🔴АҚШ билан «стратегик минераллар» бўйича қандай лойиҳалар режалаштирилган? Тафсилотлар ҳозирча очиқ эмас Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси аъзолари — Жейсон Смит, Грег Мерфи, Ронни Жексон ва Эдвард Кейсдан иборат делегацияни қабул қилди. Учрашувда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги стратегик шерикликни кенгайтириш, парламентлараро алоқалар ва савдо-иқтисодий ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Расмий хабарда алоҳида эътибор қаратилган йўналишлардан бири — муҳим минераллар соҳасидаги ҳамкорлик бўлди. Маълум қилинишича, энергетика, муҳим минераллар, транспорт, қишлоқ хўжалиги, рақамли технологиялар ва саноат соҳаларида йирик лойиҳаларни бошлаш ва амалга оширишни назарда тутувчи уч йиллик Иқтисодий ҳамкорлик дастури амалга оширилмоқда. Бироқ «муҳим минераллар» деганда айнан қайси ресурслар назарда тутилаётгани, бу йўналишда қандай лойиҳалар режалаштирилгани, уларнинг қиймати ва қайси компаниялар иштирок этиши ҳақида расмий хабарда маълумот берилмади. Шу билан бирга, 2026 йил бошидан Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми 20 фоизга ошгани билдирилди. Учрашувда АҚШнинг алоҳида штатлари билан тўғридан-тўғри алоқаларни кенгайтириш масаласи ҳам кўтарилди. Ўзбекистон томони Миссури, Шимолий Каролина, Техас ва Гавайи штатлари билан ҳамкорликни ривожлантириш ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёрлигини билдирди. Шунингдек, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар юзасидан фикр алмашилди. Учрашув якунида икки мамлакат ишбилармонлик миссияларининг ўзаро ташрифларини ташкил этишга келишиб олинди. Америкалик конгрессменлар учрашув аввалида Ўзбекистон Президенти ва халқини мамлакат мустақиллигининг 35 йиллиги билан табриклади. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X