Uzdiplomat | Расмий канал

@uzdiplomat · news · Belarusian · active

Янгиликлар, танқидий-таҳлилий мақолалар, журналистик суриштирувлар UzDiplomat.uz — Адолат очиқликдан бошланади •facebook.com/uzdiplomat •instagram.com/uzdiplomat.uz •youtube.com/@uzdiplomat Реклама: +99893 571 72 35 Таҳририятга мурожаат— @uzdiplomat_uz

Subscribers 34.8K Subscribers, last 30 days: 34.8K → 34.8K +0 24h
Reach per post (ERR) 22.5%7.8K avg views
Posting 8.6/day last 9 hours ago
Reactions per 1K views 9.3 👍 ❤ 🤣
  1. 🔴 Қашқадарёда энг яшил маҳалла электромобиль билан тақдирланади Қашқадарё вилоятида кўчат экиш ва яшил ҳудудларни кўпайтириш бўйича “Қашқадарё тажрибаси” жорий этилади. Президент Шавкат Мирзиёев иштирокидаги йиғилишда ҳар йили Наврўз байрами арафасида “Энг яшил маҳалла” танловини ўтказиш белгиланди. Танлов ғолиблари электромобиль ва бошқа қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади. Ташаббусдан мақсад маҳаллаларда дарахт экиш, яшил майдонларни кенгайтириш ва аҳоли ўртасида экологик маданиятни ривожлантиришдан иборат. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X

  2. edited

    🔴Самарқандга киришда катта тирбандлик: ҳайдовчилар соатлаб йўлда қолмоқда Бугун, 22 октябрь куни Самарқанд шаҳрига кириш йўлларида катта тирбандликлар кузатилмоқда. Бу ҳақда Uzdiplomat таҳририятига мурожаат келиб тушди. Мурожаатчининг айтишича, М39 автомобиль йўлининг Сочак маҳалласи яқинидаги қисмида автомобиллар ҳаракати жиддий секинлашган. У мазкур йўналишда бир соатдан ортиқ тирбандликда қолганини билдирган. Таҳририятга тақдим этилган Google Maps харитасида ҳам ушбу йўналиш қизил ранг билан белгиланган. Навигация хизмати тирбандлик сабаб сафар вақти узайишини кўрсатган. Эътиборлиси, харитада тирбандлик фақат мурожаатчи кўрсатган нуқтада эмас, балки Самарқандга олиб борувчи бошқа йўлларнинг айрим қисмларида ҳам кузатилаётгани акс этган. Хусусан, М39 трассасининг Жомбой томонга ўтувчи қисми ва унга туташ йўлларда ҳам ҳаракат секинлашгани кўринади. Тирбандликлар Самарқандда 21–22 октябрь кунлари ўтказилаётган халқаро саммит муносабати билан жорий этилган вақтинчалик транспорт чекловлари билан боғлиқ бўлиши мумкин. Халқаро тадбирлар ўтказилиши табиий, аммо бундай пайтда муқобил йўналишларни аниқ кўрсатиш ва транспорт ҳаракатини самарали ташкил этиш ҳам муҳим. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X

