🔴Бошланғич синф ўқувчилари учун олимпиада ташкил этилади ✔️Ғолибларга компьютер, устозларига 100 миллион сўмгача мукофот берилади Ўзбекистонда бошланғич синф ўқувчилари учун ҳам фан олимпиадалари йўлга қўйилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев ўқитувчи ва мураббийлар билан учрашувда маълум қилди. Келаси йилдан 4-синфлар олимпиадасининг туман босқичида ғолиб бўлган болаларга компьютер берилади. Уларни тайёрлаган ўқитувчилар эса туман босқичи учун 10 миллион, вилоят босқичи учун 50 миллион, республика босқичи учун 100 миллион сўм билан мукофотланади. Ҳозирги тартибга кўра, асосий фан олимпиадалари мактабларнинг 9–11-синфлари, академик лицейлар ва касб-ҳунар мактаблари ўқувчилари ўртасида ўтказилади. Улар мактаб, туман, вилоят ва республика босқичларидан иборат. Янги ташаббус билан бошланғич синф ўқувчилари учун ҳам алоҳида олимпиада ва мукофотлаш тизими яратилади. Шунингдек, янги ўқув йилидан 100 та мактабнинг биттадан синфида математика, информатика ва табиий фанлар тўлиқ инглиз тилида ўқитилади. Лойиҳага жалб қилинган ўқитувчилар ҳамда мактабга тайёрлов гуруҳи педагогларининг маошига 100 фоиз устама қўшилади. Мактабларда «сифат индекси» ҳам жорий этилади. Таълим муассасалари ўқитувчилар жамоасининг салоҳияти, ўқувчиларнинг билим ва тарбия натижаларига қараб тоифаларга ажратилади. Илғор мактаб бошқа мактабларга тажрибасини ўргатиб, уларни юқори тоифага олиб чиқса, унинг педагогик жамоасига 30 фоиз устама берилади. Telegram|Instagram | You Tube | Facebook | X