Юлдуз Турдиева халқ артисти бўлди, Исроил Мадримов ва Troll.uz асосчиси давлат мукофоти билан тақдирланди Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан фан, таълим, тиббиёт, спорт, маданият, санъат ва ОАВ соҳалари вакилларидан бир гуруҳини давлат мукофотлари билан тақдирлади. Мукофотланганлар орасида жамоатчиликка яхши таниш бўлган санъаткорлар, спортчилар ва ижтимоий тармоқ фаоллари ҳам бор. Хусусан, таниқли хонанда Юлдуз Турдиевага «Ўзбекистон Республикаси халқ артисти» фахрий унвони берилди. Шу унвон Юнус Ражабий номидаги ўзбек миллий мусиқа санъати институти ўқитувчиси Илёс Арабовга ҳам берилган. Шохрух Юлдашев ва бадиий сўз устаси Шукурулла Исраилов эса «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист» унвони билан тақдирланди. Ўзбек Миллий академик драма театрининг таниқли актрисаси Гулчехра Жамиловага «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси» фахрий унвони берилди. Профессионал боксчи Исроил Мадримов «Дўстлик» ордени билан тақдирланди. Шу орденга хонанда Ғайбулло Турсунов ҳам муносиб кўрилган. Опера хонандаси Женисбек Пиязовга эса «Меҳнат шуҳрати» ордени берилди. Ижтимоий тармоқлардаги таниқли лойиҳалар асосчилари ҳам мукофотланган. Teacher Azam саҳифаси асосчиси Мираъзам Абдуллаев ҳамда Troll.uz лойиҳаси асосчиси Умиджон Ғафуров «Шуҳрат» медали билан тақдирланди. Шунингдек, фармон билан олимлар, шифокорлар, ўқитувчилар, мураббийлар, журналистлар ва маданият соҳаси ходимларига турли орден, медаль ва фахрий унвонлар берилган. Мукофотлар мамлакат мустақиллигини мустаҳкамлаш, илм-фан, таълим, тиббиёт, спорт, маданият, санъат ва ОАВ ривожига қўшган ҳиссаси учун тақдим этилди. БАТАФСИЛ РЎЙХАТ Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X