Uzdiplomat | Расмий канал

@uzdiplomat · news · Belarusian · active

Янгиликлар, танқидий-таҳлилий мақолалар, журналистик суриштирувлар UzDiplomat.uz — Адолат очиқликдан бошланади •facebook.com/uzdiplomat •instagram.com/uzdiplomat.uz •youtube.com/@uzdiplomat Реклама: +99893 571 72 35 Таҳририятга мурожаат— @uzdiplomat_uz

Subscribers 34.8K Subscribers, last 30 days: 34.8K → 34.8K +0 24h
Reach per post (ERR) 22.4%7.8K avg views
Posting 8.7/day last 17 minutes ago
Reactions per 1K views 9.2 👍 ❤ 🤣
  1. edited

    🔴 «Амир Темур» фильми Озарбайжонда кенг бозорга чиқди Хусусий киноижодкорлар томонидан суратга олинган «Амир Темур» фильмининг Озарбайжонда премьераси бўлиб ўтди. Фильм Ўзбекистонда намойиш этилиши жараёнида эса ижодкорлар қатор сунъий тўсиқларга дуч келганини айтган эди. 26 август куни I Лачин халқаро кинофестивали доирасида «Амир Темур» фильми Озарбайжон томошабинларига тақдим этилди. Премьера якунларига кўра, картинани мамлакатда кенг рақамли ва телевизион прокатга чиқариш режалаштирилгани маълум қилинди. Uzdiplomat аввалроқ фильмнинг Ўзбекистондаги намойиши билан боғлиқ муаммолар ҳақида ёзганди. Фильм дистрибьютори, кинорежиссёр Элдар Юлдашев Uzdiplomat билан суҳбатда ижодкорлар республика ичида ҳам, хорижий кинофестивалларда фильмни намойиш этиш жараёнида ҳам сунъий тўсиқларга дуч келганини айтган эди. Энди эса мазкур фильм Озарбайжонда нафақат фестиваль экранига чиқди, балки уни кенг аудиторияга олиб чиқиш бўйича келишувларга ҳам эришилди. Фестиваль доирасида Uzbekistan Content Distribution Hub тақдимоти ўтказилиб, янги хаб ва Озарбайжондаги «HochazFilm» киностудияси ўртасида ҳамкорлик келишуви имзоланди. Тадбирда Озарбайжон президентининг махсус вакили Месим Мамедов иштирок этиб, икки давлат ўртасидаги маданий алмашинув аҳамияти ҳақида гапирди ва Тошкент ҳамда Бухорога яқиндаги ташрифи ҳақидаги таассуротлари билан ўртоқлашди. Ўзбекистон томонидан Uzbekistan Content Distribution Hub директори ва «Амир Темур» фильми дистрибьютори Элдар Юлдашев ҳамда фильмда асосий роллардан бирини ижро этган актёр Маъруф Отажонов қатнашди. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X

  2. edited

    🔴Бухорода йил охиригача камбағаллик ва ишсизлик бўлмайди - Ботир Зарипов Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов йил якунига қадар вилоятда камбағаллик ва ишсизликни бартараф этиш мумкинлигини билдирди. У бу ҳақда Мустақиллик байрами арафасида янги объектларни ишга тушириш маросимида президент Шавкат Мирзиёев билан мулоқот чоғида айтди. Ҳокимнинг таъкидлашича, вилоят ялпи ҳудудий маҳсулотни 10 фоизга ошириш бўйича мажбурият олган. Шунингдек, ҳудудга 12 триллион сўмлик кредит ресурслари ажратилган. Зарипов яратилган имконият ва имтиёзлардан самарали фойдаланилса, йил охиригача Бухорода «камбағаллик ва ишсизлик бўлмайди», деган мақсадга эришиш мумкинлигини айтди. Вилоят раҳбари Бухородаги ҳозирги ўзгаришларни юқори баҳолаб, «Бухоронинг 2500 йиллик тарихида бугунгидек ривожланиш бўлмаган», дея таъкидлади. У тарихий обидалар, жумладан, Мир Араб мадрасаси, Арк ва Минораи Калонни асраш ҳамда реставрация қилиш учун ажратилган маблағларни алоҳида қайд этди. Президент Шавкат Мирзиёев эришилган натижаларни эътироф этар экан, ҳали ҳал қилиниши лозим бўлган масалалар кўплигини таъкидлади. У аввал Бухорода сув ва йўл билан боғлиқ жиддий муаммолар бўлганини эслатиб, натижалар юқори бўлса-да, бу ҳали барча вазифалар бажарилди дегани эмаслигини айтди. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X

  3. 🔴1 сентябрдан давлат боғчалари учун тўловлар ошади 1 сентябрдан давлат боғчалари учун ота-оналар тўлови ошади. Энди боғча пули базавий ҳисоблаш миқдорига (БҲМ) боғланади. Вазирлар Маҳкамасининг 24 августдаги ВМ–456-сон қарори билан шу тартиб жорий этилди. 1 сентябрдан БҲМ 412 минг сўмдан 440 минг сўмга ошади. Бу қарийб 6,8 фоиз ўсиш дегани. Масалан, энг кўп учрайдиган 9 соатлик гуруҳ учун ҳозир: - Тошкент шаҳрида — 272 минг сўм; - вилоят марказларида — 263 минг сўм; - туман марказларида — 178 минг сўм; - қишлоқ ва бошқа ҳудудларда — 125 минг сўм тўланади. БҲМ 440 минг сўм бўлгач, ҳисоб-китоб бўйича бу тўловлар тахминан: - Тошкентда — 290,5 минг сўмга; - вилоят марказларида — 280,9 минг сўмга; - туман марказларида — 190,1 минг сўмга; - қишлоқ жойларда — 133,5 минг сўмга етиши мумкин. Яъни 9 соатлик боғча учун ойлик тўлов ҳудудга қараб 8,5 минг сўмдан 18,5 минг сўмгача кўпайиши кутилмоқда. Муҳим ўзгариш шундаки, аввал боғча пули алоҳида белгиланган сумма бўйича тўланган бўлса, энди БҲМ ошган сари боғча тўлови ҳам ўзгариб боради. Бир оиладан икки ва ундан ортиқ бола давлат боғчасига қатнаса, улар учун амалдаги имтиёзли тарифлар сақланади. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X

