🔴Қирғизистон Иссиқкўлдаги Ўзбекистон пансионатлари бўйича янги шартларни тасдиқлади Қирғизистон Ўзбекистон билан Иссиқкўл вилоятидаги дам олиш объектларига доир келишувга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш протоколини тасдиқлади. Бу ҳақда 24.kg хабар берди. Протокол 2026 йил 30 июлда икки мамлакат президентлари учрашуви доирасида имзоланган эди. Гап «Марказий Осиёнинг олтин қумлари», «Роҳат–НБУ», «Дилором» ва «Бўстон» пансионатлари ҳақида кетмоқда. Аввалги инвестиция режаларида ҳар бир объектга 15–20 миллион доллар сармоя киритиш кўзда тутилган. Бу тўрт пансионат учун ҳисоблаганда жами 60–80 миллион доллар дегани. Бу пансионатлар бир пайтлар халқаро судлашувга сабаб бўлган. Ўзбекистон давлат ташкилотларига тегишли объектлар 2016 йилда Қирғизистон томонидан давлат мулкига ўтказилган. Кейин Ўзбекистон томонидаги ташкилотлар халқаро арбитражга мурожаат қилган. 2023 йил майда арбитраж уларнинг фойдасига қарор чиқариб, Қирғизистон зиммасига 40 миллион доллардан ортиқ компенсация тўлаш мажбуриятини юклаган. Кейинчалик томонлар келишувга эришган. 2024 йилги келишувда пансионатларга мулк ҳуқуқини Ўзбекистон томонига ўтказиш белгиланган. Объектларга Тошкент механика заводи, Миллий банк, Асакабанк ва Ўзсаноатқурилишбанк масъул этиб кўрсатилди. Аввалги келишувга кўра, пансионатлар реконструкция қилиниб, халқаро стандартлар бўйича камида уч юлдузли меҳмонхона комплексларига айлантирилиши керак. Ходимларнинг камида 80 фоизи Қирғизистон фуқаролари бўлиши, уларнинг пляжларга тўсиқсиз кириши таъминланиши шарт. Объектлар жойлашган ер учун эса ижара ҳақи тўланади. Яна бир эътиборли жиҳат, реконструкциядан кейин объектларни учинчи шахсларга сотиш имкони ҳам назарда тутилган. Бунда Қирғизистон томони уларни бозор нархида сотиб олишда устувор ҳуқуққа эга. Telegram|Instagram | You Tube | Facebook | X