  3. Қашқадарёда 1,2 миллиондан ортиқ аҳолининг сув таъминоти яхшиланади, 50 мингта иш ўрни яратиш режалаштирилмоқда Президент Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятини ривожлантириш бўйича йиғилишда аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, янги иш ўринлари яратиш ва инфратузилмани ривожлантиришга оид вазифаларни белгилади. Бу ҳақида Президент матбуот хизмати хабар берди. Энг муҳим режа ва топшириқлар: 🔹 1 триллион сўм ҳисобидан 747 километр сув ва канализация тармоғи қурилиб, 200 минг аҳоли тоза сув билан таъминланади. Ҳисорак сув омборидан Қарши шаҳри ва атрофидаги туманларга сув тортилиб, яна 350 минг кишига ичимлик суви етказилади. Толимаржон–Муборак сув тизими реконструкция қилиниб, 700 минг аҳолининг сув таъминоти яхшиланади. 🔹 Вилоятда 20 миллиард долларлик лойиҳалар ва 50 мингта иш ўрнини қамраб оладиган уч йиллик дастур тайёрланади. Йил якунигача Қашқадарёни камбағаллик ва ишсизликдан холи ҳудудга айлантириш мақсад қилинган. 🔹 350 миллион доллар эвазига А-380 автомобиль йўлининг 100 километри реконструкция қилинади. Қарши айланма йўли 5,5 километрга узайтирилади. Қарши–Помуқ ва Ғузор–Бейнов йўлларида тирбандликни камайтириш учун иккита йўл ўтказгич қурилади. 🔹 Қишлоқ хўжалигида қўшимча 200 минг кишининг даромадини ошириш мақсад қилинган. 40 минг гектар ерни ўзлаштириш, 100 минг гектар яйловда чорва озуқаси етиштириш режалаштирилмоқда. Импорт қилинган чорвани аҳолига сотишда ҚҚСнинг ноль ставкаси қўлланади. 🔹 550 миллиард сўмга 265 километр канал бетонлаштирилади, 20 та насос янгиланади. 75 минг гектарда сув тежовчи технологиялар жорий этилади. 🔹 300 мегаваттли қуёш электр станцияси, 75 мегаваттли энергия сақлаш тизими ва чиқиндидан электр оладиган 45 мегаваттли станция ишга туширилиши режалаштирилган. Нишон ва Кўкдалада иккита подстанция қурилади. 🔹 Вилоятда олтита янги саноат кластери ташкил этилади. GTL заводида 300 миллион долларлик учта лойиҳа тайёрланган, яна 1,5 миллиард долларлик нефть-кимё лойиҳасини амалга ошириш имконияти мавжуд. Президент Қашқадарё иқтисодиёти ўсиб бораётган бўлса-да, вилоят мавжуд имкониятларидан тўлиқ фойдаланмаётганини таъкидлаган. Ҳудуд аҳоли жон бошига саноат маҳсулотлари бўйича республикада 7-ўринда, хизматлар бўйича 9-ўринда, қишлоқ хўжалиги ва қурилиш ҳажми бўйича 11-ўринда турибди. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X

  4. edited

    🔴Президент маслаҳатчиси ўринбосари бўлган Алишер Кучиев ким ва шу пайтгача қаерда ишлаган? Алишер Исматович Кучиев Ўзбекистон Президентининг иқтисодий сиёсат бўйича маслаҳатчиси ўринбосари лавозимига тайинланди. Тайинлов Президент Администрацияси раҳбарининг фармойиши билан амалга оширилган. Бироқ Uzdiplomat’нинг суриштирувига кўра, тайинланган амалдорнинг таржимаи ҳоли, аввалги иш жойлари ва иқтисодий сиёсат соҳасидаги бошқарув тажрибаси ҳақида очиқ маълумотлар жуда кам. Очиқ манбаларда Алишер Кучиев исмли шахснинг Россиядаги Олий иқтисодиёт мактабида (НИУ ВШЭ) давлат секторида бошқарув ва таҳлил йўналишида таҳсил олгани ҳақида маълумот учрайди. Университетнинг 2019 йилги хабарида у учинчи курс талабаси сифатида тилга олинган. Шунингдек, Пекинда жойлашган Осиё инфратузилмавий инвестициялар банкида (AIIB) фаолият юритган. Мазкур банкнинг расмий ҳужжатларида ҳам Алишер Кучиев Ўзбекистондаги бир қатор лойиҳалар, жумладан, Бухоро вилоятида сув таъминоти ва канализация тизимини ривожлантириш, автомобиль йўлларини яхшилаш ва темир йўлларни электрлаштириш лойиҳалари жамоаси аъзоси сифатида қайд этилган. Ҳамда, Россия компаниялари реестрида Алишер Исматович Кучиев 2022 йилда ташкил этилган «ККЗ Консалтинг» компаниясининг таъсисчиларидан бири сифатида қайд этилган. Компания 2024 йилда тугатилган. Алишер Кучиев 2019 йилдан буён қаерларда ишлаган, қандай лавозимларни эгаллаган ва Президентнинг иқтисодий сиёсатига оид қарорлар тайёрлашда иштирок этиш учун қандай тажриба орттирган? Президент маслаҳатчисининг ўринбосари мамлакат иқтисодий сиёсати билан боғлиқ масъулиятли лавозимлардан бири ҳисобланади. Бундай тайинловларда жамоатчилик номзоднинг малакаси, иш тажрибаси ва аввалги фаолияти ҳақида маълумот олиш имкониятига эга бўлиши муҳим. Ҳозирча Алишер Кучиевнинг ушбу лавозимгача бўлган меҳнат фаолияти ҳақида давлат порталида расмий таржимаи ҳол эълон қилинмади. Айни пайтда Президентнинг иқтисодий сиёсат бўйича маслаҳатчиси лавозимида Камолиддин Мардонов фаолият юритмоқда. У 2026 йил 3 октябрда ушбу вазифага тайинланган. 2025 йил июлида Президентнинг иқтисодий сиёсат бўйича маслаҳатчиси ўринбосари этиб Галина Саидова тайинланганди. Шунингдек, Обид Ҳакимов ҳам маслаҳатчи ўринбосари — Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори вазифасини бажарган. Кейинчалик Ҳакимов маслаҳатчи лавозимига кўтарилган. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X

