Uzdiplomat | Расмий канал

@uzdiplomat · Belarusian · active

Янгиликлар, танқидий-таҳлилий мақолалар, журналистик суриштирувлар UzDiplomat.uz — Адолат очиқликдан бошланади •facebook.com/uzdiplomat •instagram.com/uzdiplomat.uz •youtube.com/@uzdiplomat Реклама: +99893 571 72 35 Таҳририятга мурожаат— @uzdiplomat_uz

Subscribers 34.8K Subscribers, last 30 days: 34.8K → 34.8K +0 24h
Reach per post (ERR) 22.4%7.8K avg views
Posting 8.7/day last 1 hour ago
Reactions per 1K views 9.3 👍 ❤ 🤣
  1. 🔴 Қамоқ ёки уруш? Россия армиясидан қочиб қайтган 20 ёшли ўзбекистонликка 4,5 йиллик жазо берилди 20 ёшли сурхондарёлик Россияга ишлаш учун бориб, наркотик савдосида гумонланиб ҳибсга олинганидан сўнг Россия армияси билан шартнома тузган ва Украинадаги урушь ҳудудига юборилган. Жиноят ишлари бўйича Музработ тумани суди уни 4 йил 6 ойга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилди. Суд ҳужжатларига кўра, А.Б. тергов ҳибсхонасида унга Россия-Украина урушида қатнашиш учун руҳий ва жисмоний босим ўтказилганини айтган. У 2025 йил ноябрида Россия Қуролли кучлари билан шартнома тузган. Ҳарбий тайёргарликдан сўнг унга АК-74 автомати ва бронежилет берилган. А.Б. судда бевосита жангларда қатнашмагани, ҳарбийларга озиқ-овқат ва зарур маҳсулотлар етказиб берганини билдирган. «Қўлим қонга ботмаган ҳолда Ватанимга қайтмоқчи бўлиб, икки маротаба ушбу ҳудуддан қочишга ҳаракат қилганман», — деган у судда. Унинг сўзларига кўра, биринчи уринишда қўлга олиниб, тазйиққа учраган. Иккинчи марта эса бошқа икки киши билан мактабнинг иккинчи қаватидан қўлбола арқон орқали қочиб, Ростовга, кейин Москвага етиб борган. Ўзбекистон элчихонасидан Ватанга қайтиш гувоҳномасини олгач, 28 март куни Ўзбекистонга қайтган. Суд А.Б.ни ЖКнинг 154-моддаси 1-қисми ва 154−1-моддаси 2-қисми бўйича айбли деб топиб, узил-кесил 4 йил 6 ой озодликни чеклаш жазосини тайинлаган. Суд унинг ёшлиги, муқаддам судланмагани, пушаймонлиги ва оилавий шароитини енгиллаштирувчи ҳолатлар сифатида ҳисобга олгани айтилади. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X

  2. 🔴10 минг ишчи, 26 туннел ва $4,7 млрд: мегалойиҳа қандай кетмоқда? $4,7 млрдлик Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўли қурилиши жадаллашмоқда. Аммо мегалойиҳа ортида қарз юки, уй-жойлар компенсацияси ва экологик хавфлар бўйича саволлар ҳам бор. БАТАФСИЛ САЙТДА ЎҚИНГ! Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X

  3. 🔴Абадий дўстликдан миллиардлик лойиҳаларгача: Алиев ташрифи нималар берди? Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг 23–24 август кунлари Ўзбекистонга давлат ташрифининг асосий қисми сиёсий баёнотлардан кўра аниқ иқтисодий келишувлар билан ажралиб турди. Томонлар савдони кескин ошириш, қўшма инвестиция лойиҳаларини кенгайтириш, SOCAR ва Озарбайжон банк капиталининг Ўзбекистон бозорига киришини кучайтириш ҳамда Транскаспий транспорт йўлагини биргаликда ривожлантириш бўйича келишиб олди. Саммитнинг сиёсий жиҳатдан энг муҳим натижаси Абадий дўстлик тўғрисидаги шартноманинг имзоланиши бўлди. Бу 2024 йил 23 августда имзоланган Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартноманинг мантиқий давоми ҳисобланади. Бундан ташқари, пенсия таъминоти, туризм, маданият, инвестиция ва савдо, ташқи сиёсат, адлия соҳалари ҳамда ҳудудлараро ҳамкорликка оид ўндан ортиқ ҳужжат қабул қилинди. Урганч–Хонкенди, Бухоро–Лочин ва Урганч–Нахчивон ўртасида биродарлашган шаҳарлар муносабатлари ўрнатилади. Иқтисодий блокда энг катта мақсад — 2030 йилгача ўзаро товар айирбошлашни $1 млрдга етказиш. Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги маълумотига кўра, 2025 йилда икки мамлакат савдоси $307,3 млнни ташкил этиб, 14,6 фоизга ўсган. 2026 йил январь–июнь ойларида эса кўрсаткич $170,3 млнга етган ва йиллик ҳисобда 30,8 фоизга ошган. Айни пайтда $1 млрдлик савдо мақсади биринчи марта қўйилаётгани йўқ. Бундай марра 2025 йил июлида Бокудаги музокараларда ҳам белгиланган эди. Бу гал эса мақсадга етиш учун амалий чораларни ўз ичига олган дастур ва инвестиция-савдо келишувларини бажариш бўйича алоҳида ҳаракатлар режаси қабул қилинди. Ташрифнинг энг салмоқли қўшимча натижаларидан бири инвестиция портфели бўлди. 22 август куни Тошкентда ўтган Ўзбекистон–Озарбайжон Ҳудудлар форумида вазир Лазиз Қудратов Қўшма инвестиция компанияси умумий қиймати $500 млн бўлган 8 та лойиҳани маъқуллагани, яна қарийб $500 млнлик 7 та лойиҳа кўриб чиқилаётганини маълум қилди. 23 август куни икки президент иштирокида Ўзбекистонда бир қатор Озарбайжон лойиҳалари ишга туширилди ёки уларга тамал тоши қўйилди. Жумладан, Davr Bank билан банк соҳасидаги лойиҳа, “Matanat-A” гипс заводи ва иккита STEAM мактаби очилди. Шунингдек, SOCARнинг бешта автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаси, “Sea Breeze Uzbekistan” ва “Baku City” мажмуалари, кумуш рудасини қайта ишлаш корхонаси ҳамда интенсив боғлар қурилишига старт берилди. Энергетика соҳасида ҳам янги босқич кутилмоқда. Илҳом Алиевнинг маълум қилишича, SOCAR Ўзбекистон чакана ёқилғи бозорига кирмоқда. Нефть ва газ ресурсларини қидириш бўйича қўшма ишлар эса якуний босқичга яқинлашган, геология-қидирув натижалари ижобий бўлса, 2027 йилда эксплуатацион қудуқларни бурғилаш бошланиши мумкин. Яна бир стратегик келишув — Транскаспий, яъни Ўрта йўлакни биргаликда ривожлантириш. Ўзбекистон учун бу Каспий денгизи–Озарбайжон орқали Кавказ, Туркия ва Европа бозорларига чиқувчи транспорт занжирининг аҳамияти ошишини англатади. Томонлар логистика инфратузилмасидан самарали фойдаланиш ва юк ташувларини кўпайтиришга келишди. Гуманитар соҳада Низомий Ганжавий номидаги Ўзбекистон Миллий педагогика университетининг янги кампуси очилди, Янги Тошкентда 4 гектарлик “Озарбайжон” боғи қурилиши бошланди. 2027 йилда эса Ўзбекистон ва Озарбайжон футбол бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатига биргаликда мезбонлик қилиши муносабати билан “Икки мамлакат — бир чемпионат” дастури амалга оширилади. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X

