🔴Энди банк кредит учун сизнинг охирги пулингизни ечиб ололмайди
Ўзбекистонда банкларга кредит қарздорлигини ундиришда мижозни бутунлай пулсиз қолдириш тақиқланмоқда. Марказий банкнинг янги қарорига кўра, банк мижознинг розилигисиз кредит тўловини ечиб олаётганда унинг карталарида меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг камида ярми сақланиши шарт.
Марказий банк бошқарувининг 2026 йил 15 сентябрдаги қарори билан тижорат банклари фаолиятига қўйиладиган минимал талабларга ўзгартириш киритилди. Ҳужжат 9 октябрда Адлия вазирлигида рўйхатидан ўтказилган.
Янги тартибга кўра, банк ва мижоз ўртасида тузилган шартнома асосида кредит ёки кафиллик тўловлари мижознинг алоҳида топшириғисиз ечиб олинаётганда, унинг барча банк карта ҳисобварақларида жами камида меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг ярмига тенг маблағ қолдирилиши керак.
Яъни банк кредит қарзини ундириш учун мижознинг карталаридаги барча пулни ечиб олиб, уни яшаш учун зарур маблағсиз қолдириши мумкин бўлмайди.
Бироқ бу кредит қарзини тўламаслик мумкинлигини англатмайди. Қарздорнинг тўлов мажбурияти сақланиб қолади. Янги чеклов айнан банк томонидан мижознинг алоҳида топшириғисиз пул ечиб олинишига тааллуқли.
Қарор ҳозирча кучга кирмаган. Ҳужжатга кўра, янги талаб расмий эълон қилинган кундан уч ой ўтгач амал қила бошлайди.
Маълумот учун, 2026 йил 1 сентябрдан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори 1 360 000 сўмни ташкил этади. Демак, янги талабга кўра, банк мижознинг барча карталарида жами камида 680 минг сўм қолдириши шарт бўлади.
Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X
🔴 Ўзбекистон Россиянинг тозаланмаган писта ёғини энг кўп сотиб олувчи давлатга айланиши мумкин
Ўзбекистонда ўсимлик ёғини қайта ишлаш корхоналари қуввати ошиб бормоқда. Бироқ маҳаллий хомашё етишмаслиги сабабли мамлакат Россиядан тозаланмаган ўсимлик ёғи импорт қилувчи йирик бозорга айланиши мумкин. Бу ҳақда Марказий Осиё қишлоқ хўжалиги бозорлари ва логистикаси бўйича эксперт Алишер Маҳмудов APK-Inform нашрига маълум қилди.
Экспертнинг таъкидлашича, Марказий Осиёда қадоқланган ўсимлик ёғи бозори тўйинган. Шу сабабли ишлаб чиқарувчилар учун асосий имконият тозаланмаган ёғни катта ҳажмда етказиб бериш ва уни маҳаллий корхоналарда қайта ишлаш билан боғлиқ.
2026 йилда Ўзбекистоннинг ўсимлик ёғи ресурслари 866 минг тонна бўлиши прогноз кутилмоқда.
Шундан:
441 минг тоннаси — импорт;
349 минг тоннаси — маҳаллий ишлаб чиқариш;
76 минг тоннаси — йил бошидаги захиралар.
Бу ҳисоб-китобларга кўра, импорт мамлакат ўсимлик ёғи ресурсларининг қарийб 51 фоизини ташкил этади.
Алишер Маҳмудовнинг фикрича, 2026–2027 йиллар учун асосий иқтисодий модель Россия хомашёси, Ўзбекистоннинг қайта ишлаш қувватлари ва логистика имкониятларига таянади.
Ўзбекистон Россия ёғини қайта ишлаш билан чекланмай, уни Афғонистон, Покистон ва Хитойнинг ғарбий ҳудудларига етказиб бериш марказига ҳам айланиши мумкин.
Бироқ, шу ўринда қишлоқ хўжалиги мутасаддидарига савол туғилади: Ўзбекистонда ёғ ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш қувватлари кенгаяётган бир пайтда, нега мамлакат ички эҳтиёжни таъминлаш учун ҳам импортга бунчалик боғлиқ бўлиб қолмоқда?
Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X
🔴Тошкентдаги 35 та бозор сотувга тайёрланмоқда
Пойтахтдаги бозорлар ва савдо комплексларининг молиявий ҳолати, мулкдорлари, қарздорликлари ҳамда кадастр ҳужжатлари текширилади. Хатлов натижалари асосида уларни оммавий савдоларга чиқариш бўйича таклифлар тайёрланади.
Тошкент шаҳридаги бозор ва савдо комплекслари хатловдан ўтказилади. Бу жараён 2026–2027 йилларда пойтахтни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари доирасида амалга оширилади.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги маълумотига кўра, хатлов давомида бозорлар ҳудудидаги бино ва иншоотларнинг кадастр ҳужжатлари, мол-мулк ва мулкдорлар рўйхати ўрганилади. Шунингдек, ноқонуний қурилишлар, ер майдонларининг чегаралари, муҳофаза зоналари ва мавжуд чекловлар текширилади.
Бозорларнинг солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарздорликлари ҳам таҳлил қилинади.
Ўрганишлар якунида бозорлар активларидан самарали фойдаланиш, жумладан, уларни оммавий савдоларга чиқариш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилади.
Эътиборлиси, президентнинг 2026 йил 27 июлдаги ПҚ-279-сон қарори билан Тошкентдаги 35 та бозор, савдо комплекси ва уларнинг шохобчаларини оммавий савдоларга чиқариш назарда тутилган.
Рўйхатдан «Чилонзор», «Ўрикзор», «Бек тўпи», «Паркент», «Янгиобод» савдо комплекслари, шунингдек, «Сергели», «Фарҳод», «Қўйлиқ», «Авиасозлар», «Наврўз» ва бошқа бозорлар ўрин олган.
Аввалроқ Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов бозорларни модернизация қилиш жараёнида улар ўз фаолиятини сақлаб қолишини, инвесторларга эса амалдаги тадбиркорларнинг иш ўринларини сақлаш шарти қўйилишини билдирган эди.
Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X
edited
🔴 Косонсой ҳокими ўринбосари тадбиркорнинг ерини олиб қўйиш билан қўрқитиб, пул олганликда гумонланмоқда
✔️Амалдордан тадбиркорни ким ҳимоя қилади?
Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаши, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиши керак бўлган мансабдорнинг ўзи ерни тортиб олиш билан қўрқитиб, шахсий манфаатини кўзлаганликда гумонланмоқда.
Наманган вилояти Косонсой тумани ҳокимининг ўринбосари тадбиркорга ижарага берилган ер майдонини бошқа шахсга олиб бериш билан қўрқитиб, ўз уйига 20 кВт қувватли қуёш панеллари ўрнатиб беришни талаб қилганликда гумонланмоқда.
ДХХ маълумотига кўра, мансабдор қуёш панелларини сотиб олиш ва ўрнатиш учун 65 миллион сўмни хизмат автомобилида олаётганида қўлга олинган.
Унга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.
Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X
Тўрт ҳудудда чанг-тўзон кутилмоқда. Тошкентда ҳаводаги PM10 миқдори меъёрдан ошди
Бугун Қорақалпоғистон, Хоразм, Бухоро ва Навоийнинг айрим жойларида шамол тезлиги секундига 13–18 метргача кучайиб, чанг-тўзон кўтарилиши мумкин. Бу ҳақда Ўзгидромет хабар берди.
Республика бўйлаб кундузи ёғингарчилик кутилмайди. Ҳаво ҳарорати аксарият ҳудудларда 15–20 даража, шимолда 10–15 даража илиқ бўлади. Шамол асосан секундига 7–12 метр тезликда эсади.
Тошкентда ҳам ёғингарчилик кутилмаяпти. Ҳарорат 16–18 даража илиқ, шамол тезлиги секундига 3–8 метр бўлиши прогноз қилинган. Тоғли ҳудудларда эса ҳаво 11–16 даражагача илийди.
