🔴 Қамоқ ёки уруш? Россия армиясидан қочиб қайтган 20 ёшли ўзбекистонликка 4,5 йиллик жазо берилди 20 ёшли сурхондарёлик Россияга ишлаш учун бориб, наркотик савдосида гумонланиб ҳибсга олинганидан сўнг Россия армияси билан шартнома тузган ва Украинадаги урушь ҳудудига юборилган. Жиноят ишлари бўйича Музработ тумани суди уни 4 йил 6 ойга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилди. Суд ҳужжатларига кўра, А.Б. тергов ҳибсхонасида унга Россия-Украина урушида қатнашиш учун руҳий ва жисмоний босим ўтказилганини айтган. У 2025 йил ноябрида Россия Қуролли кучлари билан шартнома тузган. Ҳарбий тайёргарликдан сўнг унга АК-74 автомати ва бронежилет берилган. А.Б. судда бевосита жангларда қатнашмагани, ҳарбийларга озиқ-овқат ва зарур маҳсулотлар етказиб берганини билдирган. «Қўлим қонга ботмаган ҳолда Ватанимга қайтмоқчи бўлиб, икки маротаба ушбу ҳудуддан қочишга ҳаракат қилганман», — деган у судда. Унинг сўзларига кўра, биринчи уринишда қўлга олиниб, тазйиққа учраган. Иккинчи марта эса бошқа икки киши билан мактабнинг иккинчи қаватидан қўлбола арқон орқали қочиб, Ростовга, кейин Москвага етиб борган. Ўзбекистон элчихонасидан Ватанга қайтиш гувоҳномасини олгач, 28 март куни Ўзбекистонга қайтган. Суд А.Б.ни ЖКнинг 154-моддаси 1-қисми ва 154−1-моддаси 2-қисми бўйича айбли деб топиб, узил-кесил 4 йил 6 ой озодликни чеклаш жазосини тайинлаган. Суд унинг ёшлиги, муқаддам судланмагани, пушаймонлиги ва оилавий шароитини енгиллаштирувчи ҳолатлар сифатида ҳисобга олгани айтилади. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X