Ўзбекистондан Қирғизистонга ўтган икки қишлоқ аҳолиси Қирғизистон фуқаролигини олмоқда Аввал Ўзбекистон таркибида бўлган Чўнғара ва Тоштепа қишлоқлари аҳолиси Қирғизистон фуқаролигини расмийлаштириш жараёнидан ўтмоқда. Бу ҳақда Қирғизистоннинг AKIpress агентлиги хабар берди. Маълум қилинишича, Баткен вилояти раҳбари Мамиржан Раҳимов мазкур қишлоқлар аҳолиси билан учрашган. Ҳудудлар Ўзбекистон–Қирғизистон давлат чегарасини демаркация қилиш ва ер участкаларини ўзаро алмашиш бўйича келишувлар доирасида Қирғизистон таркибига ўтган. Чўнғара ва Тоштепа аввал Фарғона вилояти ҳудуди ҳисобланган. Дастлабки маълумотларга кўра, икки қишлоқда жами 2,5 мингга яқин аҳоли бор. Қирғизистон томони июнь ойида қишлоқларда рўйхатга олиш ишларидан сўнг аҳолига мамлакат фуқаролиги берилишини маълум қилган эди. Бу ерда гап аҳолининг оммавий равишда бошқа жойга кўчирилиши ҳақида эмас. Қишлоқларнинг давлатга мансублиги ўзгаргани сабаб уларда яшовчиларнинг фуқаролиги, мулк ҳуқуқи, ердан фойдаланиш, ижтимоий таъминот ва бошқа ҳуқуқий масалалар қайта расмийлаштирилмоқда. Келишувга мувофиқ, Чўнғара ва Тоштепа эвазига Қирғизистон Ўзбекистонга чегара ҳудудидан тенг майдондаги ер участкаларини бериши белгиланган. Бундан ташқари, Сай–Таян автомобиль йўлини қуриш учун ҳам икки давлат ўртасида жами 236 гектар ер тенг миқдорда алмаштирилган. Қирғизистон томони бу йўл Боткен аҳолиси учун Айдаркендан Баткенга бориш масофасини амалдаги 225 километрдан тахминан 55 километрга қисқартиришини билдирган. 17 август куни икки давлатнинг қўшма комиссияси Кадамжойда яна йиғилиб, алмаштирилган ҳудудларда яшовчилар фуқаролиги, кўчмас мулк ҳуқуқи, ердан фойдаланиш, ижтимоий таъминот ва таълим жараёни узлуксизлигини таъминлаш масалаларини муҳокама қилган. Шу мақсадда Ўзбекистон ва Қирғизистон идоралари вакилларидан иборат қўшма ишчи гуруҳ тузилган. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X