🔴Қизғалдоқда 1758 дарахт кўчирилиши мумкин ✔️ Аҳоли ва экологлар боғни сақлаб қолишни сўрамоқда Тошкент тумани “Қизғалдоқ” маҳалласидаги 2,5 гектарлик яшил ҳудуд атрофида бир неча ойдан бери давом этаётган низо янги босқичга ўтди. Аҳоли вакилларининг маълум қилишича, ҳудудга экилган 1 758 туп манзарали ва мевали дарахтни бошқа жойга кўчириш Нурафшон туманлараро маъмурий суди қарори билан юклатилган. Мурожаатда қайд этилишича, суд қарорини ижро этиш учун ҳужжатлар Мажбурий ижро бюросига юборилган ва ҳозир ижро ҳаракатларини бошлашга тайёргарлик кўрилмоқда. Экофаоллар эса дарахтларни кўчириш жараёнида уларнинг бир қисми нобуд бўлиши мумкинлигидан хавотир билдириб, қарорни қайта кўриб чиқиш ёки боғни жойида сақлаб қолиш имкониятларини ўрганишни сўрамоқда. Бу ҳудуд атрофидаги баҳс янги эмас. Тошкент туманининг собиқ ҳокими 2021 йил 3 июнда юқори кучланишли электр тармоғи муҳофаза зонасидаги мазкур ерни “ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва манзарали кўчатлар етиштириш” мақсадида “Modern Green Servise” МЧЖга доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратган. Кейинчалик 2,5 гектар майдонга кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилган. 2026 йил 22 январда эса амалдаги туман ҳокими аввалги қарордаги “Боғизилол” МФЙ номини “Қизғалдоқ” МФЙ деб ўзгартирган ва компанияга тегишли майдонлар UZKAD тизими орқали расмийлаштирилган. Маҳалла аҳолиси эса ҳудудда 2023 йилдан бошлаб дарахтлар экиб, уни аҳоли дам оладиган яшил майдонга айлантиришга ҳаракат қилганини айтмоқда. Улар бу ерда болалар майдончаси, сайр йўлаклари ва дам олиш ҳудуди ташкил этишни ҳам режалаштирган. Май ойида масала бўйича суд жараёни давом этаётгани хабар қилинган эди. “Modern Green Servise” вакили аввалги суриштирувда ер участкасидан юқори кучланишли электр линиялари ўтишини, шу сабаб айрим баланд ўсувчи дарахтлар — жумладан, павловния ва чинорларни экиш хавфсизлик талабларига зид бўлиши мумкинлигини билдирган. Компания вакили корхона ер учун солиқ тўлаётгани, аммо ундан белгиланган мақсадда фойдалана олмаётганини ҳам таъкидлаган. Шунингдек, дарахтларнинг қачон экилгани ва экологик платформада қандай рўйхатга олингани бўйича ҳам саволлар мавжудлигини айтган. Эслатиб ўтамиз, 2026 йил июль ойида дарахт ва буталарни кўчириш тартиби кучайтирилди. Амалдаги қоидаларга кўра, давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлардан ер сатҳидан 1,3 метр баландликда тана диаметри 15 сантиметргача бўлганларини рухсатнома асосида кўчириш мумкин. Кўчиришда илдиз атрофидаги тупроқ сақланиши шарт ва ҳар бир кўчирилган дарахт камида уч йил парвариш қилиниши керак. Япроқли ва игнабаргли дарахтларни кўчириш вегетация даври тугаган куз фаслидан 1 апрелгача амалга оширилиши белгиланган. Шу сабаб, агар Қизғалдоқдаги 1 758 туп дарахтни кўчириш режалаштирилса, уларнинг тури, ёши, тана диаметри, ҳолати, қайси манзилга кўчирилиши ва кейинги уч йиллик парвариши кимнинг зиммасида бўлиши аниқ белгиланиши лозим. Қонунчиликка кўра, экологик орган дарахтларни сақлаб қолиш имкониятини ҳам ўрганиши, зарурат бўлса жойига чиққан ҳолда уларнинг ҳолатини баҳолаши, кўчириладиган дарахтлар сони, тури, муддати ва янги жойини белгилаши керак. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X
Uzdiplomat | Расмий канал
Subscribers
34.8K
+0 24h
Reach per post (ERR)
22.4%7.8K avg views
Posting
8.7/day
last 40 minutes ago
Reactions per 1K views
9.2
👍 ❤ 🤣
Views over time
| When | Views |
|---|---|
| 24 Aug 2026, 10:01 | 0 |
| 14 Nov 2026, 04:16 | 9.3K |
Who shared this post
Posts in other channels we index that link to this one. (Forwards with a hidden source can't be traced.)
Nobody yet.