  5. 🔴Ўзбекистонда никоҳлар сони кетма-кет тўрт йилдан буён камаймоқда Ўзбекистонда оила қураётганлар сони йил сайин қисқармоқда. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилда мамлакатда 267,1 мингта никоҳ қайд этилган. Бу сўнгги йиллардаги энг паст кўрсаткичлардан бири. Қизиғи, 1991 йилда Ўзбекистон аҳолиси қарийб 21 миллион киши бўлган ва ўша йили 270,3 мингта никоҳ тузилган. 2025 йилга келиб аҳоли сони 38 миллиондан ошганига қарамай, никоҳлар сони мустақилликнинг илк йилидаги кўрсаткичдан ҳам паст бўлган. ✔️ Рақамлар нима дейди? 2018 йил — 311,4 мингта; 2021 йил — 305,2 мингта; 2022 йил — 296,7 мингта; 2023 йил — 283,8 мингта; 2024 йил — 271,8 мингта; 2025 йил — 267,1 мингта. Демак, 2021 йилдан 2025 йилгача никоҳлар сони 38,1 мингтага ёки 12,5 фоизга камайган. 2026 йилнинг биринчи ярмида эса 92,3 мингта никоҳ расмийлаштирилган. Никоҳлар сонининг камайишига ёшларнинг оила қуришни кечиктириши, уй-жой масаласи, тўй харажатлари, меҳнат миграцияси ва иқтисодий омиллар таъсир кўрсатаётган бўлиши мумкин. ❓Сиз нима деб ўйлайсиз, бугун ёшларнинг оила қуришга шошилмаётганига асосий сабаб нима — иқтисодий қийинчиликларми, тўй харажатларими ёки қадриятлар ўзгараётганими? Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X

  6. 📄uzdiplomat иқтибоси: «Рус тили орқали мавқега чиққан амалдор ҳар доим ўзбек тилига қарши бўлади. Ҳозирги давргаям тегишли бу гап». 2023 йил, октябрь Бахтиёр Исaбек, Тилшунос, Турколог олим (1945-2025) Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X

  7. 🔴​ “Чой ёки қаҳва ичамизми?” Британия элчисининг ўзбек тилида энг кўп ишлатадиган 10 та ибораси 21 октябрь — Ўзбек тили байрами муносабати билан Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси Тимоти Смарт ўзбек тилида мурожаат қилиб, кундалик ҳаёти ва дипломатик фаолиятида энг кўп ишлатадиган иборалари билан бўлишди. Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ижтимоий тармоқларда элчи Тимоти Смарт иштирокидаги видеороликни эълон қилди. Унда дипломат ўзбек тилида сўзлаб, энг кўп қўллайдиган ибораларини санаб ўтди. «Бугун Ўзбек тили байрами муносабати билан элчи сифатида кундалик ҳаётимда ишлатадиган 10 та ўзбекча иборани сиз билан бўлишмоқчиман», — дея мурожаат қилди элчи. У «Ассалому алайкум», «Қандайсиз?», «Хонимлар ва жаноблар, хуш келибсиз», «Жуда яхши таклиф», «Биргаликда ишлаймиз», «Катта раҳмат», «Омад тилайман» каби ибораларни ўзбек тилида талаффуз қилди. Шунингдек, дипломат «Чой ёки қаҳва ичамизми?» дея ўзбекона меҳмондўстликка хос иборани ҳам ишлатди. Элчининг рўйхатида «Ўзбекистон ва Буюк Британия дўстлиги учун» деган тилак ҳам ўрин олди. Тимоти Смарт видеомурожаатини ҳам ўзбек тилида якунлаб, эътибор, дўстлик ва ҳамкорлик учун миннатдорлик билдирди ҳамда барчани байрам билан табриклади. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X

