🔴Мустақиллик арафасида 163 та объект очилди: 15 мингта янги иш ўрни яратилади Мустақилликнинг 35 йиллиги арафасида Ўзбекистон бўйлаб умумий қиймати қарийб 50 триллион сўмлик 163 та янги объект фойдаланишга топширилди. Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида ўтган маросимда 72 та йирик саноат ва сервис лойиҳаси ҳамда 91 та ижтимоий объект ишга туширилди. Давлат раҳбари матбуот хизмати хабарида қайд этидишича, янги лойиҳалар ҳисобига 15 мингта иш ўрни яратилиши, давлат бюджетига эса ҳар йили қўшимча 1 триллион сўм тушум келиб тушиши кутилмоқда. Энг йирик объектлар орасида энергетика лойиҳалари бор. Сирдарёда 1 573 мегаваттлик электр энергияси ишлаб чиқариш қуввати. Қорақалпоғистонда 200 мегаваттлик шамол электр станцияси ва 100 мегаваттлик энергия сақлаш тизими ишга туширилди. Навоийдаги янги қувватлар эса йилига 657 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқаради. Шу билан бирга, янги ўқув йили олдидан аҳоли учун бевосита аҳамиятли ижтимоий объектлар ҳам очилди: 36 та болалар боғчаси; 43 та мактаб; 7 та олий таълим муассасаси; 3 та шифохона. Янги Тошкентдаги Янги Ўзбекистон университетининг янги кампуси 10 гектар майдонда қурилди ва 7 минг нафар талабага мўлжалланган. Бу ерда Гарвард университети билан ҳамкорликда Ректорлар мактаби очилган, Оксфорд билан давлат хизматчилари учун “Таълим хаби” ташкил этилади. 1 октябрдан Сунъий интеллект институти иш бошлайди. Янги Миллий кутубхона ҳам фойдаланишга топширилди. Беш қаватли, 30 минг квадрат метрлик бинода 200 мингдан зиёд китоб жамланган, у бир вақтнинг ўзида 1,5 минг китобхонга хизмат кўрсата олади. Қарши шаҳрида эса 400 миллиард сўмлик Иқтисодиёт ва педагогика университети очилди. Унда 3 минг талаба таҳсил олади ва 700 та иш ўрни яратилади. Фарғонадаги янги тиббиёт муассасаси йилига 60 минг беморни даволаш ва 30 минг аёлни скринингдан ўтказиш имконига эга. Президент маълумотига кўра, сўнгги ўн йилда Ўзбекистон иқтисодиёти ҳажми 2,5 баробардан зиёд ўсган, мамлакатга 160 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилинган. 76 миллиард долларлик 2 минг 163 та йирик саноат лойиҳаси ишга туширилиб, қарийб 6 миллион киши доимий иш билан таъминланган. Жорий йилнинг ўзида эса 1,7 миллиард долларлик 56 та саноат ва сервис объекти ишга туширилиб, 8,8 мингта юқори даромадли иш ўрни яратилган. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X