🔴Ҳамид Исмоилов Нобель мукофоти бўйича букмекерлар прогнозига яна киритилди Ўзбек ёзувчиси Ҳамид Исмоиловнинг номи 2026 йилги адабиёт бўйича Нобель мукофоти ғолиби ҳақидаги букмекерлик прогнозларида қайд этилди. Literary Hub нашри 29 сентябрда Британиянинг Ladbrokes компанияси маълумотларига таяниб, ушбу рўйхатни эълон қилди. Унда Исмоиловнинг ғолиблиги учун 33/1 коэффициент белгиланган. Рўйхатда Ҳаруки Мураками, Маргарет Этвуд, Салмон Рушди, Дэвид Гроссман, Жоан Роулинг ва Стивен Кинг ҳам бор. Бу ёзувчининг мукофотга расман номзод қилиб кўрсатилганини тасдиқламайди. Нобель мукофоти қоидаларига кўра, номзодлар ва уларни танлашга оид маълумотлар 50 йил давомида махфий сақланади. Исмоилов букмекерлар рўйхатида аввал ҳам тилга олинган. 2024 йилда ҳам унга 33/1 коэффициент берилган эди. Ўша йили худди шундай коэффициент билан баҳоланган жанубий кореялик Ҳан Канг мукофотни қўлга киритган. Ҳамид Исмоилов — 1954 йилда Қирғизистоннинг Тўқмоқ шаҳрида туғилган ўзбек ёзувчиси ва журналисти. У 1992 йилда Ўзбекистонни тарк этиб, Буюк Британияга кўчган, BBC Жаҳон хизматида 25 йил ишлаган. Ўзбек ва рус тилларида ижод қилади. Адибнинг Абдулла Қодирий тақдири ва қатағон даврини бадиий талқин қилган «Жинлар базми» романи инглизча таржимаси 2019 йилда Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг адабиёт мукофотини қўлга киритган. Инглиз тилида «We Computers» номи билан нашр этилган романи эса 2025 йилда АҚШ Миллий китоб мукофотининг таржима адабиёти йўналишида финалга чиққан ва 2026 йилги ЕТТБ адабиёт мукофотининг қисқа рўйхатига киритилган. Literary Hub маълумотига кўра, бу йилги адабиёт бўйича Нобель мукофоти соҳиби 8 октябрда эълон қилинади. Telegram|Instagram | You Tube | Facebook | X