  8. 🔴Шавкат Мирзиёев тил байрами табригида ўзбек тилида илмий адабиётлар етишмаслигини қайд этди ✔️Эндиликда муаммони ҳал қилишга маблағ ажратиладими? Президент Шавкат Мирзиёев ўзбек тилида тиббиёт, муҳандислик, иқтисодиёт ва бошқа соҳалар бўйича замонавий илмий адабиётлар, сифатли таржималар ва электрон ресурсларга эҳтиёж катталигига эътибор қаратди. Президент 21 октябрь — Ўзбек тили байрами муносабати билан йўллаган табригида давлат тилининг илм-фан ва замонавий технологиялардаги ўрнини мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидлади. Хусусан, тиббиёт, муҳандислик ва иқтисодиёт каби соҳаларда ўзбек тилида ишончли таржималар, замонавий дарсликлар ва электрон манбаларга бўлган эҳтиёжга эътибор қаратилди. Бу муаммо, айниқса, олий таълим муассасалари талабалари, илмий тадқиқотчилар ва мутахассислар учун долзарб. Замонавий илмий адабиётларнинг ўзбек тилида етарли эмаслиги талабаларнинг билим олиш имкониятларига таъсир қилиши мумкин. Бироқ илмий адабиётларни таржима қилишнинг ўзи етарли эмас. Бунинг учун соҳавий мутахассислар, малакали таржимонлар, илмий муҳаррирлар ва нашриётлар ҳамкорлиги, шунингдек, барқарор молиялаштириш тизими зарур. Бу ҳақида тегишли ташкилот давлат тилини ривожлантириш марказининг фаоллиги сезилмайди. Зеро, давлат тилининг илм-фан тилига айланиши фақат байрам табриклари ва вазифалар белгилаш билан эмас, балки ўзбек тилида яратилган сифатли илмий адабиётлар, ресурслар билан ҳам баҳоланади. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X

  9. edited

    🔴Президент: Қашқадарёда аҳоли даромади ошди Вилоятда аҳоли жон бошига даромад беш йилда уч баробар ошгани айтилди Президент Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятида сўнгги беш йилда аҳоли жон бошига даромад уч баробар ошганини маълум қилди. Президентнинг Қашқадарё вилоятига ташрифи доирасида ҳудудда амалга оширилган иқтисодий ўзгаришлар ва янги инвестиция лойиҳалари ҳақида маълумот берилди. Расмий ахборотга кўра, сўнгги беш йилда вилоятга 20 триллион сўм маблағ йўналтирилган, 7 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилинган. Шу даврда аҳоли жон бошига даромад уч баробар ошгани қайд этилди. Шунингдек, вилоятда умумий қиймати 6 миллиард доллардан ортиқ бўлган 161 та инвестиция лойиҳаси тақдим этилди. Улардан 69 таси ишга туширилгани, яна 92 тасининг қурилиши бошлангани маълум қилинди. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X

  10. 🔴Устюртда газ қидириш учун 6 километргача чуқурликда 30 та қудуқ бурғиланади «Ўзбекнефтгаз» Хитойнинг CNPC корпорацияси таркибидаги XIBU билан Устюртда 30 та янги қидирув-разведка қудуғини бурғилаш бўйича шартнома имзолаган. 2026–2028 йилларга мўлжалланган лойиҳанинг мақсади чуқур қатламлардаги янги нефть-газ захираларини аниқлашдан иборат. Гап фақат чуқур қазишда ҳам эмас. Компаниялар Устюртда қия йўналтирилган ва горизонтал бурғилаш технологияларини қўллашни ҳам муҳокама қилган. Августда учта қудуқда бурғилаш бошлангани хабар қилинган. Янги ҳамкорлик масалалари CNPC президентининг Тошкентга ташрифи давомида кўриб чиқилди. 20 октябрь куни Чжоу Синхуай «Ўзбекнефтгаз» раиси Абдуғани Сангинов билан қўшма лойиҳаларни жадаллаштириш ва конлардан газ олиш самарадорлигини оширишни муҳокама қилди, деб хабар бермоқда жамият матбуот хизмати. Учрашувда Бойсундаги «М-25» конида авария оқибатларини бартараф этиш ва ички бозорни ёқилғи билан барқарор таъминлаш масаласи ҳам кўтарилган. Биринчи йўналишда қутқарув қудуқларини бурғилаш, иккинчисида нефть маҳсулотларини узоқ муддатли етказиб бериш механизмларини ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда. Шунингдек, қўшма лойиҳаларни мувофиқлаштириш учун Тошкентда CNPCнинг доимий ваколатхонасини очиш таклиф этилди. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X

