🔴Россияда мигрантларга талаблар кучаймоқда ✔️Пул ўтказмасига 3% йиғим таклифи қайта кўтарилди, чиқариб юбориш қарорлари 2,6 баравар ошди Россияда меҳнат мигрантларига тааллуқли бир вақтнинг ўзида икки муҳим жараён кузатилмоқда. Давлат Думасида хорижга пул жўнатадиган мигрантлардан 3 фоиз йиғим олиш ташаббуси яна кўтарилди. Шу билан бирга, мамлакатдан хорижликларни маъмурий чиқариб юбориш бўйича қарорлар сони кескин ошган. Бу ўзгаришлар Россияда ишлаётган ўзбекистонликларга ҳам бевосита дахлдор. 18 август куни «Справедливая Россия» партияси раҳбари, Давлат Думаси депутати Сергей Миронов мигрантлар Россиядан хорижга амалга оширадиган ҳар бир банк ўтказмасидан 3 фоиз махсус тўлов олиш кераклигини яна бир бор билдирди. У бу таклифни ТАССдаги матбуот анжуманида айтган. Бироқ муҳим жиҳати — бу ғоя биринчи марта айтилмаяпти. Миронов бошчилигидаги олти нафар депутат 22 июнда худди шундай қонун лойиҳасини Давлат Думасига киритган. Лойиҳага кўра, Россиядан хорижга жўнатиладиган трансчегаравий пул ўтказмаларидан 3% мажбурий тўлов ундирилиши, фақат тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ ўтказмалар бундан мустасно қилиниши керак эди. Аммо 6 июлда Давлат Думаси Кенгаши қонун лойиҳасини регламент талаблари бузилгани сабаб муаллифларга қайтарган. 18 августда Миронов амалда рад этилган ташаббусни яна кун тартибига олиб чиқди. Чиқариб юбориш бўйича 100 мингга яқин қарор Шу пайтда Россияда миграция қоидаларини бузган хорижликларга нисбатан назорат ҳам кучаймоқда. Давлат Думаси раиси Вячеслав Володин маълумотига кўра, 2026 йилнинг биринчи ярмида мигрантларни мамлакатдан маъмурий чиқариб юбориш ҳақида қарийб 100 мингта қарор қабул қилинган. Бу 2025 йилнинг шу даврига нисбатан 2,6 баравар кўп. Фақат Москванинг ўзида миграция қоидаларини бузгани учун амалда чиқариб юборилган хорижликлар сони 8,3 мингдан 16 минг нафарга, яъни қарийб икки бараварга ошган. Россия бўйича эса биринчи ярим йилликда амалда чиқариб юборилган хорижликлар сони 43,7 минг нафар бўлган — бу ўтган йилга нисбатан 65,5% кўп. Бундан ташқари, июлда Россия қонунчилигида маъмурий чиқариб юбориш қўлланиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликлар рўйхати 22 тадан 45 тагача кенгайтирилди. Россия ҳали ҳам ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари ва улар юборган пулларнинг асосий манбаларидан бири. Марказий банк маълумотларига кўра, 2026 йил биринчи чорагида Россия ҳиссаси Ўзбекистонга келган жами пул ўтказмаларининг 72,4 фоизини ёки 2,75 млрд долларни ташкил қилган. Россияда патент асосида ишлаётган Ўзбекистон фуқаролари сони эса 1,34 млн нафар деб қайд этилган. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X