида ўқитилади. Лойиҳага жалб қилинган ўқитувчилар ҳамда мактабга тайёрлов гуруҳи педагогларининг маошига 100 фоиз устама қўшилади.
Мактабларда «сифат индекси» ҳам жорий этилади. Таълим муассасалари ўқитувчилар жамоасининг салоҳияти, ўқувчиларнинг билим ва тарбия натижаларига қараб тоифаларга ажратилади.
Илғор мактаб бошқа мактабларга тажрибасини ўргатиб, уларни юқори тоифага олиб чиқса, унинг педагогик жамоасига 30 фоиз устама берилади.
Telegram|Instagram | You Tube | Facebook | X
🔴Мадамин Сафаров МТРК раиси ўринбосарлигидан кетди
Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раиси ўринбосари Мадамин Сафаров лавозимини тарк этган. Бу ҳақда Uzdiplomat таҳририятига МТРКдаги манбаси тасдиқлади.
Унинг ишдан кетиш сабаби ва кейинги фаолияти ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.
Мадамин Сафаров МТРК раиси ўринбосари лавозимига 2020 йил март ойида тайинланган. Ўшанда у Сардор Мирзакаримовнинг ўрнини эгаллаганди.
Сафаров 1980 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетини тамомлаган. Телевидениедаги фаолияти давомида «Тошкент», «Ёшлар» ва «Ўзбекистон 24» телеканалларига раҳбарлик қилган.
У 2017 йил июлида «Ёшлар» телерадиоканали директори этиб тайинланган, 2018 йил сентябрида эса «Ўзбекистон 24» телеканали раҳбарлигига ўтган.
Telegram|Instagram | You Tube | Facebook | X
🔴Педагогларга 100 млн сўмгача мукофот ва янги имтиёзлар...
Президент Шавкат Мирзиёев ўқитувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича яна бир қатор янгиликларни эълон қилди.
🔵хорижий ва миллий сертификат олган педагогларнинг имтиҳон харажатлари 100 фоиз қоплаб берилади;
🔵Хоразмий, Фарғоний, Беруний, Ибн Сино, Менделеев каби халқаро ва минтақавий олимпиадалар ғолибларини тайёрлаган педагогларга тўғридан-тўғри олий тоифа берилади;
🔵бошланғич синф ўқувчилари учун ҳам фан олимпиадалари йўлга қўйилади;
🔵келаси йилдан 4-синфлар ўртасидаги олимпиаданинг туман босқичи ғолиблари компьютер билан тақдирланади.
Уларни тайёрлаган устозларга эса натижага қараб туман босқичида 10 млн сўм, вилоят босқичида 50 млн сўм, республика босқичида 100 млн сўм мукофот берилади.
Telegram|Instagram | You Tube | Facebook | X
🔴Ўқитувчиларга устама ва мукофот, фарзандларига фоизсиз таълим кредити берилади
Президент Шавкат Мирзиёев ўқитувчи ва мураббийлар билан учрашувда педагогларни қўллаб-қувватлаш бўйича янги чораларни эълон қилди.
Унга кўра:
— миллий сертификатга эга ўқитувчиларга 50 фоиз устама тўланади;
— ҳар йили 208 та туман ва шаҳардаги лидер ўқитувчиларга 30 миллион сўмдан мукофот берилади;
— ҳар йили минг нафар ўқитувчи Буюк Британия, Франция, Сингапур каби мамлакатларга стажировкага юборилади;
— камида 15 йиллик иш стажига эга педагогларнинг фарзандларига олийгоҳ контрактини тўлаш учун фоизсиз кредит ажратилади.
Амалдаги тартибда сертификат тури ва белгиланган талабларга қараб, педагогларнинг тариф ставкасига нисбатан 20 ёки 50 фоиз устама тўланиши назарда тутилган. 2025 йил 1 январдан тегишли миллий сертификатга эга она тили ва адабиёт ҳамда тарих фани ўқитувчилари учун 50 фоиз устама белгиланган.
