🔴2027 йил бюджети: харажатлар даромаддан 48 триллион сўмга кўп, солиқ ставкалари ўзгармайди
Ўзбекистонда 2027 йилги Давлат бюджети даромадлари 416 триллион сўм, харажатлари эса 464 триллион сўм бўлиши режалаштирилмоқда. Яъни харажатлар даромадлардан 48 триллион сўмга кўп бўлади.
Бу ҳақда бугун Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида ўтказилган йиғилишда маълум қилинди.
Келгуси йилда ҳам бюджетнинг асосий қисми ижтимоий соҳаларга йўналтирилади.
Хусусан:
- Таълимга — 114,3 триллион сўм.Бу 2026 йилга нисбатан 14 триллион сўмга кўп.
- Соғлиқни сақлашга — 61,4 триллион сўм. Бу йилгидан 12 триллион сўм кўп.
- Маҳаллалар инфратузилмаси, бандлик, аҳоли даромадлари ва ижтимоий ҳимояга — 70 триллион сўм.
Шу тариқа, таълим ва тиббиётнинг ўзига қарийб 176 триллион сўм ажратиш кўзда тутилмоқда.
2027 йил учун асосий иқтисодий прогнозлар ҳам эълон қилинди:
- Ялпи ички маҳсулот ҳажми 232 миллиард долларга етиши;
- Иқтисодиёт 7 фоизга ўсиши;
- Инфляция 6 фоизгача пасайиши;
- Олтинсиз экспорт қарийб 40 миллиард долларга етиши;
- 65 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилиниши режалаштирилмоқда.
Муҳим жиҳати, 2027 йилда асосий солиқ ставкаларини оширмаслик кўзда тутилган. Бюджетга тушумларни кўпайтириш учун яширин иқтисодиётни қисқартириш, солиқ базасини кенгайтириш ҳамда солиқ ва божхона тизимига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш режалаштирилмоқда.
Президент бюджетнинг ҳар бир сўми аниқ натижа бериши кераклигини таъкидлади. Самарасиз харажатларни қисқартириш, давлат инвестициялари ва субсидиялари устидан назоратни кучайтириш топширилди. Қурилиш лойиҳаларига ажратилган бюджет маблағлари сарфини рақамли кузатиш тизими синовдан ўтказилади.
Шунингдек, давлат корхоналари ва банкларини хусусийлаштиришни жадаллаштириш, Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнини якунлаш ҳамда юқори технологияли саноат тармоқларини ривожлантириш устувор вазифалар қаторига киритилди.
Расмий прогнозга кўра, 2026 йил якунида Ўзбекистон иқтисодиёти камида 8 фоизга ўсиб, ЯИМ 200 миллиард доллардан ошиши кутилмоқда.
Ҳозирча бу кўрсаткичлар бюджет лойиҳасига тегишли. Ҳужжат маҳаллий Кенгашларда муҳокама қилиниб, кейин Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилади.
Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X
🔴Россияда ишлаш қимматлашмоқда
✔️ Ўзбекистонлик мигрантлар сони камайяпти, патент нархи ошмоқда
Россияда меҳнат мигрантлари учун талаблар кучайиб, ишлаш харажатлари ошиб бормоқда.
Россиянинг Санкт-Петербург шаҳри ва Ленинград вилоятида 2027 йилдан меҳнат патенти нархи ойига 8 минг рублдан (1,16 млн сўм) 11 минг рублгача (1,59 млн сўм) ошади. Натижада мигрантлар йилига қўшимча 36 минг рубль, яъни 5,2 миллион сўм тўлашларига тўғри келади. Бу 37,5 фоизлик ўсиш дегани. Ленинград вилояти депутатлари тегишли ҳужжатни қабул қилган, Санкт-Петербургда эса қонун лойиҳаси кўриб чиқилмоқда.
Янги тариф кучга кирса, мигрантнинг бир йиллик патент харажати 96 минг рублдан 132 минг рублга етади.
