🔴Кредит олиш осонлашади, текширувлар камаяди, газ-свет учун олдиндан тўлов туширилади
Президент тадбиркорлар учун янги енгилликларни эълон қилди.
Энг муҳимлари:
— янги бизнесга 200 млн сўмгача гаровсиз кредит;
— кичик бизнес учун 3 йиллик текширув мораторийи;
— газ ва электр учун олдиндан тўлов 15 фоизгача туширилади;
— жарималар ўртача 2 баравар камайтирилади;
— давлат мулкини 7 йилгача фоизсиз бўлиб тўлаш мумкин бўлади;
— экспортчиларни қўллаб-қувватлашга 1 млрд доллар ажратилади;
— биринчи хато учун дарров жарима эмас, 10 кунлик муҳлат берилади.
Яна қандай имтиёзлар бор ва улар кимларга тегишли?
➡️Батафсил сайтда ўқинг!
Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X
🔴«Вазирлик ҳеч қачон “бу йил юридик йўналишдагиларни йиқитамиз, кейинги йил бошқа йўналишни” деб ишламайди» - Сардор Ражабов
✔️Вазирлик масъули ҳуқуқ фанидан тестларга билдирилаётган эътирозларга жавоб берди
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигида ўтган матбуот анжуманида ҳуқуқшунослик йўналиши бўйича тест саволлари юзасидан билдирилаётган эътирозларга муносабат билдирилди.
Вазирнинг биринчи ўринбосари Сардор Ражабовнинг айтишича, ҳуқуқ фанидан тест саволлари бўйича эътирозлар аввалги йилларда ҳам кузатилган.
Айрим абитуриентлар ва уларнинг устозлари масала юзасидан судга ҳам мурожаат қилган.
Унинг таъкидлашича, суд жараёнларида Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги тест саволлари белгиланган таълим дастурлари ва талаблар доирасида тузилганини асослаб берган. Аввалги суд қарорларида ҳам тестларда дастурдан ташқари, масалан, географияга оид саволлар берилгани тасдиқланмаган.
Вазир ўринбосари тест саволлари уч хил қийинлик даражасида тузилишини, учинчи даражадаги саволлар нисбатан мураккаб бўлиши табиий эканини айтди.
Шу билан бирга, ҳуқуқ соҳасида абитуриентнинг фақат билимини эмас, балки вазиятни таҳлил қилиш, икки томоннинг позициясини баҳолаш ва танқидий фикрлаш қобилиятини ҳам текшириш мақсадга мувофиқлиги қайд этилди. Бироқ амалдаги тест форматида бундай баҳолаш имконияти чекланган.
Ҳуқуқ фанидан миллий сертификат жорий этилса, унда очиқ саволлар орқали таҳлилий ва танқидий фикрлашни баҳолаш имконияти пайдо бўлиши мумкин.
Вазирлик вакили тест саволларига эътирози бор абитуриентлар, аввало, апелляция комиссиясига мурожаат қилиши кераклигини билдирди. Комиссия ҳар бир баҳсли савол бўйича асосланган тушунтириш бериши лозим.
Агар абитуриент апелляция хулосасидан ҳам норози бўлса, у судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Шунингдек, вазир ўринбосари вазирликда муайян йўналиш абитуриентларини атайлаб «йиқитиш» сиёсати борлиги ҳақидаги қарашларни рад этди.
«Вазирлик ҳеч қачон “бу йил юридик йўналишдагиларни йиқитамиз, кейинги йил бошқа йўналишни” деб ишламайди. Вазифамиз — таълим тизимини ривожлантириш», — деди у.
Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X
🔴27 миллиард долларлик 105 та лойиҳа бошланади
Президент Шавкат Мирзиёев Хоразмда тадбиркорлар билан VI очиқ мулоқотни ўтказмоқда.
Унда бизнес учун қатор янги имконият ва енгилликлар эълон қилинди.
Асосий натижа ва рақамлар:
- Бизнес учун қўшимча 1 миллиард долларлик бозор очилади.
- Стратегик корхоналар маҳаллийлаштириш учун 650 дан зиёд янги маҳсулот рўйхатини эълон қилди.
- Хусусий корхоналар давлат компанияларидан 4 триллион сўмлик буюртма олди. Бу “Миллий саноат занжири” орқали амалга оширилган.
