🔴Энди банк кредит учун сизнинг охирги пулингизни ечиб ололмайди Ўзбекистонда банкларга кредит қарздорлигини ундиришда мижозни бутунлай пулсиз қолдириш тақиқланмоқда. Марказий банкнинг янги қарорига кўра, банк мижознинг розилигисиз кредит тўловини ечиб олаётганда унинг карталарида меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг камида ярми сақланиши шарт. Марказий банк бошқарувининг 2026 йил 15 сентябрдаги қарори билан тижорат банклари фаолиятига қўйиладиган минимал талабларга ўзгартириш киритилди. Ҳужжат 9 октябрда Адлия вазирлигида рўйхатидан ўтказилган. Янги тартибга кўра, банк ва мижоз ўртасида тузилган шартнома асосида кредит ёки кафиллик тўловлари мижознинг алоҳида топшириғисиз ечиб олинаётганда, унинг барча банк карта ҳисобварақларида жами камида меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг ярмига тенг маблағ қолдирилиши керак. Яъни банк кредит қарзини ундириш учун мижознинг карталаридаги барча пулни ечиб олиб, уни яшаш учун зарур маблағсиз қолдириши мумкин бўлмайди. Бироқ бу кредит қарзини тўламаслик мумкинлигини англатмайди. Қарздорнинг тўлов мажбурияти сақланиб қолади. Янги чеклов айнан банк томонидан мижознинг алоҳида топшириғисиз пул ечиб олинишига тааллуқли. Қарор ҳозирча кучга кирмаган. Ҳужжатга кўра, янги талаб расмий эълон қилинган кундан уч ой ўтгач амал қила бошлайди. Маълумот учун, 2026 йил 1 сентябрдан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори 1 360 000 сўмни ташкил этади. Демак, янги талабга кўра, банк мижознинг барча карталарида жами камида 680 минг сўм қолдириши шарт бўлади. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X