  4. 🔴Жаҳон банки Ўзбекистонга газ сизиб чиқишини тўхтатиш учун $10,6 млн грант беради ✔️Носозлик туфайли Ўзбекистонда 35 млн куб метргача газ йўқотилмоқда Энди қишда газ бўладими? Ўзбекистонда қиш келиши билан газ масаласи яна кун тартибига чиқади. Босим пасайиши, айрим ҳудудларда газ таъминотидаги узилишлар ва импорт ҳажмининг ошиши муҳокама қилинади. Жаҳон банки Ўзбекистондаги газ сизиб чиқишларини камайтириш учун 10,6 млн доллар грант ажратади. Маблағнинг асосий қисми «Ўзтрансгаз» тизимидаги носозликларни таъмирлашга сарфланади. Жаҳон банки кўмагида ўтказилган ўрганишларда мамлакат бўйлаб «Ўзтрансгаз» объектларининг 1000 дан ортиқ нуқтасида газ сизиб чиқиши аниқланган. Ҳисоб-китобларга кўра, ушбу носозликлар туфайли 35 млн куб метргача газ йўқотилмоқда. Батафсил… Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X

  5. 🔴Қатарда ўзбекистонликларга 5,5 минг долларгача маошли ишлар таклиф қилинмоқда Ўзбекистонликлар Қатардаги Ulta Beauty дўконларида ишлашга таклиф қилинмоқда. Миграция агентлиги эълон қилган вакансияларда ойлик маош лавозимга қараб 1 450 доллардан 5 500 долларгача белгиланган. Аризалар 29 августга қадар қабул қилинади. Энг юқори маош дўкон бош менежери лавозими учун таклиф этилмоқда — ойига 5 500 доллар. Шунингдек, дўкон менежери ўринбосарига 4 000 доллар, мижозларга хизмат кўрсатиш менежерига 3 850 доллар, бўлим менежерига 3 050 доллар ва бренд бўйича тренинг мутахассисига 2 750 доллар маош белгиланган. Бошқа вакансиялар орасида визажист — 2 300 доллар, тери парвариши бўйича мутахассис — 2 200 доллар, косметика бўйича маслаҳатчи — 1 900 доллар, савдо визуализацияси мутахассиси — 1 500 доллар ҳамда маникюр ва педикюр устаси — 1 450 долларлик иш ўринлари бор. Иш берувчи Ўзбекистондан Қатарга авиачипта, ишчи визаси, аэропорт трансфери, тиббий суғурта ва Ватанга бориб-келиш авиачиптасини қоплайди. Аммо муҳим жиҳати — турар жой, овқатланиш ва ишга қатнов харажатларини ходимнинг ўзи тўлайди. Номзод 20 ёшдан катта, камида ўрта маълумотли бўлиши, инглиз тилида эркин мулоқот қила олиши ва тегишли соҳада камида икки йиллик иш тажрибасига эга бўлиши керак. Танловда аёллар ҳам, эркаклар ҳам қатнашиши мумкин. Маълумот учун, АҚШнинг йирик косметика ритейлери Ulta Beauty Яқин Шарқда фаол кенгаймоқда. Компания 2025 йилда Alshaya Group билан ҳамкорликда минтақа бозорига кирди. Дастлабки дўкон Қувайтда очилди, 2026 йил бошида эса Дубайда янги нуқталар ишга туширилди. Компания 2026 йил давомида Форс кўрфази давлатларида тармоқни яна кенгайтиришини маълум қилган. Қатарда ҳам бу жараён бошланган. Alshaya Group’нинг расмий вакансиялар саҳифасида ҳозир Ulta Beauty учун Қатарда косметика бўйича маслаҳатчи, тери парвариши мутахассиси ва визажист вакансиялари очиқ турибди. Айрим иш ўринларида жойлашув сифатида Villaggio кўрсатилган. Ўзбекистондан ходим жалб қилиш Ulta Beauty’нинг Қатардаги кенгайиши ва янги дўконлар учун кадрлар шакллантириш жараёни билан боғлиқ бўлиши мумкин. Ариза Миграция агентлигининг xorijdaish.uz платформаси орқали топширилади. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X

  6. АҚШ виза интервьюларини вақтинча тўхтатди: кимларга таъсир қилади? АҚШ маъмурияти мамлакатнинг барча элчихона ва консулликларида виза интервьюларига янги ёзилишларни вақтинча тўхтатди. Reuters хабар беришича, қарор консуллик ходимларини қўшимча ўқитиш билан боғлиқ. Давлат департаменти консуллик офицерларига виза талабгорларининг молиявий ҳолатини янада чуқур баҳолаш, келажакда АҚШда давлат ижтимоий ёрдамларига қарам бўлиб қолиш эҳтимоли юқори бўлган шахсларни аниқлаш бўйича янги тартибларни ўргатмоқда. Айрим иммиграцион виза талабгорларига аввал белгиланган интервьюлари бекор қилингани ҳақида хабарлар юборилган. Янги саналар кейинроқ маълум қилиниши айтилмоқда. Интервьюларга ёзилиш қачон тўлиқ тикланиши ҳозирча очиқланмаган. Шу билан бирга, Трамп маъмурияти 200 минггача B1/B2 — бизнес ва туристик визаларни қайта кўриб чиқиш ва бекор қилиш имкониятини ҳам кўриб чиқмоқда. Гап 2016–2026 йилларда ушбу визаларни олган ва кейин АҚШдан бошпана сўраган ёки ҳозир бошпана сўраш жараёнида бўлган хорижликлар ҳақида кетмоқда. Агар режа амалга ошса, бу АҚШ тарихида визаларни бир вақтда энг катта миқёсда бекор қилиш ҳолатларидан бири бўлиши мумкин. Яъни, АҚШ туристик ва бизнес визаларини умуман беришни тўхтатгани йўқ. Аммо виза олиш жараёнида текширувлар кучайиши, интервью муддатлари чўзилиши ва айниқса аризачининг молиявий мустақиллигига кўпроқ эътибор қаратилиши кутилмоқда. Аввалроқ АҚШ федерал суди 75 давлат фуқароларига иммиграцион виза беришни чекловчи қарорни бекор қилган эди. Суд маъмурият бу масалада ўз ваколатидан ошган, деган хулосага келган. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X