- ҚҚСга ўтиш чегараси 1 миллиард сўмдан 5 миллиард сўмга оширилди.
- Кафе ва ресторанларга 100 миллиард сўм ҚҚС қайтарилди.
- Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига “ноль” ставка жорий қилиниши ҳисобига яна 400 миллиард сўм фермерлар ихтиёрида қолди.
- Бу йил 27 миллиард долларлик 105 та янги саноат ва инфратузилма лойиҳаси бошланади. Улар орасида Жиззахда атом электр станцияси, Олмалиқда мис бойитиш фабрикаси ва янги автомагистраллар бор.
- Юк машиналарини импорт қилишда бож ва утилизация йиғими бекор қилинди.
- Халқаро ташувларда вагон тақдим этиш хизматларига ҚҚСнинг “ноль” ставкаси қўлланади.
- Экспорт учун янги бозорлар очилмоқда. Қозоғистон 11 турдаги қурилиш материаллари импортига чекловни бекор қилди, Туркманистон билан божсиз савдо режими йўлга қўйилди. Иордания, Покистон, Эрон ва Афғонистон билан юзлаб маҳсулот бўйича имтиёзли савдо битимлари тузилди.
- Келаси йил Тошкент халқаро молия маркази ва “Enterprise Uzbekistan” маркази ишга туширилади. Улар орқали 20–25 миллиард доллар капитал, янги технология ва билим жалб қилиш режалаштирилган.
Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, сўнгги беш йилда бизнесга ажратилган кредитлар ҳажми қарийб уч баробар ошиб, 450 триллион сўмга, тадбиркорларга берилган солиқ ва божхона имтиёзлари эса 650 триллион сўмга етган.
Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X
edited
🔴233 мингдан ортиқ абитуриент 56,7 балл ҳам тўплай олмади
✔️«Олтинчи йўналиш» танлови келаси ҳафта очилиши мумкин
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигида айни дақиқаларда ўтаётган матбуот анжуманида 2026 йилги олий таълимга қабул натижалари бўйича янги маълумотлар эълон қилинди.
Вазирнинг биринчи ўринбосари Сардор Ражабовнинг маълум қилишича, бу йил 233 935 нафар абитуриент 56,7 баллдан паст натижа кўрсатган. Бу жами имтиҳон топширганларнинг 37,54 фоизини ташкил этади.
Вазирликка кўра, минимал баллни тўплай олмаганлар улуши сўнгги йилларда камайиб бормоқда. Ўтган йили бу кўрсаткич 41 фоиз, ундан аввалги йилларда эса 43 ва 46 фоизни ташкил этган.
Шу билан бирга, бу йил олий таълимга киришда ўртача ўтиш баллари сезиларли ошган. Давлат гранти бўйича ўртача ўтиш бали 134,6, тўлов-контракт бўйича эса 93,7 балл бўлган. 2025 йилда бу кўрсаткичлар мос равишда 121,8 ва 84,9 балл эди.
2026 йилги қабулда 209,1 минг нафар ёш талаба бўлишга тавсия этилган. Белгиланган имтиёзлар доирасида эса 20,5 минг нафар абитуриент ўқишга қабул қилинган.
Абитуриентлар орасида энг кўп танланган йўналишлар — даволаш иши, иқтисодиёт, филология ва тилларни ўқитиш, хусусан инглиз тили бўлган.
Вазирлик ёшларнинг замонавий технологик касбларга қизиқиши ҳам ортиб бораётганини қайд этди.
Матбуот анжуманида абитуриентларга вакант ўринлардан «олтинчи йўналиш»ни танлаш имконини бериш масаласи ҳам келаси ҳафтада ишга туширилиши режалаштирилаётгани маълум қилинди. Бунда абитуриент ўзининг фанлар мажмуасига мос ва бўш ўрин қолган таълим йўналишларини танлай олади.
Шунингдек, биринчи босқичга тавсия этилган талабалар учун талабалар турар жойига ариза бериш хизмати ишга туширилди. Аризалар Давлат хизматлари марказлари ёки my.gov.uz портали орқали топширилиши мумкин.