  4. uzdiplomat иқтибоси: 🖍 «Бу оламда йўқотишлар ичидаги энг оғир йўқотиш инсоннинг ўзлигини йўқотишидир». Эркин Воҳидов, Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири (1936-2016) Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X

  5. edited

    🔴 Озодбек Назарбеков тизимдаги «Шохини тираб туриб олган” ёши катта кадрларни танқид қилди Маданият вазири Озодбек Назарбеков тизимда «кечаги тажриба»га қаттиқ ёпишиб олган, ёшларни эшитмайдиган катта авлод вакилларини кескин танқид қилди. Вазирнинг айтишича, айрим жойларда тажриба энди ёрдам бериш ўрнига янгиликка тўсиқ бўлмоқда. «Бунинг учун тажриба ҳам керак эмас. Мен кўп айтяпман сизларга. Кечаги тажриба айрим жойларда халақит беряпти, ишонасизларми шунга? Айниқса, ёши катталар туриб олган шохини тираб. “Йўқ, мана шунақа қиласан, ота-бобом шунақа қилган, сен ҳам шунақа қиласан”, деб пастдагилардан ҳам шуни талаб қиляпти», — деди вазир. Назарбеков маданият тизимида эскича меъёрларга ёпишиб олган ходимлар ҳали ҳам кўплигини айтди. Унинг сўзларига кўра, янги ёндашувларни қабул қила олмайдиган кадрлар билан тизимни янгилаб бўлмайди. «Ўта эскича нормаларга ёпишиб олганлар жуда кўп тизимда. Ўшалар билан ҳам хайрлашамиз. Чунки янги нормаларни улар билан ишлата олмаймиз. Бу очиқ гап», — деди у. Вазир айрим катта ёшли раҳбарлар ёш ходимларнинг фикри ва ташаббусларини умуман эшитмаслигини ҳам танқид қилди. «Янгиликни ходим таклиф қилса, “ёп эшигингни, анави ердан”, дейди. Эшитмайди мутлақо ёшларни. Биз келажак авлод учун нимадир қилаётган бўлсак, нима ҳаққи бор эшитмасликка у ёшни? Шу ёш учун қиляпсизлар-ку», — деди Назарбеков. Унинг фикрича, бугун қабул қилинаётган қарорлар биринчи навбатда ёшларнинг келажагига таъсир қилади. Шу сабаб уларнинг фикрини эшитмасдан туриб, муаммоларга тўғри ечим топиб бўлмайди. «Эртанги кун уники, сизники эмас. Барака топгур, тушуниш керак. Эртанги кун бизники эмас — у ёшники. У билан гаплашмасдан ечиб бера олмайсиз унинг масаласини», — деди вазир. Назарбеков бу танқид фақат бошқаларга қаратилмаганини, ўзини ҳам катта авлод вакили деб ҳисоблашини таъкидлади. Бироқ, унинг айтишича, ёш катта бўлиши кечаги иш услубига ёпишиб олиш учун асос эмас. «Мен ҳам катта авлодга кираман аллақачон. Лекин мен кечаги базамга ёпишиб олганим йўқ. “Мен шунақа қилганман, сен ҳам шунақа қиласан”, деяётганим йўқ. Мен бугунги ечимни қидиряпман. Ҳар куни қидираман, ҳар куни изланаман, ҳар куни ўйлайман: нима қилсам бўлади?» Вазир бугунги муаммоларни кечаги тажрибанинг ўзи билан ҳал қилиб бўлмаслигини ҳам айтди. «Кечаги тажриба билан еча олмаймиз. Бугунги муаммолар янги. Унинг шакли ҳам янги, ҳиди ҳам янги, ранги ҳам янги. Шунинг учун тажрибага суяниб олиб, баланд туриб олманглар, катталар айниқса. Чунки, яна айтяпман, тажриба бугунга мутлақ жавоб бермаяпти. Кечаги катта-катта тажрибалар». Назарбековнинг фикрича, ҳозир тизимга фақат кўп йиллик тажрибага эга кадр эмас, балки доимий равишда ўз устида ишлайдиган ва янги ечим излайдиган одамлар керак. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X

