🔴Марат Ҳамдамов ушланди: «Imarat Development» ишида икки киши гумонланмоқда
«Imarat Development» қурилиш лойиҳаси эгаси Марат Ҳамдамов жиноят ишига гумонланувчи тариқасида жалб қилиниб, Жиноят-процессуал кодексининг 227-моддаси тартибида ушланган. Тошкент шаҳар ИИББнинг Kun.uz’га маълум қилишича, мазкур иш доирасида жами икки киши ушланган.
Аввалроқ компания раҳбариятига нисбатан фирибгарлик ҳамда нодавлат ташкилотлар мансабдор шахсларининг ўз ваколатларини суиистеъмол қилиши ҳолатлари юзасидан жиноят иши қўзғатилгани хабар қилинган.
ИИББ маълумотига кўра, уйлар Тошкент шаҳрида эмас, Қуйичирчиқ туманида қурилишидан норози бўлган айрим харидорлар тўлаган маблағларини қайтаришни сўраган, бироқ пуллар қайтарилмаган.
Ҳамдамов эса бундан аввалги видеомурожаатларида компанияни ундан тортиб олишга уринишлар, ўзи ва оиласига нисбатан таҳдидлар бўлаётганини даъво қилган. Ушбу баёнотлар тадбиркорнинг позицияси бўлиб, уларнинг тасдиқлангани ҳақида маълумот йўқ.
Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X
🔴Миграция агентлиги ёпиладими?
✔️Хорижга ишга жойлаштириш хусусий секторга тўлиқ ўтказилади
Ўзбекистонда 2027 йилдан фуқароларни хорижга ишга жойлаштириш вазифаси энг ишончли хусусий бандлик агентликларига тўлиқ топширилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев бугунги йиғилишда маълум қилди.
Янги тизимга кўра, хорижда юқори даромадли ишга жойлаштирилган ҳар бир фуқаро учун хусусий агентликка 1,5 миллион сўм рағбат пули тўланади.
Шунингдек, ёшларни касб ва тилга тайёрлаш учун техникум биноларининг бир қисми бепул ижарага берилади. Хориждан жалб қилинган ўқитувчилар учун ижтимоий солиқ 1 фоиз этиб белгиланади, ўқув жиҳозлари божхона божидан озод қилинади.
Президент бир ой ичида тегишли қарор лойиҳасини киритиш, 2027 йилда эса Ўзбекистонда иккита йирик халқаро рекрутинг компанияси фаолиятини йўлга қўйишни топширди.
Миграция агентлигининг 21 октябрда эълон қилган рейтингига кўра, баҳоланган 47 та хусусий бандлик агентлигидан 40 таси қониқарсиз, 4 таси қониқарли, фақат 3 таси яхши баҳо олган. Бирортаси намунали деб топилмаган.
Бундан ташқари, октябрь ойида Миграция агентлиги хусусий ташкилотлар томонидан шартнома мажбуриятлари бажарилмаслиги, хизматлар кечикиши ва ишга жойлаштирилмаган фуқароларга пуллар қайтарилмаслиги билан боғлиқ шикоятларни муҳокама қилган.
Амалда агентлик фуқароларни хорижга ишга юбориш билан бирга, хусусий бандлик агентликларини лицензиялаш, назорат қилиш ва чет элдаги ўзбекистонликларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш вазифаларини ҳам бажаради.
Ҳозирча давлат Миграция агентлигини тугатиш ҳақида қарор эълон қилинмаган.
Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X
edited
🔴«Авторадио» беш йилдан бери республика бўйлаб эфирга чиқишга рухсат ололмаяпти
✔️Радио қамрови камайиб бораётган вақтда бюрократик тўсиқларда қандай мантиқ бор?
Ўзбекистонда радио тингловчилари улуши 21,9 фоизни ташкил этмоқда. Бироқ радиостанциялар ўз аудиториясини кенгайтириш учун республика ҳудудларига чиқишда муаммоларга дуч келмоқда.
