🔴Марказий Осиё Трамп санкцияларига қарамай Эрон транзитига эҳтиёж сезади - Tasnim АҚШ президенти Дональд Трампнинг Эронга нисбатан иқтисодий босимни кучайтириш режаси Марказий Осиё давлатларининг Теҳрон билан амалий манфаатларига тўқнаш келиши мумкин. Бу ҳақда Эроннинг Tasnim агентлиги ёзмоқда. Нашрга кўра, Ўзбекистон ва бошқа Марказий Осиё мамлакатлари учун Эрон билан ҳамкорлик, аввало, транзит ва Форс кўрфази портларига чиқиш имконияти билан муҳим. Шу боис Теҳронни иқтисодий изоляция қилишга қаратилган янги санкциялар минтақадаги транспорт ва савдо лойиҳаларига ҳам таъсир кўрсатиши мумкин. Кеча хабар берганимиздек, Ўзбекистон учун бу хавф айниқса долзарб. 2025 йилда мамлакат импортининг қарийб 9 фоизи, олтинсиз экспортнинг эса 10 фоизи Эрон орқали ўтган. Яқин Шарқдаги логистик узилишлар Ўзбекистон иқтисодиётига 1–1,5 млрд долларгача зарар келтириши мумкинлиги баҳоланган. Айни пайтда Тошкент ва Теҳрон транспорт алоқаларини, жумладан юк ташиш ҳажмини ошириш ва амалдаги коридорлар самарадорлигини кучайтириш бўйича музокараларни давом эттирмоқда. Tasnim талқинига кўра, Марказий Осиё давлатларининг Эрон билан алоқаси сиёсий яқинликдан кўра кўпроқ география ва иқтисодий зарурат билан изоҳланади. Шу боис АҚШнинг янги санкция сиёсати минтақа давлатларини жанубий транзит йўлларини сақлаб қолишнинг янги механизмларини излашга мажбур қилиши мумкин. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X