Талабаликка тавсия этилмаган абитуриентлар учун қўшимча қабул, табақалаштирилган тўлов-контракт, техникумларда ўқиш ҳамда нодавлат олий таълим ташкилотларига ҳужжат топшириш имкониятлари сақланиб қолмоқда.
Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X
Ўзбекистоннинг энг йирик тадбиркорлари Хоразмда йиғилди
Улар Президент билан учрашувни кутмоқда.
Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X
edited
uzdiplomat иқтибоси: 🖍
«Баъзан бир сиёсатчининг оғзидан чиққан бир оғиз гап ўнлаб расмий ҳужжатлардан кўра кўпроқ нарсани англатади».
Отабек Акромов
Сиёсатшунослик бўйича Австралия миллий университети докторанти
Август, 2026
Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X
🔴Хивада Ичан-қалъага туристик юкламани камайтириш учун янги шаҳарча барпо этилади
Хивада 12,3 гектар майдонда янги халқаро туристик шаҳарча қурилади. Президент Шавкат Мирзиёев бугун лойиҳа тақдимоти билан танишди.
Янги мажмуа Хивага келаётган сайёҳлар учун қўшимча туристик ҳудуд яратиш, Ичан-қалъага тушаётган юкламани камайтириш ва меҳмонларнинг Хоразмда қолиш муддатини узайтиришга қаратилган.
Шаҳарчада меҳмонхоналар, музей, миллий ва халқаро таомлар ресторанлари, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари жойлашади. Ҳудуднинг катта қисми яшил майдонлар ва автомобиллар ҳаракатидан холи сайр йўлакларига ажратилади.
Лойиҳанинг ўзига хос жиҳати — унинг меъморий концепцияси 1511 йилда Хива хонлигининг илк пойтахти бўлган қадимий Вазир шаҳри тузилиши ва кўчалар тармоғи асосида ишлаб чиқилганидир.
Шунингдек, шаршарали фавворалар, ички ариқлар ва қуёш панеллари ўрнатилган автотураргоҳ соябонлари қурилиши режалаштирилган.
Лойиҳа амалга оширилиши натижасида минглаб янги иш ўринлари яратилиши кутилмоқда, дейилади давлат раҳбари матбуот хизмати хабарида.
Расмий маълумотларга кўра, сўнгги беш йилда Хоразмга келган хорижий сайёҳлар сони 10 баробар ошган. Охирги тўққиз йилда эса вилоятда 280 та меҳмонхона ва меҳмон уйи қурилиб, меҳмонхона фонди тўрт баробарга кўпайган.
Telegram| Instagram | You Tube | Facebook | X
🔴Мисрда «Росатом» қураётган АЭСда жиддий нуқсонлар аниқлангани айтилди
Россиянинг «Росатом» корпорацияси Мисрда қураётган «Эль-Дабаа» атом электр станциясида қурилиш сифати ва ядро хавфсизлиги билан боғлиқ жиддий камчиликлар аниқлангани ҳақида хабарлар тарқалди.
Politico Европа таҳририяти қўлга киритган махфий ҳужжатларга кўра, Мисрнинг Атом электр станциялари бошқармаси 4 июнда «Росатом» вакилига юборган мактубда бир нечта энергоблокдаги нуқсонлар ва хавфсизлик талабларига риоя этилиши билан боғлиқ эътирозларни баён қилган.
Ҳужжатларда 1-, 2- ва 3-энергоблоклар пойдевор плиткаларида нуқсонлар, 4-блок бетон конструкцияларида эса муаммолар қайд этилгани айтилмоқда. Шунингдек, металл қопламалар ортида бўшлиқлар пайдо бўлгани ва реактор биноси девор конструкцияларида камчиликлар аниқлангани келтирилган.
Миср томони айрим ҳолатларни «ядро хавфсизлиги маданияти» талабларига зид деб баҳолаган, бир ҳолат эса ҳужжатда «қасддан бепарволик» сифатида таърифланган.
Politico кўрган яна тўртта ички ҳужжатда қурилиш муддатларининг кечикиши, иш сифати ва объектни бошқариш билан боғлиқ муаммолар ҳақида маълумотлар бор.