  11. 🔴Тошкент яна чанг остида ✔️Мутасаддилар дарахтларни ювишга киришди лекин, одамлар ўпкасини ювиш имконсиз… Тошкентда ёғингарчилик камлиги ва чангланиш кучайиши шароитида дарахтлар ҳамда яшил ҳудудларни сув билан ювиш ишлари олиб борилмоқда. Расмий ахборотга кўра, 2026 йил сентябрь ойи ўта қуруқ келган. Октябрь бошидан буён пойтахтда 11 мм ёғингарчилик кузатилган. Бу ойлик ўртача меъёр — 24 ммдан кам. Махсус ободонлаштириш хизматлари техникалар ёрдамида дарахт шохлари ва баргларини чангдан тозаламоқда. Шунингдек, шаҳарнинг айрим ҳудудларига сув сепилмоқда. Бироқ дарахтларни ювиш ҳаво ифлосланиши муаммосини ҳал қила оладими? Мутахассислар нуқтаи назаридан, баргларда тўпланган чангни ювиш вақтинчалик фойда бериши мумкин. Аммо ҳаводаги майда PM2.5 заррачаларини сезиларли камайтириш учун транспорт, қурилиш, саноат ва бошқа ифлослантирувчи манбалардан чиқадиган зарарли моддаларни чеклаш зарур. Расмий хабарда ҳам бу чоралар табиий ёғингарчилик ўрнини босмаслиги ва чанг муаммосини бутунлай ҳал қилмаслиги тан олинган. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X

  12. 🔴 Самарқанд ва Сирдарёда Турдимовнинг матбуот котиби бўлган ходим вазирликда департамент раҳбари этиб тайинланди Манучеҳр Мирзаев Таълим ва илм-фан вазирлигининг Рақамли трансформация ва ахборот сиёсати департаменти раҳбари лавозимига тайинланди. Мирзаев 2019 йилдан буён Эркинжон Турдимов билан бирга ишлаб келган. У 2019–2025 йилларда Самарқанд вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари, вилоят ҳокимининг матбуот котиби ва ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси бўлган. 2025 йил февраль ойида Эркинжон Турдимов Сирдарё вилояти ҳокими этиб тайинлангач, Мирзаев ҳам унинг ортидан Сирдарёга ўтган. 4 февралда Турдимовнинг қарори билан у Сирдарё вилояти ҳокимлиги матбуот котиби лавозимига тайинланган. Эндиликда Манучеҳр Мирзаев Турдимов раҳбарлик қилаётган Таълим ва илм-фан вазирлигида департамент раҳбари сифатида фаолият юритади. Шу тариқа, Мирзаев Эркинжон Турдимов билан Самарқанд ва Сирдарё вилояти ҳокимликларидан кейин янги вазирликда ҳам ишлашни давом эттиради. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X

  13. edited

    🔴 Президент қонунни имзолади 33 йил деганда Ўзбекистонда лотин алифбоси баҳсига нуқта қўйилди Бу ҳақда Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева 21 октябрь — Ўзбек тили байрами куни муносабати билан эълон қилган баёнотида маълум қилди. Саида Мирзиёева алифбодаги ўзгаришларни кўп йиллик баҳсларга нуқта қўйган қарор сифатида баҳолади. «Ниҳоят, узоқ йиллик тарихий хато тузатилди», — деб ёзди у. Маълум қилинишича, такомиллаштирилган алифбо 28 та ҳарф ва битта тутуқ белгисидан иборат бўлади. Амалдаги алифбода эса 26 та ҳарф ва 3 та ҳарф бирикмаси мавжуд. Саида Мирзиёева 2023 йил 11 декабрда жадидлар меросига бағишланган конференцияда алифбони ислоҳ қилиш ташаббусини илгари сурганини эслатди. Унинг фикрича, ўзгаришлар ёзувдаги ноқулайликларни бартараф этиш ва ўзбек тилининг рақамли макондаги имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади. Янги қонунга кўра, фуқароларнинг амалдаги ҳужжатларини қайта расмийлаштириш талаб этилмайди. Миллий валюта ва қимматли қоғозлар ҳам ўз кучида қолади. Дарсликлар, пешлавҳалар ва кўрсаткичлар эса яроқлилик муддати тугагач, босқичма-босқич алмаштирилади. Бу орқали алифбо ислоҳоти билан боғлиқ харажатларни камайтириш кўзда тутилган. Эслатма, қонун 10 сентябрда Сенат томонидан маъқулланган эди. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X