Ўзбекистон Миграция агентлиги маълумотларига кўра, 25 августдан 5 сентябргача Россиядан 96 415 нафар ўзбекистонлик қайтган. Уларнинг 54 885 нафари тўғридан-тўғри, 41 530 нафари Қозоғистон орқали қайтган.
2026 йилнинг биринчи ярмида ўзбекистонликларнинг ишлаш мақсадида Россияга кириш ҳолатлари ўтган йилга нисбатан 13,2 фоизга камайган.
Қизиғи, Россияга ишлаш учун боришлар камайганига қарамай, Ўзбекистонга хориждан пул ўтказмалари ўсишда давом этмоқда. Жорий йилнинг тўққиз ойида мамлакатга 15,17 миллиард доллар келиб тушган. Бу ўтган йилга нисбатан 8,9 фоиз кўп.
Россия ҳали ҳам пул ўтказмаларининг асосий манбаи. Аммо унинг улуши 2025 йил биринчи чорагидаги 77,6 фоиздан 2026 йилнинг шу даврида 72,4 фоизга тушган.
Демак, Россия меҳнат бозоридаги ўзгаришлар фонида ўзбекистонликлар учун ишлаш харажатлари ортиб, миграция йўналишларини диверсификация қилиш масаласи янада долзарблашмоқда.
Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X
edited
🔴Журналистларга «Тошингни тер»ни ўқишни тавсия қилган Шоҳрух Ғиёсов матбуот эркинлиги бўйича ишчи гуруҳга киритилди
✔️Журналистларни судга босим ўтказишда айблаган Шоҳруҳ Ғиёсов уларнинг ишига ким тўсқинлик қилаётганини ўрганади
Журналистларга ким босим ўтказяпти, уларнинг ишига ким тўсқинлик қиляпти? Сенат Кенгаши бу масалаларни ўрганишни янги ишчи гуруҳга топширди. Унинг аъзоларидан бири — ички ишлар вазирининг маслаҳатчиси, ИИВ Ахборот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсов.
Гуруҳ 15 октябрда Ўзбекистоннинг Матбуот эркинлиги индексидаги ўрнини яхшилаш мақсадида тузилган. Бу йил мамлакат индексда 180 давлат орасида 147-ўринни эгаллади.
2025 йил декабрида Ғиёсов «Тафтиш» мухбири билан суҳбати аудиосини ўзи тарқатганини маълум қилган эди. У буни суҳбатдан айрим гаплар узиб олинишининг олдини олиш истаги билан изоҳлаган. Мухбирга ўқишни тавсия қилган китоби ҳақида эса «“Тошингни тер” китоби муаллифи ўзимман», деган.
Блогер Сирожиддин Одиловнинг суди чоғида ҳам Ғиёсов ишни ёритган айрим журналист ва блогерларни нохолисликда айблаб, уларнинг чиқишларини судга босим деб баҳолаган. Ўша пайтда ИИВнинг ўзи жабрланувчиларнинг иш юзасидан айтган гаплари акс этган видеони расмий саҳифаларида эълон қилган.
2021 йилда эса Ғиёсов блогер Отабек Сатторий иши ҳақида гапирар экан, текширилмаган маълумотларни тарқатиб, тергов ва судга нисбатан салбий муносабат уйғотишга уриниш жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши мумкинлигини айтган.
Энди Ғиёсов аъзо бўлган гуруҳ журналистларга таҳдид ва тазйиқ ҳақидаги мурожаатлар қандай кўриб чиқилганини таҳлил қилади. Агар журналист ИИВ ходимининг босимидан шикоят қилса, унинг мурожаати бўйича хулоса тайёрлашда вазирлик вакили қандай қатнашади? Сенатнинг кенгаш қарорида юқоридаги масалалар очиқ қолган.
Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X
🔴 Илм-фанга триллионлаб сўм сарфланган, аммо лойиҳаларнинг 98 фоизи қоғозда қолган
Ҳисоб палатаси илм-фанга ажратилган давлат маблағлари қандай сарфланаётганини текшириб, жиддий муаммоларни аниқлади.
- 2639 та амалий лойиҳадан бор-йўғи 13 тасининг амалий давоми бўлган.
- 510 та лойиҳа илмий экспертизасиз, 269 таси молиявий экспертизасиз тасдиқланган.
- Айрим лойиҳаларга хулоса бериш 287 кунгача чўзилган.
- Қимматбаҳо лаборатория ускуналари уч йилдан ортиқ вақт ишлатилмай турган.
- Бир хил мавзудаги тадқиқотларга қайта-қайта бюджет пули сарфланган.
Давлат миллиардлаб пул ажратаётган бўлса, илм-фан натижаларини нега иқтисодиётда кўрмаяпмиз? Бу маблағлар самарадорлиги учун ким жавоб беради?
📌 Батафсил — Uzdiplomat.uz сайтида.
Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X
🔴Ўқувчилари чолғуни яхши чалса, мусиқа ўқитувчисининг ойлиги ошади
Ўзбекистонда мактабларнинг мусиқа фани ўқитувчиларига 20 фоизгача устама тўлаш тартиби жорий этилди. Энди қўшимча ҳақ ўқитувчининг ўқувчилари мусиқа асбобларини қанчалик яхши чалишига қараб белгиланади.
Бу Вазирлар Маҳкамасининг 11 ноябрдаги қарорида назарда тутилган. Ҳужжат 12 ноябрдан кучга кирган.
Янги тартибга кўра, ўқувчилар чолғу асбобларини чалиш бўйича махсус комиссия олдида имтиҳон топширади. Уларнинг маҳорати 100 баллик тизимда баҳоланади.
Ўқувчиларнинг ўртача натижасига қараб ўқитувчига қуйидагича устама берилади:
- 95–100 балл — 20 фоиз;
- 90–94 балл — 18 фоиз;
- 85–89 балл — 16 фоиз;
- 80–84 балл — 14 фоиз;
- 75–79 балл — 12 фоиз;
- 70–74 балл — 10 фоиз;
- 65–69 балл — 8 фоиз;
- 60–64 балл — 5 фоиз.
Агар ўқувчиларнинг ўртача натижаси 60 баллга етмаса, ўқитувчига ушбу устама тўланмайди.
Болалар қандай баҳоланади?
Комиссия ўқувчининг мусиқа асбобини чалиш техникаси, ритмни сақлаши, куйни ифодали ижро этиши, созни тўғри ушлаши, саҳнада ўзини тутиши ва асарни ёддан ижро этишини баҳолайди.
Муҳими, устама битта иқтидорли ўқувчининг эмас, ўқитувчига бириктирилган баҳоланган ўқувчиларнинг ўртача натижаси асосида ҳисобланади.
Қўшимча ҳақ ўқитувчининг базавий тариф ставкасига нисбатан ҳисобланиб, мактаб директори жамғармасидан тўланади. Устама директор буйруғи билан тайинланади ва кейинги ой маошига қўшилади.
Баҳолашдан норози бўлган ўқитувчилар беш иш куни ичида шикоят қилишлари мумкин.
Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X
🔴Бухорода бензин ишлаб чиқариш икки баравардан зиёд оширилмоқчи
✔️АИ-92 ва АИ-95 бензини ҳам кўпаяди
Бухоро нефтини қайта ишлаш заводини кенгайтириш учун 1,8 миллиард доллар сарфлаш режалаштирилмоқда. Натижада заводда ишлаб чиқариладиган нефть маҳсулотлари ҳажми йилига 2,1 миллион тоннадан 4,6 миллион тоннага етиши режа қилинган.
Президент Шавкат Мирзиёев 12 ноябрь куни заводни модернизация қилиш ва ишлаб чиқаришни кўпайтириш бўйича режалар билан танишди.
