🔴Ўзбекистонда дори бозорининг қарийб ярми 5 та импортёр қўлида ✔️Рақобат қўмитаси огоҳлантириш билан чиқди Ўзбекистонда айрим йирик дори етказиб берувчилар харидоргир препаратларни сотиш учун дорихоналардан бошқа, буюртма қилинмаган дориларни ҳам сотиб олишни талаб қилаётгани ҳақида шикоятлар кўпаймоқда. Рақобат қўмитаси бундай ҳолатларни ўрганишни бошлади. Қўмита маълумотига кўра, 2026 йилнинг дастлабки 9 ойида Ўзбекистонга 305 та корхона дори воситалари импорт қилган. Бироқ жами импортнинг 47,2 фоизи бор-йўғи 5 та компания ҳиссасига тўғри келган. Бу дори импортининг салмоқли қисми саноқли компаниялар қўлида тўпланганини кўрсатади. Дорихоналар бозорида ҳам ўзгаришлар кузатилмоқда. 2023 йилда мамлакатда 8 584 та асосий чакана дорихона фаолият юритган бўлса, 2026 йил 1 октябрга келиб уларнинг сони 7 940 тага тушган. Яъни мустақил дорихона нуқталари сони 7,5 фоизга қисқарган. Айни пайтда дорихона филиаллари сони 4 639 тадан 6 209 тага етиб, 33,8 фоизга кўпайган. Бу бозорда дорихоналар тармоқлари кенгайиб бораётганидан далолат беради. Муаммо нимада? Қўмитага кўра, айрим импортёр ва улгуржи дистрибьюторлар талаб юқори бўлган дориларни етказиб беришда дорихоналарга қўшимча шартлар қўяётган бўлиши мумкин. Масалан, дорихона харидорлар кўп сўрайдиган битта препаратга буюртма беради. Аммо етказиб берувчи уни сотиб олиш учун бошқа, дорихонага керак бўлмаган дориларни ҳам харид қилишни шарт қилиб қўяди. Бундай амалиёт кичик дорихоналарни ортиқча харажат қилишга мажбурлаши, уларнинг рақобатлашиш имкониятини чеклаши мумкин. Қонунбузарларга тушумининг 5 фоизи миқдорида жарима солиниши мумкин. «Рақобат тўғрисида»ги қонунга кўра, бозордаги устун музокара кучидан фойдаланиб, харидорга кераксиз товарларни мажбуран сотиш ёки рақобатчилар маҳсулотини харид қилишни чеклаш тақиқланади. Бундай қонунбузарликлар учун тегишли товарларни сотишдан олинган тушумнинг 5 фоизи миқдорида молиявий санкция қўлланилиши мумкин. Ҳисоб-китобда ҳуқуқбузарлик даври, бироқ кўпи билан охирги уч йил инобатга олинади. Ҳозирча қўмита муайян компанияларни айбдор деб топгани йўқ. Шикоятлар ўрганилмоқда. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X