  7. 🔴Марказий Осиёнинг ҳар бешинчи гектари деградацияга учраган ✔️Ўзбекистонда вазият қандай? Марказий Осиёда 80 миллион гектардан ортиқ ер деградацияга учраган. Бу минтақа ҳудудининг қарийб 20 фоизи, яъни содда айтганда, ҳар бешинчи гектар ер дегани. Майдон жиҳатидан бу қарийб тўртта Қирғизистон ҳудудига тенг. Бу рақам Мўғулистон пойтахти Улан-Баторда ўтаётган БМТнинг Чўлланишга қарши курашиш тўғрисидаги конвенцияси томонларининг 17-конференцияси — COP17 фонида яна кун тартибига чиқди. Марказий Осиёда ер деградацияси бир вақтнинг ўзида бир нечта муаммо билан боғлиқ: сув танқислиги, тупроқ шўрланиши, эрозия, яйловларнинг камайиши ва иқлим ўзгариши. FAO маълумотига кўра, Ўзбекистондаги 25,6 млн гектар яйловнинг 2,5 млн гектари деградацияга учраган. Яна қарийб 6 млн гектарда ўсимлик қоплами йўқолган. 2024 йилдаги расмий маълумотларда мамлакатда 3 млн гектар яйлов ва қишлоқ хўжалиги ерлари деградацияга учрагани, қарийб 2 млн гектар ер турли даражада шўрлангани қайд этилган эди. COP17да ер деградацияси иқтисодий хавфсизлик, миграция ва ижтимоий барқарорлик билан ҳам боғлаб муҳокама қилинмоқда. 24 август куни ўтказилган алоҳида вазирлар тадбирида деградация ва қурғоқчиликнинг аҳоли кўчиши, хавфсизлик ва барқарорликка таъсири кўриб чиқилган. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X

  8. 23 миллион сўмдан ортиқ: энг сердаромад битирувчилар қайси ОТМда? Ўзбекистонда қайси олийгоҳ битирувчилари кўпроқ даромад олиши маълум қилинди. “Битирувчилар сифати индекси” платформаси маълумотларига кўра, 2025 йил июлидан 2026 йил июнигача битирувчиларнинг республика бўйича ўртача расмий ойлик даромади 4,9 млн сўмни ташкил этган. Энг юқори кўрсаткич Тошкентдаги С.А. Герасимов номидаги Бутунроссия давлат кинематография институти филиали битирувчиларида қайд этилган — 23,4 млн сўм. Бу республика бўйича ўртача кўрсаткичдан қарийб 5 баробар кўп. Кейинги ўринларда: - Инҳа университети — 12,6 млн сўм; - Тошкент халқаро Вестминстер университети — 12,5 млн сўм; - Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети — 10,6 млн сўм; - Тошкент давлат иқтисодиёт университети — 10,3 млн сўм; - Тошкент ахборот технологиялари университети — 9,4 млн сўм; - Сингапур Менежментни ривожлантириш институти — 9,3 млн сўм; - Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университети Тошкент филиали — 9 млн сўм; - Тошкент давлат юридик университети — 8,4 млн сўм; - Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети — 8,1 млн сўм. Йўналишлар кесимида эса энг юқори ўртача даромад ижод ва спорт соҳаларида — 6,33 млн сўм. Амалий фанлар битирувчилари ўртача 5,5 млн, ижтимоий-гуманитар йўналишдагилар 4,61 млн, тиббиёт битирувчилари эса 4,43 млн сўм расмий даромад олган. Муҳим жиҳати, рейтингда фақат расман қайд этилган даромадлар ҳисобга олинган. Айни дақиқаларда бўлиб ўтаётган матбуот анжуманида Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги раҳбариятининг изоҳлашича, индексни аниқлашда битирувчининг маоши у яшайдиган ҳудуддаги ўртача иш ҳақи билан ҳам солиштирилади. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X

  9. edited

    📄uzdiplomat иқтибоси: 🖍 “Авом-омма фақат қаттиққўллик ва кучни ҳурмат қилади, инсоний меҳр ва яхшилик уларни кўпам қизиқтирмайди ва меҳр-ҳурматга ожизликнинг бир шакли сифатида қарашади. Оломон ўзига бўйсундирган золим ҳукмдорни ўлгудек алқаб, унга энг баланд ҳайкал ўрнатади, меҳрибон ҳукмдор тарафида бўлиш, унга ёдгорлик қўйиш эса хаёлларига ҳам келмайди”. Гюстав Лебон, Франциялик социолог (1841-1931) “Халқлар ва омма психологияси”дан. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X