Тошкентда ўтказилган «Ўзбекистонда медиа истеъмолини ўрганиш бўйича миллий тадқиқот» натижалари тақдимотида журналист Назира Иноятова радиостанцияларнинг ҳудудий қамрови масаласини кўтарди.
Унинг айтишича, «Авторадио» беш йилдан бери республика бўйлаб эфирга чиқиш учун ҳар йили тегишли ҳужжатларни топширмоқда, аммо ҳануз рухсатнома ололмаган.
Ҳозирда радиостанция Тошкент шаҳри, Тошкент вилояти, Жиззах ва Сирдарё каби ҳудудларда эшитилади.
Журналист радиостанциялар аҳолини қийнаётган муаммоларга бағишланган лойиҳаларни кўпайтиришга ҳаракат қилаётгани, бироқ эфир қамрови чекланган шароитда аудиторияни кенгайтириш қийинлигини таъкидлади.
Шу муносабат билан у тадқиқотда радионинг оммабоплигига оид кўрсаткичлар ҳақиқий вазиятни қанчалик акс эттиришини сўради.
Тақдим этилган миллий тадқиқот натижаларига кўра, 1411 нафар респондентнинг 21,9 фоизи радио эшитишини, 78,1 фоизи эса тингламаслигини билдирган.
Радио тингловчиларининг 40,5 фоизи уни автомобиль бошқараётганда, 41,4 фоизи эса уй ишлари билан машғул бўлганида эшитади.
Назира Иноятованинг саволига жавоб берган тадқиқот вакили натижалар ҳудудларда ўтказилган социологик сўровларга асосланганини билдирди.
Унинг таъкидлашича, тадқиқотдан мақсад муайян ОАВни камситиш ёки бошқасини устун қўйиш эмас, балки аҳолининг ахборот истеъмолига оид маълумотларни тўплашдир.
Шу билан бирга, тадқиқотнинг ҳам камчиликлари борлиги тан олинди. Келгусида бундай ўрганишларни ҳар икки йилда ўтказиш ва янада чуқурлаштириш мақсадга мувофиқлиги айтилди.
Тадқиқот натижалари радио тингловчиларининг улуши нисбатан пастлигини кўрсатмоқда. Аммо бу ҳолатга фақат аҳолининг қизиқиши камлиги сабабми?
Радиостанциялар республика бўйлаб тўлиқ эфирга чиқа олмаётган бўлса, уларнинг аудиторияси қандай кенгайиши мумкин?
Хусусан, «Авторадио» беш йилдан бери нима сабабдан рухсатнома ололмаяпти? Бунга техник имкониятлар, радиочастоталар тақчиллиги ёки маъмурий тўсиқлар сабабми?
Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X
🔴 Ўзбекистонда одамлар таҳлиллардан кўра кўпроқ янгилик, хабарларни кузатмоқда
Масс-медиа фонди «Ижтимоий фикр» ташкилоти билан ҳамкорликда ўтказган сўровда иштирокчиларнинг 70,3 фоизи янгиликлар ва ахборот дастурларини қайд этган. Таҳлилий ва ижтимоий-сиёсий дастурлар кўрсаткичи эса 12,1 фоизни ташкил қилган.
Ўзбекистонда медиа истеъмолини ўрганишга қаратилган мазкур сўровда шаҳар ва қишлоқлардан, турли туманлардан танлаб олинган аҳоли вакиллари қатнашган.
Натижаларга кўра, янгиликлар ва ахборот дастурлари катта фарқ билан биринчи ўринда. Оила ва бола тарбиясига оид дастурлар 28,6 фоиз, саломатлик ва соғлом турмуш мавзулари 26,9 фоиз, маҳаллий фильмлар эса 23,4 фоиз кўрсаткич билан кейинги ўринларни эгаллаган.
Тарих, маданият ва санъат дастурлари кўрсаткичи 20,8 фоизни ташкил қилган. Ҳужжатли фильмлар ва журналистик суриштирувлар битта тоифада берилган бўлиб, уларнинг умумий кўрсаткичи 20,2 фоизга тенг.