Шу билан бирга, Ўзгидрометнинг бугун эълон қилган мониторинг маълумотида пойтахт ҳавосидаги PM10 заррачалари миқдори 9:00 да 137 мкг/м³ бўлгани қайд этилган. Бу хабарда кўрсатилган 75 мкг/м³ меъёрдан қарийб 1,8 баравар юқори.
PM2,5 заррачалари миқдори эса 43 мкг/м³ни ташкил этган ва Ўзгидромет келтирган 60 мкг/м³ меъёрдан ошмаган.
Бу заррачалар нимаси билан хавфли? PM10 — ўлчами 10 микрометргача бўлган, нафас билан организмга кириши мумкин бўлган заррачалар. Уларнинг таркибида шамол кўтарган тупроқ ва йўл чанги ҳам бўлиши мумкин. PM2,5 эса янада майда заррачалардир. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, заррачали ифлосланишнинг қисқа ва узоқ муддатли таъсири нафас йўллари ҳамда юрак-қон томир касалликлари хавфи билан боғлиқ.
Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X
🔴Аҳолига мўлжалланган газни қимматга сотганлар фош бўлди
✔️39 та ҳолатга газ идоралари ходимлари алоқадор
Ўзбекистон бўйлаб 19–21 октябрь кунлари ўтказилган рейдларда суюлтирилган газ таъминоти билан боғлиқ 120 дан ортиқ қонунбузилиш ҳолати аниқланди. ДХХ маълумотига кўра, уларнинг 39 тасида газ идоралари ходимларининг бевосита алоқадорлиги қайд этилган.
ДХХ, ИИВ, Бош прокуратура, ФВВ ва «Ўзэнергоинспекция» ҳамкорлигидаги тадбирларда ноқонуний муомалада бўлган 3 мингдан зиёд газ баллони ва 13 тонна 636 килограмм суюлтирилган газ ашёвий далил сифатида олинган.
Хусусан, Жиззах вилоятида тўққизта ҳолатда сотиш мақсадида ноқонуний сақланаётган 239 та газ баллони топилган. Шундан 152 тасини илгари Зомин тумангаз таъминот бўлимида юқори лавозимлардан бирида ишлаган шахс қариндошининг хонадонида сақлаб келгани билдирилди.
Сирдарёда Ховос тумангаз бўлими мансабдорларидан бирининг уйидан ҳужжатсиз сақланаётган 30 та, Навоийда эса Хатирчи тумангаз бўлими ҳайдовчисининг уйидан 26 та баллон олинган.
Самарқандда Ургут туманидаги газ тўлдириш шохобчаси қоровули газ билан тўлдирилган учта баллонни 2,5 миллион сўмга сотаётган вақтда ушланган. Пастдарғомда эса бир фуқаронинг хонадонидан 22 та тўлдирилган баллон топилган. ДХХга кўра, у баллонларни тумангаз ҳайдовчисидан 70 минг сўмдан олиб, аҳолига 100 минг сўмдан сотган.
Фарғонада Қўштепа тумангаз бўлими муҳандиси ва чилангари аҳоли учун ажратилган саккизта газ баллонини сотиш мақсадида уйларида сақлагани маълум қилинди.
Сурхондарёда жами 65 та баллоннинг ноқонуний сақланаётгани ҳужжатлаштирилган. Жумладан, Бандихон туманида яшовчи фуқаро тумангаз ҳайдовчисидан 70 минг сўмдан олган 32 та баллонни қимматроқ нархда қайта сотмоқчи бўлган. Шунга ўхшаш ҳолатлар Қорақалпоғистон, Хоразм, Наманган ва бошқа ҳудудларда ҳам аниқланган.
Эслатиб ўтамиз, Президентнинг 2026 йил 12 сентябрдаги қарори билан «Ҳудудгазтаъминот» таъсисчилигида «LPG-Trade» компаниясини ташкил этиш белгиланган. Қарор суюлтирилган газ таъминотига хусусий секторни жалб қилиш, рақобатни кенгайтириш ва бозор механизмларини босқичма-босқич жорий этишни назарда тутади.