  10. +1

    🔴Мустақиллик арафасида 163 та объект очилди: 15 мингта янги иш ўрни яратилади Мустақилликнинг 35 йиллиги арафасида Ўзбекистон бўйлаб умумий қиймати қарийб 50 триллион сўмлик 163 та янги объект фойдаланишга топширилди. Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида ўтган маросимда 72 та йирик саноат ва сервис лойиҳаси ҳамда 91 та ижтимоий объект ишга туширилди. Давлат раҳбари матбуот хизмати хабарида қайд этидишича, янги лойиҳалар ҳисобига 15 мингта иш ўрни яратилиши, давлат бюджетига эса ҳар йили қўшимча 1 триллион сўм тушум келиб тушиши кутилмоқда. Энг йирик объектлар орасида энергетика лойиҳалари бор. Сирдарёда 1 573 мегаваттлик электр энергияси ишлаб чиқариш қуввати. Қорақалпоғистонда 200 мегаваттлик шамол электр станцияси ва 100 мегаваттлик энергия сақлаш тизими ишга туширилди. Навоийдаги янги қувватлар эса йилига 657 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқаради. Шу билан бирга, янги ўқув йили олдидан аҳоли учун бевосита аҳамиятли ижтимоий объектлар ҳам очилди: 36 та болалар боғчаси; 43 та мактаб; 7 та олий таълим муассасаси; 3 та шифохона. Янги Тошкентдаги Янги Ўзбекистон университетининг янги кампуси 10 гектар майдонда қурилди ва 7 минг нафар талабага мўлжалланган. Бу ерда Гарвард университети билан ҳамкорликда Ректорлар мактаби очилган, Оксфорд билан давлат хизматчилари учун “Таълим хаби” ташкил этилади. 1 октябрдан Сунъий интеллект институти иш бошлайди. Янги Миллий кутубхона ҳам фойдаланишга топширилди. Беш қаватли, 30 минг квадрат метрлик бинода 200 мингдан зиёд китоб жамланган, у бир вақтнинг ўзида 1,5 минг китобхонга хизмат кўрсата олади. Қарши шаҳрида эса 400 миллиард сўмлик Иқтисодиёт ва педагогика университети очилди. Унда 3 минг талаба таҳсил олади ва 700 та иш ўрни яратилади. Фарғонадаги янги тиббиёт муассасаси йилига 60 минг беморни даволаш ва 30 минг аёлни скринингдан ўтказиш имконига эга. Президент маълумотига кўра, сўнгги ўн йилда Ўзбекистон иқтисодиёти ҳажми 2,5 баробардан зиёд ўсган, мамлакатга 160 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилинган. 76 миллиард долларлик 2 минг 163 та йирик саноат лойиҳаси ишга туширилиб, қарийб 6 миллион киши доимий иш билан таъминланган. Жорий йилнинг ўзида эса 1,7 миллиард долларлик 56 та саноат ва сервис объекти ишга туширилиб, 8,8 мингта юқори даромадли иш ўрни яратилган. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X

  11. 🔴Танзила Нарбаева АҚШ конгрессменлари билан учрашди Бизни парламент АҚШ конгресменларидан “ранг оладими”? Сенат Раиси Танзила Нарбаева АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси аъзолари Жейсон Смит, Грег Мерфи, Ронни Жексон ва Эдвард Кейсдан иборат делегация билан учрашди. Расмий хабарда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги парламентлараро ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилингани айтилмоқда. Хусусан, парламент қўмиталари ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш, Ўзбекистон ҳудудлари ва АҚШ штатлари ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари кўриб чиқилган. Албатта, парламентлараро алоқалар керак. Аммо бу учрашувдан кейин “АҚШ Конгресси билан ҳамкорлик Ўзбекистон парламентига нима беради?”, деган савол уйғонади. Гап фақат қўшма учрашувлар, делегациялар ташрифи ёки тажриба алмашиш ҳақида эмас. АҚШ Конгрессида қонун чиқарувчи ҳокимиятнинг вазифаси фақат ижро ҳокимиятидан келган ташаббусларни маъқуллашдан иборат эмас. Конгрессменлар қонун лойиҳалари устида баҳслашади, уларга қарши овоз беради, ҳукумат сиёсатини очиқ танқид қилади. Конгресс қўмиталарида мансабдорлар иштирокида эшитувлар ўтказилиб, улардан жамоатчилик олдида жавоб талаб қилинади. Энг муҳими, депутатнинг ҳукумат билан бир фикрда бўлмаслиги фавқулодда ҳодиса ҳисобланмайди. Бу сиёсий жараённинг табиий қисми. Ўзбекистонда эса парламентнинг жамиятдаги ўрни ҳақида саволлар анчадан бери мавжуд. Депутат ёки сенаторнинг вазирга кескин савол бериши, ҳукумат таклифига очиқдан-очиқ эътироз билдириши ёки бирор қонун лойиҳаси атрофида жиддий сиёсий баҳс юзага келиши ҳали ҳам катта воқеадек қабул қилинади. Ҳолбуки, парламент айнан шундай жой бўлиши керак. Қонун лойиҳаси парламентга киритилган экан, у фақат тасдиқланиши учун эмас, муҳокама қилиниши, камчиликлари очилиши, зарур бўлса рад этилиши учун ҳам киритилади. Депутат эса давлат идорасининг эмас, аввало уни сайлаган одамларнинг саволини парламентга олиб кириши керак. Шу нуқтаи назардан АҚШ билан парламентлараро ҳамкорлик Ўзбекистон учун фақат ташқи сиёсий алоқа эмас, парламент маданиятини ўрганиш имконияти ҳам бўлиши мумкин. Масалан, қўмиталар ўртасидаги ҳамкорлик доирасида парламент назорати қандай ишлаши, вазирлар ва бошқа юқори лавозимли мансабдорлардан қандай ҳисоб сўралиши, қонун лойиҳалари бўйича очиқ эшитувлар қандай ташкил қилиниши, депутатнинг мустақил позицияси қандай ҳимоя қилиниши каби масалалар бўйича тажриба алмашиш анча амалий натижа берган бўларди. Чунки парламентлараро ҳамкорликнинг натижаси фақат икки томон вакилларининг учрашувлари сони билан ўлчанмаслиги керак. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X

