🔴Қашқадарё «Погонлилар вилояти»ми? ✔️Ташанов адвокатлар фаолиятига тўсқинлик қилинаётганини айтди Қашқадарёда адвокатнинг касбий фаолиятига тўсқинлик қилиниши акс этгани айтилаётган видеолар ижтимоий тармоқларда тарқалди. «Эзгулик» инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов эса бу вилоятда адвокатлар билан боғлиқ бундай ҳолат биринчи марта эмаслигини айтмоқда. Ташанов ўз саҳифасида тарқалган видеоларда терговчининг топшириғи билан постда турган ички ишлар органи ходими адвокатни бинодан чиқармасликка ҳаракат қилаётгани кўринишини ёзди. «Сизга айтсам, бу ҳолваси — Қашқадарёда адвокат фаолиятига тўсқинликдан ташқари уни дўппослашса ҳам қонуний чора кўрилмайди», — деб ёзади ҳуқуқ ҳимоячиси. Ташанов бунга мисол сифатида адвокат Л. Шарипов билан боғлиқ воқеани келтиради. Унинг таъкидлашича, адвокат касбий фаолиятини амалга ошираётган вақтда ИИО ходимлари томонидан унга тан жароҳати етказилган. Ҳуқуқ ҳимоячиси бу бўйича экспертиза хулосаси мавжуд бўлгани ва ходимга нисбатан хизмат текшируви тайинланганини айтади. Бироқ, унинг сўзларига кўра, кейинчалик ҳодиса юзасидан қонуний чора кўрилмаган. Ташанов бу масалада прокуратуранинг ҳаракатсизлигини ҳам танқид қилган. Постда ҳуқуқ фаоли Жавоҳир Мўминов билан боғлиқ жиноят иши ҳам тилга олинади. Ташановнинг даъвосига кўра, Мўминов қамалишидан аввал тошкентлик адвокатнинг Қашқадарё вилояти прокурорини судга бергани ҳақида ўз каналида хабар тарқатган. Ҳуқуқ ҳимоячиси ҳозир терговга жалб қилинган Мўминовга вилоят прокурорини «обрўсизлантиргани» юзасидан дағдаға қилинаётганини ҳам иддао қилмоқда. У Жавоҳир Мўминовга нисбатан қўзғатилган ишни «сохта жиноят иши» деб баҳолаган. Бу Ташановнинг баҳоси бўлиб, мазкур даъвони тасдиқловчи расмий маълумот келтирилмаган. Ташанов Қашқадарёни «погонлилар вилояти» деб атаб, вилоят ва туманлар раҳбариятида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда ишлаган шахслар кўплигига ҳам эътибор қаратган. «Аммо менинг она юртим бўлган бу вилоятда погонлилар қонунни менсимайди, назорат йўқ. Вилоят раҳбарияти бу масалада бироз ҳушини йиғиб олса, яхши бўларди», — деб ёзади у. Айни пайтда тарқалган видеодаги ҳолат, адвокат Л. Шарипов билан боғлиқ воқеа ҳамда Ташанов келтирган бошқа даъволар юзасидан Қашқадарё вилояти прокуратураси ва ички ишлар органларининг муносабати маълум эмас. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X