Режага кўра, корхонада йилига 2,7 миллион тонна бензин, 1,24 миллион тонна дизель ва 500 минг тонна авиакеросин ишлаб чиқариш имконияти яратилади.
Бунинг учун Хитой, Франция, АҚШ ва Озарбайжон компаниялари билан ҳамкорлик қилиш кўзда тутилган. Қурилиш ишлари 2028 йилда бошланиши режалаштирилмоқда.
Заводда «Евро-5» стандартига мос АИ-92 ва АИ-95 бензини ишлаб чиқариш учун яна 328 миллион долларлик алоҳида лойиҳа тайёрланган.
У ишга тушса, йилига 1,1 миллион тонна бензин ишлаб чиқарилади. Шунингдек, хориждан олиб келинадиган ёнилғи қўшимчаларига сарфланадиган маблағдан йилига 150 миллион долларгача тежаш мумкин бўлади.
Лойиҳани 2029 йилнинг иккинчи чорагида ишга тушириш мўлжалланган.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг дастлабки тўққиз ойида завод 1,5 миллион тоннадан зиёд хомашёни қайта ишлаган ва 2,2 триллион сўм соф фойда олган.
Бу ўзгаришлар бензин нархига қандай таъсир қилади? Ишлаб чиқаришнинг кўпайиши ички бозорда ёнилғи таклифини ошириши мумкин. Аммо бензин арзонлашиши ёки арзонлашмаслиги ҳақида ҳозирча аниқ маълумот берилмаган.
Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X
📄uzdiplomat иқтибоси: 🖍
«Туғуб ташлов-ла бўлмас бола, бўлғай бало сизга,
Вужуди тарбият топса, бўлур ул раҳнамо сизга».
Абдулла Авлоний,
XIX аср охири XX аср бошидаги маърифатпарварлик ҳаракати вакили, шоир, драматург, журналист, давлат ва жамоат арбоби.
Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X
🔴Яна имтиёз ва яна пулдорларга
✔️Йирик инвесторлар учун ер ижараси аукционда ҳар квадрат метрга 1 доллардан бошланади. Улар 20 йил давомида ер ва мол-мулк солиғини ҳам тўламайди.
Янги Тошкент ва Самарқанддаги «Ширин» массивида 500 миллион доллардан ортиқ сармоя киритадиган инвесторлар учун бир квадрат метр ерни ижарага олиш ҳуқуқи аукционга 1 доллардан қўйилади. Якуний нарх савдода аниқланади.
Президентнинг 10 ноябрдаги фармонига кўра, қиймати 50 миллион доллар ва ундан юқори бўлган шаҳарсозлик лойиҳалари учун ер ижарасининг бошланғич нархи сармоя миқдорига қараб белгиланади. Сармоя қанча катта бўлса, бошланғич нарх шунча паст — бир квадрат метр учун 200 доллардан 1 долларгача.
Бундай лойиҳаларга сармоя киритган инвесторлар 20 йил давомида ер ва мол-мулк солиғини тўламайди. Қурилган объектни сотиш ёки ижарага беришдан олинган фойда учун солиқ ставкаси ҳам 1 фоиз қилиб белгиланган. Бу ставка сармоя миқдорига қараб 5 йилдан 15 йилгача амал қилади.
Фармонда жамоат эҳтиёжлари учун ери олиб қўйиладиган мулкдорларга компенсация тўлаш ҳам кўзда тутилган. Бунинг учун 15 декабргача Янги Тошкент дирекциясига 260 миллиард сўм, «Ширин» массиви дирекциясига 200 миллиард сўм — жами 460 миллиард сўм ажратилиши белгиланган.
Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X
edited
🔴Турдимов уч кунда бешинчи ректорни ишдан бўшатди
✔️Самарқанд ва Навоийда ҳам ректорлар бўшатилган
Ўзбекистонда олий таълим муассасалари раҳбарлари ўртасидаги кадрлар ўзгариши давом этмоқда. 10–12 ноябрь кунлари камида бешта олийгоҳ ректори лавозимидан озод этилган.
