🔴Тошкентдаги 35 та бозор сотувга тайёрланмоқда Пойтахтдаги бозорлар ва савдо комплексларининг молиявий ҳолати, мулкдорлари, қарздорликлари ҳамда кадастр ҳужжатлари текширилади. Хатлов натижалари асосида уларни оммавий савдоларга чиқариш бўйича таклифлар тайёрланади. Тошкент шаҳридаги бозор ва савдо комплекслари хатловдан ўтказилади. Бу жараён 2026–2027 йилларда пойтахтни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари доирасида амалга оширилади. Тошкент шаҳар ҳокимлиги маълумотига кўра, хатлов давомида бозорлар ҳудудидаги бино ва иншоотларнинг кадастр ҳужжатлари, мол-мулк ва мулкдорлар рўйхати ўрганилади. Шунингдек, ноқонуний қурилишлар, ер майдонларининг чегаралари, муҳофаза зоналари ва мавжуд чекловлар текширилади. Бозорларнинг солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарздорликлари ҳам таҳлил қилинади. Ўрганишлар якунида бозорлар активларидан самарали фойдаланиш, жумладан, уларни оммавий савдоларга чиқариш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилади. Эътиборлиси, президентнинг 2026 йил 27 июлдаги ПҚ-279-сон қарори билан Тошкентдаги 35 та бозор, савдо комплекси ва уларнинг шохобчаларини оммавий савдоларга чиқариш назарда тутилган. Рўйхатдан «Чилонзор», «Ўрикзор», «Бек тўпи», «Паркент», «Янгиобод» савдо комплекслари, шунингдек, «Сергели», «Фарҳод», «Қўйлиқ», «Авиасозлар», «Наврўз» ва бошқа бозорлар ўрин олган. Аввалроқ Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов бозорларни модернизация қилиш жараёнида улар ўз фаолиятини сақлаб қолишини, инвесторларга эса амалдаги тадбиркорларнинг иш ўринларини сақлаш шарти қўйилишини билдирган эди. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X