Аёллар ва эркаклар жавобларида сезиларли фарқ бор
Оила ва бола тарбияси дастурларини аёлларнинг 38,3 фоизи, эркакларнинг 18,7 фоизи қайд этган. Саломатлик мавзусида ҳам аёллар кўрсаткичи юқорироқ яъни 31,1 фоизга қарши 22,6 фоиз.
Спорт дастурлари ва жонли трансляцияларда эса эркаклар кўрсаткичи 22,2 фоизни, аёлларники 3,6 фоизни ташкил қилган. Таълимий ва илмий-оммабоп дастурларда ҳар икки гуруҳнинг кўрсаткичи бир хил — 14,3 фоиз.
Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X
🔴Ўзбекистонда энг кўп «Ўзбекистон 24» га ишонишади - Масс-медиа фонди тадқиқоти
Медиа истеъмоли бўйича миллий тадқиқот натижаларига кўра, «Миллий TV» энг кўп томоша қилинадиган, «Ўзбекистон 24» эса энг кўп ишонч билдирилган телеканал бўлди. Шунингдек, аҳолининг 45 фоизи ОАВни жамоатчилик фикрини шакллантирувчи куч деб ҳисоблайди.
2 ноябрь куни Тошкентда Ўзбекистонда медиа истеъмолини ўрганиш бўйича миллий тадқиқот натижалари тақдим этилди. Тадқиқот Масс-медиа фонди, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси, Президент Администрацияси ҳузуридаги Контент тайёрлаш маркази ҳамда «Ижтимоий фикр» республика илмий-тадқиқот маркази ҳамкорлигида амалга оширилган.
Тадқиқот доирасида фуқароларнинг ахборот манбаларига муносабати, телеканалларни томоша қилиш одатлари ва оммавий ахборот воситаларининг жамиятдаги ўрни ўрганилган.
✔️Энг кўп томоша қилинадиган телеканаллар
Сўровда телевизион аудиторияга мансуб 952 нафар респондент иштирок этган. Уларнинг жавобларига кўра, энг кўп томоша қилинадиган телеканаллар қуйидагича:
«Миллий TV» — 44,5%;
«Ўзбекистон 24» — 41,7%;
«Зўр TV» — 34,9%;
«Севимли TV» — 33,8%;
«Ёшлар» — 28,6%;
«Менинг юртим» (MY5) — 26,1%;
«Спорт» — 23%;
«Кинотеатр» — 21,8%;
«Маҳалла» — 20,5%.
✔️Қайси телеканалга кўпроқ ишонишади?
Тадқиқотда телеканалларга бўлган ишонч ҳам алоҳида ўрганилган.
Натижаларга кўра, «Ўзбекистон 24» 52,8 фоиз билан ишонч билдирилган телеканаллар рўйхатида биринчи ўринни эгаллаган.
Кейинги ўринларда:
«Ўзбекистон» — 28,3%;
«Севимли TV» — 25,4%;
«Миллий TV» — 25,1%;
«Ёшлар» — 23,7%;
«Зўр TV» — 23,1%;
«Менинг юртим» (MY5) — 13,5%;
UzReport TV — 13%;
«Маҳалла» — 12,6%;
«Спорт» — 11%.
Сиз қайси ОАВга кўпроқ ишонасиз?
Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X
edited
🔴Ўзбекистонда туғилишлар камаймоқда
✔️Тўққиз ойда 26 минг нафарга кам бола дунёга келди
✔️Қизлар сони камаймоқда
Ўзбекистонда туғилишлар сони пасайишда давом этмоқда. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида мамлакатда 638 628 нафар чақалоқ тирик туғилган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан қарийб 26 минг нафарга ёки 3,9 фоизга кам.
Таққослаш учун, 2025 йилнинг дастлабки тўққиз ойида тахминан 665 минг нафар бола туғилган.
Энг кўп туғилиш Самарқанд вилоятида — 77 537 та, Қашқадарёда — 72 508 та ва Фарғонада — 71 437 та қайд этилган. Энг кам кўрсаткич эса Сирдарё (15 377 та) ва Навоий (17 533 та) вилоятларига тўғри келган.
