🔴Трамп Эронни иқтисодий изоляция қилишни кучайтирмоқчи
✔️ Бу Ўзбекистон учун қандай хавф туғдиради?
АҚШ президенти Дональд Трамп Эронга нисбатан иқтисодий босимни кескин кучайтириш ва Теҳронни қўллаб-қувватлаётган давлатлар ҳамда компанияларга қарши чоралар кўриш билан таҳдид қилди. Бу сиёсат Марказий Осиё, жумладан Ўзбекистоннинг Эрон орқали ўтадиган савдо ва транзит йўлларига ҳам таъсир қилиши мумкин. Бу ҳақда The Times of Central Asia ёзмоқда.
Трамп Эронга «ҳар қандай турдаги иқтисодий ёрдам» кўрсатган мамлакатлар жиддий иқтисодий оқибатларга дуч келишини билдирган. АҚШ молия вазири Скотт Бессент эса Вашингтон Эронга қарши «тарихдаги энг қаттиқ санкциялар»ни тайёрлаётганини айтди. Янги чораларнинг аниқ механизмлари ҳозирча эълон қилинмаган, батафсил маълумот келаси ҳафта берилиши кутилмоқда.
Бу вазият Ўзбекистон учун, аввало, логистика нуқтаи назаридан муҳим. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳисоб-китобларига кўра, Яқин Шарқдаги беқарорлик сабаб ташқи савдо ва логистика занжирларида жиддий узилишлар юз берса, мамлакат иқтисодиётининг эҳтимолий йўқотишлари 1–1,5 млрд доллар, яъни ЯИМнинг тахминан 0,7–1 фоизига етиши мумкин. 2025 йилда Ўзбекистон импортининг қарийб 9 фоизи, олтинни ҳисобга олмаган экспортнинг эса 10 фоизи Эрон ҳудуди орқали ўтган.
Шу боис Тошкент сўнгги кунларда Теҳрон билан транспорт ва транзит масалалари бўйича фаол музокаралар ўтказди. 17 август куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Баҳромжон Аълоев Эрон ташқи ишлар вазири ўринбосари Ҳамид Қанбари билан учрашиб, амалдаги транспорт йўналишлари самарадорлигини ошириш ва юк ташиш ҳажмини кўпайтириш масалаларини муҳокама қилди.
18 августда эса Ўзбекистон делегацияси Эрон йўллар ва шаҳарсозлик вазири Фарзона Содиқ билан музокара ўтказди. Унда халқаро транспорт коридорлари, логистика йўналишлари ва юк ташиш учун қулай шароит яратиш масалалари кўриб чиқилди.
Ўзбекистон денгизга тўғридан-тўғри чиқиш имкониятига эга бўлмагани учун Эрон йўналиши мамлакатга Форс кўрфази ва Ҳинд океани портларига чиқиш имконини беради. Шу нуқтаи назардан, Вашингтоннинг Теҳронни янада иқтисодий изоляция қилиш сиёсати фақат Ўзбекистон–Эрон савдосига эмас, балки транзит, банк ҳисоб-китоблари, ташувчилар ва Эрон орқали учинчи давлатларга чиқадиган экспорт занжирларига ҳам қўшимча хавф туғдириши мумкин.
Айни пайтда Трампнинг таҳдиди Ўзбекистонга қарши санкциялар жорий этилади дегани эмас. Вашингтон ҳозирча янги чекловларнинг аниқ доираси ва қайси операциялар ёки давлатларга татбиқ этилишини очиқламаган. Бироқ иккиламчи санкциялар хавфи банклар ва хусусий компанияларни Эрон билан боғлиқ айрим операциялардан ихтиёрий равишда чекинишга мажбур қилиши мумкин.
Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X
Тошкент ҳокимлиги дизайн-кодни жорий этишдаги камчиликларни тан олди
Тошкент шаҳар ҳокимлиги тадбиркорларнинг кўплаб эътирозларидан сўнг пойтахтда дизайн-кодни жорий этиш ёндашувини қайта кўриб чиқди.
Энди асосий эътибор талабларни тушунтириш, бизнес билан очиқ мулоқот қилиш ва муаммоларни индивидуал тартибда ҳал этишга қаратилади.
Ҳокимлик ўтказган сўров натижасида дизайн-код талаблари, ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби ва бажарилиши керак бўлган ишлар кетма-кетлиги барча тадбиркорларга ҳам ўз вақтида ва етарлича тушунтирилмагани аниқланган. Шаҳар маъмурияти ушбу эътирозларни асосли деб топган.
11 майдан 26 июлгача дизайн-код бўйича ишлар Тошкентдаги 56 та кўчада 3 228 та бизнес субъектини қамраб олган. Ҳозирга қадар 509 тадбиркор бино фасадини янгилаган, яна 2 627 та объектда ишлар давом этмоқда.
Дизайн-код атрофидаги баҳслар йил бошидан буён давом этмоқда. Айрим тадбиркорлар пешлавҳалар мажбуран ечиб ташлангани, дизайн талаблари бир неча бор ўзгаргани ва фасадларни қайта жиҳозлаш катта харажат талаб қилаётганини айтган. Ҳатто талабга риоя қилмаган бизнесни электр тармоғидан узиш билан таҳдид қилингани ҳақида шикоятлар ҳам бўлган.