2025 йил учун тайёрланган аудит лойиҳасида биринчи энергоблокни ишга тушириш муддати 18 ойга кечикиб, 2030 йил мартга сурилиши хавфи қайд этилган. Шунингдек, объектга сохта рухсатномалар билан кириш, рухсатсиз шахсларнинг майдонга ўтиши ва қурилишдан фото-видеолар тарқалиши каби ҳолатлар ҳам тилга олинган.
«Росатом» бу айбловларни рад этди. Корпорацияга кўра, «Эль-Дабаа» тасдиқланган лойиҳа, Миср назорат органлари талаблари ва халқаро муҳандислик стандартларига мувофиқ қурилмоқда. Компания Politico келтирган даъволарнинг ҳеч бири лойиҳада белгиланган шартномавий, техник ва назорат тартиб-таомиллари орқали тасдиқланмаганини билдирган. Миср АЭС бошқармаси ҳам июль ойида объект қурилишида сифат, ядро хавфсизлиги ва назоратнинг энг юқори стандартларига амал қилинаётганини расман таъкидлаган эди.
«Эль-Дабаа» — Миср тарихидаги биринчи АЭС бўлиб, унда ҳар бири 1200 МВт қувватли тўртта VVER-1200 реактори, жами 4800 МВт қувват барпо этилмоқда. Лойиҳа қиймати қарийб 30 млрд доллар деб баҳоланади, Россия берган 25 млрд долларлик давлат кредити қурилиш харажатларининг тахминан 85 фоизини қоплайди.
Бу хабар Ўзбекистон учун ҳам эътиборли. Чунки Жиззах вилоятида қурилаётган Ўзбекистоннинг биринчи АЭС лойиҳасида ҳам бош пудратчи — «Росатом»нинг инжиниринг бўлинмаси «Атомстройэкспорт». Бироқ Ўзбекистондаги лойиҳада Мисрдаги VVER-1200 эмас, иккита VVER-1000 ва иккита RITM-200N реактори қурилиши кўзда тутилган.
Telegram| Instagram | You Tube | Facebook | X
🔴Афғонистонда қуролли қаршилик ўчоқлари сақланиб қолмоқда - ExpressAsia
Афғонистоннинг бир қатор вилоятларида “Толибон” кучлари билан қуролли мухолифат ўртасида тўқнашувлар давом этмоқда.
Бадахшонда эса сўнгги кунларда ҳаракат ичидаги зиддият ҳам очиқ тус олди.
Маҳаллий манбаларга кўра, “Толибон” раҳбарияти билан ихтилофга борган нуфузли қўмондон Жума Хон Фотиҳ қарийб бир ҳафта давом этган жанглардан кейин таслим бўлган. Бу ҳақда ExpressAsia хабар берди.
Жанглар асосан Бадахшоннинг Нусай туманида кечган. Жума Хон Фотиҳ илгари айнан шу туман ҳокими бўлган, кейин эса Забул вилояти ҳокими ўринбосари лавозимида ишлаган. У билан “Толибон” армияси бош штаби бошлиғи Фасиҳуддин Фитрат ўртасида музокаралар ҳам олиб борилган. Манбалар зиддиятни Бадахшондаги олтин конлари ва маҳаллий таъсир доиралари устидан назорат масалалари билан боғламоқда.
Шу билан бирга, Афғонистоннинг бошқа ҳудудларида “Толибон”га қарши қуролли гуруҳлар ҳам фаоллигини ошираётганини билдирмоқда. Афғонистон бирлашган фронти (Afghanistan United Front) Балх вилоятининг Давлатобод тумани ва Фарёбда “Толибон” позицияларига ҳужумлар уюштирганини маълум қилган. Фронт ўз операцияларида толиблар орасида қурбонлар бўлгани ва қурол-яроғ қўлга киритилганини даъво қилмоқда.
Гуруҳ сўнгги ҳафталарда Афғонистоннинг турли ҳудудларида “Толибон”га қарши қатор операциялар ўтказганини билдириб келмоқда.
Афғонистон озодлик фронти (Afghanistan Freedom Front) ҳам Бадахшоннинг Зебак туманида “Толибон” кучларига қарши ҳужумлар ўтказганини маълум қилган. Аввалроқ фронт Зебак йўлида “Толибон”ни қўллаб-қувватлаётган қуролли шахсларга пистирма уюштириб, икки кишини ўлдиргани ва уч нафарини яралаганини даъво қилган эди.