  6. 🔴АҚШ ва Ўзбекистон: 35 миллиард долларлик режа ва стратегик манфаат 35 миллиард долларлик иқтисодий ҳамкорлик, критик минераллар, янги транспорт йўлаклари ва Америка гигантларининг Ўзбекистонга қизиқиши. Вашингтонда эса Тошкентни Марказий Осиё сиёсатининг асосий таянчига айлантириш ҳақида гаплар янграмоқда. Нега айнан Ўзбекистон? АҚШ бу ерда нимани кўряпти ва бу яқинлашув Тошкентга нима беради? Қарийб 40 миллион аҳоли, тез ўсаётган иқтисодиёт ва Хитой, Россия, Афғонистон ҳамда Каспий йўналишлари ўртасидаги стратегик жойлашув Ўзбекистонни катта давлатлар манфаатлари кесишадиган муҳим нуқтага айлантирмоқда. Энди масала Ўзбекистон ким томонни танлашида эмас, балки кучайиб бораётган бу қизиқишдан ўз манфаати учун қандай фойдаланишида. Батафсил… Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X

  7. 20 минг хонадонга шамолдан электр: Бўстонлиқда $28 млнлик станция ишга тушди Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида 20 МВт қувватга эга “Чорбоғ” шамол электр станцияси фойдаланишга топширилди. Янги станция йилига 50 млн кВт·соатгача электр ишлаб чиқариб, қарийб 20 минг хонадоннинг йиллик эҳтиёжини таъминлаши мумкин, деб хабар бермоқда «Ўзбекгидроэнерго» АЖ ахборот хизмати. 20 август куни очилган станция Бурчмулла ҳудудида жойлашган. Унда ҳар бири 5 МВт қувватли тўртта шамол турбинаси ўрнатилган. Лойиҳа тўлиқ Хитой ҳукумати ажратган 28 млн долларлик беғараз грант ҳисобидан амалга оширилди. Бош пудратчи сифатида Хитойнинг TBEA компанияси ишлаган, технологик ускуналар ҳам Хитойдан етказилган. Станциянинг яна бир қизиқ жиҳати — у шамол тезлигига қараб автоматик бошқарилади. Шамол тезлиги секундига 3 метрга етганда генераторлар ишга тушади, 22 метрга етганда эса хавфсизлик мақсадида автоматик тўхтайди. Электр ишлаб чиқариш жараёни деярли инсон аралашувисиз бошқарилади. Лойиҳа қурилиши 2025 йил 30 июлда бошланган эди. Ҳисоб-китобларга кўра, станция ишлаши ҳисобига йилига тахминан 811 минг куб метр табиий газ ёки 3 150 тонна кўмирни тежаш имкони пайдо бўлади. Бу, ўз навбатида, электр ишлаб чиқаришда ёқилғи сарфини ва атмосферага чиқариладиган зарарли газлар ҳажмини камайтиришга хизмат қилади. Бўстонлиқ шамол энергетикаси учун тасодифий ҳудуд эмас. 2017 йилда айнан шу туманда Ўзбекистондаги илк пилот шамол энергетика қурилмаларидан бири — 750 кВт қувватли ускуна ишга туширилган. Янги 20 МВтлик станция ана шу тажрибанинг анча йирик босқичга олиб чиқилган давоми ҳисобланади. Расмий маълумотларга кўра, мамлакатда сўнгги йилларда жами 5,6 ГВт қувватли йирик қуёш ва шамол станциялари фойдаланишга топширилиб, “яшил” энергетиканинг умумий генерациядаги улуши 30 фоизга етган. 2030 йилга бориб бу кўрсаткични 54 фоизга чиқариш режалаштирилган. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X

  8. Қозоғистондаги ЙТҲда уч нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлди Қозоғистоннинг Қизилўрда вилоятида юз берган оғир йўл-транспорт ҳодисасида уч нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлди. Авария 22 август куни соат 06:47 да «Қорабутак — Қизилўрда — Чимкент» автомобиль йўлининг 1831–1836-километрлари оралиғида, Бирқазан ҳудудида содир бўлган. Nexia-2 енгил автомобили КамАЗ юк машинаси билан тўқнашган. Тўқнашув оқибатида Nexia-2 салонида бўлган уч нафар Ўзбекистон фуқароси воқеа жойида вафот этган. Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотига кўра, масъул вазирлик ва идоралар иштирокида махсус ишчи гуруҳ тузилган. Ҳозир ҳалок бўлганларнинг жасадларини Ўзбекистонга олиб келиш ва уларнинг оила аъзоларига зарур ёрдам кўрсатиш чоралари кўрилмоқда. Ўзбекистон ФВВ ходимлари Қозоғистон томони билан доимий алоқада бўлиб, авария сабаблари ва бошқа ҳолатларни аниқлаш бўйича ҳамкорлик қилмоқда. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X

  9. АҚШ суди Ўзбекистон ҳам киритилган 75 давлат учун иммиграцион виза чекловини бекор қилди АҚШ федерал суди Трамп маъмуриятининг Ўзбекистон ҳам киритилган 75 давлат фуқароларига иммиграцион визалар беришни тўхтатиб туриш сиёсатини қонунга зид деб топди. Бу ҳақда Reuters хабар берди. Манхэттендаги федерал судья Жанетт Варгас 21 август куни чиқарган қарорда АҚШ Давлат департаментининг мазкур сиёсати давлат котиби Марко Рубиога қонун билан берилган ваколатлар доирасидан чиққанини қайд этган. Судья чекловни «очиқдан-очиқ қонунга зид» деб баҳолаган. Чеклов 2026 йил январда жорий этилган эди. АҚШ Давлат департаменти 21 январдан бошлаб 75 мамлакат фуқароларига иммиграцион визалар беришни тўхтатган. Расмий маълумотда Ўзбекистон ҳам ушбу давлатлар қаторига киритилгани кўрсатилган. Вашингтон бу қарорни мазкур мамлакатлардан келувчи айрим муҳожирлар АҚШда давлат ижтимоий ёрдамига муҳтож бўлиб қолиши мумкинлиги билан изоҳлаган эди. Суд эса фуқаролик мансублигининг ўзига асосланиб иммиграцион визаларни ялпи тақиқлаш амалдаги миграция қонунчилигига зид, деган хулосага келди. Чеклов туристик ёки талабалик визаларига эмас, АҚШда доимий яшаш ҳуқуқини берувчи иммиграцион визаларга тааллуқли эди. Суд иши иммигрантлар ҳуқуқини ҳимоя қилувчи ташкилотлар, виза талабгорлари ҳамда АҚШда яшовчи ва хориждаги оила аъзоларига ҳомийлик қилаётган фуқаролар даъвоси асосида кўриб чиқилган. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X