Энергетика вазирлиги изоҳига кўра, бу жараёнда аҳолига газ етказиб бериш устувор бўлиб қолиши керак. Ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлар эса давлат томонидан моддий қўллаб-қувватланади.
ДХХ аҳолига мўлжалланган суюлтирилган газ билан боғлиқ ноқонуний ҳолатлар ҳақида 1520 қисқа рақамига хабар беришни сўраган.
Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X
uzdiplomat иқтибоси: 🖍
“Биз инсон тарбиялаяпмиз, қўй боқмаяпмиз. Бу нафақат фарзандингиз келажаги, балки ўзингизники ҳам. Агар бугун фарзандингизни билимли қилмасангиз, эртага қаригунингизча кетидан юрасиз.
Баъзилар фарзанди тўйига 10-15 минг доллар сарфлайди. Лекин ўша пулга тўрт нафар боласини зўр таълимли қилиши мумкин эди. Шунча пулни битта боласининг тўйига сарфлаб юборади. Таълимдан қолганини тўйга сарфланг, тўйдан қолганини таълимга эмас”.
2025 йил, август
БАҲОДИР ҒАНИЕВ,
Таълим масалалари бўйича эксперт, собиқ “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати раиси
Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X
🔴Ансабхон Закиров Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директори этиб тайинланди
Президент қарори билан Ансабхон Акаидинович Закиров Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директори лавозимига тайинланди.
Закиров 2025 йил май ойида агентлик директорининг биринчи ўринбосари этиб тайинланганди. Ундан аввал «Ўзбекистон аккредитация маркази» давлат муассасасига раҳбарлик қилган.
Агентликнинг аввалги раҳбари Акмал Жуманазаров 2024 йил февралдан 2026 йил сентябргача — қарийб 2 йил 7 ой ушбу лавозимда ишлаган. У жорий йил 22 сентябрда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Мудофаа саноати қўмитаси раиси этиб тайинланиши муносабати билан лавозимидан озод этилганди.
Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X
🔴 Ўзбекистонда 3 триллион сўм алимент ундирилди, аммо Президент қабулхонасига шикоятлар ҳамон кўп
2026 йил бошидан буён Ўзбекистонда 3 триллион сўм алимент маблағлари ундирилган. Бироқ алимент ундириш масаласи аҳолини қийнаётган муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Жорий йилнинг дастлабки етти ойидаёқ Президент Халқ қабулхонасига ушбу масалада 36 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган.
Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси (МИБ) Ахборот хизмати раҳбари Фаррух Тошпўлатов иштирокида ўтказилган брифингда 2026 йил давомида ижро ҳужжатлари бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан маълумот берилди.
Унга кўра, йил бошидан буён жами 54,8 триллион сўмлик маблағ ундирилган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 14,4 триллион сўмга кўп.
Шундан 36,7 триллион сўми давлат, 16,5 триллион сўми тадбиркорлик ва бошқа субъектлар, 1,6 триллион сўмдан ортиғи эса фуқаролар манфаатлари учун ундирилган.
Ижтимоий йўналишда 3 триллион сўм алимент маблағи ундирилган. Шунингдек, «Алимент тўловлари» жамғармаси ҳисобидан 565 нафар фуқарога 30,5 миллиард сўм тўлаб берилган.
МИБ алимент ундириш бўйича катта маблағларни эълон қилаётган бўлса-да, бу масала Президент Халқ қабулхонасига келиб тушаётган мурожаатлар орасида ҳамон муҳим ўрин тутади.
2026 йил 13 август куни Президент Халқ қабулхонаси раҳбари Фаррух Омонов маълум қилишича, йилнинг январь–июль ойларида алимент ундириш билан боғлиқ 36 806 та мурожаат келиб тушган.
Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X
🔴Ўзбекистонликлар уйдан ташқарида кўпроқ овқатланяптими?
✔️Кафе ва ошхоналар савдоси 200 трлн сўмдан ошди
Ўзбекистонда умумий овқатланиш корхоналарининг савдоси сезиларли ўсмоқда.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январь–август ойларида соҳадаги товар айланмаси 208,7 трлн сўмга етган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан реал ҳисобда 26,7 фоиз кўп.