Шу тариқа, Афғонистонда ҳозир икки параллел жараён кўзга ташланмоқда: бир томондан, “Толибон”га қарши қуролли мухолифат ҳужумлари сақланиб қолмоқда, иккинчи томондан эса ҳаракатнинг ўзида ҳам маҳаллий қўмондонлар ва марказий раҳбарият ўртасида зиддиятлар юзага чиқмоқда.
Бадахшондаги воқеалар Марказий Осиё учун ҳам аҳамиятли. Нусай туманидаги сўнгги жанглар пайтида тўқнашув оқибатлари Афғонистон–Тожикистон чегарасигача етиб борган ва Тожикистон томони норозилик билдирган. Бу эса Афғонистон шимолидаги маҳаллий қуролли зиддиятлар қўшни давлатлар хавфсизлигига ҳам таъсир кўрсатиши мумкинлигини кўрсатади.
Telegram| Instagram | You Tube | Facebook | X
Урганч аэропорти 264 млн долларга модернизация қилинади, йирик самолётлар учун ҳам йўл очилади
Президент Шавкат Мирзиёев 17 август куни Хоразмга ташрифини Урганч халқаро аэропортидаги реконструкция ишлари билан танишишдан бошлади. Аэропортни кенгайтириш ва модернизация қилиш учун 264 миллион доллар инвестиция йўналтирилмоқда.
Давлат раҳбари матбуот хизмати хабарида қайд этилишича, лойиҳа давлат-хусусий шериклик асосида Жанубий Кореянинг Incheon International Airport Corporation компанияси иштирокида амалга ошириляпти. Энг катта ўзгаришлардан бири — аэропорт Boeing 747 ва Airbus A350 каби кенг фюзеляжли самолётларни қабул қила оладиган даражага олиб чиқилади. Бу Хоразмга Европа, Осиё ва бошқа узоқ йўналишлардан транзитсиз тўғридан-тўғри рейсларни йўлга қўйиш имкониятини кенгайтиради.
Биринчи босқичда 18 та самолёт тураргоҳи ва янги бурилиш йўлаги ҳам қурилади.
Лойиҳа тугагач, аэропортнинг йўловчиларга хизмат кўрсатиш қуввати соатига 300 нафардан 1 300 нафаргача, яъни 4 баробардан зиёд ошади.
Шунингдек, янги чегара ва виза назорати бўлимлари, бизнес-зал, савдо ва овқатланиш нуқталари, 24 соат ишлайдиган тиббиёт пункти ҳамда Duty Free зонаси ташкил этилади.
Расмий маълумотга кўра, 2026 йилда Урганч аэропорти орқали 126 миллиард сўмлик хизматлар кўрсатилган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 31 фоиз кўп. Ҳозир аэропортдан ўнга яқин авиакомпания мунтазам қатновларни амалга оширмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Урганч аэропортини хусусий шерик иштирокида модернизация қилиш бўйича тендер 2024 йил августда эълон қилинган, 2025 йил апрелида эса Жанубий Кореянинг Incheon International Airport Corporation компанияси ғолиб деб топилган. 2025 йил октябрда томонлар давлат-хусусий шериклик битимини имзолаган эди. Ўша пайтда очиқ манбаларда лойиҳанинг умумий қиймати қарийб 222 миллион доллар, кореялик шерикнинг терминалларни қуриш ва бошқаришга инвестицияси эса 132 миллион доллар атрофида экани айтилган.
Эндиликда Президент матбуот хизмати лойиҳага йўналтирилаётган умумий инвестиция ҳажмини 264 миллион доллар деб кўрсатмоқда. Демак, аввал эълон қилинган параметрларга нисбатан лойиҳанинг қиймати ва кўлами кенгайган.
Telegram| Instagram | You Tube | Facebook | X
🔴Россия мигрантларни иш берувчига «боғлайдиган» янги тизим жорий этмоқчи
✔️Бу ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларига ҳам дахл этади
Россия 2027 йилдан меҳнат мигрантларини ишга жалб қилиш тартибини жиддий ўзгартиришни режалаштирмоқда. Россия Ички ишлар вазирлиги тайёрлаган қонун лойиҳасига кўра, Ўзбекистон каби визасиз режим амал қиладиган давлатлар фуқаролари учун мақсадли ташкилий ёллаш тизими жорий этилиши мумкин.