  14. 🔴 2030 йил 1 январдан Ўзбекистонда тиббиёт ва фармацевтика билан фақат давлат рўйхатидан ўтган шахслар шуғулланиши мумкин Ўзбекистонда 2030 йилдан бошлаб шифокорлар ва фармацевтика ходимлари давлат рўйхатидан ўтмасдан касбий фаолият билан шуғуллана олмайди. Янги тартиб тиббиёт ходимларининг малакасини назорат қилишга қаратилган. Бироқ бу амалиёт шифокорлар учун қўшимча бюрократик жараёнга айланмайдими? Ҳукумат қарорига мувофиқ, 2030 йил 1 январдан тиббиёт ва фармацевтика соҳасида ишлаш ҳуқуқи фақат давлат рўйхатидан ўтган мутахассисларга берилади. Ушбу ҳуқуқ беш йил амал қилади ва муддат тугагач қайта расмийлаштирилиши керак. Ishonch.uz хабар беришича, 2027 йил 1 июлдан 2030 йилгача рўйхатдан ўтиш ихтиёрий бўлади. Бу жараён махсус имтиҳон натижалари ёки малака тоифаси берилаётганда автоматик тарзда амалга оширилади. Камида 20 йиллик иш стажи ва илмий даражага эга мутахассислар имтиҳонсиз рўйхатдан ўтказилади. Аризалар Давлат хизматлари марказлари, Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки махсус электрон платформа орқали қабул қилинади. Қарор беш иш кунида чиқарилиши белгиланган. Янги тизимдан кўзланган мақсад тиббиёт ходимларининг малакасини мустақил баҳолаш, касбий фаолиятни тартибга солиш ва тиббий хизмат сифатини яхшилашдан иборат. Бироқ масаланинг иккинчи томони ҳам бор. Бугун шифокорлар диплом олиш, мутахассислик бўйича тайёргарликдан ўтиш, малака ошириш ва аттестация каби жараёнларни бошдан кечиради. Энди уларнинг касбий фаолиятни давом эттириш ҳуқуқи ҳам даврий давлат рўйхатидан ўтишга боғланмоқда. Бу ерда савол туғилади: беш йиллик рўйхатдан ўтиш шифокорнинг ҳақиқий билим ва амалий кўникмаларини баҳолайдими ёки навбатдаги расмий талабга айланадими? Айниқса, чекка ҳудудларда мутахассислар етишмаслиги шароитида рўйхатдан ўтиш жараёнининг қўшимча вақт ва харажат талаб қилиши тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятларига салбий таъсир кўрсатмаслиги муҳим. Яна бир масала — рўйхатдан ўта олмаган, бироқ кўп йиллик амалий тажрибага эга тиббиёт ходимларининг тақдири. Уларга қайта имтиҳон топшириш имконияти қандай берилади? Шу даврда ишлаш ҳуқуқи сақланадими? Uzdiplomat Соғлиқни сақлаш вазирлигининг мазкур масалалар юзасидан ахборотларини топа олмади. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X

  15. edited

    🔴Ўзбекистонда болалар камбағаллиги 4 баробарга камайгани айтилмоқда. Аммо бу ўзгариш ҳар бир оила ҳаётида сезиляптими? Сўнгги икки йилда инклюзив мактаблар сони 5 баробарга ошган. Ногиронлиги бўлган болаларнинг 85 фоиздан ортиғи таълим хизматларига жалб этилган. Бу рақамлар Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев «Болалар фаровонлигига инвестиция: келажак авлодларнинг барқарор ва адолатли тараққиёти сари йўл» бутунжаҳон саммити иштирокчиларига табригида акс этди. Президент табригида келтирилишича, мамлакатда сўнгги йилларда болалар таълими, соғлиғини сақлаш ва ижтимоий ҳимоя қилиш соҳаларида қуйидаги натижаларга эришилган: ✔️Сўнгги беш йилда болалар камбағаллиги қарийб 4 баробарга қисқарган. ✔️Мактабгача таълим қамрови 27,7 фоиздан 78 фоизга етган. ✔️Олти ёшли болаларнинг қарийб 100 фоизи мактабга тайёрловга жалб қилинган. ✔️Инклюзив мактаблар сони икки йилда 5 баробарга ошган. ✔️Ногиронлиги бўлган болаларнинг 85 фоиздан ортиғи таълим хизматлари билан қамраб олинган. ✔️Туғруқ жараёнида оналар ўлими ва болаларнинг ўсишдан ортда қолиши икки баробарга қисқарган. ✔️Олий таълим қамрови 9 фоиздан 45 фоизга ошган. Шунингдек, давлат раҳбари ислоҳотлар натижаси фақат статистик рақамларда эмас, балки ҳар бир бола ва оила ҳаётида сезилиши кераклигига эътибор қаратган. «Чекка ҳудуддаги болага шифокор ўз вақтида етиб боряптими? Мактабда унга ўрганиш учун зарур шароит борми? Зўравонликка дуч келганида у ишонч билан ёрдам сўрай оладими? Биз ўз фаолиятимизни ана шу саволларга бериладиган амалий жавоблар билан баҳолашимиз лозим», — дейилади Президент табригида. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X