Навбатдаги ўзгариш Навоий давлат университетида кузатилди.
Бу ҳақда бугун таълим ва илм-фан вазири Эркинжон Турдимов Навоий шаҳрида ўтказаётган йиғилишда маълум қилган.
Муҳиддин Калонов 2024 йилдан буён Навоий давлат педагогика институтига раҳбарлик қилиб келган. Ундан аввал Тошкент давлат иқтисодиёт университетида проректор бўлиб ишлаган.
Шунингдек Самарқанд давлат чет тиллар институти ректори лавозими ҳам вакант сифатида очиб қўйилди. Баҳодир Холиқов 2024 йил 7 июнда Вазирлар Маҳкамаси қарори билан институт ректори этиб тайинланган эди.
Аввалроқ, Тошкент кимё-технология институти ректори Ботир Усмонов, Бухоро давлат университети ректори Обиджон Ҳамидов ва Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ректори Илҳомжон Тўхтасинов
Эслатиб ўтамиз, 6 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда беш нафар ректор ишдан олингани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Бироқ Эркинжон Турдимов 9 ноябрь куни бу маълумотларни рад этиб, бирорта ҳам ректорни ишдан олмаганини, фақат тўрт нафари қаттиқ огоҳлантирилганини билдирган.
Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X
«Бирорта ректорни ишдан олмадим» деган Турдимов баёнотидан кейин учинчи ректорнинг кетгани хабар қилинди
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ректори Илҳомжон Тўхтасинов лавозимидан озод этилган. Университет сайтида раҳбар ўрни вакант турибди.
Бундан аввал, 9 ноябрь куни Тошкент кимё-технология институти ректори Ботир Усмонов ўз хоҳиши билан ишдан кетган эди.
11 ноябрда эса Бухоро давлат университети ректори Обиджон Ҳамидов ҳам бошқа ишга ўтгани муносабати билан лавозимидан озод этилгани маълум бўлди. У 2019 йилдан буён университетни бошқариб келаётган эди.
Қизиғи, 9 ноябрь куни таълим ва фан вазири Эркинжон Турдимов «Ҳали битта ректорни ҳам ишдан олмадим», дея беш нафар ректор лавозимидан озод этилгани ҳақидаги хабарларни рад этган эди.
Вазир тўрт нафар ректор қаттиқ огоҳлантирилгани ва уларнинг фаолиятини ўрганиш учун махсус ишчи гуруҳ тузилганини айтган эди.
Шундан кейин икки ректорнинг лавозимдан кетгани ҳақида маълумотлар эълон қилинди, энди эса учинчи ректор ҳақида хабар тарқалди.
Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X
🔴“Тўловлар халқнинг бўйнига тушяпти”
✔️Журналист IMEI тўловини бекор қилишни сўради
Журналист Тоштемир Худойқулов телефоннинг IMEI кодини рўйхатдан ўтказиш учун олинадиган йиғимни камайтиришни сўради. Унинг айтишича, тадбиркор телефонни четдан олиб киришда қанча харажат қилса, шуни сотиш нархига қўшади. Харидор эса телефон олаётганда бу харажатларни ҳам ўз чўнтагидан тўлайди.
Худойқулов «Малика» бозорини мисол келтирди. Унинг айтишича, у ерда iPhone 18 нархи тахминан 2 мингдан 2,5 минг долларгача боради. Журналист IMEI йиғими ҳам телефон нархига таъсир қилишини айтиб, бошқа давлатларда арзонроқ телефон учун нега Ўзбекистондаги харидор кўпроқ тўлаши керак, деган саволни қўйди.
Муҳокамада 2 триллион сўм тўлангани ҳақида гап борганда ҳам Худойқулов бу пул охир-оқибат кимнинг ҳисобидан тушаётганига эътибор қаратди. «Оддий халқ тўлаяпти у пулни», — деди у.
