🔴 Россиядан Қозоғистон орқали Ўзбекистонга қайтишда йўлда яна уч нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлди ✔️Миграция агентлиги қачон мигрантларнинг транспорт хавфсизлиги масаласини ўрганади 22 август куни Қозоғистоннинг Қизилўрда вилоятида яна бир фожиа юз берди. «Қорабутак–Қизилўрда–Чимкент» автомобиль йўлида Nexia-2 ва КамАЗ тўқнашиши оқибатида автомобилда бўлган уч нафар Ўзбекистон фуқароси воқеа жойида ҳалок бўлди. ФВВ марҳумларни Ўзбекистонга олиб келиш ва уларнинг оила аъзоларига зарур ёрдам кўрсатиш чоралари кўрилаётганини маълум қилди. Хорижда меҳнат қилаётган ўзбекистонликларнинг йўлдаги хавфсизлиги Ўзбекистонда давлат идораларини қўшимча чоралар кўришга ундаяптими? Бугун Ўзбекистондан Россияга бориш учун транспорт бор. Самолётлар учади, темир йўл қатнови ҳам мавжуд. «Ўзбекистон темир йўллари»нинг амалдаги жадвалида Тошкент–Москва поезди ҳафтасига икки марта, Тошкент–Қозон поезди эса ҳафтасига бир марта қатнаши кўрсатилган. Шунга қарамай, меҳнат мигрантларининг бир қисми Россияга ва Россиядан Ўзбекистонга минглаб километр масофани автобус ёки енгил автомобилларда босиб ўтишда давом этмоқда. Қишда эса муаммо янада кескинлашади. Яъни узоқ йўл, совуқ, қор ва музлама, транспортнинг йўлда қолиши, ҳайдовчиларнинг чарчаши — буларнинг барчаси йўловчилар хавфсизлиги билан боғлиқ хатарларни оширади. Меҳнат мигрантларининг Россия ва Ўзбекистон ўртасида автомобиль йўллари орқали ҳаракатланишидаги хавфсизлик муаммоси янги эмас. 2018 йил 18 январда Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида, «Чимкент–Самара» автомобиль йўлида Россия томон кетаётган автобус ёниб кетиши оқибатида 52 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлган эди. Марҳумларнинг жасадлари кейинчалик махсус самолётда Ўзбекистонга олиб келинган. Орадан йиллар ўтса-да, ушбу йўналишда ўзбекистонликлар билан боғлиқ хавфли ҳолатлар давом этмоқда. Масалан, 2024 йил декабрда Москва–Тошкент йўналишида ҳаракатланаётган автобус Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида бузилиб қолган. Автобусда 52 киши бўлган, йўловчиларнинг аксарияти Ўзбекистон фуқаролари эди. Улар тунги совуқда эвакуация қилиниб, исиниш пунктига жойлаштирилган. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X