🔴ЕБРР Ўзбекистон темир йўлларини рақамлаштириш учун 38,4 млн евро ажратади Европа тикланиш ва тараққиёт банки Ўзбекистон темир йўлларини рақамлаштириш лойиҳаси учун 38,4 млн евро маблағ ажратади. Бу ҳақда Тошкентда ўтаётган Транскаспий транспорт йўлагига бағишланган иккинчи миллий конференцияда тақдим этилган маълумотларда қайд этилди. Лойиҳанинг умумий қиймати 44 млн еврони ташкил этади. ЕБРР маблағи суверен кредит шаклида ажратилиши кўзда тутилган. Лойиҳа доирасида “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ фаолиятига ҳаракатни бошқариш, транспорт жараёнларини назорат қилиш ҳамда киберхавфсизликни таъминлашга мўлжалланган замонавий дастурий ечимлар жорий этилади. Тақдимотда қайд этилишича, бу ЕБРР томонидан давлат сектори мижози учун молиялаштирилаётган киберхавфсиз рақамли трансформация йўналишидаги биринчи йирик лойиҳалардан бири ҳисобланади. Кутилишича, рақамлаштириш натижасида темир йўл тармоғининг самарадорлиги ва барқарорлиги ошади, юк ташиш ҳажмини кўпайтириш учун қўшимча имкониятлар яратилади, шунингдек, тизимнинг кибертаҳдидларга чидамлилиги кучайтирилади. Маълумотларга кўра, “Ўзбекистон темир йўллари” мамлакат бўйлаб қарийб 6 950 километрлик темир йўл тармоғини бошқаради. Компания мамлакатдаги юк ташувларининг тахминан 40 фоизини амалга оширади ва йилига 20 миллиондан ортиқ йўловчига хизмат кўрсатади. Лойиҳа Транскаспий транспорт йўлаги орқали минтақавий транзит юклар ҳаракатини оширишга ҳам хизмат қилиши кутилмоқда. Шу жиҳатдан темир йўл тизимини рақамлаштириш Ўзбекистоннинг Ўрта коридордаги транзит салоҳиятини оширишга қаратилган инфратузилмавий ислоҳотларнинг бир қисми сифатида кўрилмоқда. Батафсил Ўзбекистон темир йўлларига йўналтирилган маблағлар ҳақида яна ўқиш Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X