«Унда ҳамма бож тўловларини олиб ташлай қолайлик», — дея жавоб берди Божхона қўмитаси Стратегик режалаштириш ва божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш бошқармаси бошлиғи Фарход Олимжонов.
Божхона қўмитаси мптбуот котиби икки тўловни фарқлаш кераклигини айтди. Унинг тушунтиришича, аввал телефонни четдан олиб кирганда божхона тўлови тўланади. Телефон божхонадан ўтгач, унинг IMEI кодини рўйхатдан ўтказиш учун алоҳида йиғим олинади. Йиғимни камайтириш ёки бекор қилиш мумкинми, деган савол эса очиқ қолди.
Эслатма ўрнида:Айрим давлатларда телефоннинг IMEI кодини рўйхатдан ўтказиш бепул. Масалан, Колумбияда бунинг учун телефон эгасидан пул олинмайди. Перуда ҳам четдан ўзи ишлатиш учун телефон олиб келган одам мобил операторга бориб, уни бепул рўйхатдан ўтказиши мумкин.
Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X
🔴 Автосалон ҳақидаги видео ортидан Demokrat.uz раҳбари ҳам, блогер ҳам 10 йилдан зиёдга қамалди
Жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди 11 ноябрь куни Demokrat.uz нашри раҳбари, 28 ёшли Ф.М. ва блогер, 35 ёшли А.Ғ.га нисбатан ҳукм чиқарди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судлари матбуот хизмати хабар берди.
Суд ҳар иккисини товламачиликда айбли деб топди. Нашр раҳбари Ф.М. фирибгарлик ва ўқотар қуролнинг қонунга хилоф муомаласи бўйича ҳам айбли деб топилди.
Тошкент шаҳар ИИББ маълумотига кўра, 2025 йил 15 декабрда блогер А.Ғ. Сергели туманидаги автосалонлардан бири ҳақида видео тайёрлаб, интернетга жойлаган. Шундан сўнг Ф.М. видеони ижтимоий тармоқлардан ўчириш ва ОАВда эълон қилмаслик эвазига жабрланувчидан 50 минг доллар талаб қилган. ИИББнинг билдиришича, Ф.М. 2026 йил 10 февралда 17 минг доллар олаётган пайтда ушланган.
Суд ҳукмига кўра, ҳар иккиси жазони умумий тартибли колонияда ўтайди. Суд жабрланувчиларга етказилган моддий зарарни Ф.М.дан ундиришни ҳам белгилади.
Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X
🔴Яна бир ҳоким ёрдамчиси қўлга тушди. Бу сафар 150 млн сўмлик кредит учун iPhone олган
✔️Ўтган йили 252 нафари коррупция учун жавобгарликка тортилган эди
Фарғона вилояти Бешариқ туманида ҳоким ёрдамчиси 150 млн сўмлик кредит чиқариб бериш эвазига iPhone 17 Pro Max телефонини олган вақтида ушланди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент маълумотига кўра, «Қўрғонча» маҳалласи ҳоким ёрдамчиси Д.Х. фуқарога тижорат банкидаги танишлари орқали кредит ажратиб беришни ваъда қилган.
У ушбу «хизмати» эвазига қимматбаҳо телефонни олаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бу ҳоким ёрдамчиларининг коррупция билан боғлиқ жиноятларда гумон қилинишига оид навбатдаги ҳолат.
Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг Олий суд маълумотларига асосланган ҳисоботига кўра, 2025 йилда 153 та жиноят иши доирасида 252 нафар ҳоким ёрдамчиси коррупцияга оид жиноятлар учун жиноий жавобгарликка тортилган.
Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X
🔴Ўзбекистонда 9 ойда 77 мингдан ортиқ кишига маъмурий қамоқ жазоси тайинланди
2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида Ўзбекистонда 420 мингдан ортиқ шахс маъмурий жазога тортилган. Уларнинг қарийб ҳар бешинчисига маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Олий суд маълумотига кўра, туман ва шаҳар жиноят ишлари бўйича судларининг тергов судьялари 662 237 нафар шахсга нисбатан 549 231 та маъмурий ҳуқуқбузарлик ишини кўриб чиққан.