Жинслар кесимида ҳам камайиш кузатилган. 2026 йилнинг тўққиз ойида 308 854 нафар қиз ва 329 774 нафар ўғил бола туғилган. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қизлар сони 12 147 нафарга, ўғил болалар сони эса 13 823 нафарга камайган.
Умуман, сўнгги йилларда туғилишлар сони изчил қисқармоқда. 2024 йилнинг январь–сентябрь ойларида 693,9 минг, 2025 йилда 664,6 минг, 2026 йилда эса 638,6 минг чақалоқ дунёга келган. Демак, икки йил ичида туғилишлар сони 55 мингдан ортиққа камайган.
Шунга қарамай, Ўзбекистон аҳолиси табиий ўсишда давом этмоқда. Жорий йилнинг тўққиз ойида 123,4 мингта ўлим қайд этилган ва табиий ўсиш 515,2 минг кишини ташкил қилган.
Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X
edited
uzdiplomat иқтибоси🖍
«Бу ғафлат ва жаҳолатимизда давом этсак, истиқболимиз ниҳоятда хавфлик».
Мунавварқори Абдурашидхонов, ўзбек жадидчилик ҳаракатининг етакчи намояндаларидан бири, маърифатпарвар, педагог, журналист ва жамоат арбоби.
(1878–1931)
Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X
🔴Яна уй оламан деган одамлар чув тушдими?
✔️Imarat Development раҳбариятига нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Компания асосчиси эса босим ва таҳдидлар ҳақида гапирмоқда
Харидорлар уйлар манзили бўйича чалғитилгани ва пуллари қайтарилмаганидан шикоят қилмоқда. Компания асосчиси Марат Ҳамдамов эса бизнесини эгаллаб олишга уринишлар бўлаётганини даъво қилди.
Тошкент шаҳар ИИББ Imarat Development МЧЖ раҳбариятига нисбатан фирибгарлик ва мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш аломатлари билан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.
Терговга қадар текширувга компаниядан хонадон харид қилган фуқароларнинг шикоятлари асос бўлган.
Маълум бўлишича, Сергели туманида офиси жойлашган компаниядан уй сотиб олган айрим харидорлар хонадонлар Тошкент шаҳрида қурилади, деб ҳисоблаган. Бироқ кейинчалик турар жой мажмуалари аслида Тошкент вилоятининг Қуйи Чирчиқ туманида жойлашгани аниқланган.
Бундан норози бўлган фуқаролар тўлаган пулларини қайтаришни талаб қилган, аммо компания маблағларни қайтармаган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 192¹¹-моддаси (нодавлат ташкилотида мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш) бўйича жиноят иши қўзғатилган.
Айни пайтда Imarat Development асосчиси Марат Ҳамдамов компания атрофидаги можаро юзасидан баёнот берди.
Унинг сўзларига кўра, сўнгги бир ой давомида номаълум шахслар унга ва оиласига босим ўтказиб, компанияни топширишни ҳамда чет элга чиқиб кетишни талаб қилган. Шунингдек, унинг ўз офиси ва қурилиш объектларига кириши чекланган.
Ҳамдамов мазкур шахслар компанияни сотиш, мижозларга тегишли тайёр хонадонларни эса банкка гаровга қўйишни режалаштираётганини даъво қилмоқда.
«Мижозларимни ҳам, лойиҳаларимни ҳам ташлаб кетмайман. Уйларни охиригача қуриб топшираман. Imarat Development’ни ҳеч кимга бермаймиз!» — деган у.
Тадбиркор бу ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилганини билдирган.
Можаро ҳозир бошлангани йўқ. 2025 йил декабрида Imarat Development билан боғлиқ уй-жой можароси юзасидан ижтимоий тармоқларда фуқаролар мурожаатлари эълон қилинган эди. Унда 2023–2024 йилларда хонадон харид қилган фуқаролар уйларнинг ҳақиқий манзили бўйича чалғитилганини билдирган.
