АҚШ суди Ўзбекистон ҳам киритилган 75 давлат учун иммиграцион виза чекловини бекор қилди АҚШ федерал суди Трамп маъмуриятининг Ўзбекистон ҳам киритилган 75 давлат фуқароларига иммиграцион визалар беришни тўхтатиб туриш сиёсатини қонунга зид деб топди. Бу ҳақда Reuters хабар берди. Манхэттендаги федерал судья Жанетт Варгас 21 август куни чиқарган қарорда АҚШ Давлат департаментининг мазкур сиёсати давлат котиби Марко Рубиога қонун билан берилган ваколатлар доирасидан чиққанини қайд этган. Судья чекловни «очиқдан-очиқ қонунга зид» деб баҳолаган. Чеклов 2026 йил январда жорий этилган эди. АҚШ Давлат департаменти 21 январдан бошлаб 75 мамлакат фуқароларига иммиграцион визалар беришни тўхтатган. Расмий маълумотда Ўзбекистон ҳам ушбу давлатлар қаторига киритилгани кўрсатилган. Вашингтон бу қарорни мазкур мамлакатлардан келувчи айрим муҳожирлар АҚШда давлат ижтимоий ёрдамига муҳтож бўлиб қолиши мумкинлиги билан изоҳлаган эди. Суд эса фуқаролик мансублигининг ўзига асосланиб иммиграцион визаларни ялпи тақиқлаш амалдаги миграция қонунчилигига зид, деган хулосага келди. Чеклов туристик ёки талабалик визаларига эмас, АҚШда доимий яшаш ҳуқуқини берувчи иммиграцион визаларга тааллуқли эди. Суд иши иммигрантлар ҳуқуқини ҳимоя қилувчи ташкилотлар, виза талабгорлари ҳамда АҚШда яшовчи ва хориждаги оила аъзоларига ҳомийлик қилаётган фуқаролар даъвоси асосида кўриб чиқилган. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X