🔴Хоразмда ишсизликни камайтириш учун нималар қилинади? Хоразм вилоятида йил якунига қадар 39 минг нафар ишсиз фуқарони доимий иш билан таъминлаш, 18 мингта кам таъминланган оиладаги 81 минг нафар аҳолини камбағалликдан чиқариш режалаштирилмоқда. Бу ҳақида бугун ўтган тақдимотда Президентга ҳисоб берилди. Ҳозир вилоятда 39 минг ишсиз, яна 102 минг киши меҳнат миграциясида. Шу билан бирга, 50 мингдан зиёд вакансия мавжуд. Аммо иш изловчилар малакаси иш берувчилар талабига мос келмаётгани сабаб айрим иш ўринлари бўш қолмоқда. Шу боис касб-ҳунарга ўқитиш тизими меҳнат бозори талабларига мослаштирилади, профессионал ва олий таълимда амалий тайёргарлик кучайтирилади. Янги иш ўринлари саноат, хизмат кўрсатиш, туризм, транспорт, қишлоқ хўжалиги ва қурилиш соҳаларида яратилади. Хусусан: - микросаноат марказларида 250 та янги корхона очилади; - 36 та кооперацияга 15,8 мингта кам таъминланган оила жалб қилинади; - 50 та маҳаллада 70 та “локомотив” лойиҳа амалга оширилиб, 1,1 минг иш ўрни яратилади; - тадбиркорлик учун 650 млрд сўм ажратилиб, 2,5 мингта микролойиҳа ишга туширилади. Бандлик ва камбағалликни қисқартириш мақсадларига жами 6,4 трлн сўм йўналтирилган. Шунингдек, Янгиариқ туманидаги Шихбоғи ва унга туташ маҳаллаларда саноат, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари ташкил этилиб, 1,5 мингта барқарор иш ўрни яратиш ва аҳоли даромадини 20–30 фоизга ошириш режалаштирилган. Ҳисоботда масъуллар йил бошидан Хоразмда 29 минг киши ишга жойлаштирилди, 37 минг кишининг норасмий бандлиги қонунийлаштирилди. Камбағаллик даражаси 6,7 фоиздан 3,9 фоизга пасайганини айтишган. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X