  12. 🔴Сурхондарёда Марказий Осиёдаги илк юнон ҳарбий лагери бўлган - Archaeology Magazine Сурхондарё вилоятидаги Искандар тепа ёдгорлиги аввал ўйланганидек оддий қадимий қишлоқ эмас, балки тахминан 2,2 минг йил аввал фойдаланилган юнон-бақтрия ҳарбий лагери бўлган бўлиши мумкин. АҚШнинг Archaeology Magazine журнали бу топилмани Марказий Осиёда аниқланган биринчи эллинистик юнон ҳарбий лагери сифатида қайд этди. Искандар тепа Сурхондарё вилоятининг Шеробод тумани, Лойлаган водийси яқинида жойлашган. Ёдгорлик 2017 йилда Чехия–Ўзбекистон археологик экспедицияси томонидан аниқланган. Дастлаб олимлар уни кичик қишлоқ ёки чегара кузатув пости деб ҳисоблаган. Кейинги геофизик тадқиқотлар эса бу тасаввурни ўзгартирди. Магнитометрия ва ер ости радарлари тепалик атрофида қарийб 400 метрлик мудофаа хандағи борлигини кўрсатди. У 1,2 гектарга яқин майдонни ўраб турган. Қазишмаларда хандақнинг кенглиги 4–7 метргача етгани, унинг ички қисмида эса ёғоч тўсиқ — палисада ўрнатилган бўлиши мумкинлигини кўрсатувчи устун чуқурлари топилди. Энг қизиқ жиҳати — ҳудудда доимий мустаҳкам бинолар деярли аниқланмаган. Олимларнинг фикрича, хандақ, ёғоч мудофаа иншоотлари, тепаликнинг стратегик жойлашуви ва қисқа муддат фойдаланилгани кўчма ёки вақтинчалик ҳарбий лагер хусусиятларига мос келади. Лагер ичида ерга кўмилган йирик сопол хумлар ҳам топилган. Улар сув сақлаш учун ишлатилган бўлиши мумкин. Археологлар ҳудудга бир неча километр узоқликдан сув олиб келган канал изларини ҳам аниқлаган. Топилган тангалар ёдгорлик ёшини аниқлашда муҳим роль ўйнаган. Улар орасида Юнон-Бақтрия подшолари Диодот II, Евтидем I ва Деметрий I даврига оид тангалар бор. Шу асосда лагер асосан милоддан аввалги II асрда, Александр Македонский юришларидан анча кейин фаолият кўрсатган, деган хулоса қилинмоқда. Шунинг учун Искандар тепани Александр Македонскийнинг шахсий ҳарбий лагери деб аташ тўғри эмас. Александр Марказий Осиёни милоддан аввалги IV асрда забт этган, Искандар тепадаги ҳарбий иншоот эса унинг ворислари шакллантирган эллинистик давлатлар, эҳтимол Юнон-Бақтрия подшолиги даврига тегишли. Archaeology Magazine ҳам уни Александрдан кейин ҳукмронлик қилган юнон-бақтрия ҳукмдорлари қўшинларини таъминлаш ва чегара ҳудудини назорат қилиш учун фойдаланилган лагер сифатида талқин қилмоқда. Тадқиқотни Карлов университетидан Ладислав Станчо ва Ян Кисела, Масарик университетидан Томаш Тенцер ва Петер Мило ҳамда ўзбекистонлик археолог Шопўлат Шайдуллаев олиб борган. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X

  13. 🔴Судьянинг лавозими ўзгариши фуқаронинг озодлиги билан тўланмоқда Сирожиддин Одилов яна қанча қамоқда қолади? Ислоҳотлар “инсон учун”, деган шиорга шубҳа уйғотаётган яна бир муҳокамадаги мавзу Блогер Сирожиддин Одиловга оид жиноят иши бўйича ҳукм ўқилиши кутилган бир пайтда жараён яна бошидан бошланиши мумкин. Сабаб — ишни кўриб келган судьянинг бошқа лавозимга тайинлангани. Маълум бўлишича, судья Санжар Расулов Навоий вилояти судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси этиб тайинланган. Шу муносабат билан Одилов ишини бошқа судья кўриб чиқиши лозим. Эътиборлиси, иш ҳукм босқичигача етиб келган эди. Томонларнинг музокаралари ўтказилган, судланувчининг сўнгги сўзи ҳам тингланган ва энди ҳукм ўқилиши кутилган. Бироқ бу ишда суд тергови аввал ҳам қайта тикланган. Ҳимоя томонининг таъкидлашича, судья алмашиши ортидан ўнлаб гувоҳ ва мутахассисларни қайтадан сўроқ қилишга тўғри келиши мумкин. Бу эса суд жараёнининг яна чўзилиши ва Одиловнинг қамоқда қолиш муддати узайиши эҳтимолини юзага келтиради. Адвокатлар блогернинг соғлиғи ёмонлашганини ҳам таъкидлаб, унга нисбатан қўлланган эҳтиёт чорасини уй қамоғига ўзгартиришни сўрамоқда. Сирожиддин Одилов иши — тизимдаги лавозим ўзгариши бир инсон тақдирига қандай салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигининг яққол мисоли. Судья бошқа лавозимга ўтди — бу давлат тизимидаги оддий кадрлар ўзгариши. Аммо унинг оқибатида ҳукм кутаётган инсоннинг иши яна бошидан кўрилиши, қамоқда қолиш муддати яна узайиши мумкин. Лавозимлар ўзгариши табиий. Аммо нега унинг бадалини оддий фуқаро ўз вақти ва озодлиги билан тўлаши керак? Агар давлат идораларидаги кадрлар алмашинуви фуқаронинг ҳуқуқи ва тақдирига зарар етказса, «давлат идоралари инсонга хизмат қилиши керак» деган тамойил амалда қаерда қолади? Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X