Натижада 340 986 нафар шахс жаримага тортилган, 77 309 нафарига маъмурий қамоқ жазоси тайинланган. Яна 71 450 нафар шахс ярашув муносабати билан маъмурий жавобгарликдан озод этилган.
Энг кўп ишлар Тошкент шаҳри, Самарқанд, Фарғона, Тошкент ва Қашқадарё вилоятларида кўрилган.
Ҳуқуқбузарликларнинг асосий қисмини майда безорилик, ички ишлар ходимининг қонуний талабини бажармаслик, лицензиясиз йўловчи ташиш, ҳақорат қилиш, совуқ қурол олиб юриш, газ ва электрдан фойдаланиш қоидаларини бузиш, маст ҳолда транспорт бошқариш каби ҳолатлар ташкил этган.
Суд қарорларининг сезиларли қисми юқори инстанцияларда ўзгартирилган ёки бекор қилинган. Хусусан, апелляция тартибида 1 496 нафар, кассация тартибида эса 4 379 нафар шахсга нисбатан чиқарилган қарорлар бекор қилинган. Яна минглаб шахсларга оид қарорлар ўзгартирилган.
Ўтган йилда вазият қандай эди?
Олий суднинг 2025 йил якуни бўйича статистикасига кўра, судларда 690 879 та маъмурий ҳуқуқбузарлик иши кўрилган ва 509 146 нафар шахсга жазо тайинланган.
Шундан 415 531 нафар шахс жаримага тортилган, 91 663 нафарига маъмурий қамоқ жазоси тайинланган. Ярашув сабабли жавобгарликдан озод этилганлар сони 121 906 нафарни ташкил этган.
Шу тариқа, 2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойида маъмурий қамоққа олинганлар сони ўтган йилнинг тўлиқ ўн икки ойлик кўрсаткичига яқинлашган.
Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X
🔴Мирзиёев Марказий Осиё учун янги иқлим интеграцияси модели ва молиялаштириш механизмларини таклиф қилди
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 11 ноябрь куни Туркиянинг Анталия шаҳрида ўтган COP31 иқлим саммитида бир қатор муҳим ташаббусларни илгари сурди.
Аввало, Марказий Осиёнинг ягона иқлим интеграцияси моделини яратиш таклиф этилди. У музликларнинг эриши, сув танқислиги, қурғоқчилик ва бошқа экологик таҳдидларга қарши минтақавий ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган.
Жаҳон метеорология ташкилоти кўмагида табиий офатлардан эрта огоҳлантириш тизимини ташкил этиш, иқлим хавфлари бўйича маълумот алмашиш ва қўшма мониторинг механизмларини йўлга қўйиш ташаббуси билдирилди.
Марказий Осиё учун янги молиялаштириш воситалари — имтиёзли грантлар, сув ресурсларига йўналтирилган «мовий» ҳамда қурғоқчил ҳудудлар учун «арид» молиялаштириш механизмларини ишлаб чиқиш таклиф қилинди.
Шунингдек, «Eco Expo» кўргазмасини доимий инвестиция ва технологиялар майдонига айлантириш, тупроқни тиклаш, чанг ва қум бўронларига қарши инновацион ечимларни жалб қилиш режалаштирилмоқда.
Президент Ўзбекистоннинг иқлим соҳасидаги янги мақсадларини ҳам маълум қилди. Хусусан, 2035 йилгача иссиқхона газлари чиқиндиларини 50 фоизга камайтириш, яқин тўрт йилда қайта тикланувчи энергия манбаларининг улушини 54 фоизга етказиш белгиланган.
