🔴“Ўзбекфильм” миллиардлаб қарзга ботгани очиқланди ❗️«Ўзбекфильм» 22,9 млн евро қарзда. Солиқдан қарздорлиги эса 1 миллиард сўмдан ошган Қарзлар яна солиқ тўловчилар ҳисобидан тўланадими? «Ўзбекфильм» киностудиясининг 22,9 миллион евро кредит мажбурияти бор, унинг мол-мулки, жумладан, ер майдонлари ҳам кредит учун гаровга қўйилган. Солиқдан қарздорлик 1 миллиард сўмдан ошган, ходимлар иш ҳақидан қарзлар ҳам йиғилиб қолган. Бу ҳақда Маданият вазирининг биринчи ўринбосари — Кинематография агентлиги директори Жаҳонгир Аҳмедов маълум қилди. Унинг ёзишича, солиқ қарздорлиги сабаб «Ўзбекфильм» балансидаги 12 та автомашина 12 кун ичида аукционга қўйилиши хавфи бор. Киностудия бир йилда камида 60 миллиард сўмлик буюртма бажармаса, ўзини сақлаб туролмайди. «Бизнес модели йўқ. Бозор механизмига тўлиқ ўтилмаган», — деб ёзди Жаҳонгир Аҳмедов. У «Ўзбекфильм»ни шунчаки сақлаб қолиш эмас, тубдан ислоҳ қилиш кераклигини айтмоқда. Молиявий барқарор, замонавий бошқарувга эга, хусусий инвестиция ва халқаро ҳамкорликни жалб қиладиган миллий кино компанияси барпо этиш зарурлигини таъкидлаган. Uzdiplomat аввал ҳам кино соҳасидаги миллиардлар ҳақидаги саволларни кўтарган. «Ўзбекфильм» ва Кинематография агентлиги — алоҳида тузилмалар. Аммо иккаласи ҳам ўзбек киносида шаклланган бир тизим ичида фаолият юритади. Uzdiplomat Кинематография агентлигининг аввалги раҳбари Шуҳрат Ризаев даврида ҳам кино соҳасига ажратилган миллиардлаб сўм давлат маблағлари тақдири билан қизиққан, прокуратура текширувлари ва маблағларнинг сарфланиши юзасидан кўплаб сўровлар юборган эди. Бугун эса «Ўзбекфильм»нинг ўзи 22,9 миллион евро кредит мажбурияти остида қолгани маълум бўлмоқда. Ўзбек киноси йиллар давомида қандай бошқарилди, давлат маблағлари қанчалик самарали ишлатилди ва нима учун соҳада барқарор бизнес модели шаклланмади, деган саволлар ҳам бор. Қарзлар юзасидан жамоатчиликка очиқ ахборот берилиши шарт. Uzdiplomat журналисти Анора Содиқнинг кино соҳаси вакиллари билан суҳбатларида кинематография агентлигининг ижодий жараёнларга аралашуви масаласи кўп муҳокама қилинган. Ижодкорлар агентликнинг кино яратиш жараёнига аралашуви, давлат буюртмаларига қарамлик ва хусусий кино учун эркин рақобат муҳитининг етишмаслиги соҳанинг ривожланишига тўсиқ бўлаётганини айтган. Ўзбек киносига яна давлатнинг миллиардлари керакми ёки давлатнинг ижоддан бир икки қадам четга чиқиши керакми? Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X