  16. 🔴 Навоий ва Чирчиқ аҳолисининг даромади ҳам, харажати ҳам текширилади Нега назорат амалдорлардан бошланмаяпти? Ўзбекистонда фуқароларнинг йиллик даромадлари ва харажатларини декларациялаш тизими синовдан ўтказилмоқда. Янги тартибга кўра, солиқ органлари фуқаролар қанча даромад топгани билан бирга, уй-жой, автомобиль, коммунал хизматлар ва кредитлар учун қанча маблағ сарфлаганини ҳам ҳисобга олади. Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 19 октябрдаги 574-сон қарори билан Навоий ва Чирчиқ шаҳарларида яшовчи фуқаролар ҳамда солиқ органлари ходимлари учун йиллик даромад декларациясини тақдим этишнинг вақтинчалик тартиби тасдиқланди. Тажриба-синов 18 ёшга тўлган ва мазкур шаҳарларда доимий рўйхатга олинган фуқароларга татбиқ этилади. Декларациялар 2026–2027 йилларда олинган даромадлар бўйича топширилади. Батафсил ўқиш Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X

  17. 🔴Россияда мигрантлар устидан назорат кучаймоқда: Новосибирскдан 32 нафар ўзбекистонлик чиқариб юборилди Россиянинг бир қатор ҳудудларида миграция рейдлари ўтказилиб, юзлаб хорижликларни мамлакатдан чиқариб юбориш ҳақида қарорлар қабул қилинмоқда. Текширувлар қурилиш майдонлари, бозорлар, омборлар, хостеллар ва турар жойларни қамраб олган. Новосибирск вилоятида миграция қоидаларини бузганлик учун 32 нафар Ўзбекистон фуқароси Россиядан чиқариб юборилган. «ОТС–Горсайт» ҳудудий суд ижрочилари бошқармасига таяниб ёзишича, улар мамлакатга кириш ва бўлиб туриш талабларига риоя этмаган. Қайтиш чипталарини фуқаролар ўз ҳисобидан сотиб олган. Вилоятдан ўтган бир ҳафтада жами 91 нафар хорижлик чиқариб юборилган. Москвада ҳам юзлаб хорижликлар бўйича қарор чиқарилган. Полициянинг 20 октябрдаги маълумотига кўра, текширувларда 1,3 мингдан зиёд миграция қоидабузарлиги аниқланган. Судлар 284 нафар хорижликни мамлакатдан чиқариб юбориш ҳақида қарор қабул қилган, яна 860 нафардан ортиқ шахснинг Россияга кириши тақиқланган. Москва вилоятининг Дмитров округида «Нелегал–2026» тадбирлари доирасида 160 нафар хорижлик қоидабузарлик учун жавобгарликка тортилган. Россия ИИВ маълумотига кўра, улардан 147 нафари мамлакатни мустақил тарк этиши керак. Аввалги чиқиб кетиш талабини бажармаган 13 киши эса мажбурий чиқариб юбориш учун вақтинча сақлаш марказига жойлаштирилган. Санкт-Петербургдаги улгуржи-тақсимот мажмуасида ҳам ОМОН иштирокида рейд ўтказилган. Росгвардиянинг 19 октябрдаги хабарига кўра, 98 нафар хорижлик текширилиб, тўрт нафарида миграция қоидалари бузилгани аломатлари аниқланган ва улар полиция бўлимига олиб борилган. Миграция назоратида рақамли воситалар ҳам кенгаймоқда. Россия ИИВ маълумотига кўра, 2026 йил 1 сентябрдан Москва ва Москва вилоятида «Амина» иловаси орқали ҳисобга олиш талаби визасиз, меҳнатдан бошқа мақсадларда 90 кундан ортиқ муддатга келган хорижликларга ҳам татбиқ этилган. Илованинг вазифаларидан бири — шахснинг ҳақиқий яшаш жойи ҳақида геолокация орқали маълумот юбориш. Вояга етмаганлар, вақтинча ёки доимий яшаш рухсати бор шахслар ва айрим бошқа тоифалар учун истиснолар мавжуд. Эслатиб ўтамиз, визасиз келган хорижликлар учун умумий бўлиб туриш муддати бир календарь йилда жами 90 кун. Амалдаги патент ёки қонунда белгиланган бошқа асослар бўлса, бу муддат узайтирилади. Россияда қолиш учун қонуний асосини йўқотган шахслар эса махсус реестрга киритилиб, уларнинг банк операциялари ва айрим бошқа ҳуқуқларига чекловлар қўйилиши мумкин. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X

