🔴Қатарда ўзбекистонликларга 5,5 минг долларгача маошли ишлар таклиф қилинмоқда Ўзбекистонликлар Қатардаги Ulta Beauty дўконларида ишлашга таклиф қилинмоқда. Миграция агентлиги эълон қилган вакансияларда ойлик маош лавозимга қараб 1 450 доллардан 5 500 долларгача белгиланган. Аризалар 29 августга қадар қабул қилинади. Энг юқори маош дўкон бош менежери лавозими учун таклиф этилмоқда — ойига 5 500 доллар. Шунингдек, дўкон менежери ўринбосарига 4 000 доллар, мижозларга хизмат кўрсатиш менежерига 3 850 доллар, бўлим менежерига 3 050 доллар ва бренд бўйича тренинг мутахассисига 2 750 доллар маош белгиланган. Бошқа вакансиялар орасида визажист — 2 300 доллар, тери парвариши бўйича мутахассис — 2 200 доллар, косметика бўйича маслаҳатчи — 1 900 доллар, савдо визуализацияси мутахассиси — 1 500 доллар ҳамда маникюр ва педикюр устаси — 1 450 долларлик иш ўринлари бор. Иш берувчи Ўзбекистондан Қатарга авиачипта, ишчи визаси, аэропорт трансфери, тиббий суғурта ва Ватанга бориб-келиш авиачиптасини қоплайди. Аммо муҳим жиҳати — турар жой, овқатланиш ва ишга қатнов харажатларини ходимнинг ўзи тўлайди. Номзод 20 ёшдан катта, камида ўрта маълумотли бўлиши, инглиз тилида эркин мулоқот қила олиши ва тегишли соҳада камида икки йиллик иш тажрибасига эга бўлиши керак. Танловда аёллар ҳам, эркаклар ҳам қатнашиши мумкин. Маълумот учун, АҚШнинг йирик косметика ритейлери Ulta Beauty Яқин Шарқда фаол кенгаймоқда. Компания 2025 йилда Alshaya Group билан ҳамкорликда минтақа бозорига кирди. Дастлабки дўкон Қувайтда очилди, 2026 йил бошида эса Дубайда янги нуқталар ишга туширилди. Компания 2026 йил давомида Форс кўрфази давлатларида тармоқни яна кенгайтиришини маълум қилган. Қатарда ҳам бу жараён бошланган. Alshaya Group’нинг расмий вакансиялар саҳифасида ҳозир Ulta Beauty учун Қатарда косметика бўйича маслаҳатчи, тери парвариши мутахассиси ва визажист вакансиялари очиқ турибди. Айрим иш ўринларида жойлашув сифатида Villaggio кўрсатилган. Ўзбекистондан ходим жалб қилиш Ulta Beauty’нинг Қатардаги кенгайиши ва янги дўконлар учун кадрлар шакллантириш жараёни билан боғлиқ бўлиши мумкин. Ариза Миграция агентлигининг xorijdaish.uz платформаси орқали топширилади. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X