Тўрт ҳудудда чанг-тўзон кутилмоқда. Тошкентда ҳаводаги PM10 миқдори меъёрдан ошди Бугун Қорақалпоғистон, Хоразм, Бухоро ва Навоийнинг айрим жойларида шамол тезлиги секундига 13–18 метргача кучайиб, чанг-тўзон кўтарилиши мумкин. Бу ҳақда Ўзгидромет хабар берди. Республика бўйлаб кундузи ёғингарчилик кутилмайди. Ҳаво ҳарорати аксарият ҳудудларда 15–20 даража, шимолда 10–15 даража илиқ бўлади. Шамол асосан секундига 7–12 метр тезликда эсади. Тошкентда ҳам ёғингарчилик кутилмаяпти. Ҳарорат 16–18 даража илиқ, шамол тезлиги секундига 3–8 метр бўлиши прогноз қилинган. Тоғли ҳудудларда эса ҳаво 11–16 даражагача илийди. Шу билан бирга, Ўзгидрометнинг бугун эълон қилган мониторинг маълумотида пойтахт ҳавосидаги PM10 заррачалари миқдори 9:00 да 137 мкг/м³ бўлгани қайд этилган. Бу хабарда кўрсатилган 75 мкг/м³ меъёрдан қарийб 1,8 баравар юқори. PM2,5 заррачалари миқдори эса 43 мкг/м³ни ташкил этган ва Ўзгидромет келтирган 60 мкг/м³ меъёрдан ошмаган. Бу заррачалар нимаси билан хавфли? PM10 — ўлчами 10 микрометргача бўлган, нафас билан организмга кириши мумкин бўлган заррачалар. Уларнинг таркибида шамол кўтарган тупроқ ва йўл чанги ҳам бўлиши мумкин. PM2,5 эса янада майда заррачалардир. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, заррачали ифлосланишнинг қисқа ва узоқ муддатли таъсири нафас йўллари ҳамда юрак-қон томир касалликлари хавфи билан боғлиқ. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X