🔴Хавфсизлик кенгаши котиби ва ФВВ вазири мукофотланди ✔️Олти ходимга «Жасорат» медали вафотидан сўнг берилди Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларидан бир гуруҳини давлат мукофотлари билан тақдирлади. Фармонда юқори лавозимли ҳарбий ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари раҳбарлари билан бирга хизмат вазифасини бажариш чоғида ҳалок бўлган ходимлар ҳам бор. Энг юқори мукофотлардан бири — I даражали «Шон-шараф» ордени Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби Виктор Махмудов ва Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи Тоҳир Ариповга берилди. Фавқулодда вазиятлар вазири Азизбек Икрамов ҳамда Мудофаа вазирлиги бош бошқарма бошлиғи Азизбек Камилов II даражали «Шон-шараф» ордени билан тақдирланди. Шунингдек, Конституциявий суд судьяси Абдуманноб Раҳимов «Меҳнат шуҳрати» орденига муносиб кўрилди. Фармонда алоҳида эътиборга молик жиҳат — олти нафар ходим «Жасорат» медали билан вафотидан сўнг тақдирланганди: - Қашқадарё вилояти ЙҲХБ катта инспектори Азизбек Аннақулов; - Фарғона вилояти ЙҲХБ катта инспектори Хайитбек Каримжонов; - Мудофаа вазирлиги ҳарбий қисми мутахассиси Ахрор Пардаев; - ФВВ махсус қутқарув батальони гуруҳ командири Бобурмирзо Пардаев; - Андижон вилояти ЙҲХБ катта инспектори Искандарбек Рустамов; - Миллий гвардия ҳарбий қисми мутахассиси Жавоҳир Уралов. Бундан ташқари, ИИВ Тезкор-қидирув департаменти бошлиғининг биринчи ўринбосари Мирмансур Мирҳамидов ҳам «Жасорат» медали билан тақдирланган. Миллий гвардия, Мудофаа вазирлиги, ички ишлар ва фавқулодда вазиятлар тизимида хизмат қилаётган яна бир қатор ходимларга «Мардлик» ордени, «Содиқ хизматлари учун» ва «Шуҳрат» медаллари берилди. Президент фармонида мукофотлар мамлакат мудофаа салоҳиятини ошириш, миллий манфаатларни ҳимоя қилиш, қонун устуворлиги ва жамоат хавфсизлигини таъминлашдаги хизматлар, шунингдек, хизмат вазифасини бажаришда кўрсатилган мардлик ва фидойилик учун берилгани қайд этилган. БАТАФСИЛ РЎЙХАТ Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X