  14. 🔴Ўзбекистоннинг давлат қарзи 48,3 миллиард долларга етди 2026 йилнинг иккинчи чораги якунига кўра, Ўзбекистоннинг давлат қарзи 48,315 миллиард долларга етди. Бу биринчи чорак охиридаги кўрсаткичдан 1,33 миллиард долларга ёки қарийб 2,8 фоизга кўп. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълумотларида бу кўрсаткич 2026 йил учун дастлабки прогноз қилинган ЯИМнинг 27 фоизига тенг экани қайд этилган. Биринчи чоракда бу нисбат 26,3 фоиз эди. Давлат қарзининг асосий қисми — 40,711 миллиард доллари ташқи қарз ҳисобига тўғри келади. Бу жами қарзнинг 84 фоизи. Биринчи чорак билан солиштирганда ташқи қарз 935 миллион долларга ошган. Ички қарз эса 7,604 миллиард долларга етган ва умумий давлат қарзининг 16 фоизини ташкил қилмоқда. Уч ой ичида ички қарз 395 миллион долларга, яъни қарийб 5,5 фоизга кўпайган. Вазирлик маълумотларига кўра, ташқи қарзнинг 22,481 миллиард доллари халқаро молия институтлари ҳиссасига тўғри келади. Энг йирик кредиторлар орасида Жаҳон банки — 9,123 миллиард доллар, Осиё тараққиёт банки — 8,177 миллиард доллар ва Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки — 2,317 миллиард доллар билан қайд этилган. Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг халқаро облигациялар бўйича қарзи 6,777 миллиард долларга етган. Биринчи чоракда бу кўрсаткич 5,8 миллиард доллар эди. Ташқи қарз маблағларининг энг катта қисми — 20,526 миллиард доллари ёки 50 фоизи давлат бюджетини қўллаб-қувватлашга тўғри келади. Ёқилғи-энергетика соҳасига боғлиқ қарз 5,467 миллиард доллар, уй-жой коммунал хўжалигига 3,376 миллиард доллар, қишлоқ ва сув хўжалигига 3,336 миллиард доллар, транспорт ва транспорт инфратузилмасига эса 3,057 миллиард долларни ташкил қилмоқда. Эслатиб ўтамиз, 2025 йил якунида Ўзбекистон давлат қарзи 46,851 миллиард доллар эди. Шундай қилиб, 2026 йилнинг биринчи ярми давомида давлат қарзи қарийб 1,46 миллиард долларга кўпайган. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X

  15. 🔴АҚШ билан «стратегик минераллар» бўйича қандай лойиҳалар режалаштирилган? Тафсилотлар ҳозирча очиқ эмас Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси аъзолари — Жейсон Смит, Грег Мерфи, Ронни Жексон ва Эдвард Кейсдан иборат делегацияни қабул қилди. Учрашувда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги стратегик шерикликни кенгайтириш, парламентлараро алоқалар ва савдо-иқтисодий ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Расмий хабарда алоҳида эътибор қаратилган йўналишлардан бири — муҳим минераллар соҳасидаги ҳамкорлик бўлди. Маълум қилинишича, энергетика, муҳим минераллар, транспорт, қишлоқ хўжалиги, рақамли технологиялар ва саноат соҳаларида йирик лойиҳаларни бошлаш ва амалга оширишни назарда тутувчи уч йиллик Иқтисодий ҳамкорлик дастури амалга оширилмоқда. Бироқ «муҳим минераллар» деганда айнан қайси ресурслар назарда тутилаётгани, бу йўналишда қандай лойиҳалар режалаштирилгани, уларнинг қиймати ва қайси компаниялар иштирок этиши ҳақида расмий хабарда маълумот берилмади. Шу билан бирга, 2026 йил бошидан Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми 20 фоизга ошгани билдирилди. Учрашувда АҚШнинг алоҳида штатлари билан тўғридан-тўғри алоқаларни кенгайтириш масаласи ҳам кўтарилди. Ўзбекистон томони Миссури, Шимолий Каролина, Техас ва Гавайи штатлари билан ҳамкорликни ривожлантириш ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёрлигини билдирди. Шунингдек, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар юзасидан фикр алмашилди. Учрашув якунида икки мамлакат ишбилармонлик миссияларининг ўзаро ташрифларини ташкил этишга келишиб олинди. Америкалик конгрессменлар учрашув аввалида Ўзбекистон Президенти ва халқини мамлакат мустақиллигининг 35 йиллиги билан табриклади. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X

  16. edited

    🔴Ўзбекистонда ҳар уч янги пенсионердан иккиси тўлиқ иш стажисиз пенсияга чиқмоқда ✔️Пенсионерларнинг 47 фоизи ойига 1 миллион сўмгача пенсия олган Ўзбекистонда тўлиқ иш стажи билан пенсияга чиқаётганлар улуши кескин камайган. Агар 2010 йилда янги пенсионерларнинг атиги 6 фоизи етарли иш стажига эга бўлмаган бўлса, 2025 йилга келиб бу кўрсаткич 61 фоизга етган. Яъни 15 йил ичида бундай пенсионерлар улуши қарийб 10 баравар ошган. Бу ҳақида Пенсия жамғармаси маълум қилди. Ҳозир пенсияга чиқаётган ҳар уч фуқаронинг қарийб икки нафари қонунда тўлиқ пенсия учун талаб қилинадиган иш стажини тўплай олмаган. Қонунчиликка кўра, ёшга доир тўлиқ пенсия олиш учун эркак 60 ёшга тўлган ва камида 25 йил, аёл эса 55 ёшга тўлган ва камида 20 йил иш стажига эга бўлиши керак. Етти йилдан кам бўлмаган стаж мавжуд бўлса, пенсия мавжуд стажга мутаносиб тарзда ҳисобланади. Муаммо фақат янги пенсионерларда эмас. 2010 йилда барча пенсионерларнинг 3 фоизи тўлиқ иш стажига эга бўлмаган бўлса, 2025 йилга келиб уларнинг улуши 39 фоизга чиққан. Пенсия жамғармаси бу ҳолатни норасмий ишлаш, иш ҳақининг бир қисмини «конверт»да олиш, ижтимоий солиқ тўланмаслиги ҳамда меҳнат стажи ҳақидаги маълумотлар тўлиқ расмийлаштирилмаслиги билан боғламоқда. Жамғарма ҳам норасмий меҳнат ва «конверт»даги иш ҳақи келажакдаги пенсия миқдорига салбий таъсир қилишини алоҳида эслатган. 2025 йилги маълумотларга кўра, пенсионерларнинг 47 фоизи ойига 820 минг сўмдан 1 миллион сўмгача пенсия олган. 2026 йил 1 июлдан иш стажи тўлиқ бўлмаган ҳолдаги ёшга доир пенсиянинг энг кам миқдори 878 минг сўмга оширилган. Пенсия жамғармасининг маълумотига кўра, 2026 йил 1 август ҳолатида мамлакатда 4 миллион 354 мингга яқин пенсионер бор. Жорий йилнинг январь–июль ойларида эса яна 177,7 минг фуқарога янги пенсия тайинланган. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X