  10. uzdiplomat иқтибоси: 🖍 “Агар мамлакат нотўғри идора қилинса, ҳамма ақлли кишилар у давлатни тарк этишга мажбур бўлади”. Ли Куан Ю, Сингапур собиқ бош вазири Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X

  11. 🔴Хавфсизлик кенгаши котиби ва ФВВ вазири мукофотланди ✔️Олти ходимга «Жасорат» медали вафотидан сўнг берилди Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларидан бир гуруҳини давлат мукофотлари билан тақдирлади. Фармонда юқори лавозимли ҳарбий ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари раҳбарлари билан бирга хизмат вазифасини бажариш чоғида ҳалок бўлган ходимлар ҳам бор. Энг юқори мукофотлардан бири — I даражали «Шон-шараф» ордени Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби Виктор Махмудов ва Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи Тоҳир Ариповга берилди. Фавқулодда вазиятлар вазири Азизбек Икрамов ҳамда Мудофаа вазирлиги бош бошқарма бошлиғи Азизбек Камилов II даражали «Шон-шараф» ордени билан тақдирланди. Шунингдек, Конституциявий суд судьяси Абдуманноб Раҳимов «Меҳнат шуҳрати» орденига муносиб кўрилди. Фармонда алоҳида эътиборга молик жиҳат — олти нафар ходим «Жасорат» медали билан вафотидан сўнг тақдирланганди: - Қашқадарё вилояти ЙҲХБ катта инспектори Азизбек Аннақулов; - Фарғона вилояти ЙҲХБ катта инспектори Хайитбек Каримжонов; - Мудофаа вазирлиги ҳарбий қисми мутахассиси Ахрор Пардаев; - ФВВ махсус қутқарув батальони гуруҳ командири Бобурмирзо Пардаев; - Андижон вилояти ЙҲХБ катта инспектори Искандарбек Рустамов; - Миллий гвардия ҳарбий қисми мутахассиси Жавоҳир Уралов. Бундан ташқари, ИИВ Тезкор-қидирув департаменти бошлиғининг биринчи ўринбосари Мирмансур Мирҳамидов ҳам «Жасорат» медали билан тақдирланган. Миллий гвардия, Мудофаа вазирлиги, ички ишлар ва фавқулодда вазиятлар тизимида хизмат қилаётган яна бир қатор ходимларга «Мардлик» ордени, «Содиқ хизматлари учун» ва «Шуҳрат» медаллари берилди. Президент фармонида мукофотлар мамлакат мудофаа салоҳиятини ошириш, миллий манфаатларни ҳимоя қилиш, қонун устуворлиги ва жамоат хавфсизлигини таъминлашдаги хизматлар, шунингдек, хизмат вазифасини бажаришда кўрсатилган мардлик ва фидойилик учун берилгани қайд этилган. БАТАФСИЛ РЎЙХАТ Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X

  12. 🔴Тошкент ҳокими, вазирлар, Комил Алламжонов ва Президент маслаҳатчилари ✔️Ўнлаб амалдорларга давлат мукофотлари берилди Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан давлат хизматчилари, ишлаб чиқариш ва ижтимоий-иқтисодий соҳалар вакилларидан бир гуруҳини давлат мукофотлари билан тақдирлади. Мукофотланганлар орасида юқори лавозимли давлат амалдорлари, вазирлар, вилоят ҳокимлари ва Президент Администрацияси вакиллари бор. Жумладан, Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзаков, Президент маслаҳатчиси Ғофуржон Мирзаев, Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимов ва Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров «Фидокорона хизматлари учун» ордени билан тақдирланди. Шу мукофот Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов ва Олмалиқ кон-металлургия комбинати бошқаруви раиси Абдулло Хурсановга ҳам берилди. Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов, Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов, Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов, Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов ва Навоий кон-металлургия комбинати раиси Қувондиқ Санақулов «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирланди. Комил Алламжонов ҳам давлат мукофотига сазовор бўлди. Президент Администрацияси раҳбарининг шартнома асосида жалб қилинадиган маслаҳатчиси ва Президент Администрациясининг АҚШдаги вакили бўлган Алламжонов «Дўстлик» ордени билан тақдирланди. Шу орден билан, шунингдек: Президент Администрацияси раҳбари ўринбосари Тамила Алиева; Президент матбуот котиби Шерзод Асадов; инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов; Президент маслаҳатчилари Музаффар Комилов, Мансурбек Оллоёров ва Обид Ҳакимов; Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директори Дмитрий Ли; Солиқ қўмитаси раиси Фаррух Пўлатов; «Ўзавтосаноат» раиси Улуғбек Розуқулов; Миллий статистика қўмитаси раиси Беҳзод Ҳамраев тақдирланган. Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг Эрондаги элчиси Фариддин Насриев «Мардлик» ордени, ташқи ишлар вазири ўринбосари Бобур Усмонов эса «Содиқ хизматлари учун» медали билан мукофотланган. Фармон билан саноат, транспорт, энергетика, қишлоқ хўжалиги, маҳалла тизими ва бошқа соҳаларда фаолият юритаётган юзлаб ходимларга ҳам давлат мукофотлари берилди. БАТАФСИЛ РЎЙХАТ Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X