Эксперимент 2027 йил 1 январдан 2030 йил охиригача давом этиши ва Москва ҳамда Москва вилоятидан ташқари Россия ҳудудларида амал қилиши кўзда тутилган.
Ҳозирча бу тартиб кучга кирмаган — гап қонун лойиҳаси ҳақида кетмоқда.
Янги тизим бўйича мигрант Россияга бориб, кейин мустақил равишда иш қидириш ўрнига, олдиндан муайян иш берувчи ва вакансияга бириктирилиши мумкин.
Хорижлик ишчилар махсус реестрга киритилиб, уларнинг иш берувчиси, касби ва ишлайдиган ҳудуди қайд этилади. Агар мигрант белгиланган иш берувчида эмас, бошқа жойда ёки бошқа ҳудудда ишласа, у реестрдан чиқарилиши ва мамлакатни тарк этиши талаб қилиниши мумкин.
Россия ИИВ ҳисоб-китобларига кўра, 2027–2030 йилларда янги механизм орқали 1,7 миллиондан ортиқ хорижлик ишчи жалб қилиниши мумкин. Уларнинг катта қисми Россия билан визасиз режимга эга МДҲ давлатлари фуқаролари бўлиши кутилмоқда.
Янги механизм миграция устидан назоратни ҳам кучайтиради. Иш берувчилар ва хорижлик ходимлар учун алоҳида электрон реестрлар яратилиши, мигрантларга махсус идентификация карталари берилиши режалаштирилган. Шунингдек, Россияга келишдан олдин тиббий кўрикдан ўтиш, биометрик маълумотларни тақдим этиш ва шахсни идентификация қилиш жараёнларини кучайтириш таклиф этилмоқда.
Ҳуқуқ ҳимоячилари мигрантнинг битта иш берувчига қаттиқ боғланиши унинг меҳнат ҳуқуқларини чеклаши мумкинлигидан хавотирда. Масалан, иш ҳақи кечиктирилса ёки меҳнат шароити ёмонлашса, ходимнинг бошқа иш жойига ўтиши қийинлашиши мумкин.
Айрим бизнес вакиллари эса бундай қаттиқ чекловлар мигрантларни норасмий меҳнат бозорига ўтишга ундаши мумкинлигини таъкидламоқда.
Россия, шунингдек, Ўзбекистон ва Тожикистон билан ташкилий меҳнат миграцияси бўйича амалдаги келишувларни такомиллаштириш масаласини ҳам кўриб чиқмоқда.
Telegram| Instagram | You Tube | Facebook | X
🔴Андижон амалдорлари президент қарорини фақат ҳисобот учун бажарадими?
✔️Шаҳрихонда 38 тадбиркор вақтида ҳокимлик топшириғи асосида «тезлаштирилган» тартибда саноат зонасига жойлаштирилиб, энди жарима қилинмоқда
Андижон вилояти Шаҳрихон тумани “Янги Ваҳим” МФЙдаги “Ёшлар кичик саноат зонаси”да ишлаётган 38 нафар тадбиркор ер участкалари беш йилдан бери расмийлаштирилмаганини, аммо қурилиш ҳужжатлари тўлиқ эмаслиги учун уларга жарима қўлланаётганини айтмоқда.
Тадбиркорлар 2021 йилда давлат қарори асосида ташкил этилган саноат зонасига кирган, кредит олган, корхоналар қурган, ишлаб чиқаришни йўлга қўйган ва иш ўринлари яратган.
Расмий ҳужжатларга кўра, “Янги Ваҳим” ҳудудида 4 гектар майдонда Ёшлар саноат зонаси ташкил этилиши 2021 йилдаги Президент қарорида белгиланган. Зонага электр, газ, сув, канализация ва йўл инфратузилмасини тортиш учун ҳам маблағлар режалаштирилган. Шу билан бирга, ўша пайтдаги тартибга кўра, бундай зоналар қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерларда ташкил этилиши керак эди.
Тадбиркорлар эса кейинчалик уларга “ер қишлоқ хўжалиги тоифасида” деган жавоб берилганини айтмоқда.