Бизнес-омбудсман ҳам 17 февралда қабул қилинган дизайн-кодга оид қарорнинг айрим нормаларини танқид қилган. Хусусан, тадбиркорликка таъсир қилувчи ҳужжат Бизнес-омбудсман билан келишилмагани, “нейтрал” ёки “паст тўйинган” ранг каби талаблар учун аниқ ҳуқуқий мезонлар белгиланмагани кўрсатилган.
Дизайн-код Тошкент шаҳар Кенгаши томонидан 2026 йил 17 февралда тасдиқланган ва 17 майдан кучга кирган. У нафақат реклама ва пешлавҳаларни, балки фасадлар, ёзги айвонлар, кўча мебеллари, навигация, ободонлаштириш ва бошқа шаҳар дизайни элементларини ҳам тартибга солади.
30 июль куни Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ҳам Тошкентда дизайн-код қандай амалга оширилаётганини танқид қилган ва шаҳар ташқи қиёфасидаги тартибсизликларга эътибор қаратган эди.
Энди ҳокимлик дизайн-кодни жорий этишда маъмурий босимдан кўра тушунтириш ва тадбиркор билан келишган ҳолда ишлаш устувор бўлишини билдирмоқда.
Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X
Тимур Исмаилов ИИВ вазирининг биринчи ўринбосари бўлди
Полковник Тимур Камалатдинович Исмаилов Ўзбекистон ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари — Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи лавозимига тайинланди.
У 2024 йил январидан буён Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи сифатида ишлаб келаётган эди. Унга қадар ИИВнинг Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бош бошқармасига раҳбарлик қилган.
Тимур Исмаилов 1983 йилда Қорақалпоғистон Республикасининг Тўрткўл туманида туғилган. 2019 йилдан ИИВ Жиноят қидирув бош бошқармаси бошлиғи лавозимида ҳам фаолият юритган.
Эслатиб ўтамиз, бу лавозимда аввал генерал-майор Рустам Жўраев ишлаган. У 18 июл куни Президент давлат хавфсизлик хизмати раҳбари этиб тайинланган ва генерал-лейтенант махсус унвонини олган.
Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X
uzdiplomat иқтибоси:🖍
«Бюджет пули — халқнинг пули. Унинг ҳар бир тийини ҳисобли. Халқимиз бу пулларни бизнинг ўйин-кулги қилишимиз учун бермаган»
Абдулла Арипов,
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири
2023 йил, декабрь
Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X
edited
🔴“Ўзбекфильм” миллиардлаб қарзга ботгани очиқланди
❗️«Ўзбекфильм» 22,9 млн евро қарзда. Солиқдан қарздорлиги эса 1 миллиард сўмдан ошган
Қарзлар яна солиқ тўловчилар ҳисобидан тўланадими?
«Ўзбекфильм» киностудиясининг 22,9 миллион евро кредит мажбурияти бор, унинг мол-мулки, жумладан, ер майдонлари ҳам кредит учун гаровга қўйилган. Солиқдан қарздорлик 1 миллиард сўмдан ошган, ходимлар иш ҳақидан қарзлар ҳам йиғилиб қолган.
Бу ҳақда Маданият вазирининг биринчи ўринбосари — Кинематография агентлиги директори Жаҳонгир Аҳмедов маълум қилди.
Унинг ёзишича, солиқ қарздорлиги сабаб «Ўзбекфильм» балансидаги 12 та автомашина 12 кун ичида аукционга қўйилиши хавфи бор.
Киностудия бир йилда камида 60 миллиард сўмлик буюртма бажармаса, ўзини сақлаб туролмайди.
«Бизнес модели йўқ. Бозор механизмига тўлиқ ўтилмаган», — деб ёзди Жаҳонгир Аҳмедов.
У «Ўзбекфильм»ни шунчаки сақлаб қолиш эмас, тубдан ислоҳ қилиш кераклигини айтмоқда. Молиявий барқарор, замонавий бошқарувга эга, хусусий инвестиция ва халқаро ҳамкорликни жалб қиладиган миллий кино компанияси барпо этиш зарурлигини таъкидлаган.
Uzdiplomat аввал ҳам кино соҳасидаги миллиардлар ҳақидаги саволларни кўтарган.
«Ўзбекфильм» ва Кинематография агентлиги — алоҳида тузилмалар. Аммо иккаласи ҳам ўзбек киносида шаклланган бир тизим ичида фаолият юритади.
Uzdiplomat Кинематография агентлигининг аввалги раҳбари Шуҳрат Ризаев даврида ҳам кино соҳасига ажратилган миллиардлаб сўм давлат маблағлари тақдири билан қизиққан, прокуратура текширувлари ва маблағларнинг сарфланиши юзасидан кўплаб сўровлар юборган эди.
Бугун эса «Ўзбекфильм»нинг ўзи 22,9 миллион евро кредит мажбурияти остида қолгани маълум бўлмоқда.
Ўзбек киноси йиллар давомида қандай бошқарилди, давлат маблағлари қанчалик самарали ишлатилди ва нима учун соҳада барқарор бизнес модели шаклланмади, деган саволлар ҳам бор. Қарзлар юзасидан жамоатчиликка очиқ ахборот берилиши шарт.