  17. 🔴Сингапурнинг собиқ бош вазири Тошкентга келиб, Мирзиёев ва Арипов билан учрашади Сингапурнинг собиқ бош вазири, ҳозирда Senior Minister лавозимида фаолият юритаётган Ли Сянь Лун 24–31 август кунлари Қозоғистон ва Ўзбекистонга расмий ташриф буюради. Бу унинг Марказий Осиёга илк ташрифи. Ли Сянь Лун Қозоғистондан сўнг Ўзбекистонга келади ва Тошкент ҳамда Самарқандда бўлади. Тошкентда Ли Сянь Лун президент Шавкат Мирзиёев ва бош вазир Абдулла Арипов билан учрашиши режалаштирилган. Шунингдек, у Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатида нутқ сўзлайди. Самарқандда эса Ли Сянь Лунни вилоят ҳокими Адиз Бобоев қабул қилиши ва унинг шарафига тушлик бериши режалаштирилган. Ўзбекистон ва Сингапур эркин савдо бўйича музокара бошламоқчи Ташрифнинг муҳим иқтисодий натижаларидан бири Ўзбекистон ва Сингапур ўртасида эркин савдо тўғрисидаги битим бўйича музокараларни бошлашга қаратилган қадам бўлиши кутилмоқда. Ташриф давомида икки давлат эркин савдо тўғрисидаги битим бўйича музокараларни бошлаш ниятини расмийлаштирувчи қўшма баёнот имзолаши режалаштирилган. 2024 йилда Ўзбекистон Сингапурнинг Марказий Осиёда хизматлар савдоси бўйича иккинчи йирик ҳамкори бўлган. 2025 йилда эса товарлар савдоси бўйича минтақада учинчи ўринни эгаллаган. Мирзиёев Сингапурга 2023 йилда борган эди Президент Шавкат Мирзиёев 2023 йил январда Сингапурга давлат ташрифи билан борган. Ўша йилнинг май ойида Сингапурнинг ўша пайтдаги президенти Ҳалима Ёқуб Ўзбекистонга ташриф буюрган. Ли Сянь Лун 2004–2024 йилларда Сингапур бош вазири бўлган. Ҳозирда у мамлакат ҳукуматида Senior Minister лавозимида фаолият юритади. Унга Ўзбекистонга ташриф давомида Сингапур ташқи ишлар ва ички ишлар бўйича давлат вазири Зулкарнайн Абдул Раҳим, парламент аъзоси Фу Сесян, шунингдек Ташқи ишлар вазирлиги, Савдо ва саноат вазирлиги ҳамда Бош вазир девони вакиллари ҳамроҳлик қилади. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X

  18. edited

    uzdiplomat иқтибоси: 🖍 “Умуминсоний ҳақ ҳуқуқлар бутун халқ олдида, айниқса, ҳукумат доираларида қонуний равишда ҳимояланиб сақланар экан, ўшандагина маданияти фозилага эришилади. Шу кунларда устимизда ҳукмрон бўлган динсизлар маданияти эрса фосиқ маданият дейилади. Бундай маданият инсонларни ҳам ахлоқий, ҳам руҳоний фазилатларидан бутунлай ажратади”. АЛИХОНТЎРА СОҒУНИЙ, Шоир, адиб, Шарқий Туркистон жумҳуриятининг биринчи президенти ва маршали. (1885-1976) Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X