  13. Юлдуз Турдиева халқ артисти бўлди, Исроил Мадримов ва Troll.uz асосчиси давлат мукофоти билан тақдирланди Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан фан, таълим, тиббиёт, спорт, маданият, санъат ва ОАВ соҳалари вакилларидан бир гуруҳини давлат мукофотлари билан тақдирлади. Мукофотланганлар орасида жамоатчиликка яхши таниш бўлган санъаткорлар, спортчилар ва ижтимоий тармоқ фаоллари ҳам бор. Хусусан, таниқли хонанда Юлдуз Турдиевага «Ўзбекистон Республикаси халқ артисти» фахрий унвони берилди. Шу унвон Юнус Ражабий номидаги ўзбек миллий мусиқа санъати институти ўқитувчиси Илёс Арабовга ҳам берилган. Шохрух Юлдашев ва бадиий сўз устаси Шукурулла Исраилов эса «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист» унвони билан тақдирланди. Ўзбек Миллий академик драма театрининг таниқли актрисаси Гулчехра Жамиловага «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси» фахрий унвони берилди. Профессионал боксчи Исроил Мадримов «Дўстлик» ордени билан тақдирланди. Шу орденга хонанда Ғайбулло Турсунов ҳам муносиб кўрилган. Опера хонандаси Женисбек Пиязовга эса «Меҳнат шуҳрати» ордени берилди. Ижтимоий тармоқлардаги таниқли лойиҳалар асосчилари ҳам мукофотланган. Teacher Azam саҳифаси асосчиси Мираъзам Абдуллаев ҳамда Troll.uz лойиҳаси асосчиси Умиджон Ғафуров «Шуҳрат» медали билан тақдирланди. Шунингдек, фармон билан олимлар, шифокорлар, ўқитувчилар, мураббийлар, журналистлар ва маданият соҳаси ходимларига турли орден, медаль ва фахрий унвонлар берилган. Мукофотлар мамлакат мустақиллигини мустаҳкамлаш, илм-фан, таълим, тиббиёт, спорт, маданият, санъат ва ОАВ ривожига қўшган ҳиссаси учун тақдим этилди. БАТАФСИЛ РЎЙХАТ Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X

  14. 🔴 Россиядан Қозоғистон орқали Ўзбекистонга қайтишда йўлда яна уч нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлди ✔️Миграция агентлиги қачон мигрантларнинг транспорт хавфсизлиги масаласини ўрганади 22 август куни Қозоғистоннинг Қизилўрда вилоятида яна бир фожиа юз берди. «Қорабутак–Қизилўрда–Чимкент» автомобиль йўлида Nexia-2 ва КамАЗ тўқнашиши оқибатида автомобилда бўлган уч нафар Ўзбекистон фуқароси воқеа жойида ҳалок бўлди. ФВВ марҳумларни Ўзбекистонга олиб келиш ва уларнинг оила аъзоларига зарур ёрдам кўрсатиш чоралари кўрилаётганини маълум қилди. Хорижда меҳнат қилаётган ўзбекистонликларнинг йўлдаги хавфсизлиги Ўзбекистонда давлат идораларини қўшимча чоралар кўришга ундаяптими? Бугун Ўзбекистондан Россияга бориш учун транспорт бор. Самолётлар учади, темир йўл қатнови ҳам мавжуд. «Ўзбекистон темир йўллари»нинг амалдаги жадвалида Тошкент–Москва поезди ҳафтасига икки марта, Тошкент–Қозон поезди эса ҳафтасига бир марта қатнаши кўрсатилган. Шунга қарамай, меҳнат мигрантларининг бир қисми Россияга ва Россиядан Ўзбекистонга минглаб километр масофани автобус ёки енгил автомобилларда босиб ўтишда давом этмоқда. Қишда эса муаммо янада кескинлашади. Яъни узоқ йўл, совуқ, қор ва музлама, транспортнинг йўлда қолиши, ҳайдовчиларнинг чарчаши — буларнинг барчаси йўловчилар хавфсизлиги билан боғлиқ хатарларни оширади. Меҳнат мигрантларининг Россия ва Ўзбекистон ўртасида автомобиль йўллари орқали ҳаракатланишидаги хавфсизлик муаммоси янги эмас. 2018 йил 18 январда Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида, «Чимкент–Самара» автомобиль йўлида Россия томон кетаётган автобус ёниб кетиши оқибатида 52 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлган эди. Марҳумларнинг жасадлари кейинчалик махсус самолётда Ўзбекистонга олиб келинган. Орадан йиллар ўтса-да, ушбу йўналишда ўзбекистонликлар билан боғлиқ хавфли ҳолатлар давом этмоқда. Масалан, 2024 йил декабрда Москва–Тошкент йўналишида ҳаракатланаётган автобус Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида бузилиб қолган. Автобусда 52 киши бўлган, йўловчиларнинг аксарияти Ўзбекистон фуқаролари эди. Улар тунги совуқда эвакуация қилиниб, исиниш пунктига жойлаштирилган. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X

