🔴Андижондан Тошкентга олиб кетилаётган 1 400 дона кучли таъсир қилувчи дори воситаси тўхтатиб қолинди Андижон ва Фарғона вилоятларида ўтказилган тезкор тадбирлар давомида минглаб дона кучли таъсир қилувчи дори воситалари ҳамда гиёҳвандлик моддаси мусодара қилинди. Давлат хавфсизлик хизмати маълумотига кўра, Андижон вилоятининг Избоскан туманида ДХХ, Чегара қўшинлари ва вилоят Божхона бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган. Тадбир давомида Тошкент шаҳри томон ҳаракатланаётган “Lacetti” русумли автомобиль тўхтатилиб, текширилган. Автомобиль Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрида яшовчи, 1986 йилда туғилган, муқаддам судланган шахс томонидан бошқарилган. Текширув натижасида машина салонидан 1 400 дона “Regapen” кучли таъсир қилувчи дори воситаси аниқланган. Фарғона вилоятида ҳам ДХХ, божхона ва ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорлигида бир қатор тезкор тадбирлар ўтказилган. Хусусан, Қўқон шаҳрида 1976 йилда туғилган маҳаллий фуқаронинг сумкасидан 1 092 дона “Regapen” кучли таъсир қилувчи дори воситаси ҳамда 200 грамм гашиш топилган. Бошқа ҳолатда эса “Марғилон — Қўқон” йўналишида ҳаракатланаётган “VAZ-21017” русумли автомобиль Учкўприк тумани ҳудудида тўхтатилган. Қўқон шаҳрида яшовчи, 1985 йилда туғилган шахс бошқарувидаги автомобиль салонидан 99 дона “Tropikamid” кучли таъсир қилувчи дори воситаси аниқланган. Ҳар учала ҳолат бўйича жиноят ишлари қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X