🔴 «Амир Темур» фильми Озарбайжонда кенг бозорга чиқди Хусусий киноижодкорлар томонидан суратга олинган «Амир Темур» фильмининг Озарбайжонда премьераси бўлиб ўтди. Фильм Ўзбекистонда намойиш этилиши жараёнида эса ижодкорлар қатор сунъий тўсиқларга дуч келганини айтган эди. 26 август куни I Лачин халқаро кинофестивали доирасида «Амир Темур» фильми Озарбайжон томошабинларига тақдим этилди. Премьера якунларига кўра, картинани мамлакатда кенг рақамли ва телевизион прокатга чиқариш режалаштирилгани маълум қилинди. Uzdiplomat аввалроқ фильмнинг Ўзбекистондаги намойиши билан боғлиқ муаммолар ҳақида ёзганди. Фильм дистрибьютори, кинорежиссёр Элдар Юлдашев Uzdiplomat билан суҳбатда ижодкорлар республика ичида ҳам, хорижий кинофестивалларда фильмни намойиш этиш жараёнида ҳам сунъий тўсиқларга дуч келганини айтган эди. Энди эса мазкур фильм Озарбайжонда нафақат фестиваль экранига чиқди, балки уни кенг аудиторияга олиб чиқиш бўйича келишувларга ҳам эришилди. Фестиваль доирасида Uzbekistan Content Distribution Hub тақдимоти ўтказилиб, янги хаб ва Озарбайжондаги «HochazFilm» киностудияси ўртасида ҳамкорлик келишуви имзоланди. Тадбирда Озарбайжон президентининг махсус вакили Месим Мамедов иштирок этиб, икки давлат ўртасидаги маданий алмашинув аҳамияти ҳақида гапирди ва Тошкент ҳамда Бухорога яқиндаги ташрифи ҳақидаги таассуротлари билан ўртоқлашди. Ўзбекистон томонидан Uzbekistan Content Distribution Hub директори ва «Амир Темур» фильми дистрибьютори Элдар Юлдашев ҳамда фильмда асосий роллардан бирини ижро этган актёр Маъруф Отажонов қатнашди. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X