Шунингдек, Марат Ҳамдамовга алоқадор Perfect-Mansions МЧЖ мансабдорларига нисбатан ҳам аввалроқ Тузел Park турар жой мажмуаси билан боғлиқ жиноят иши қўзғатилган.
Қуйи Чирчиқ туманидаги Sergeli City мажмуасида эса қурилиш ишлари давлат рўйхатидан ўтказилмасдан ва қоидабузарликлар билан олиб борилгани аниқланиб, ишлар тўхтатилган эди.
Ҳозирча Imarat Development ишида қанча фуқаро жабрлангани, уларнинг қанча маблағи қайтарилмагани ва қурилиши тугалланмаган хонадонлар тақдири қандай бўлиши маълум эмас.
Шу билан бирга, компания асосчисининг бизнесни эгаллаб олишга уринишлар ҳақидаги даъволарига ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан расмий муносабат билдирилгани ҳақида маълумот йўқ.
Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X
🔴Хакерлар 27 миллион ўзбекистонликнинг шахсий маълумотларини сотиш билан таҳдид қилмоқда
✔️Миллионлаб фуқароларнинг маълумотлари ҳақиқатан хавф остидами ва давлат идоралари бу даъвога қандай муносабат билдиради?
Ўзини BUTTERFLY деб атаган хакерлар гуруҳи Ўзбекистоннинг собиқ Персоналлаштириш агентлиги маълумотлар базасига кириб, 27 миллиондан ортиқ фуқаронинг шахсий маълумотларини қўлга киритганини даъво қилмоқда.
Pivot нашрига кўра, хакерлар давлат идораларидан 2 ноябрь куни соат 08:00 гача улар билан боғланишни талаб қилган. Акс ҳолда, маълумотларни darknet'да сотувга чиқариш билан таҳдид қилмоқда.
Гуруҳ даъвосига далил сифатида Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматовнинг шахсий маълумотларини эълон қилган.
Жорий йил февралда ҳам 15 миллион ўзбекистонликнинг шахсий маълумотлари тарқалгани ҳақида хабарлар пайдо бўлган эди.
Кейинроқ вазир Шерзод Шерматов январь ойида учта давлат идорасининг ахборот тизимларига киберҳужум уюштирилганини тасдиқлаган. Унинг сўзларига кўра, 15 миллион эмас, тахминан 60 минг фуқаронинг маълумотлари тарқалган.
29 октябрда эса SafeRoad фойдаланувчиларининг паспорт, ЖШШИР, телефон ва транспорт воситаларига оид маълумотлари Telegram ботларда тарқалаётгани айтилди.
SafeRoad оператори маълумотлар ўз тизимидан сизиб чиққанини рад этди. Ички ишлар вазирлиги ҳолат Киберхавфсизлик маркази билан биргаликда ўрганилаётганини билдирди.
Ҳозирча расмий муносабат йўқ. Агар маълумотлар тарқалгани тасдиқланса, улардан фуқароларга нисбатан фирибгарлик уринишларида фойдаланилиши мумкин.
Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X
edited
🔴Хорижий чегаралардан қайтарилаётган ўзбекистонликлар...
✔️Грузиянинг ўзида 473 нафар ўзбекистонлик мамлакатга кира олмади. Бошқа давлатларда вазият қандай?
Ўзбекистон фуқаролари хорижга сафар қилишда янги чекловлар ва чегара назорати билан боғлиқ муаммоларга дуч келмоқда.
Грузия аэропортларида тўққиз ойда 473 нафар ўзбекистонликнинг кириши рад этилган. Мамлакатдаги депортация операцияларида ҳам Ўзбекистон фуқаролари бор. Таиланд визасиз режимни бекор қилди, Қозоғистон эса янги электрон рухсатнома тизимини жорий этмоқда.
Ўзбекистонликлар учун хорижга чиқиш қийинлашяптими?
Батафсил сайтда ўқинг!
Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X
📄uzdiplomat iqtibosi🖍
Дунёда икта фикр мавжуд: биттаси меники, иккинчиси нотўғри фикр.
ЭНЗО ФЕРРАРИ,
Феррари компанияси асосчиси, автомобил конструктори.
Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X
edited
🔴Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг Hilton, Wyndham ва CAEx бизнеслари АҚШ компаниясига ўтказилди
Тошкентнинг собиқ ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга алоқадор йирик бизнеслар энди АҚШдаги компания таркибида бўлади. Рақобат қўмитаси бунга рухсат берди.
Аммо бу бизнеслар америкаликларга сотилгани йўқ. АҚШ компаниясининг 99,44 фоизи ҳам Ортиқхўжаевлар оиласи назоратида. Яъни мулклар бир оиланинг Ўзбекистондаги компаниясидан шу оиланинг АҚШдаги компаниясига ўтказилган.
Қизиғи, битим учун белгиланган 18 миллион долларлик инвестиция шарти ҳам бекор қилинган.
Uzdiplomat.uz аввалроқ ушбу бизнеснинг 100 миллион долларлик кредитга кафил бўлгани, мулкдорга 17,5 миллион доллардан ортиқ маблағ тақсимлангани ва компаниялар ўртасидаги 36 миллион долларлик операциялар ҳақида ёзган эди.
Хўш, Ортиқхўжаевлар оиласи нега Ўзбекистондаги йирик бизнесларини АҚШ компанияси таркибига ўтказди? Бу жараён қандай амалга оширилди ва Америка ҳужжатларида оиланинг бизнесига оид яна қандай молиявий маълумотлар ошкор бўлган?
✔️Батафсил Uzdiplomat.uz' мақоласида ўқинг!
👉 Аввалги суриштирув
Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X
🔴Ўзбекистонда одамлар кўчада хавфсиз, амалдор олдида ҳимоясиз?
✔️Халқаро рейтингда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича 109-ўринда, давлат очиқлигида 120-ўринда паст даражада қолмоқда
Ўзбекистонда хавфсизлик кўрсаткичи юқори. Аммо инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, амалдорларнинг ваколатидан ошиб кетишига йўл қўймаслик ва давлат идораларининг очиқ ишлаши бўйича натижалар анча паст.
World Justice Project (WJP) ташкилотининг 2026 йилги Қонун устуворлиги индексида 143 мамлакат баҳоланган. Ўзбекистоннинг натижалари қуйидагича:
— Инсоннинг асосий ҳуқуқларини ҳимоя қилишда — 109-ўрин.
— Амалдорларнинг ваколатидан ошиб кетишини чеклашда — 115-ўрин. Оддий қилиб айтганда, раҳбар ўз хоҳишича иш тутса, уни тўхтатадиган ва жавобгарликка тортадиган тизим етарлича эмас.
— Давлат идораларининг очиқ ишлашида — 120-ўрин. Бу фуқаронинг давлатдан маълумот олиши, қарорлар қандай қабул қилинаётганини билиши ва уларнинг муҳокамасида қатнашиши билан боғлиқ.
Давлат очиқлиги бўйича Ўзбекистон Шарқий Европа ва Марказий Осиё гуруҳидаги 15 мамлакат орасида охиридан иккинчи ўринда.
Айни пайтда мамлакат тартиб ва хавфсизлик бўйича дунёда 15-ўринни эгаллаган. Умумий рейтингда эса 79-ўринда.
Одамнинг кўчада хавфсиз юриши билан давлат идораси олдида ўз ҳақини ҳимоя қила олиши — қонун устуворлигининг алоҳида жиҳатлари. Ўзбекистоннинг иккинчи йўналишдаги натижалари анча заифлигича қолмоқда.
Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X
edited
🔴 «Ўзбекистонда ҳукумат тайинлаган ректорлар қанчалик мустақил?» — Абдуқодир Тошқуловга савол
Термиз давлат университети ректори Абдуқодир Тошқулов университетига берилган академик ва молиявий мустақилликдан қаноатланишини билдирди. Айни пайтда, у ректорларни сайлаш тизимига ўтиш вақти келганини ҳам айтди.