Бундан ташқари, мамлакатда чиқиндиларни бошқариш соҳасига 3 миллиард доллардан ортиқ инвестиция йўналтиришни назарда тутувчи стратегия жорий этилган.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон 2027 йилдан Оролни қутқариш халқаро жамғармасига раислик қилишини таъкидлаб, трансчегаравий сув ресурсларини бошқаришда ҳамкорликни кучайтиришга чақирди.
Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X
uzdiplomat иқтибоси:
«Ҳақиқат эгилади, лекин синмайди, дейдилар.
Оҳ! Мана шу эгилишда унинг неча-неча қобирғалари синиб, пайлари узилиб кетишини билсангиз эди...»
Абдулла Орипов,
«Эҳтиёж фарзанди», 1977 йил
Каналга уланиш:✏️ https://t.me/uzdiplomat
Мирзиёев Анталияда бир кунда 7 та учрашув ўтказди. Нималарга келишилди?
Президент 11 ноябрь куни Финляндия, Словения раҳбарлари, Бангладеш Бош вазири ва халқаро ташкилотлар вакиллари билан музокаралар ўтказди.
Учрашувларда 16 млрд долларлик Жаҳон банки лойиҳалари портфели, энергетика, саноат, инвестициялар, сув хавфсизлиги ва Оролбўйини тиклаш масалалари муҳокама қилинди.
Қайси давлат ва ташкилот билан қандай лойиҳалар режалаштирилмоқда?
Батафсил — Uzdiplomat.uz сайтида ўқинг!
Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X
🔴 Пахтабод тумани ҳоким ўринбосари 30 минг доллар пора олганликда гумонланиб ушланди
Андижон вилояти Пахтаобод тумани ҳокими ўринбосари ва Кадастрлар палатаси туман филиали мансабдори тадбиркорлик қилмоқчи бўлган фуқародан 100 минг доллар талаб қилганликда гумонланмоқда.
Хабарга кўра, улар бу пул эвазига ҳокимлик захирасидаги 50 сотих ерни онлайн аукционда арзон нархда фуқаро номига ютиб беришни ваъда қилган. ДХХ ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари ўтказган тезкор тадбирда икки мансабдор сўралган пулнинг 30 минг долларини учинчи шахс орқали олаётган вақтда ушланган.
Икки мансабдорга нисбатан фирибгарлик ва пора беришда иштирокчилик бўйича жиноят иши қўзғатилган. Тергов давом этмоқда.
Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X
edited
🔴Божхона қўмитаси аэропортда телефонларни расмийлаштириш уч кунга тўхтатилгани учун узр сўради
✔️Аммо тўхтатишга қайси ҳуқуқий ҳужжат асос бўлгани айтилмади
11 ноябрь куни Тошкент халқаро аэропортида йўловчилар хориждан олиб келган телефонларни расмийлаштириш тикланди. Божхона қўмитаси вақтинча олиб қолинган бир неча юзта телефонни эгаларига қайтара бошлаганини маълум қилди.
«Албатта, уч кун давомида юзага келган ноқулайликлар учун биз барча юртдошларимиздан узр сўраймиз», — деди қўмита вакили матбуот анжуманида.
Унинг айтишича, божхоначилар телефондаги IMEI коди декларациядаги рақамга мос келган тақдирда ҳам қандай йўл тутишни сўрашган. Қўмита вакили буни бир мисол билан тушунтирди. Агар кейинчалик худди шу код билан бошқа телефон ноқонуний олиб кирилса, биринчи қурилмани расмийлаштирган ходим ҳам бунга алоқадорликда гумон қилиниши мумкин. Қўмита ходимларни шундай айбловлардан ҳимоя қилиш учун вақтинча чора кўрганини айтди.
Энди аэропортда UZIMEI мутахассислари доимий ишлайди. Телефон кодини қўшимча текшириш керак бўлса, улар божхоначиларга жойида ёрдам беради. Қўмита вакили ўз изоҳида расмийлаштиришни уч кунга тўхтатишга қайси ҳуқуқий ҳужжат асос бўлганини айтмади.
Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X