Мурожаатчиларнинг таъкидлашича, 2022 йилда Андижон телевидениесида эфирга узатилган лавҳада ҳам тадбиркорлардан қурилишни тезлаштириш, ишлаб чиқаришни бошлаш ва иш ўринлари яратиш сўралгани акс этган.
Ўша пайтда давлат идоралари тадбиркорларни қурилишга ундаган бўлса, нега бугун айнан шу объектлар “ноқонуний қурилиш” сифатида баҳоланмоқда?
Тадбиркорларга 82,4 млн сўмдан жарима қўлланган.
Мурожаатда айтилишича, 2026 йил 8 июль куни суд аввалги жаримани бекор қилиб, ишни қайта кўриб чиқиш учун инспекцияга юборган. Аммо 30 июль куни Қурилиш инспекцияси яна жарима расмийлаштирган. Бу ерда асосий масала — суд қароридан кейин янги қарор қайси ҳуқуқий асосларга таянгани ва аввалги камчиликлар бартараф этилган-этилмаганида.
Ҳокимиятнинг ўзи ташкил этган саноат зонасида беш йилдан бери ер ҳуқуқи расмийлаштирилмаган бўлса, бунинг оқибати учун нега фақат тадбиркор жавоб бериши керак? 38 нафар тадбиркор ҳокимлик, кадастр ва Қурилиш инспекциясидан аниқ ва расмий ечим кутмоқда.
❗️«Реал Ўзбекистон» лойиҳасида иштирок этинг!
Ўз ҳудудингизга оид янгиликлар, сурат ва лавҳаларни телеграмдан @uzdiplomat_uz га жўнатинг!
Telegram| Instagram | You Tube | Facebook | X
🔴Телефон импорти 25 фоизга ошди, унга сарфланган валюта эса 2,5 баравар кўпайди
✔️Телефонлар асосан Хитой ва Вьетнамдан олиб келинмоқда
2026 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонга 2 млн 354,9 минг дона мобил телефон олиб кирилди. Уларнинг умумий импорт қиймати 477 млн долларни ташкил этди.
Миллий статистика қўмитаси маълумотига кўра, телефонлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 477,5 минг донага ёки 25,4 фоизга кўпайган.
Бироқ қиёслаганда энг катта ўсиш телефонлар сонида эмас, улар учун сарфланган маблағда кўринади. 2025 йилнинг январь–июнь ойларида Ўзбекистон қарийб 1,9 млн дона телефонни 194,4 млн долларга импорт қилган эди. Демак, бир йилда импорт ҳажми дона ҳисобида чоракка ошган бўлса, унинг доллардаги қиймати 145 фоизга — қарийб 2,5 бараварга ошган.
Шундан келиб чиқиб, 2025 йилнинг биринчи ярмида бир импорт қилинган телефонга ўртача 104 доллар, 2026 йилда эса 203 доллар статистик қиймат тўғри келмоқда. Яъни бир дона қурилманинг ўртача импорт қиймати деярли икки баравар ошган. Бу импорт таркибида қимматроқ моделлар улуши ошган бўлиши мумкинлигини кўрсатади.
Импортнинг асосий қисми ҳамон икки давлат ҳиссасига тўғри келмоқда. 2026 йил январь–июнда Хитойдан 1 млн 812,9 минг, Вьетнамдан 462 минг телефон келтирилган. Бу икки мамлакат жами импортнинг 96,6 фоизини таъминлаган. Хитойнинг ўзига қарийб 77 фоиз тўғри келади.
2025 йилнинг шу даврида Хитойдан 1,42 млн, Вьетнамдан 375,1 минг телефон олиб кирилган, БАА эса 64,2 минг қурилма билан асосий етказиб берувчилар қаторида бўлган. 2026 йилда эса Хитой ва Вьетнамдан кейин Ҳиндистон — 39,6 минг, Жанубий Корея — 28,8 минг телефон билан кейинги ўринларни эгаллаган.
Оддий ҳисобда, йилнинг биринчи олти ойида Ўзбекистонга ҳар куни ўртача 13 мингта мобил телефон олиб кирилган.
Telegram| Instagram | You Tube | Facebook | X
📄uzdiplomat iqtibosi🖍️
«Мансабга ўтирган вақтда одамларга қилган муомалангиз, мансабдан тушгандан кейин одамларнинг Сизга нисбатан муомаласини белгилаб беради».