Uzdiplomat мухбири Абдуқодир Тошқуловдан ректорларнинг мустақиллиги, Олий таълим вазирлиги олдида ҳисобдорлиги ва уларни юқоридан тайинлаш амалиёти ҳақида сўради.
Журналист ректорлар катта олий таълим муассасасини бошқариши, шундай экан, уларга Ғарб университетларидаги каби кенгроқ мустақиллик бериш зарурлигини таъкидлади.
Тошқулов эса ҳозирда 40 та давлат университетига академик ва молиявий мустақиллик берилганини айтиб, мавжуд имкониятлардан қониқишини билдирди.
«Ҳозир икки йўналишда мустақиллик берилган университетнинг мустақиллигидан мен ректор сифатида қаноатланаман», — деди у.
Журналист вазирлик томонидан бериладиган топшириқлар, қабул квоталари ва ходимларнинг маошини белгилаш масаласидаги чекловларни эслатди.
«Маошни тўлиқ мустақил ҳал қиламиз. Ҳозир устама бериш даражаси ҳам чекланмаган. KPI тизимлари жорий қилинган. Ҳар қандай вазиятда сметани ўзгартира оламиз», — деди Тошқулов.
Унинг айтишича, университет харажатлар сметасини йил давомида ўзгартириш имкониятига эга. Шунингдек, Термиз давлат университетида Малайзиянинг Утара университети франшизаси ва 15 та давлатдаги 30 дан ортиқ олийгоҳ билан қўшма таълим дастурлари амалга оширилмоқда.
Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X
🔴 Миллий гвардия мактабларга бириктирилгач, бир йил давомида ўқишга бормаётган болаларни аниқлади
Миллий гвардия ходимлари томонидан республика бўйича мунтазам дарс қолдириб келган 1008 нафар ўқувчи аниқланган. Идора вакилининг матбуот анжуманида билдиришича, олиб борилган ишлар натижасида уларнинг 97 фоизи дарсга қайтарилган.
Масъулнинг айтишича, аниқланган болалар орасида ўн кунлаб, бир ойлаб, ҳатто бир йил давомида мактабга бормаганлар ҳам бўлган. Ҳарбий хизматчилар маҳалла еттилиги билан биргаликда уларнинг хонадонларига бориб, дарс қолдириш сабабларини ўрганган.
Ушбу натижалар ҳарбий хизматчилар 4 июлдан кейин мактабларга бириктирилгач амалга оширилган ишлар билан изоҳланган.
Миллий гвардия вакилига кўра, улар орасида хорижга кетганлар, жазони ижро этиш муассасаларида жазо ўтаётганлар ва бошқа сабабларга кўра дарсга қайтмаганлар бор. Бироқ ҳар бир тоифа бўйича алоҳида рақамлар келтирилмаган.
Вакил Миллий гвардия асосан Ўзбекистон ҳудудида бўла туриб мактабга бормаётган ўқувчилар билан ишлаётганини таъкидлаган.
Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X
edited
🔴Давлат пули қандай сарфланяпти?
✔️9 ойда 10,2 трлн сўмлик қоидабузарлик аниқланди
Ўзбекистонда 2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида давлат харидларида 10,2 трлн сўмлик қонунчилик талаблари бузилиши ҳолатлари аниқланган. Ҳисоб палатаси эълон қилган бу рақам ортида қайси ташкилотлар ва мансабдорлар тургани, бюджетга қанча зарар етказилгани очиқ қолмоқда.
Палатанинг 27 октябрдаги ҳисоботига кўра, тўққиз ойда 84 та аудит ўтказилган. Аниқланган ҳолатларга ҳуқуқий баҳо бериш учун 4,8 трлн сўмлик ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилган. Материалларнинг юборилиши ҳали айб исботлангани ёки суд жазо тайинлаганини англатмайди.
