АҚШ виза интервьюларини вақтинча тўхтатди: кимларга таъсир қилади? АҚШ маъмурияти мамлакатнинг барча элчихона ва консулликларида виза интервьюларига янги ёзилишларни вақтинча тўхтатди. Reuters хабар беришича, қарор консуллик ходимларини қўшимча ўқитиш билан боғлиқ. Давлат департаменти консуллик офицерларига виза талабгорларининг молиявий ҳолатини янада чуқур баҳолаш, келажакда АҚШда давлат ижтимоий ёрдамларига қарам бўлиб қолиш эҳтимоли юқори бўлган шахсларни аниқлаш бўйича янги тартибларни ўргатмоқда. Айрим иммиграцион виза талабгорларига аввал белгиланган интервьюлари бекор қилингани ҳақида хабарлар юборилган. Янги саналар кейинроқ маълум қилиниши айтилмоқда. Интервьюларга ёзилиш қачон тўлиқ тикланиши ҳозирча очиқланмаган. Шу билан бирга, Трамп маъмурияти 200 минггача B1/B2 — бизнес ва туристик визаларни қайта кўриб чиқиш ва бекор қилиш имкониятини ҳам кўриб чиқмоқда. Гап 2016–2026 йилларда ушбу визаларни олган ва кейин АҚШдан бошпана сўраган ёки ҳозир бошпана сўраш жараёнида бўлган хорижликлар ҳақида кетмоқда. Агар режа амалга ошса, бу АҚШ тарихида визаларни бир вақтда энг катта миқёсда бекор қилиш ҳолатларидан бири бўлиши мумкин. Яъни, АҚШ туристик ва бизнес визаларини умуман беришни тўхтатгани йўқ. Аммо виза олиш жараёнида текширувлар кучайиши, интервью муддатлари чўзилиши ва айниқса аризачининг молиявий мустақиллигига кўпроқ эътибор қаратилиши кутилмоқда. Аввалроқ АҚШ федерал суди 75 давлат фуқароларига иммиграцион виза беришни чекловчи қарорни бекор қилган эди. Суд маъмурият бу масалада ўз ваколатидан ошган, деган хулосага келган. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X