Uzdiplomat журналисти Анора Содиқнинг кино соҳаси вакиллари билан суҳбатларида кинематография агентлигининг ижодий жараёнларга аралашуви масаласи кўп муҳокама қилинган.
Ижодкорлар агентликнинг кино яратиш жараёнига аралашуви, давлат буюртмаларига қарамлик ва хусусий кино учун эркин рақобат муҳитининг етишмаслиги соҳанинг ривожланишига тўсиқ бўлаётганини айтган.
Ўзбек киносига яна давлатнинг миллиардлари керакми ёки давлатнинг ижоддан бир икки қадам четга чиқиши керакми?
Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X
🔴Хоразмда ишсизликни камайтириш учун нималар қилинади?
Хоразм вилоятида йил якунига қадар 39 минг нафар ишсиз фуқарони доимий иш билан таъминлаш, 18 мингта кам таъминланган оиладаги 81 минг нафар аҳолини камбағалликдан чиқариш режалаштирилмоқда. Бу ҳақида бугун ўтган тақдимотда Президентга ҳисоб берилди.
Ҳозир вилоятда 39 минг ишсиз, яна 102 минг киши меҳнат миграциясида. Шу билан бирга, 50 мингдан зиёд вакансия мавжуд. Аммо иш изловчилар малакаси иш берувчилар талабига мос келмаётгани сабаб айрим иш ўринлари бўш қолмоқда. Шу боис касб-ҳунарга ўқитиш тизими меҳнат бозори талабларига мослаштирилади, профессионал ва олий таълимда амалий тайёргарлик кучайтирилади.
Янги иш ўринлари саноат, хизмат кўрсатиш, туризм, транспорт, қишлоқ хўжалиги ва қурилиш соҳаларида яратилади.
Хусусан:
- микросаноат марказларида 250 та янги корхона очилади;
- 36 та кооперацияга 15,8 мингта кам таъминланган оила жалб қилинади;
- 50 та маҳаллада 70 та “локомотив” лойиҳа амалга оширилиб, 1,1 минг иш ўрни яратилади;
- тадбиркорлик учун 650 млрд сўм ажратилиб, 2,5 мингта микролойиҳа ишга туширилади.
Бандлик ва камбағалликни қисқартириш мақсадларига жами 6,4 трлн сўм йўналтирилган.
Шунингдек, Янгиариқ туманидаги Шихбоғи ва унга туташ маҳаллаларда саноат, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари ташкил этилиб, 1,5 мингта барқарор иш ўрни яратиш ва аҳоли даромадини 20–30 фоизга ошириш режалаштирилган.
Ҳисоботда масъуллар йил бошидан Хоразмда 29 минг киши ишга жойлаштирилди, 37 минг кишининг норасмий бандлиги қонунийлаштирилди. Камбағаллик даражаси 6,7 фоиздан 3,9 фоизга пасайганини айтишган.
Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X
#Real_Ozbekiston
🔴Қарши–Шаҳрисабз йўлида янги муаммо: сув ўтказиш учун қўйилган шланглар ҳозирдан чўкмоқда
Қашқадарё вилоятида Қарши–Шаҳрисабз йўлининг Яккабоғ туманидан ўтган қисмида олиб борилаётган асфальтлаш ишлари юзасидан мурожаат келиб тушди.
Муаллиф йўл бўйидаги сув лотокларини бир-бирига улаш учун айрим жойларда махсус шланглар, бошқа нуқталарда эса темир қувурлар ўрнатилганига эътибор қаратган. Видеолавҳада айтилишича, техника ҳаракатланиши учун лотоклар устидан ўтиш жойларида қўйилган айрим шланглар ҳозирданоқ босилиб, ўртасида чўкишлар пайдо бўлган.
Бундай ҳолат, жумладан, Яккабоғ тумани 1-сон техникуми олдида ва ундан унча узоқ бўлмаган бошқа нуқтада ҳам кузатилган.
Муаммлни ўрганган ҳамкасбимиз Элмурод Одилов оғир техникалар ва автомобиллар мунтазам ҳаракатланган тақдирда шланглар янада эзилиб, сув ўтказиш қобилияти пасайиши мумкинлигидан хавотир билдирмоқда. Бу эса кейинчалик лотокларда сув тўпланиши, суғориш ёки сув чиқариш тизимининг ишдан чиқиши ва қайта таъмирлаш учун қўшимча маблағ сарфланишига олиб келиши мумкин.
Яна бир савол — нега бир объектнинг ўзида сув ўтказиш учун турли ечимлар қўлланмоқда? Айрим жойларда эгилувчан шланг, бошқаларида темир қувур ўрнатилган.
Амалдаги “Автомобиль йўллари. Лойиҳалаш талаблари”да автомобиль йўлларининг турли муҳандислик коммуникациялари билан кесишуви тегишли меъёрлар асосида лойиҳаланиши, йўл кўтармаси остидан ўтказиладиган коммуникациялар учун ҳимоя чоралари кўзда тутилиши белгиланган. Шу боис айнан мазкур жойларга қандай техник ечим белгилангани ва қўлланилган материаллар ҳисобий юкламаларга мос ёки мос эмаслиги мутахассислар хулосасини талаб қилади.