Соҳада фаолият юритаётган корхоналар ҳам кўпайган. 2025 йил 1 сентябрда уларнинг сони 25 840 та бўлган бўлса, бу йил шу санада 30 390 тага етган. Эълон қилинган рақамларни солиштирганда, бир йилда корхоналар сони 4 550 тага ёки қарийб 17,6 фоизга ошган.
Бозорда кичик бизнеснинг ўрни катта. Умумий савдо айланмасининг 78,1 фоизи кичик тадбиркорлик субъектлари, 21,9 фоизи йирик корхоналар ҳиссасига тўғри келган.
Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X
🔴Тошкентда Боткин қабристонидаги қабртошларга шикаст етказилди. Қурилиш ишлари тўхтатилди
Ҳокимлик қабрларнинг ўзи очилмаганини билдирмоқда
Тошкентдаги Боткин қабристони ёнида олиб борилган қурилиш ишлари оқибатида бир нечта қабртошга шикаст етган. Расмий муносабатда билдирилишича, қоидабузарликларга йўл қўйган масъуллар аниқланиб, қурилиш ишлари тўхтатилди.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги маълумотига кўра, собиқ шампан винолари заводи ҳудудида қурилиш ишлари олиб борилаётганда қабристон билан қурилиш объектини ажратиб турган девор қулаб тушган.
Оқибатда қабристоннинг 15-секторидаги охирги қаторда жойлашган бир нечта қабртош шикастланган. Ҳокимлик қабрларнинг ўзи очилмаганини таъкидламоқда.
Ҳодиса юзасидан масъул шахслар аниқланган. Уларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилиб, айбдорлар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилиши билдирилди.
Қурилиш буюртмачиси ва пудратчи ташкилот зиммасига қулаган девор оқибатларини бартараф этиш ҳамда шикастланган қабртошларни тиклаш мажбурияти юклатилган.
Улар марҳумларнинг яқинларидан узр сўраб, тиклаш ишларини ҳафта охиригача якунлашга ваъда берган.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги вазият назоратга олинганини ва тиклаш ишлари юзасидан қўшимча маълумот берилишини билдирди.
Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X
🔴 АҚШда ўзбекистонлик 12 миллион долларлик юк ўғрилигида айбланмоқда
АҚШда 33 ёшли Ўзбекистон фуқароси Нурсултон Ҳайдаров камида 24 та юк партиясини ўғирлаш билан боғлиқ жиноий тил бириктиришда айбланмоқда. Ўғирланган товарларнинг умумий қиймати 12 миллион доллардан ошиши айтилмоқда.
АҚШ Адлия вазирлигининг 21 октябрдаги маълумотига кўра, Ўзбекистон фуқароси Нурсултон Ҳайдаровга нисбатан федерал судда айблов эълон қилинган.
Терговга кўра, Ҳайдаров ва унинг эҳтимолий шериклари 2025 йил сентябридан бошлаб АҚШда фаолият юритаётган бир нечта юк ташиш компаниясини сотиб олган ёки улар устидан назорат ўрнатган.
Гумонланувчилар компанияларнинг расмий рўйхатдан ўтиш рақамлари, электрон почта манзиллари ва аввалги эгаларининг шахсий маълумотларидан фойдаланиб, ўзларини ишончли юк ташувчи сифатида кўрсатган.
Шу йўл билан улар буюртмачилардан юк ташиш шартномаларини олган. Бироқ омборлардан олиб кетилган товарлар белгиланган манзилга етказилмаган. Айрим ҳолларда ўғирланган юкларни қайтариш учун пул талаб қилинган.
Тергов ҳужжатларида Ҳайдаров АҚШда қонуний доимий яшаш ҳуқуқига ва Нью-Жерси штатида берилган ҳақиқий тижорат ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлгани қайд этилган.
Шу билан бирга, унда бешта бошқа исмга расмийлаштирилган сохта ҳайдовчилик гувоҳномалари ҳам бўлгани айтилмоқда. Уларда Ҳайдаровнинг юз қиёфаси ўзгартирилган суратларидан фойдаланилган.