  15. 🔴Ташқи дипломатиядаги шармандалик ёхуд Хайриддин Султон фильми ортидаги мажоролар 🎥Батафсил видео Беларусдаги кино тадбири билан боғлиқ ҳолатда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги томонидан қўнғироқ бўлиб, мукофотни хусусий «Амир Темур»га эмас, давлат лойиҳаси деб кўрилган "Донна Мария"га бериш масаласи кўтарилган. Бу ҳақда фильмнинг МДҲ давлатларидаги дистрибьютори, кинорежиссёр Элдор Юлдашев Uzdiplomat’га берган интервьюсида гапириб берди. Гап Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги муносабати билан яратилган икки кино лойиҳаси ўртасидаги рақобат ҳақида кетмоқда. Улардан бири — хусусий «Амир Темур», иккинчиси эса давлат буюртмаси асосида суратга олинган, спичрайтер Хайриддин Султон сценарийси асосидаги «Улуғ Амир ва Донна Мария» фильми. Элдор Юлдашевнинг айтишича, оддий ижодий рақобат сифатида қабул қилиниши керак бўлган вазият Кинематография агентлигининг аввалги раҳбарияти даврида бошқача тус олган. «Рақобатдан қўрқиш керак эмас-ку. Лекин негадир ўша эски раҳбарият бизга рақобатчи деб қаради. Сунъий тўсиқлар бўлди — республика ичида ҳам, бошқа давлатларда ҳам», — дейди Элдор Юлдашев. Юлдашев бундай тўсиқларга мисол сифатида Беларусдаги «Лістапад» кинофестивалида юз берган воқеани келтиради. Унинг айтишича, фестивалга Ўзбекистон томонидан «Улуғ Амир ва Донна Мария» ҳамда яна учта давлат фильми юборилган. Аммо улар саралаш босқичидан ўта олмаган. Хусусий «Амир Темур» эса саралашдан ўтиб, асосий танловга кирган. Юлдашевнинг иддаосига кўра, айнан шундан кейин хусусий фильмнинг муваффақиятига нисбатан эътирозлар бошланган ва масала Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Ўзбекистоннинг Беларусдаги элчихонасигача етиб борган. «Улар хафа бўлди. Ташқи ишлар вазирлигига эътирозномалар ёзди. Ташқи ишлар вазирлиги элчига топшириқ юборди. Элчимиз фестиваль дирекциясига борди», — дея воқеани эслайди кинорежиссёр. Унинг сўзларига кўра, бу ҳаракатлар фестивалда ҳам эътиборсиз қолмаган. Хорижий журналистлар ундан «Нима учун давлат сизларга қарши?» деб сўрай бошлаган. Юлдашев бу вазиятни Ўзбекистон киноси имижига зарар етказган “шармандали”, ҳолат сифатида баҳолайди. Кинорежиссёрнинг айтишича, тўсиқлар фақат халқаро фестиваль билан чекланмаган. «Амир Темур» Ўзбекистон кинотеатрларида бир ярим ой давомида прокатда турган. Юлдашев буни фильмга томошабин қизиқиши бўлганининг кўрсаткичи деб ҳисоблайди. Аммо шунга қарамай, унинг айтишича, рейтингбоп телеканаллар фильм ҳақида репортаж тайёрламаган ва ижодкорларни кўрсатувларга таклиф қилмаган. Юлдашевнинг иддаосига кўра, Zo‘r TV, Sevimli, MY5 ва Milliy каби хусусий телеканалларга ҳам фильмни ёритмаслик бўйича оғзаки кўрсатма берилган. Элдор Юлдашев яна бир ҳолатни эслайди. «Амир Темур» ижодкорлари фильм бўйича матбуот анжумани ташкил қилган, аммо таклиф этилган журналистларнинг катта қисми тадбирга келмаган. «Пресс-конференция қилганмиз. Пресс-конференцияга таклиф этилган журналистларнинг 90 фоизи келмади. Ўша куни аниқласак, тепадан топшириқ бўлган. Тавсиявий характерга эга топшириқ бўлган. Шунинг учун пресс-конференциямиз тор доирада ўтди», — дейди у. Шундай қилиб, Элдор Юлдашев хусусий «Амир Темур» фильмининг давлат буюртмаси асосида ишланган «Улуғ Амир ва Донна Мария»га рақобатчи бўлиб қолиши унинг йўлида сунъий тўсиқлар пайдо бўлишига сабаб бўлганини иддао қилмоқда. Юлдашев бу муаммони алоҳида шахслардан кўра кино соҳасида шаклланган бошқарув тизими билан боғлайди. «Сабаб тизимда. Лекин барибир умид қиламиз: ҳозир тизим ўзгарса, янги раҳбарият янги ғоялар, янги дунёқараш билан келса, бундай муаммолар ҳам балки бўлмайди», — дейди кинорежиссёр. Таҳририятдан: Uzdiplomat ушбу баёнотлар юзасидан тегишли идораларнинг муносабатини ҳам беришга тайёр. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X

  16. 🔴Марказий Осиё Трамп санкцияларига қарамай Эрон транзитига эҳтиёж сезади - Tasnim АҚШ президенти Дональд Трампнинг Эронга нисбатан иқтисодий босимни кучайтириш режаси Марказий Осиё давлатларининг Теҳрон билан амалий манфаатларига тўқнаш келиши мумкин. Бу ҳақда Эроннинг Tasnim агентлиги ёзмоқда. Нашрга кўра, Ўзбекистон ва бошқа Марказий Осиё мамлакатлари учун Эрон билан ҳамкорлик, аввало, транзит ва Форс кўрфази портларига чиқиш имконияти билан муҳим. Шу боис Теҳронни иқтисодий изоляция қилишга қаратилган янги санкциялар минтақадаги транспорт ва савдо лойиҳаларига ҳам таъсир кўрсатиши мумкин. Кеча хабар берганимиздек, Ўзбекистон учун бу хавф айниқса долзарб. 2025 йилда мамлакат импортининг қарийб 9 фоизи, олтинсиз экспортнинг эса 10 фоизи Эрон орқали ўтган. Яқин Шарқдаги логистик узилишлар Ўзбекистон иқтисодиётига 1–1,5 млрд долларгача зарар келтириши мумкинлиги баҳоланган. Айни пайтда Тошкент ва Теҳрон транспорт алоқаларини, жумладан юк ташиш ҳажмини ошириш ва амалдаги коридорлар самарадорлигини кучайтириш бўйича музокараларни давом эттирмоқда. Tasnim талқинига кўра, Марказий Осиё давлатларининг Эрон билан алоқаси сиёсий яқинликдан кўра кўпроқ география ва иқтисодий зарурат билан изоҳланади. Шу боис АҚШнинг янги санкция сиёсати минтақа давлатларини жанубий транзит йўлларини сақлаб қолишнинг янги механизмларини излашга мажбур қилиши мумкин. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X

