🔴Абадий дўстликдан миллиардлик лойиҳаларгача: Алиев ташрифи нималар берди? Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг 23–24 август кунлари Ўзбекистонга давлат ташрифининг асосий қисми сиёсий баёнотлардан кўра аниқ иқтисодий келишувлар билан ажралиб турди. Томонлар савдони кескин ошириш, қўшма инвестиция лойиҳаларини кенгайтириш, SOCAR ва Озарбайжон банк капиталининг Ўзбекистон бозорига киришини кучайтириш ҳамда Транскаспий транспорт йўлагини биргаликда ривожлантириш бўйича келишиб олди. Саммитнинг сиёсий жиҳатдан энг муҳим натижаси Абадий дўстлик тўғрисидаги шартноманинг имзоланиши бўлди. Бу 2024 йил 23 августда имзоланган Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартноманинг мантиқий давоми ҳисобланади. Бундан ташқари, пенсия таъминоти, туризм, маданият, инвестиция ва савдо, ташқи сиёсат, адлия соҳалари ҳамда ҳудудлараро ҳамкорликка оид ўндан ортиқ ҳужжат қабул қилинди. Урганч–Хонкенди, Бухоро–Лочин ва Урганч–Нахчивон ўртасида биродарлашган шаҳарлар муносабатлари ўрнатилади. Иқтисодий блокда энг катта мақсад — 2030 йилгача ўзаро товар айирбошлашни $1 млрдга етказиш. Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги маълумотига кўра, 2025 йилда икки мамлакат савдоси $307,3 млнни ташкил этиб, 14,6 фоизга ўсган. 2026 йил январь–июнь ойларида эса кўрсаткич $170,3 млнга етган ва йиллик ҳисобда 30,8 фоизга ошган. Айни пайтда $1 млрдлик савдо мақсади биринчи марта қўйилаётгани йўқ. Бундай марра 2025 йил июлида Бокудаги музокараларда ҳам белгиланган эди. Бу гал эса мақсадга етиш учун амалий чораларни ўз ичига олган дастур ва инвестиция-савдо келишувларини бажариш бўйича алоҳида ҳаракатлар режаси қабул қилинди. Ташрифнинг энг салмоқли қўшимча натижаларидан бири инвестиция портфели бўлди. 22 август куни Тошкентда ўтган Ўзбекистон–Озарбайжон Ҳудудлар форумида вазир Лазиз Қудратов Қўшма инвестиция компанияси умумий қиймати $500 млн бўлган 8 та лойиҳани маъқуллагани, яна қарийб $500 млнлик 7 та лойиҳа кўриб чиқилаётганини маълум қилди. 23 август куни икки президент иштирокида Ўзбекистонда бир қатор Озарбайжон лойиҳалари ишга туширилди ёки уларга тамал тоши қўйилди. Жумладан, Davr Bank билан банк соҳасидаги лойиҳа, “Matanat-A” гипс заводи ва иккита STEAM мактаби очилди. Шунингдек, SOCARнинг бешта автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаси, “Sea Breeze Uzbekistan” ва “Baku City” мажмуалари, кумуш рудасини қайта ишлаш корхонаси ҳамда интенсив боғлар қурилишига старт берилди. Энергетика соҳасида ҳам янги босқич кутилмоқда. Илҳом Алиевнинг маълум қилишича, SOCAR Ўзбекистон чакана ёқилғи бозорига кирмоқда. Нефть ва газ ресурсларини қидириш бўйича қўшма ишлар эса якуний босқичга яқинлашган, геология-қидирув натижалари ижобий бўлса, 2027 йилда эксплуатацион қудуқларни бурғилаш бошланиши мумкин. Яна бир стратегик келишув — Транскаспий, яъни Ўрта йўлакни биргаликда ривожлантириш. Ўзбекистон учун бу Каспий денгизи–Озарбайжон орқали Кавказ, Туркия ва Европа бозорларига чиқувчи транспорт занжирининг аҳамияти ошишини англатади. Томонлар логистика инфратузилмасидан самарали фойдаланиш ва юк ташувларини кўпайтиришга келишди. Гуманитар соҳада Низомий Ганжавий номидаги Ўзбекистон Миллий педагогика университетининг янги кампуси очилди, Янги Тошкентда 4 гектарлик “Озарбайжон” боғи қурилиши бошланди. 2027 йилда эса Ўзбекистон ва Озарбайжон футбол бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатига биргаликда мезбонлик қилиши муносабати билан “Икки мамлакат — бир чемпионат” дастури амалга оширилади. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X
Uzdiplomat | Расмий канал
Subscribers
34.8K
+0 24h
Reach per post (ERR)
22.4%7.8K avg views
Posting
8.7/day
last 1 hour ago
Reactions per 1K views
9.3
👍 ❤ 🤣
Views over time
| When | Views |
|---|---|
| 24 Aug 2026, 04:34 | 0 |
| 14 Nov 2026, 04:16 | 7.4K |
Who shared this post
Posts in other channels we index that link to this one. (Forwards with a hidden source can't be traced.)
Nobody yet.