  18. uzdiplomat иқтибоси: 🖍 «Ўзбек тили муаммоларини ҳал этиш эмас, ҳал этаётганга ўхшаб кўринишни ўйлаяпмиз». ҚОЗОҚБОЙ ЙЎЛДОШЕВ, адабиётшунос олим февраль, 2020 йил Каналга уланиш:✏️ https://t.me/uzdiplomat

  19. 🔴Эркинжон Турдимовга уч нафар ўринбосар тайинланди Президентнинг тегишли қарори билан Таълим ва илм-фан вазирлиги раҳбариятида янги тайинловлар амалга оширилди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар берди. Ойбек Йўлдошев — вазирнинг биринчи ўринбосари этиб тайинланди. У бунга қадар «PwC Uzbekistan» компаниясининг давлат сектори, инфратузилма ва ESG бўйича консалтинг амалиёти директори бўлиб ишлаган. Меҳринисо Пардаева — вазир ўринбосари лавозимига тайинланди. У аввал Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик марказида бошқарма бошлиғи бўлган. Санжар Мирзалиев — вазир ўринбосари этиб тайинланди. Тайинловга қадар Беларусь–Ўзбекистон қўшма тармоқлараро амалий техник квалификациялар институтининг ижрочи директори лавозимида фаолият юритган. Эслатиб ўтамиз, Эркинжон Турдимов 9 октябрь куни бош вазирнинг биринчи ўринбосари — таълим ва илм-фан вазири этиб тайинланганди. Янги вазирлик президентнинг 3 октябрдаги фармони билан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги негизида ташкил этилган. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X

  20. 🔴«Ўзбекистонга тез-тез келишингизга тўғри келади» — Рубио америкалик бизнесменларга уй сотиб олишни тавсия қилди АҚШ Давлат котиби Марко Рубио 19 октябрь куни Самарқандда ўтган Ўзбекистон–АҚШ ишбилармонлик ва инвестиция кенгашининг иккинчи йиғилишида икки мамлакат ҳамкорлиги кенгайишини таъкидлади. «Жаноб Президент, сиз мамлакатингизни дунёга очдингиз», — деди Рубио Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилиб. У америкалик ишбилармонларга Ўзбекистондан квартира сотиб олиш ҳақида ҳам гапирган: «Ҳамкорлик тобора кенгайиб боради. Балки бу ердан квартира ёки кичикроқ уй сотиб олишингиз ҳам керак бўлар. Чунки энди Ўзбекистонга тез-тез келишингизга тўғри келади». Рубио нутқида АҚШнинг аввалги ташқи сиёсатига танқидий баҳо ҳам берди. Унинг фикрича, Вашингтон кўп вақт шошилинч инқирозларни ҳал қилишга эътибор қаратиб, узоқ муддатли ҳамкорлик имкониятларини бой берган. Давлат котиби Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон билан алоқаларни анча олдин ва кенгроқ ривожлантириш керак бўлганини айтди. Йиғилишда Мирзиёев қарийб 12 миллиард долларлик 54 та келишув ва истиқболли ташаббусдан иборат пакет шакллантирилганини маълум қилди. Шунингдек, 2035 йилгача савдо, инвестиция ва технологик ҳамкорлик бўйича қўшма дастур ишлаб чиқишни таклиф этди. Президент матбуот хизматига кўра, йил бошидан икки давлат ўртасидаги савдо ҳажми 35 фоизга ошган. Муҳим минераллар, энергетика, транспорт, сунъий интеллект ва рақамли технологиялар ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари сифатида белгиланган. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X

  21. Older posts