Фарғонада ҳоким ёрдамчисидан пул олган собиқ бўлим бошлиғи қўлга тушди Фарғона вилояти Тошлоқ тумани Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими собиқ бошлиғи ҳоким ёрдамчисидан пул олганлик ва фирибгарликда гумонланмоқда. Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти маълумотига кўра, собиқ бўлим бошлиғи М.Б. «Конизар» МФЙ ҳоким ёрдамчиси И.К.нинг тавсияси асосида ажратилган имтиёзли кредит маблағларининг мақсадли сарфланишини текширишни ноқонуний ташкил қилган. Текширувда гўё камчиликлар аниқланганини билдириб, улар бўйича чора кўрмаслик эвазига ҳоким ёрдамчисидан 600 доллар олгани аниқланган. Бундан ташқари, терговга қадар текширув маълумотларига кўра, М.Б. мансаб ваколатидан фойдаланиб, турли баҳоналар билан яна 17 млн сўмни фирибгарлик йўли билан қўлга киритган. Ушбу маблағдан 10 млн сўм қайтарилиши процессуал тартибда расмийлаштирилган. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси — фирибгарлик билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов давом этмоқда. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X