Ҳайдаров шахсан иштирок этган деб ҳисобланаётган ўғриликларда товарларнинг тахминий чакана қиймати 12 миллион доллардан ошган.
Батафсил ўқиш
Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X
🔴Ўзбекистонда дори бозорининг қарийб ярми 5 та импортёр қўлида
✔️Рақобат қўмитаси огоҳлантириш билан чиқди
Ўзбекистонда айрим йирик дори етказиб берувчилар харидоргир препаратларни сотиш учун дорихоналардан бошқа, буюртма қилинмаган дориларни ҳам сотиб олишни талаб қилаётгани ҳақида шикоятлар кўпаймоқда. Рақобат қўмитаси бундай ҳолатларни ўрганишни бошлади.
Қўмита маълумотига кўра, 2026 йилнинг дастлабки 9 ойида Ўзбекистонга 305 та корхона дори воситалари импорт қилган. Бироқ жами импортнинг 47,2 фоизи бор-йўғи 5 та компания ҳиссасига тўғри келган.
Бу дори импортининг салмоқли қисми саноқли компаниялар қўлида тўпланганини кўрсатади.
Дорихоналар бозорида ҳам ўзгаришлар кузатилмоқда.
2023 йилда мамлакатда 8 584 та асосий чакана дорихона фаолият юритган бўлса, 2026 йил 1 октябрга келиб уларнинг сони 7 940 тага тушган. Яъни мустақил дорихона нуқталари сони 7,5 фоизга қисқарган.
Айни пайтда дорихона филиаллари сони 4 639 тадан 6 209 тага етиб, 33,8 фоизга кўпайган. Бу бозорда дорихоналар тармоқлари кенгайиб бораётганидан далолат беради.
Муаммо нимада?
Қўмитага кўра, айрим импортёр ва улгуржи дистрибьюторлар талаб юқори бўлган дориларни етказиб беришда дорихоналарга қўшимча шартлар қўяётган бўлиши мумкин.
Масалан, дорихона харидорлар кўп сўрайдиган битта препаратга буюртма беради. Аммо етказиб берувчи уни сотиб олиш учун бошқа, дорихонага керак бўлмаган дориларни ҳам харид қилишни шарт қилиб қўяди.
Бундай амалиёт кичик дорихоналарни ортиқча харажат қилишга мажбурлаши, уларнинг рақобатлашиш имкониятини чеклаши мумкин.
Қонунбузарларга тушумининг 5 фоизи миқдорида жарима солиниши мумкин.
«Рақобат тўғрисида»ги қонунга кўра, бозордаги устун музокара кучидан фойдаланиб, харидорга кераксиз товарларни мажбуран сотиш ёки рақобатчилар маҳсулотини харид қилишни чеклаш тақиқланади.
Бундай қонунбузарликлар учун тегишли товарларни сотишдан олинган тушумнинг 5 фоизи миқдорида молиявий санкция қўлланилиши мумкин. Ҳисоб-китобда ҳуқуқбузарлик даври, бироқ кўпи билан охирги уч йил инобатга олинади.
Ҳозирча қўмита муайян компанияларни айбдор деб топгани йўқ. Шикоятлар ўрганилмоқда.
Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X
🔴9,5 миллиард долларлик АЭС қурилиши: Ўзбекистонда 4 та реактор ва 33 минг кишилик янги шаҳарча барпо этилади
Жиззах вилоятида Ўзбекистоннинг биринчи атом электр станцияси қурилиши давом этмоқда. Лойиҳа тўлиқ амалга оширилса, мамлакат электр энергиясига бўлган эҳтиёжининг қарийб 15 фоизини таъминлаши кутилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев бугун Россиянинг «Росатом» давлат корпорацияси бош директори Алексей Лихачёвни қабул қилди.
Давлат раҳбари матбуот хизматининг хабар беришича, учрашувда Фориш туманида қурилаётган АЭСнинг биринчи реактори пойдеворини барпо этиш, станцияни лойиҳалаштириш ва зарур инфратузилмани яратиш масалалари муҳокама қилинган.