Беҳзод Маматқулов,
Тадбиркор, Ўзбекистон футзал федерацияси президенти
Telegram|Instagram | You Tube | Facebook | X
🔴«Каримов бизни 100–200 доллар учун сотилганликда айблаётганда, қизи эса миллиардларни ўмараётган эди»
Паҳлавон Содиқ
🎥 Батафсил видеода
Журналист Паҳлавон Содиқ uzdiplomat мухбири билан суҳбатда Ислом Каримов даврида ҳукуматнинг хорижий ОАВ ва журналистларга муносабати, расмий баёнотлар билан журналистлар билан бевосита мулоқот ўртасидаги фарқ ҳамда Андижон воқеалари ҳақидаги расмий талқинлар хусусида фикр билдирди.
Унинг айтишича, BBC ва «Озодлик»да ишлаган йилларида расмий идоралар билан мулоқот каналлари мавжуд ва очиқ бўлган. Бироқ журналистлар билан бевосита мулоқотда айтилган гаплар жамоатчиликка тақдим этилган позициядан кескин фарқ қилган.
«Мен Каримовни ўша матбуот анжуманларида, сессиядан кейинги танаффусларда “мана, сизлар долларга сотилгансизлар”, деб маломат қилганини эслайман. Очиқдан-очиқ, катта одам, давлат раҳбари. Ваҳоланки, биз 100–200 доллар маош олганимиз учун маломат эшитган пайтда унинг қизи миллиардларни ўмариб ётган эди. Орадан 10–15 йил ўтиб, буларнинг ҳаммаси фош бўлди», — дейди Паҳлавон Содиқ.
Журналистнинг фикрича, ўша даврда айрим расмий баёнотлар, аввало, ички аудиторияга мўлжалланган ва жамоатчиликда муайян тасаввур шакллантиришга хизмат қилган.
У бунга мисол сифатида 2005 йилги Андижон воқеаларидан кейин Ислом Каримов томонидан ўтказилган матбуот анжуманини эслайди.
Паҳлавон Содиқнинг сўзларига кўра, ўша пайтда Каримов 12–13 май кунлари хорижий, асосан Ғарб журналистларидан аккредитация сўровлари келганини айтиб, буни улар Андижонда воқеалар содир бўлишини олдиндан билганига далил сифатида кўрсатишга уринган.
«Шундай гаплар бўлганини эшитганман. Бу ёлғон. Лекин, афсуски, бу ёлғонга Ўзбекистон жамоатчилиги, тузуккина одамлар ҳам ишонган. Оддий халқни қўяверинг. Буни абсолют ҳақиқат сифатида қабул қилганлар бўлган», — дейди журналист.
Паҳлавон Содиқ Андижондаги воқеалар бир кунда пайдо бўлиб қолмаганини таъкидлайди. Унинг айтишича, ундан олдин суд жараёнлари узоқ вақт давом этган, судланаётганлар ва уларнинг яқинлари турли давлат идораларига мурожаат қилган, бу мурожаатларнинг айримлари «Озодлик» эфирида ҳам берилган.
«Ўша Андижондаги суд жараёни икки йилдан буён давом этаётган эди. Бу одамларнинг мурожаатларини биз эфирга берганмиз. Масалан, биттаси депутат эди. Каримовга, Ички ишлар вазирига, Хавфсизлик вазирига — ҳаммасига мурожаат қилиб-қилиб бўлгандан кейин бу одамлар чорасизликдан суд олдида протест бошлаган эди», — дейди у.
«Каримов буни билмасмиди? Пашша учиб кира олмаган пайт эди Ўзбекистонга. Каримов буни мутлақо яхши биларди. Уларга нима бўлаётгани ҳақида ҳисобот берилган. Лекин шунга қарамасдан, жамоатчиликка қаратиб, “улар бир кун олдин ҳаммасини билган, Андижонда шулар исён қилди”, деган гапга ишонтиришга уринди», — дейди Паҳлавон Содиқ.
Унинг фикрича, йиллар ўтиши билан ўша даврда жамоатчиликка тақдим этилган айрим расмий талқинлар ва воқеаларнинг аслида қандай ривожлангани ўртасидаги тафовут янада яққол кўрина бошлаган.
Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X