Ҳисоботда 222,3 млрд сўмлик ҳужжатлар бўйича мансабдор шахслар маъмурий жавобгарликка тортилгани ҳам айтилган. Аммо кимлар, қайси лавозимдаги раҳбарлар ва нечта шахс жазолангани кўрсатилмаган. Қўлланган жазолар тафсилоти ҳам берилмаган.
Харажатлар йўналишида 2 трлн сўмлик молиявий хатолик аниқланган, бюджетга 250,2 млрд сўм ундирилган. Қолган ундирилиши лозим бўлган маблағлар бўйича ишлар давом этаётгани билдирилган. Даромадлар йўналишида эса қўшимча солиқ ва мажбурий тўлов манбаларидан 656,3 млрд сўм бюджетга тушган.
Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X
edited
🔴Энди Тошкент паркларида роботлар қоровуллик қилиши режалаштирилмоқда
Миллий гвардия пойтахтда сунъий интеллект ёрдамида бошқариладиган дрон ва роботларни синовдан ўтказмоқда. Бу ҳақда бўлим бошлиғи, подполковник Мадумаров маълум қилди.
Унинг айтишича, қурилмалар одамлар тўпланиши ва эҳтимолий тартиббузарликлар ҳақидаги маълумотларни реал вақтда марказга узатади. Бу тезкор қарор қабул қилиш вақтини қисқартиришга ёрдам бермоқда.
Келгусида анъанавий патрулларни дрон ва роботлашган қурилмалар билан алмаштириш назарда тутилган. Бироқ якуний қарорларни операторлар қабул қилади.
Йил якунигача паркларда жамоат тартибини сақлашда роботлардан фойдаланиш режалаштирилган. Ҳозирча ишлар синов босқичида.
Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X
🔴 Беларусь ўзбекистонликларни ишга қабул қилишнинг янги тартибини маъқуллади
Номзодлар Ўзбекистонда сараланиб, жўнаб кетишидан олдин иш шароитлари ва шартнома лойиҳаси билан таништирилади. Беларусда эса иш берувчи уларни кутиб олиш ва расмий ишга жойлаштиришни ташкил этади.
Мамлакатда қарийб 130 мингта бўш иш ўрни бор. Жорий йилнинг тўққиз ойида у ерга ишлаш учун 4 210 нафар ўзбекистонлик борган.
Аввалроқ айрим юртдошларимиз Беларусдаги меҳнат ва яшаш шароитларидан шикоят қилганди. Миграция агентлиги уларнинг муаммолари ҳал этилганини билдирган.
Янги тартиб нимани назарда тутади, ишчиларга қандай шартлар таклиф этилмоқда?
👉 Батафсил — сайтимизда.
Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X
📄uzdiplomat iqtibosi🖍️
Барча таназзул йўлидаги халқларнинг қаҳрамонлари одатда бир хил: спортчилар, қўшиқчилар ва актёрлар.
Жон Глаб,
Инглиз ҳарбий ва сиёсат арбоби, генерал
Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X
🔴Наманганда электр тармоғи ходимлари 300 млн сўм жарима билан қўрқитиб, 4 минг доллар талаб қилган
Наманганда «Энергосавдо» филиалининг Янги Наманган тумани бўлими бошлиғи ва устаси фуқародан 2 500 АҚШ доллари олган вақтда ушланган. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент хабар берди.
Департамент маълумотига кўра, бўлим бошлиғи Ф.А. ва уста А.А. ўзаро тил бириктириб, фуқаро Б.К.нинг «Гўзал» маҳалласидаги нотурар биносида ўрнатилган электр ҳисоблагичини гўёки носоз деб кўрсатган. Улар бу бўйича далолатнома тузилса, 300 млн сўм жарима қўлланилишини айтиб, ҳужжатни расмийлаштирмаслик эвазига 4 минг доллар талаб қилган.
Департаментнинг Наманган шаҳар бўлими ўтказган тезкор тадбирда улар сўралган пулнинг 2 500 долларини олаётган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 210-моддаси — пора олиш ва 212-моддаси — пора олиш-беришда воситачилик қилиш билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X