Аввал эълон қилинган расмий маълумотларга кўра, лойиҳанинг умумий қиймати 9,5 миллиард доллар. Станцияда иккита катта (ҳар бири 1000 МВт) ва иккита кичик (ҳар бири 55 МВт) реактор ўрнатилади.
Уларнинг умумий қуввати 2110 мегаваттни ташкил этади. Станция тўлиқ ишга тушгач, йилига 15–17 миллиард киловатт-соат атрофида электр энергияси ишлаб чиқариши кутилмоқда.
Режага кўра, биринчи кичик реактор 2029 йилда, йирик реакторлар эса 2033 ва 2035 йилларда ишга туширилиши мўлжалланган.
Бугунги учрашувда атомчилар ва уларнинг оилалари учун янги шаҳарча барпо этиш масаласи ҳам кўриб чиқилди.
Аввал тақдим этилган режага кўра, 200 гектар майдонда 10 мингга яқин хонадон қурилиши кўзда тутилган. Шаҳарчада мактаблар, боғчалар, шифохоналар, спорт мажмуалари ва дам олиш масканлари бўлади.
Қурилишга маҳаллий корхоналарни кенгроқ жалб этиш ҳам режалаштирилган. Президент лойиҳада Ўзбекистон маҳсулотлари улушини камида 30 фоизга етказиш вазифасини қўйган.
Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X
🔴Тожикистонда дунёдаги энг баланд тўғон қурилмоқда. Ўзбекистон учун бу имкониятми ёки хавф?
335 метрлик Роғун тўғони минтақани электр энергияси билан таъминлаши мумкин.
Аммо улкан сув омборининг тўлдирилиши Амударё сувига боғлиқ Ўзбекистон қишлоқ хўжалигига қандай таъсир қилади?
Батафсил сайтда ўқинг!
Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X
uzdiplomat иқтибоси:
«Сиёсатда барибир дўст бўлмайди. Сиёсатда иттифоқчи ҳам бўлмайди. Бугун иттифоқчи, эртага у хизматини ўтаб бўлганидан кейин, уни чеккага чиқариб, бошқа бир мақсадга хизмат қиладиган иттифоқчини топишга тўғри келиб қолади».
2024 йил, январь
МУРОД МУҲАММАД ДЎСТ
Ёзувчи, давлат арбоби
Каналга уланиш:✏️ https://t.me/uzdiplomat
🔴Миллий сертификат имтиҳонларига ўринлар етишмаяпти
✔️Сенатор изоҳ сўрамоқда
✔️Бу қарорни қабул қилганларга таъсир қиладими?
Миллий сертификат имтиҳонларига рўйхатдан ўтишда айрим ҳудудларда ўринлар қисқа вақт ичида тугаб қолаётгани талабгорларнинг эътирозига сабаб бўлмоқда.
Рўйхатдан ўтиш муддати ҳали тугамаган бўлса-да, ажратилган ўринлар тўлиб қолгани учун айрим фуқаролар имтиҳонга ёзила олмаяпти.
Шу муносабат билан сенатор К. Турсунов Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги директори М. Каримовга сенатор сўрови юборди.
Сўровда ўринлар ҳудудлар ва фанлар бўйича қандай тақсимланаётгани, талабгорлар сони ҳисобга олинаётгани ҳамда бўш ўринларни талаб юқори ҳудудларга қайта тақсимлаш имконияти ҳақида изоҳ сўралган.
Шунингдек, қўшимча ўринлар ажратиш, қўшимча имтиҳонлар ташкил этиш ва бўш ўринлар ҳақидаги маълумотларни очиқ эълон қилиш масалалари кўтарилган.
Агентлик сенатор сўровига қонунга мувофиқ 10 кун ичида жавоб бериши керак.
Эслатиб ўтамиз, миллий сертификат имтиҳонларига рўйхатдан ўтишдаги чекловлар 2026 йил 29 июлдаги ҳукумат қарори асосида жорий этилган. Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги маълумотига кўра, сентябрь–декабрь ойларида имтиҳонлар учун 496 303 та ўрин ажратилган, 15 та имтиҳон ўтказилиши режалаштирилган.