Telegram|Instagram | You Tube | Facebook | X
🔴«Аттестат олганман, лекин 11 йил тўлиқ ўқимаганман» — Мирзиёев
Президент Шавкат Мирзиёев ўқитувчи ва мураббийлар билан учрашувда ўқувчилик йилларини эслади. Унинг айтишича, ўша пайтда болалар ҳар йили 4–5 ойни дарсда эмас, пахта даласида ўтказган.
«Мен 11 йиллик мактаб аттестатини олганман. Лекин 11 йил тўлиқ ўқимаганман. Мактабга борганман, аммо ҳар йили 4–5 ой пахтада бўлганман», — деди Президент.
Мирзиёев мустақилликнинг 27 йили давомида болаларни мактаб партасига, ўқитувчиларни эса синфга қайтариш учун сиёсий ирода етишмаганини айтди.
«Менинг ёшимда ўқиган одамлар, албатта, яхши тушунади, бу улар учун катта армон бўлган. Айни мана шу кунлари биз қаерда бўлардик — пахта даласида!» — деди у.
Давлат раҳбари болаларнинг ўқиши, изланиши ва катта орзулар билан яшаши учун шароит яратиш муҳимлигини таъкидлаб, ўқувчи ва ўқитувчиларни таълим жараёнига қайтаришни энг катта муваффақиятлардан бири деб баҳолади.
Эслатиб ўтамиз, Халқаро меҳнат ташкилоти 2017 йилдаёқ Ўзбекистон пахта теримида болалар меҳнатидан тизимли фойдаланишга барҳам берилганини қайд этган. 2021 йилги терим натижалари бўйича эса мамлакатда тизимли мажбурий меҳнат ҳам тугатилгани тасдиқланган. Ушбу хулоса 2022 йил мартда эълон қилинган.
Telegram|Instagram | You Tube | Facebook | X
🔴Фарзандини хусусий мактабда ўқитаётган ота-оналарга солиқ енгиллиги оширилади
✔️Хусусий мактаб очмоқчи бўлганларга эга ижарага бепул бино бериш назарда тутилмоқда
Фарзандини хусусий мактабда ўқитаётган ота-оналарнинг харажатини енгиллаштириш режалаштирилмоқда. Энди мактаб тўловига сарфланадиган даромаднинг ойига 6 миллион сўмгача бўлган қисмидан даромад солиғи олинмайди. Ҳозир бу чегара 3 миллион сўм.
Солиқ пулини ҳар ой якунида автоматик қайтариш тизими ҳам яратилади. Бу ҳақидп президент иштирокида ўтаётган тадбирда айтилган.
Хусусий мактаб очмоқчи бўлганларга ҳам енгилликлар берилади. Ўқувчи кўп, жой етишмаётган 52 та туман ва шаҳарда:
— мактаб очиш учун 7 йилга 10 фоизли кредит ажратилади;
— мактаб очиш ва жиҳозлашга сарфланган пулнинг 15 фоизи, кўпи билан 1,5 миллиард сўми давлат томонидан қопланади;
— биносини мактабга ижарага берганларга ер ва мол-мулк солиғидан имтиёз берилади.
Барча туманларда эса бўш турган давлат биноларини хусусий мактабларга 10 йилга бепул ижарага бериш кўзда тутилмоқда. Хусусий мактабларнинг халқаро аккредитациядан ўтиш харажатининг ярми ҳам қопланади.
Мактабларда жойга эҳтиёж йилдан-йилга ортяпти. Бу йил биринчи синфга 800 минг бола қабул қилинган — ўтган йилгидан 10 фоиз кўп. 2030 йилга бориб биринчи синфга чиқадиган болалар сони 1 миллионга етиши кутилмоқда. Ҳозир эса ҳар йили 180–200 мингта янги ўқувчи ўрни яратиляпти.
Telegram|Instagram | You Tube | Facebook | X