🔴Ўзбекистонда ҳар уч янги пенсионердан иккиси тўлиқ иш стажисиз пенсияга чиқмоқда ✔️Пенсионерларнинг 47 фоизи ойига 1 миллион сўмгача пенсия олган Ўзбекистонда тўлиқ иш стажи билан пенсияга чиқаётганлар улуши кескин камайган. Агар 2010 йилда янги пенсионерларнинг атиги 6 фоизи етарли иш стажига эга бўлмаган бўлса, 2025 йилга келиб бу кўрсаткич 61 фоизга етган. Яъни 15 йил ичида бундай пенсионерлар улуши қарийб 10 баравар ошган. Бу ҳақида Пенсия жамғармаси маълум қилди. Ҳозир пенсияга чиқаётган ҳар уч фуқаронинг қарийб икки нафари қонунда тўлиқ пенсия учун талаб қилинадиган иш стажини тўплай олмаган. Қонунчиликка кўра, ёшга доир тўлиқ пенсия олиш учун эркак 60 ёшга тўлган ва камида 25 йил, аёл эса 55 ёшга тўлган ва камида 20 йил иш стажига эга бўлиши керак. Етти йилдан кам бўлмаган стаж мавжуд бўлса, пенсия мавжуд стажга мутаносиб тарзда ҳисобланади. Муаммо фақат янги пенсионерларда эмас. 2010 йилда барча пенсионерларнинг 3 фоизи тўлиқ иш стажига эга бўлмаган бўлса, 2025 йилга келиб уларнинг улуши 39 фоизга чиққан. Пенсия жамғармаси бу ҳолатни норасмий ишлаш, иш ҳақининг бир қисмини «конверт»да олиш, ижтимоий солиқ тўланмаслиги ҳамда меҳнат стажи ҳақидаги маълумотлар тўлиқ расмийлаштирилмаслиги билан боғламоқда. Жамғарма ҳам норасмий меҳнат ва «конверт»даги иш ҳақи келажакдаги пенсия миқдорига салбий таъсир қилишини алоҳида эслатган. 2025 йилги маълумотларга кўра, пенсионерларнинг 47 фоизи ойига 820 минг сўмдан 1 миллион сўмгача пенсия олган. 2026 йил 1 июлдан иш стажи тўлиқ бўлмаган ҳолдаги ёшга доир пенсиянинг энг кам миқдори 878 минг сўмга оширилган. Пенсия жамғармасининг маълумотига кўра, 2026 йил 1 август ҳолатида мамлакатда 4 миллион 354 мингга яқин пенсионер бор. Жорий йилнинг январь–июль ойларида эса яна 177,7 минг фуқарога янги пенсия тайинланган. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X