  17. uzdiplomat иқтибоси: 🖍 “Ақл билан мансабга эришиш мумкин. Лекин, мансаб билан ақлга эришиб бўлмайди”. ЎТКИР ҲОШИМОВ, Ўзбекистон Халқ ёзувчиси, жамоат арбоби Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X

  18. edited

    🔴“Орқасида «одами» йўқ тадбиркорларга давлат хизматчиларига чидагани учун ҳайкал қўйиш керак экан” Бир неча кун тадбиркор билан бирга юриб, битта аччиқ хулосага келдим. Ўзбекистонда орқасида таниши, юқорида ишлайдиган «одами» бўлмаган кичик тадбиркорларга ҳайкал қўйиш керак экан. (Тадбиркор билан биргаликдаги саргузаштларни қуйида ўқиш мумкин) Шу одамлар ҳокимликма-ҳокимлик, идорама-идора юриб, эшик тагида сарғайиб, баъзи амалдорларнинг «осмондан келиб» гапиришини эшитиб ҳам бизнесини ёпиб ташламаётгани учун. Одамларга иш бериб, солиқ тўлаб юргани учун. Очиғи, тадбиркорларга раҳмим келди. Бир неча кун тадбиркор билан туман ҳокимлигига ҳам бордим, шаҳар ҳокимлигига ҳам. Тадбиркор билан ишлаши керак бўлган идораларга кирдим, прокуратура тизимидаги муносабатни ҳам кўрдим. Бир қоғоз учун одамни неча кун сарсон қилиш мумкинлигини ҳам кўрдим. Бугун борсангиз — керакли одам йўқ. Эртага борсангиз — чиқиб кетган. Индинга борсангиз — таътилда. Хуллас, тадбиркор ишини қиладими ёки амалдорни қидириб юрадими — тушунмай қоласиз. Энг қизиғи, охирида яна тадбиркорнинг ўзи айбдор бўлиб чиқиши мумкин. Мен кўрган ҳолатда тадбиркорни прокуратура билан қўрқитишга уринишни ҳам кўрдим. «Ҳозир прокуратурани чақираман» деган гап айрим амалдорлар учун ҳамон энг кучли аргументга ўхшайди. Қизиқ, нега? Тадбиркор жиноятчими ёки ҳокимнинг қўл остидаги ходимми? Унинг ҳам қонуний ҳуқуқлари бор-ку. Айрим амалдорларнинг тадбиркор билан гаплашишида эса битта кайфият сезилади: «Мен — ҳокимиятман, сен — тадбиркорсан. Аввал менга бўйсун». Мана шуни кўриб, инвестицион муҳит ҳақида ўйлаб қолдим. Биз четдан инвестор келса, эшикни очиб, кутиб оламиз. «Қандай муаммо бор?», «Нима ёрдам керак?» деймиз. Ўзимизнинг тадбиркор эшик қоқса-чи? «Кутинг». «Эртага келинг». «Бу бизга қарамайди». «Фалончи йўқ». «Прокуратурага айтамиз». Четдан доллар олиб келган одам инвестор-у, шу ерда топган пулини яна шу ерда бизнесга тикаётган одам инвестор эмасми? У ҳам пул тикаяпти.У ҳам иш ўрни яратяпти, ҳам солиқ тўлаяпти. Фақат уни кутиб олишга қизил гилам йўқ, холос. Бу ҳақда ёзганимдан кейин одамлар менга: «Сиз энди кўрибсиз, биз йиллардан бери шу аҳволдамиз», деб ёза бошлашди. Бири ҳокимликда сарсон бўлган. Бири прокуратурадаги муомаладан шикоят қилди. Бошқаси: «Орқангда одаминг бўлмаса, ҳақ бўлишингнинг ўзи камлик қилади», деди. Мана шу гап менга қаттиқ таъсир қилди. Чунки Президент йиллардан бери тадбиркор ҳақида гапиради. Текширувни камайтириш керак дейди. Тадбиркорни қўллаш керак дейди. Ҳатто «тадбиркорни елкамда кўтараман» деган мазмунда гаплар айтилади. Лекин қуйи давлат хизматчилари эса тадбиркорларни оёқ учида кўради. Қонун, қарорлар ўзгарган бўлиши мумкин. Лекин айрим давлат хизматчиларининг бошидаги эски қараш ҳали ўзгармаганга ўхшайди. «Мен амалдорман — сен менга ишинг тушиб келган одамсан». ❗️Алоҳидалар ҳам бор… Ҳамма тадбиркорга ҳам бир хил муомала қилинмайди. Катта тадбиркор бўлсангиз, орқангизда кучли одамлар турса, гаплашиш оҳанги ҳам бошқача. Камига сизга ён босиб, бошқа тадбиркорларни қўрқитишлари ва эзишлари ҳам мумкин. Ўзбекистонда бизнес қилиш учун пул, ақл ва меҳнатдан ташқари, «тепада одам» ҳам керакдек. Агар керак бўлмаса, нега оддий тадбиркор буни ҳар қадамида ҳис қилади? Ростини айтсам, бир неча кун шу тизим ичида тадбиркор билан юриб, мен бизнес очишни эмас, шу бизнесни давлат идораларидан омон олиб ўтишнинг ўзи алоҳида тадбиркорлик экан, деган хулосага келдим. Шунинг учун яна айтаман: Орқасида таниши йўқ, «тепада одами» йўқ, ҳокимликма-ҳокимлик юриб, эшик тагида сарғайиб, дўқ эшитиб ҳам бизнесини ташлаб кетмай, одамларга иш бериб, солиқ тўлаб юрган кичик тадбиркорларга ҳайкал қўйиш керак экан. Анора Содиқ Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X