  19. 🔴Қашқадарё «Погонлилар вилояти»ми? ✔️Ташанов адвокатлар фаолиятига тўсқинлик қилинаётганини айтди Қашқадарёда адвокатнинг касбий фаолиятига тўсқинлик қилиниши акс этгани айтилаётган видеолар ижтимоий тармоқларда тарқалди. «Эзгулик» инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов эса бу вилоятда адвокатлар билан боғлиқ бундай ҳолат биринчи марта эмаслигини айтмоқда. Ташанов ўз саҳифасида тарқалган видеоларда терговчининг топшириғи билан постда турган ички ишлар органи ходими адвокатни бинодан чиқармасликка ҳаракат қилаётгани кўринишини ёзди. «Сизга айтсам, бу ҳолваси — Қашқадарёда адвокат фаолиятига тўсқинликдан ташқари уни дўппослашса ҳам қонуний чора кўрилмайди», — деб ёзади ҳуқуқ ҳимоячиси. Ташанов бунга мисол сифатида адвокат Л. Шарипов билан боғлиқ воқеани келтиради. Унинг таъкидлашича, адвокат касбий фаолиятини амалга ошираётган вақтда ИИО ходимлари томонидан унга тан жароҳати етказилган. Ҳуқуқ ҳимоячиси бу бўйича экспертиза хулосаси мавжуд бўлгани ва ходимга нисбатан хизмат текшируви тайинланганини айтади. Бироқ, унинг сўзларига кўра, кейинчалик ҳодиса юзасидан қонуний чора кўрилмаган. Ташанов бу масалада прокуратуранинг ҳаракатсизлигини ҳам танқид қилган. Постда ҳуқуқ фаоли Жавоҳир Мўминов билан боғлиқ жиноят иши ҳам тилга олинади. Ташановнинг даъвосига кўра, Мўминов қамалишидан аввал тошкентлик адвокатнинг Қашқадарё вилояти прокурорини судга бергани ҳақида ўз каналида хабар тарқатган. Ҳуқуқ ҳимоячиси ҳозир терговга жалб қилинган Мўминовга вилоят прокурорини «обрўсизлантиргани» юзасидан дағдаға қилинаётганини ҳам иддао қилмоқда. У Жавоҳир Мўминовга нисбатан қўзғатилган ишни «сохта жиноят иши» деб баҳолаган. Бу Ташановнинг баҳоси бўлиб, мазкур даъвони тасдиқловчи расмий маълумот келтирилмаган. Ташанов Қашқадарёни «погонлилар вилояти» деб атаб, вилоят ва туманлар раҳбариятида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда ишлаган шахслар кўплигига ҳам эътибор қаратган. «Аммо менинг она юртим бўлган бу вилоятда погонлилар қонунни менсимайди, назорат йўқ. Вилоят раҳбарияти бу масалада бироз ҳушини йиғиб олса, яхши бўларди», — деб ёзади у. Айни пайтда тарқалган видеодаги ҳолат, адвокат Л. Шарипов билан боғлиқ воқеа ҳамда Ташанов келтирган бошқа даъволар юзасидан Қашқадарё вилояти прокуратураси ва ички ишлар органларининг муносабати маълум эмас. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X

  20. 🔴Қизғалдоқда 1758 дарахт кўчирилиши мумкин ✔️ Аҳоли ва экологлар боғни сақлаб қолишни сўрамоқда Тошкент тумани “Қизғалдоқ” маҳалласидаги 2,5 гектарлик яшил ҳудуд атрофида бир неча ойдан бери давом этаётган низо янги босқичга ўтди. Аҳоли вакилларининг маълум қилишича, ҳудудга экилган 1 758 туп манзарали ва мевали дарахтни бошқа жойга кўчириш Нурафшон туманлараро маъмурий суди қарори билан юклатилган. Мурожаатда қайд этилишича, суд қарорини ижро этиш учун ҳужжатлар Мажбурий ижро бюросига юборилган ва ҳозир ижро ҳаракатларини бошлашга тайёргарлик кўрилмоқда. Экофаоллар эса дарахтларни кўчириш жараёнида уларнинг бир қисми нобуд бўлиши мумкинлигидан хавотир билдириб, қарорни қайта кўриб чиқиш ёки боғни жойида сақлаб қолиш имкониятларини ўрганишни сўрамоқда. Бу ҳудуд атрофидаги баҳс янги эмас. Тошкент туманининг собиқ ҳокими 2021 йил 3 июнда юқори кучланишли электр тармоғи муҳофаза зонасидаги мазкур ерни “ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва манзарали кўчатлар етиштириш” мақсадида “Modern Green Servise” МЧЖга доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратган. Кейинчалик 2,5 гектар майдонга кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилган. 2026 йил 22 январда эса амалдаги туман ҳокими аввалги қарордаги “Боғизилол” МФЙ номини “Қизғалдоқ” МФЙ деб ўзгартирган ва компанияга тегишли майдонлар UZKAD тизими орқали расмийлаштирилган. Маҳалла аҳолиси эса ҳудудда 2023 йилдан бошлаб дарахтлар экиб, уни аҳоли дам оладиган яшил майдонга айлантиришга ҳаракат қилганини айтмоқда. Улар бу ерда болалар майдончаси, сайр йўлаклари ва дам олиш ҳудуди ташкил этишни ҳам режалаштирган. Май ойида масала бўйича суд жараёни давом этаётгани хабар қилинган эди. “Modern Green Servise” вакили аввалги суриштирувда ер участкасидан юқори кучланишли электр линиялари ўтишини, шу сабаб айрим баланд ўсувчи дарахтлар — жумладан, павловния ва чинорларни экиш хавфсизлик талабларига зид бўлиши мумкинлигини билдирган. Компания вакили корхона ер учун солиқ тўлаётгани, аммо ундан белгиланган мақсадда фойдалана олмаётганини ҳам таъкидлаган. Шунингдек, дарахтларнинг қачон экилгани ва экологик платформада қандай рўйхатга олингани бўйича ҳам саволлар мавжудлигини айтган. Эслатиб ўтамиз, 2026 йил июль ойида дарахт ва буталарни кўчириш тартиби кучайтирилди. Амалдаги қоидаларга кўра, давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлардан ер сатҳидан 1,3 метр баландликда тана диаметри 15 сантиметргача бўлганларини рухсатнома асосида кўчириш мумкин. Кўчиришда илдиз атрофидаги тупроқ сақланиши шарт ва ҳар бир кўчирилган дарахт камида уч йил парвариш қилиниши керак. Япроқли ва игнабаргли дарахтларни кўчириш вегетация даври тугаган куз фаслидан 1 апрелгача амалга оширилиши белгиланган. Шу сабаб, агар Қизғалдоқдаги 1 758 туп дарахтни кўчириш режалаштирилса, уларнинг тури, ёши, тана диаметри, ҳолати, қайси манзилга кўчирилиши ва кейинги уч йиллик парвариши кимнинг зиммасида бўлиши аниқ белгиланиши лозим. Қонунчиликка кўра, экологик орган дарахтларни сақлаб қолиш имкониятини ҳам ўрганиши, зарурат бўлса жойига чиққан ҳолда уларнинг ҳолатини баҳолаши, кўчириладиган дарахтлар сони, тури, муддати ва янги жойини белгилаши керак. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X

  21. Older posts