❗️«Реал Ўзбекистон» лойиҳасида иштирок этинг!
Ўз ҳудудингизга оид янгиликлар, сурат ва лавҳаларни телеграмдан @uzdiplomat_uz га жўнатинг!
Telegram|Instagram | You Tube | Facebook | X
🔴Миграция агентлиги собиқ ходимлари иши: Бош прокурор ўринбосари Олий судга протест киритди
Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг собиқ ходимлари билан боғлиқ суд ишида янги жараён бошланди.
Бош прокурор ўринбосари Светлана Артикова Тошкент шаҳар маъмурий суди қарорини бекор қилишни сўраб Олий судга протест киритган. Бу ҳақда юрист Саидали Мухторалиев маълум қилди.
Гап аввалги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ходимларига суд қарорлари асосида тўланиши лозим бўлган маблағларни ундириш масаласи ҳақида кетмоқда.
Юристнинг билдиришича, Мажбурий ижро бюроси ундирувни агентликнинг ҳуқуқий вориси — Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлигига қаратиш масаласини кўтарган.
Бу позиция аввалроқ Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан ҳам қўллаб-қувватланган. Бироқ Саидали Мухторалиевга кўра, Тошкент шаҳар маъмурий суди прокуратура протестини инобатга олмаган.
Энди Бош прокурор ўринбосари Светлана Артикова мазкур суд қарорини ходимлар манфаатига зид деб ҳисоблаб, уни бекор қилиш юзасидан Олий судга протест киритган.
Мазкур низо анча вақтдан бери давом этмоқда. Саидали Мухторалиев аввалроқ Ташқи меҳнат миграцияси агентлигидан ғайриқонуний ишдан бўшатилган деб топилган айрим ходимлар бўйича суд қарорлари ижроси чўзилаётгани, МИБда эса катта миқдордаги ундирувлар қолиб кетаётганини билдирган эди.
Энди мазкур иш бўйича якуний нуқтани Олий суд қўйиши кутилмоқда.
Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X
Тошкент осмонида паст баландликда самолёт айланиб учади — аҳолидан хавотирга тушмаслик сўралди
Бугундан бошлаб Тошкент осмонида махсус самолёт-лаборатория бир неча кун давомида паст баландликда парвоз қилиб, турли манёврларни амалга оширади. Транспорт вазирлиги бу режали текширув эканини билдириб, шаҳар аҳолиси ва меҳмонларидан хавотирга тушмасликни сўради.
«Ўзаэронавигация» маркази маълумотига кўра, парвозларни AVION операторининг махсус ҳаво кемаси амалга оширади. Унинг вазифаси аэропортлардаги аэронавигация ва қўниш тизимларининг қанчалик аниқ ва ишончли ишлаётганини ҳаводан текширишдан иборат.
Текширув вақтида самолёт бир ҳудуд устидан бир неча марта айланиб ўтиши, одатий йўловчи самолётларига нисбатан пастроқ баландликда учиши мумкин. Бу парвозлар авария ёки фавқулодда ҳолат билан боғлиқ эмас.
2026 йил апрелида «Ўзаэронавигация» ўзининг махсус AVION авиакомпаниясини ишга туширган. Компания аэродромлардаги радиотехника воситалари, қўнишга ёрдам берувчи тизимлар ва ёруғлик-сигнал ускуналарини текшириш ҳамда калибровка қилишга ихтисослашган. Бунинг учун Австриянинг Diamond Aircraft компанияси ишлаб чиқарган Diamond DA62 MPP самолёт-лабораторияси харид қилинди.
Самолёт юқори аниқликдаги махсус ускуналар билан жиҳозланган. У, жумладан, самолётларни қўнишга йўналтирувчи ILS, радионавигация учун VOR ва DME тизимлари ҳамда аэродром ёритиш воситаларини текшириш имконини беради. Бу тизимларнинг аниқ ишлаши, айниқса, ёмон об-ҳаво ёки кўриш масофаси чекланган пайтларда парвоз хавфсизлиги учун муҳим.
DA62 MPP икки двигателли махсус мақсадли самолёт бўлиб, максимал парвоз баландлиги қарийб 6,1 км, учиш масофаси эса 2,3 минг кмдан ортиқ. У узоқ вақт ҳавода қолиб, бир парвоз давомида бир нечта объектда текширув ўтказишга мослаштирилган.
Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X
ОТМларда янги ўқув йили қачон бошланиши маълум қилинди
Ўзбекистонда 2026/2027-ўқув йили учун олий таълим ташкилотлари, академик лицей ва техникумларда дарслар бошланадиган саналар белгиланди.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги маълумотига кўра:
- академик лицей ва техникумларда ўқув жараёни — 2 сентябрдан;
- ОТМларнинг 1-босқич талабалари учун — 7 сентябрдан;
- 2-босқич ва ундан юқори курс талабалари учун — 14 сентябрдан бошланади.
Шу тариқа, олий таълим муассасаларида янги ўқув йили курсларга қараб турли саналарда старт олади.
Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X
🔴Ўзбекистонда иккинчи АЭС қурилиши режалаштирилмоқда
Ўзбекистонда иккинчи атом электр станциясини барпо этиш бўйича катта тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев Хоразм вилоятида янги инвестиция лойиҳаларини ишга тушириш маросимида маълум қилди.
«Бугун сизларга битта сирни очмоқчиман. Яқин вақт ичида иккинчи станция бўйича ҳам катта тайёргарлик олиб боряпмиз», — деди давлат раҳбари.
Президент бу режани мамлакатда электр энергиясига талаб ошиб бораётгани билан боғлади.
Унинг таъкидлашича, 2030 йилгача бўлган тараққиёт стратегиясини амалга ошириш учун иқтисодиётни кафолатланган электр энергияси билан таъминлаш ва унинг таннархини пасайтириш муҳим.
Ҳозирча иккинчи АЭС қаерда қурилиши, унинг қуввати, реакторлар сони, лойиҳа қиймати ва қурилиш муддатлари маълум қилинмади. Шунингдек, лойиҳада қайси давлат ёки компания иштирок этиши ҳам очиқланмаган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг биринчи АЭСи Жиззах вилоятининг Фориш туманида қурилмоқда.
Лойиҳанинг янгиланган конфигурацияси иккита ВВЭР-1000 катта қувватли энергоблок ва ҳар бири 55 МВт бўлган иккита РИТМ-200Н кичик қувватли блокдан иборат. Станциянинг умумий қуввати қарийб 2,1 ГВт бўлади.
Тўлиқ ишга тушгач, у йилига тахминан 15,4–17 млрд кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқариши кутилмоқда. Бу мамлакат электр истеъмолининг тахминан 12–15 фоизига тенг.
2026 йил мартда майдончада реактор биноси учун дастлабки бетон тайёрлаш ишлари бошланган, 4 июнь куни эса биринчи энергоблок пойдеворига “биринчи бетон” қуйилиб, АЭС қурилиши расман бошланган. Маросимда Ўзбекистон ва Россия президентлари иштирок этган.
Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X
🔴 “Ўрикзордаги рейдерлик”: ҳокимлик ва прокуратура йирик тадбиркор билан биргаликда бошқаларни қўрқитганда
Катта минбарлардаги айтилаётган ваъдаларни "бир чақага" ҳам олмаётган ҳоким ва прокурорлар.
Тадбиркор «Ўрикзор савдо комплекси» билан ўз дўкони остонаси учун тортишиб, ўз ҳуқуқини талаб қилганидан кейин энди у ҳокимлик ва прокуратурадан хавотирда.
«Ҳақимни талаб қилганим учун энди Учтепа ҳокимлиги ва прокуратура алам олмайдими?» — деган қўрқув билан яшаяпти.
Мен бир неча кун шу тадбиркорнинг ёнида юрдим.У қаерга борса — мен ҳам бордим.
Учтепа туман ҳокимлигига кирдим. Ҳоким ўринбосари қабулида ўтирдим. Прокуратурага бирга бордим. Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги дирекциягача бирга юрдим.
Бу сафар журналист сифатида интервью олиш учун эмас, прокуратура ва ҳокимлик босимидан хавотирда юрган тадбиркорнинг ўрнида нима бўлишини ҳис қилиш, ўз кўзим билан кўриш учун давлат идоралари остоналарида сарсон бўлдим.
Бир нарсани ўз кўзим билан кўрдимки, ҳуқуқингни талаб қилиш билан ҳақингни олиш ўртасида ҳали анча эшик бор экан.
Бир эшикда аризанг «йўқолади». Иккинчисида прокуратура билан қўрқитишади. Прокуратуранинг ўзига бориб, «қайси ҳужжатга асосан?» деб сўрасанг, саволингнинг ўзи кимгадир ёқмай қолади.
Энг қизиғи, кейин «йўқолган» аризанг ҳам, ўзинг юборган дўкон суратларинг ҳам сен тортишаётган йирик тадбиркор — «Ўрикзор»нинг ҳужжатлари орасидан чиқади.
Охирида эса сен ҳақ бўлиб чиқасан. «Ўрикзор»га дўконинг остонаси бўйича берилган ҳужжат бекор қилинади. Лекин шундан кейин ҳам хотиржам бўлолмайсан. Чунки энди сенда бошқа қўрқув пайдо бўлади:
«Мен ҳақлигимни исботладим. Энди улар мени тинч қўядими?»
Мана шу савол мени бу воқеанинг ичига киришга мажбур қилди.
Овқатни татиб кўриб баҳолайдиган дегустаторлар бор. Хизматни текшириш учун оддий харидор бўлиб кирадиган «сирли мижоз»лар бор.
Мен эса бу сафар давлат идораларини тадбиркорнинг кўзи билан кўриб чиқдим.
Аввал мардикор аёл бўлиб, мардикор аёлнинг бир кунини ўзимдан ўтказиб ёзган эдим. Бу сафар тадбиркор бўлдим.
Журналистикада буни гонзо дейишади — воқеани четдан кузатмайсан, унинг ичида юрасан.
