🔴Сингапурнинг собиқ бош вазири Тошкентга келиб, Мирзиёев ва Арипов билан учрашади Сингапурнинг собиқ бош вазири, ҳозирда Senior Minister лавозимида фаолият юритаётган Ли Сянь Лун 24–31 август кунлари Қозоғистон ва Ўзбекистонга расмий ташриф буюради. Бу унинг Марказий Осиёга илк ташрифи. Ли Сянь Лун Қозоғистондан сўнг Ўзбекистонга келади ва Тошкент ҳамда Самарқандда бўлади. Тошкентда Ли Сянь Лун президент Шавкат Мирзиёев ва бош вазир Абдулла Арипов билан учрашиши режалаштирилган. Шунингдек, у Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатида нутқ сўзлайди. Самарқандда эса Ли Сянь Лунни вилоят ҳокими Адиз Бобоев қабул қилиши ва унинг шарафига тушлик бериши режалаштирилган. Ўзбекистон ва Сингапур эркин савдо бўйича музокара бошламоқчи Ташрифнинг муҳим иқтисодий натижаларидан бири Ўзбекистон ва Сингапур ўртасида эркин савдо тўғрисидаги битим бўйича музокараларни бошлашга қаратилган қадам бўлиши кутилмоқда. Ташриф давомида икки давлат эркин савдо тўғрисидаги битим бўйича музокараларни бошлаш ниятини расмийлаштирувчи қўшма баёнот имзолаши режалаштирилган. 2024 йилда Ўзбекистон Сингапурнинг Марказий Осиёда хизматлар савдоси бўйича иккинчи йирик ҳамкори бўлган. 2025 йилда эса товарлар савдоси бўйича минтақада учинчи ўринни эгаллаган. Мирзиёев Сингапурга 2023 йилда борган эди Президент Шавкат Мирзиёев 2023 йил январда Сингапурга давлат ташрифи билан борган. Ўша йилнинг май ойида Сингапурнинг ўша пайтдаги президенти Ҳалима Ёқуб Ўзбекистонга ташриф буюрган. Ли Сянь Лун 2004–2024 йилларда Сингапур бош вазири бўлган. Ҳозирда у мамлакат ҳукуматида Senior Minister лавозимида фаолият юритади. Унга Ўзбекистонга ташриф давомида Сингапур ташқи ишлар ва ички ишлар бўйича давлат вазири Зулкарнайн Абдул Раҳим, парламент аъзоси Фу Сесян, шунингдек Ташқи ишлар вазирлиги, Савдо ва саноат вазирлиги ҳамда Бош вазир девони вакиллари ҳамроҳлик қилади. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X