  19. 🔴«Бизни ҳеч ким эшитмаяпти» ✔️Фозилов мулклари сотилаяпти. У ишлатган 500 дан ортиқ ишчи эса ҳалигача ойликларини ололмай сарсон Тошкент шаҳри Миробод туманидаги кўп тармоқли тиббиёт мажмуаси қурилишида ишлаган бир гуруҳ ишчилар 2025 йил октябрь ва ноябрь ойлари учун меҳнат ҳақини ҳалигача тўлиқ ололмаганини билдириб, Uzdiplomat таҳририятига мурожаат қилди. Мурожаатда гап бош пудратчиси Enter Engineering PTE LTD бўлган тиббиёт мажмуаси ҳақида бормоқда. Ишчиларнинг айтишича, улар объектга субпудратчи ташкилот орқали жалб қилинган. Иш ҳақи бир неча ойлаб кечиккан. 2026 йил 22 майда фақат 2025 йил сентябрь ойи учун тўлов амалга оширилган, аммо октябрь ва ноябрь учун иш ҳақи 21 август ҳолатигача берилмаган. «Биз жанжал ёки низони кучайтиришни истамаймиз. Фақат ҳалол меҳнат қилиб топган иш ҳақимизни олишни хоҳлаймиз», — дейилади таҳририятга келиб тушган мурожаатда. Эслатиб ўтамиз, Миробод туманидаги ушбу тиббиёт мажмуаси қурилиши билан боғлиқ иш ҳақи муаммоси 2026 йил бошидаёқ давлат идоралари эътиборига тушгани маълум бўлганди. 20 январь куни Тошкент шаҳар Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси Давлат меҳнат инспекцияси ҳолат бўйича расмий муносабат билдирган. Ўша пайтда объектда ишлаган фуқароларга жами 843 млн сўм иш ҳақи тўланмагани расман тасдиқланган. Инспекция ишчилар манфаатини ҳимоя қилиш мақсадида судларга тегишли даъво аризалари киритган. Шунингдек, Tashkent International Medical Center МЧЖда иш ҳақининг ўз вақтида ва тўлиқ тўланиши ҳамда меҳнат қонунчилигига риоя этилиши юзасидан алоҳида текширув тайинланган. Ишчиларнинг таҳририятга ҳозирги мурожаатига қараганда, айрим ходимлар ҳануз тўлиқ ойлик ололмаяпти. Манбаларда Enter Engineering, Eriell Group ва Saneg компаниялари гуруҳининг 38,7 минг нафар ходим олдидаги иш ҳақи бўйича қарзи 131 млн долларга етгани айтилган. Молиявий барқарорликни тиклаш учун гуруҳнинг бир қатор номутахассислик активларини сотиб, тушган маблағларни биринчи навбатда иш ҳақи қарзларини қоплашга йўналтириш белгиланган. Сотилиши кўзда тутилган активлар орасида Миробод тумани, Шаҳрисабз кўчаси, 8-уйдаги Tashkent International Medical Center кўп тармоқли тиббиёт мажмуаси биноси ҳам бор. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X

  20. Ўзбекистондан Қирғизистонга ўтган икки қишлоқ аҳолиси Қирғизистон фуқаролигини олмоқда Аввал Ўзбекистон таркибида бўлган Чўнғара ва Тоштепа қишлоқлари аҳолиси Қирғизистон фуқаролигини расмийлаштириш жараёнидан ўтмоқда. Бу ҳақда Қирғизистоннинг AKIpress агентлиги хабар берди. Маълум қилинишича, Баткен вилояти раҳбари Мамиржан Раҳимов мазкур қишлоқлар аҳолиси билан учрашган. Ҳудудлар Ўзбекистон–Қирғизистон давлат чегарасини демаркация қилиш ва ер участкаларини ўзаро алмашиш бўйича келишувлар доирасида Қирғизистон таркибига ўтган. Чўнғара ва Тоштепа аввал Фарғона вилояти ҳудуди ҳисобланган. Дастлабки маълумотларга кўра, икки қишлоқда жами 2,5 мингга яқин аҳоли бор. Қирғизистон томони июнь ойида қишлоқларда рўйхатга олиш ишларидан сўнг аҳолига мамлакат фуқаролиги берилишини маълум қилган эди. Бу ерда гап аҳолининг оммавий равишда бошқа жойга кўчирилиши ҳақида эмас. Қишлоқларнинг давлатга мансублиги ўзгаргани сабаб уларда яшовчиларнинг фуқаролиги, мулк ҳуқуқи, ердан фойдаланиш, ижтимоий таъминот ва бошқа ҳуқуқий масалалар қайта расмийлаштирилмоқда. Келишувга мувофиқ, Чўнғара ва Тоштепа эвазига Қирғизистон Ўзбекистонга чегара ҳудудидан тенг майдондаги ер участкаларини бериши белгиланган. Бундан ташқари, Сай–Таян автомобиль йўлини қуриш учун ҳам икки давлат ўртасида жами 236 гектар ер тенг миқдорда алмаштирилган. Қирғизистон томони бу йўл Боткен аҳолиси учун Айдаркендан Баткенга бориш масофасини амалдаги 225 километрдан тахминан 55 километрга қисқартиришини билдирган. 17 август куни икки давлатнинг қўшма комиссияси Кадамжойда яна йиғилиб, алмаштирилган ҳудудларда яшовчилар фуқаролиги, кўчмас мулк ҳуқуқи, ердан фойдаланиш, ижтимоий таъминот ва таълим жараёни узлуксизлигини таъминлаш масалаларини муҳокама қилган. Шу мақсадда Ўзбекистон ва Қирғизистон идоралари вакилларидан иборат қўшма ишчи гуруҳ тузилган. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X

  21. Older posts