Мен ҳам ичкарисига кирдим ва бир неча кундан кейин нега касалхоналар одамга тўла, нега ёшларда ҳам инфаркт-инсульт кўпайяпти, деган саволга ўзимча кинояли жавоб ҳам топгандекман.
Инфаркт-инсультни ҳам давлат идораларида ўз ҳуқуқингни талаб қилиб, кабинетма-кабинет юрганда «юқтириб» олар экансан.
Ҳаммаси эса «Ўрикзор»даги битта остонадан бошланди…
Батафсил…
Telegram |Instagram | You Tube |Facebook | X
📄uzdiplomat иқтибоси: 🖍
«Пул барча нарсанинг ўлчови бўлган жойда адолатли ва бахтли давлат бошқаруви деярли имконсиздир».
Томас Мор,
Инглиз ёзувчиси, давлат арбоби
(1478-1535)
Telegram |Instagram | You Tube |Facebook | X
🔴Миллий сертификатга эга абитуриентларга максимал балл бериш механизми қайта кўриб чиқилмоқда
Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг биринчи ўринбосари Сардор Ражабов матбуот анжуманида маълум қилди.
Унинг айтишича, вазирлик Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги билан биргаликда амалдаги тизимни таҳлил қилмоқда. Хусусан, миллий сертификат орқали максимал балл олган кўп сонли абитуриентларнинг бир хил йўналиш ва ўринларга тўпланиб қолиши масаласи ўрганиляпти.
Ражабов миллий сертификат имтиҳони оддий кириш тестидан фарқ қилишини таъкидлади. Кириш тестида асосан ёпиқ саволлар бўлса, миллий сертификатда очиқ топшириқлар ҳам мавжуд ва натижалар Раш модели асосида ҳисобланади.
Унинг сўзларига кўра, оддий тестда жавобни билмасдан тахмин қилиш орқали ҳам балл олиш мумкин. Миллий сертификатда эса очиқ саволлар мавжудлиги сабабли бундай тасодифий натижа эҳтимоли камроқ.
Сардор Ражабов миллий сертификат билан ҳужжат топшираётганлар сони йилдан-йилга ошаётганини айтди.
«Бир неча йилдан кейин миллий сертификат билан топширадиганлар сони тест синовлари билан топширадиганлардан ошиб кетиши мумкин. Шунинг учун механизмларни олдиндан ишлаб чиқишимиз керак», — деди у.
Эслатиб ўтамиз, умумтаълим фанлари бўйича миллий сертификат тизими Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 12 октябрдаги қарори билан жорий этилган. Сертификат натижаларидан ОТМ қабулида фойдаланиш 2021/2022 ўқув йилидан бошланган.
2024/2025 ўқув йилидан A+ ва A даражали сертификат эгаларига тегишли мутахассислик фанидан максимал балл, B+, B, C+ ва C даражаларига эса пропорционал балл берилади.
Миллий сертификат имтиҳонини топшириш учун абитуриент 556 200 сўм тўлаши керак. Айни шу тўловнинг мавжудлиги эса ижтимоий тармоқларда имкони чекланган оилалар учун нотенгликни юзага келтириши мумкин, деган фикрлар билдирилмоқда.
Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X
🔴Россияда мигрантларга талаблар кучаймоқда
✔️Пул ўтказмасига 3% йиғим таклифи қайта кўтарилди, чиқариб юбориш қарорлари 2,6 баравар ошди
Россияда меҳнат мигрантларига тааллуқли бир вақтнинг ўзида икки муҳим жараён кузатилмоқда. Давлат Думасида хорижга пул жўнатадиган мигрантлардан 3 фоиз йиғим олиш ташаббуси яна кўтарилди. Шу билан бирга, мамлакатдан хорижликларни маъмурий чиқариб юбориш бўйича қарорлар сони кескин ошган.
Бу ўзгаришлар Россияда ишлаётган ўзбекистонликларга ҳам бевосита дахлдор.
18 август куни «Справедливая Россия» партияси раҳбари, Давлат Думаси депутати Сергей Миронов мигрантлар Россиядан хорижга амалга оширадиган ҳар бир банк ўтказмасидан 3 фоиз махсус тўлов олиш кераклигини яна бир бор билдирди. У бу таклифни ТАССдаги матбуот анжуманида айтган.
Бироқ муҳим жиҳати — бу ғоя биринчи марта айтилмаяпти. Миронов бошчилигидаги олти нафар депутат 22 июнда худди шундай қонун лойиҳасини Давлат Думасига киритган. Лойиҳага кўра, Россиядан хорижга жўнатиладиган трансчегаравий пул ўтказмаларидан 3% мажбурий тўлов ундирилиши, фақат тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ ўтказмалар бундан мустасно қилиниши керак эди.
Аммо 6 июлда Давлат Думаси Кенгаши қонун лойиҳасини регламент талаблари бузилгани сабаб муаллифларга қайтарган.
18 августда Миронов амалда рад этилган ташаббусни яна кун тартибига олиб чиқди.
Чиқариб юбориш бўйича 100 мингга яқин қарор
Шу пайтда Россияда миграция қоидаларини бузган хорижликларга нисбатан назорат ҳам кучаймоқда.
