🔴Танзила Нарбаева АҚШ конгрессменлари билан учрашди Бизни парламент АҚШ конгресменларидан “ранг оладими”? Сенат Раиси Танзила Нарбаева АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси аъзолари Жейсон Смит, Грег Мерфи, Ронни Жексон ва Эдвард Кейсдан иборат делегация билан учрашди. Расмий хабарда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги парламентлараро ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилингани айтилмоқда. Хусусан, парламент қўмиталари ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш, Ўзбекистон ҳудудлари ва АҚШ штатлари ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари кўриб чиқилган. Албатта, парламентлараро алоқалар керак. Аммо бу учрашувдан кейин “АҚШ Конгресси билан ҳамкорлик Ўзбекистон парламентига нима беради?”, деган савол уйғонади. Гап фақат қўшма учрашувлар, делегациялар ташрифи ёки тажриба алмашиш ҳақида эмас. АҚШ Конгрессида қонун чиқарувчи ҳокимиятнинг вазифаси фақат ижро ҳокимиятидан келган ташаббусларни маъқуллашдан иборат эмас. Конгрессменлар қонун лойиҳалари устида баҳслашади, уларга қарши овоз беради, ҳукумат сиёсатини очиқ танқид қилади. Конгресс қўмиталарида мансабдорлар иштирокида эшитувлар ўтказилиб, улардан жамоатчилик олдида жавоб талаб қилинади. Энг муҳими, депутатнинг ҳукумат билан бир фикрда бўлмаслиги фавқулодда ҳодиса ҳисобланмайди. Бу сиёсий жараённинг табиий қисми. Ўзбекистонда эса парламентнинг жамиятдаги ўрни ҳақида саволлар анчадан бери мавжуд. Депутат ёки сенаторнинг вазирга кескин савол бериши, ҳукумат таклифига очиқдан-очиқ эътироз билдириши ёки бирор қонун лойиҳаси атрофида жиддий сиёсий баҳс юзага келиши ҳали ҳам катта воқеадек қабул қилинади. Ҳолбуки, парламент айнан шундай жой бўлиши керак. Қонун лойиҳаси парламентга киритилган экан, у фақат тасдиқланиши учун эмас, муҳокама қилиниши, камчиликлари очилиши, зарур бўлса рад этилиши учун ҳам киритилади. Депутат эса давлат идорасининг эмас, аввало уни сайлаган одамларнинг саволини парламентга олиб кириши керак. Шу нуқтаи назардан АҚШ билан парламентлараро ҳамкорлик Ўзбекистон учун фақат ташқи сиёсий алоқа эмас, парламент маданиятини ўрганиш имконияти ҳам бўлиши мумкин. Масалан, қўмиталар ўртасидаги ҳамкорлик доирасида парламент назорати қандай ишлаши, вазирлар ва бошқа юқори лавозимли мансабдорлардан қандай ҳисоб сўралиши, қонун лойиҳалари бўйича очиқ эшитувлар қандай ташкил қилиниши, депутатнинг мустақил позицияси қандай ҳимоя қилиниши каби масалалар бўйича тажриба алмашиш анча амалий натижа берган бўларди. Чунки парламентлараро ҳамкорликнинг натижаси фақат икки томон вакилларининг учрашувлари сони билан ўлчанмаслиги керак. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X