2025 йилнинг шу даврида 11 та имтиҳонда 255 217 нафар талабгор қатнашган. Агентлик чекловларни бинолар сиғими, техник имкониятлар ва назорат талаблари билан изоҳламоқда. Бироқ миллий сертификатлар олий таълимга қабулда қўшимча балл ёки максимал балл олиш имконини бериши сабабли имтиҳонга ёзилиш имкониятининг ҳудудлар бўйича чекланиши абитуриентлар ўртасида тенг рақобат шароитини таъминлаш масаласини ҳам кун тартибига чиқармоқда.
Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X
🔴 Турдимов ўқитувчининг мавқеини маошга эмас, ота-оналарнинг муносабатига боғламоқда
Таълим ва илм-фан вазири Эркинжон Турдимов ўқитувчиларнинг жамиятдаги мавқеини ошириш учун ота-оналарнинг муносабати ўзгариши кераклигини айтди. Бироқ унинг чиқишида педагогларнинг иш ҳақи ва меҳнат шароитларини яхшилаш масаласи тилга олинмади.
Бош вазирнинг биринчи ўринбосари — таълим ва илм-фан вазири Эркинжон Турдимов таълим тизимидаги муаммолар ҳақида гапирар экан, ота-оналарни фарзандлари таълимига кўпроқ эътибор қаратишга чақирди.
«Сизнинг фарзандингиз борми? Мана шу фарзандингиз билан ҳар куни бир соат вақт ажратиб дарс қиласизми? Дарс қилмайсиз. Кўпчилик қилмайди. Биз дарс қилишимиз керак, фарзандимиздан сўрашимиз керак, фарзандимизга ўргатишимиз керак», — деди вазир.
Турдимов ўқитувчиларнинг жамиятдаги мавқеи ҳам ота-оналарнинг муносабатига боғлиқ эканини таъкидлади.
«Агар фарзандимиз билан бирга ишламасак, ўқитувчини ёмонлайверсак, ўқитувчининг бугун мавқеи қачон ошади? Қачонки, сиз билан биз муносабатимизни ўзгартирсак», — деди у.
Вазир таълим соҳасида янги қонунлар қабул қилиш шарт эмаслигини ҳам билдирди.
«Янгилик қилиб Американи очиш керак эмас. Мен фақат тартибни, талабни жойига қўйиб, шу ҳисобидан эртага самарали натижага эришишни истайман. Энди янги қонун қабул қилмаймиз, ҳамма нарса бор», — деди Турдимов.
Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X
Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ва давлат идоралари Янги Қарши шаҳрига кўчирилиши режалаштирилмоқда
Қашқадарё вилоятида истиқболда 1 миллион аҳоли яшашига мўлжалланган Янги Қарши шаҳрини барпо этиш режалаштирилмоқда. Вилоят ҳокимлиги ва қатор давлат идораларини ҳам янги шаҳарга кўчириш кўзда тутилган.
Президент Шавкат Мирзиёев Қашқадарёга ташрифи давомида янги шаҳарни фақат турар жойлардан иборат ҳудуд эмас, балки замонавий инфратузилмага эга йирик маъмурий ва иқтисодий марказ сифатида ривожлантириш зарурлигини таъкидлади.
Янги шаҳарни Қарши аэропорти ва темирйўл вокзали билан электр жамоат транспорти орқали боғлаш, зарурат туғилса, ер усти метросини ташкил этиш вазифаси ҳам қўйилди.
Маълумот учун, Ўзбекистоннинг 2030 йилгача бўлган ривожланиш мақсадларида Қашқадарё вилоятида урбанизация даражасини 50 фоизга етказиш назарда тутилган. Янги Қарши лойиҳаси ҳам вилоятда шаҳарлашув жараёнини жадаллаштиришга хизмат қилиши мумкин.
Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X
Самарқанд. Бир неча километрларга чўзилган тирбандлик...
Сурхондарё, Қашқадарёдан келаётган ҳайдовчилар 3 соатлаб йўлда қолишаётганини айтишмоқда. 14: 40 да йўллар ҳали очилгани йўқ.
22.10.2026.
Шарҳсиз лавҳа
Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X