Давлат Думаси раиси Вячеслав Володин маълумотига кўра, 2026 йилнинг биринчи ярмида мигрантларни мамлакатдан маъмурий чиқариб юбориш ҳақида қарийб 100 мингта қарор қабул қилинган. Бу 2025 йилнинг шу даврига нисбатан 2,6 баравар кўп.
Фақат Москванинг ўзида миграция қоидаларини бузгани учун амалда чиқариб юборилган хорижликлар сони 8,3 мингдан 16 минг нафарга, яъни қарийб икки бараварга ошган. Россия бўйича эса биринчи ярим йилликда амалда чиқариб юборилган хорижликлар сони 43,7 минг нафар бўлган — бу ўтган йилга нисбатан 65,5% кўп.
Бундан ташқари, июлда Россия қонунчилигида маъмурий чиқариб юбориш қўлланиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликлар рўйхати 22 тадан 45 тагача кенгайтирилди.
Россия ҳали ҳам ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари ва улар юборган пулларнинг асосий манбаларидан бири. Марказий банк маълумотларига кўра, 2026 йил биринчи чорагида Россия ҳиссаси Ўзбекистонга келган жами пул ўтказмаларининг 72,4 фоизини ёки 2,75 млрд долларни ташкил қилган. Россияда патент асосида ишлаётган Ўзбекистон фуқаролари сони эса 1,34 млн нафар деб қайд этилган.
Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X
Фарғонада ҳоким ёрдамчисидан пул олган собиқ бўлим бошлиғи қўлга тушди
Фарғона вилояти Тошлоқ тумани Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими собиқ бошлиғи ҳоким ёрдамчисидан пул олганлик ва фирибгарликда гумонланмоқда.
Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти маълумотига кўра, собиқ бўлим бошлиғи М.Б. «Конизар» МФЙ ҳоким ёрдамчиси И.К.нинг тавсияси асосида ажратилган имтиёзли кредит маблағларининг мақсадли сарфланишини текширишни ноқонуний ташкил қилган.
Текширувда гўё камчиликлар аниқланганини билдириб, улар бўйича чора кўрмаслик эвазига ҳоким ёрдамчисидан 600 доллар олгани аниқланган.
Бундан ташқари, терговга қадар текширув маълумотларига кўра, М.Б. мансаб ваколатидан фойдаланиб, турли баҳоналар билан яна 17 млн сўмни фирибгарлик йўли билан қўлга киритган. Ушбу маблағдан 10 млн сўм қайтарилиши процессуал тартибда расмийлаштирилган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси — фирибгарлик билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов давом этмоқда.
Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X
🔴Сирдарё вилоятида маъмурий чегаралар ўзгартирилади
✔️1,7 минг гектардан ортиқ ер шаҳарлар таркибига ўтказилади
Сирдарё вилоятида маъмурий чегараларни ўзгартириш режалаштирилмоқда. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Гулистон, Ширин ва Янгиер шаҳарлари ҳамда вилоятнинг саккизта тумани чегараларига оид қарор лойиҳасини маъқуллади.
Лойиҳадаги асосий ўзгаришлар Гулистон ва Ширин шаҳарларига янги ҳудудлар қўшилиши билан боғлиқ:
Гулистон туманидан 527,23 гектар ер — Гулистон шаҳрига;
Боёвут туманидан яна 582 гектар — Гулистон шаҳрига;
Боёвут туманидан 638,77 гектар — Ширин шаҳрига ўтказилади.
Шу тариқа, Гулистон шаҳри ҳудуди жами 1 109,23 гектарга, Ширин шаҳри эса 638,77 гектарга кенгаяди. Жами 1 748 гектар ернинг маъмурий мансублиги ўзгаради.
Парламент маълумотига кўра, Гулистон ва Ширин вилоятда аҳоли зич жойлашган шаҳарлар ҳисобланади. Чегараларни кенгайтириш орқали янги қурилиш ҳудудлари очиш, транспорт қатновини яхшилаш, саноат зоналари, технопарклар ва юқори технологияли корхоналар ташкил этиш режалаштирилган.
Расмийлар бу жараён ўн минглаб янги иш ўринлари яратиш ва инвестиция жалб қилиш имконини кенгайтиришини кутмоқда.
Худди шу ер майдонларини шаҳарлар таркибига ўтказиш таклифи 2025 йил 23 июлда Сирдарё вилояти Кенгаши томонидан маъқулланган. Ўшанда Гулистон ва Ширин шаҳарлари билан бирга Янгиер шаҳри, Гулистон, Боёвут, Мирзаобод, Оқолтин, Сардоба, Сайхунобод, Сирдарё ва Ховос туманларининг янги маъмурий чегаралари бўйича картографик чизмалар ҳам тасдиқланган.
Вилоят ҳокимлигига масалани Вазирлар Маҳкамасига киритиш вазифаси берилган эди.
Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X
uzdiplomat иқтибоси: 🖍
«Коррупциялашган бизнес ва коррупциялашган сиёсат бир-бирини тобора кўпроқ бузади».
ТЕОДОР РУЗВЕЛЬТ
(1858-1919)
АҚШнинг 26-президенти
Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X
🔴Тиббиёт кучайган сари табиий сараланиш сусаяпти — генетик олим
✔️Инсоннинг турмуш тарзи, овқатланиши ёки зарарли одатлари унинг организми генетик тузилишини ўзгартирадими?
