🔴“Орқасида «одами» йўқ тадбиркорларга давлат хизматчиларига чидагани учун ҳайкал қўйиш керак экан” Бир неча кун тадбиркор билан бирга юриб, битта аччиқ хулосага келдим. Ўзбекистонда орқасида таниши, юқорида ишлайдиган «одами» бўлмаган кичик тадбиркорларга ҳайкал қўйиш керак экан. (Тадбиркор билан биргаликдаги саргузаштларни қуйида ўқиш мумкин) Шу одамлар ҳокимликма-ҳокимлик, идорама-идора юриб, эшик тагида сарғайиб, баъзи амалдорларнинг «осмондан келиб» гапиришини эшитиб ҳам бизнесини ёпиб ташламаётгани учун. Одамларга иш бериб, солиқ тўлаб юргани учун. Очиғи, тадбиркорларга раҳмим келди. Бир неча кун тадбиркор билан туман ҳокимлигига ҳам бордим, шаҳар ҳокимлигига ҳам. Тадбиркор билан ишлаши керак бўлган идораларга кирдим, прокуратура тизимидаги муносабатни ҳам кўрдим. Бир қоғоз учун одамни неча кун сарсон қилиш мумкинлигини ҳам кўрдим. Бугун борсангиз — керакли одам йўқ. Эртага борсангиз — чиқиб кетган. Индинга борсангиз — таътилда. Хуллас, тадбиркор ишини қиладими ёки амалдорни қидириб юрадими — тушунмай қоласиз. Энг қизиғи, охирида яна тадбиркорнинг ўзи айбдор бўлиб чиқиши мумкин. Мен кўрган ҳолатда тадбиркорни прокуратура билан қўрқитишга уринишни ҳам кўрдим. «Ҳозир прокуратурани чақираман» деган гап айрим амалдорлар учун ҳамон энг кучли аргументга ўхшайди. Қизиқ, нега? Тадбиркор жиноятчими ёки ҳокимнинг қўл остидаги ходимми? Унинг ҳам қонуний ҳуқуқлари бор-ку. Айрим амалдорларнинг тадбиркор билан гаплашишида эса битта кайфият сезилади: «Мен — ҳокимиятман, сен — тадбиркорсан. Аввал менга бўйсун». Мана шуни кўриб, инвестицион муҳит ҳақида ўйлаб қолдим. Биз четдан инвестор келса, эшикни очиб, кутиб оламиз. «Қандай муаммо бор?», «Нима ёрдам керак?» деймиз. Ўзимизнинг тадбиркор эшик қоқса-чи? «Кутинг». «Эртага келинг». «Бу бизга қарамайди». «Фалончи йўқ». «Прокуратурага айтамиз». Четдан доллар олиб келган одам инвестор-у, шу ерда топган пулини яна шу ерда бизнесга тикаётган одам инвестор эмасми? У ҳам пул тикаяпти.У ҳам иш ўрни яратяпти, ҳам солиқ тўлаяпти. Фақат уни кутиб олишга қизил гилам йўқ, холос. Бу ҳақда ёзганимдан кейин одамлар менга: «Сиз энди кўрибсиз, биз йиллардан бери шу аҳволдамиз», деб ёза бошлашди. Бири ҳокимликда сарсон бўлган. Бири прокуратурадаги муомаладан шикоят қилди. Бошқаси: «Орқангда одаминг бўлмаса, ҳақ бўлишингнинг ўзи камлик қилади», деди. Мана шу гап менга қаттиқ таъсир қилди. Чунки Президент йиллардан бери тадбиркор ҳақида гапиради. Текширувни камайтириш керак дейди. Тадбиркорни қўллаш керак дейди. Ҳатто «тадбиркорни елкамда кўтараман» деган мазмунда гаплар айтилади. Лекин қуйи давлат хизматчилари эса тадбиркорларни оёқ учида кўради. Қонун, қарорлар ўзгарган бўлиши мумкин. Лекин айрим давлат хизматчиларининг бошидаги эски қараш ҳали ўзгармаганга ўхшайди. «Мен амалдорман — сен менга ишинг тушиб келган одамсан». ❗️Алоҳидалар ҳам бор… Ҳамма тадбиркорга ҳам бир хил муомала қилинмайди. Катта тадбиркор бўлсангиз, орқангизда кучли одамлар турса, гаплашиш оҳанги ҳам бошқача. Камига сизга ён босиб, бошқа тадбиркорларни қўрқитишлари ва эзишлари ҳам мумкин. Ўзбекистонда бизнес қилиш учун пул, ақл ва меҳнатдан ташқари, «тепада одам» ҳам керакдек. Агар керак бўлмаса, нега оддий тадбиркор буни ҳар қадамида ҳис қилади? Ростини айтсам, бир неча кун шу тизим ичида тадбиркор билан юриб, мен бизнес очишни эмас, шу бизнесни давлат идораларидан омон олиб ўтишнинг ўзи алоҳида тадбиркорлик экан, деган хулосага келдим. Шунинг учун яна айтаман: Орқасида таниши йўқ, «тепада одами» йўқ, ҳокимликма-ҳокимлик юриб, эшик тагида сарғайиб, дўқ эшитиб ҳам бизнесини ташлаб кетмай, одамларга иш бериб, солиқ тўлаб юрган кичик тадбиркорларга ҳайкал қўйиш керак экан. Анора Содиқ Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X