Фанлар академияси вице-президенти, генетик олим Шаҳло Турдиқулова интервьюсида ижтимоий тармоқларда генетика ҳақида тарқалаётган айрим «ваҳимали» маълумотларга муносабат билдирди.
Олиманинг таъкидлашича, инсон қайси генлар тўплами билан туғилса, умри давомида асосан шу геном билан яшайди, турмуш тарзининг таъсири йўқ.
— Генетикани ҳеч нарса ўзгартирмайди. Одам қайси ген билан туғилган бўлса, шу ген билан ўлади. Айрим орган ёки ҳужайраларда мутациялар пайдо бўлиши мумкин ва бу касалликка олиб келиши эҳтимол. Аммо бундай ўзгаришларнинг ҳаммаси ҳам фарзандларга ўтмайди, — деди Турдиқулова.
Олима замонавий тиббиёт ривожланишининг популяция генетикасига таъсири ҳақида ҳам фикр билдирди. Унинг айтишича, илгари оғир ирсий касаллик ёки организмдаги заифлик сабаб яшаб қололмаган одамлар бугун тиббиёт имкониятлари туфайли ҳаёт кечириши ва фарзанд кўриши мумкин.
Турдиқулова бу жараён натижасида аҳоли орасида айрим патоген генетик вариантларнинг сақланиб қолиш эҳтимоли ошишини таъкидлади.
— Илгари табиий сараланиш кучлироқ эди. Ҳозир антибиотиклар, замонавий даволаш усуллари бор. Тиббиёт инсонларни сақлаб қоляпти. Бу, албатта, тиббиётнинг улкан ютуғи. Лекин популяция генетикаси нуқтаи назаридан патоген мутациялар ҳам авлодларда сақланиб қолиши мумкин, — деди у.
Шаҳло Турдиқулова Ўзбекистон учун бу масалага қариндошлар ўртасидаги никоҳлар муаммоси ҳам қўшилаётганини алоҳида қайд этди.
— Бутун дунёда табиий сараланиш таъсири ўзгаряпти. Биз эса бунинг устига қариндошлар билан никоҳ қуришни қўшяпмиз. Мен олима сифатида бу ҳақда доим гапираман, чунки мени жуда хавотирга солади. Ўзбекистоннинг генофонди бузиляпти, — деди Фанлар академияси вице-президенти.
Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X
🔴АҚШ Ўзбекистонни фискал шаффофлик талабларига жавоб бермаган давлатлар қаторига киритди
АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистонни 2026 йилги Fiscal Transparency Report ҳисоботида минимал фискал шаффофлик талабларига тўлиқ жавоб бермаган давлатлар қаторига киритди.
Ҳисобот 2025 йил 1 январдан 31 декабргача бўлган даврни қамраб олган. Унда 139 давлат ҳукумати ва Фаластин маъмурияти баҳоланган. 73 та давлат талабларга жавоб берган, 67 таси эса жавоб бермаган.
Ўзбекистон бўйича ҳисоботда бюджет лойиҳаси, тасдиқланган бюджет ва йиллик ижро ҳисоботлари жамоатчиликка очиқ эълон қилиниши ижобий баҳоланган. Шунингдек, мамлакатнинг олий аудит органи мустақиллик бўйича халқаро стандартларга жавоб бериши қайд этилган.
Бироқ АҚШ Давлат департаменти бир қатор камчиликларга ҳам эътибор қаратган. Хусусан, йирик давлат корхоналарига ажратиладиган маблағлар ва улардан олинадиган даромадлар бюджет ҳужжатларида етарлича очиқ акс эттирилмаган.
Шунингдек, давлат қарзи, жумладан давлат корхоналарининг қарз мажбуриятлари ҳақида тўлиқ маълумот очиқланиши лозимлиги таъкидланган.
Ҳисоботда Ўзбекистон томонидан хорижий давлат ёки қарз олувчиларга берилган суверен кредитларнинг шартлари тўлиқ очиқланмагани, табиий ресурслардан тушадиган даромадлар ҳақида батафсил маълумот етишмаслиги ҳам қайд этилган.
Яна бир эътироз давлат харидлари билан боғлиқ. АҚШ томони давлат харидлари шартномалари ҳақида жамоатчилик учун осон фойдаланиш мумкин бўлган тўлиқ маълумотларни очиқлашни тавсия қилган.
Шу билан бирга, ҳисоботда табиий ресурсларни қазиб олиш лицензиялари ва шартномаларини бериш мезонлари қонунчиликда белгилангани ҳам ижобий жиҳат сифатида кўрсатилган.
АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистонга давлат корхоналари молияси ва қарзлари, суверен кредитлар ҳамда давлат харидлари бўйича очиқликни оширишни тавсия қилган.
Ҳисоботда “минимал фискал шаффофлик талабларига жавоб бермади” деган баҳо мамлакатда коррупция даражаси юқори деган хулосани англатмаслиги алоҳида таъкидланади. Бу баҳолаш, асосан, давлат маблағлари, бюджет, қарз, аудит ва харидлар бўйича маълумотлар қанчалик очиқ эканига қаратилган.
Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X