Uzdiplomat | Расмий канал

@uzdiplomat · news · Belarusian · active

Янгиликлар, танқидий-таҳлилий мақолалар, журналистик суриштирувлар UzDiplomat.uz — Адолат очиқликдан бошланади •facebook.com/uzdiplomat •instagram.com/uzdiplomat.uz •youtube.com/@uzdiplomat Реклама: +99893 571 72 35 Таҳририятга мурожаат— @uzdiplomat_uz

Subscribers 34.8K Subscribers, last 30 days: 34.8K → 34.8K +0 24h
Reach per post (ERR) 22.5%7.8K avg views
Posting 8.6/day last 7 hours ago
Reactions per 1K views 9.3 👍 ❤ 🤣
  1. 🔴«Гапиришдан кўра тинглаш муҳимроқ» — Шерзодхон Қудратхўжа Анқарадаги форум ҳақида Анқарада туркий давлатлар ўртасида медиа, таълим ва маданий ҳамкорликни кенгайтиришга бағишланган «Туркий дунё мулоқот форуми» бошланди. Тадбирда иштирок этаётган Шерзодхон Қудратхўжа Uzdiplomat.uz мухбирига берган интервьюсида мулоқотнинг асосий шарти бир-бирини тинглаш эканини таъкидлади. 30–31 октябрь кунларига мўлжалланган форум Туркия Президенти ҳузуридаги Коммуникациялар бошқармаси томонидан Туркий давлатлар ташкилотининг 13-саммити доирасида ташкил этилган. «Ғоядан мулоқот сари, олға» шиори остидаги тадбир медиа ва коммуникация мутахассислари, олимлар, таҳлил марказлари, маданият ва санъат вакилларини бирлаштирмоқда. Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжа форумдан кутилаётган натижа ҳақидаги саволга жавоб берар экан, ўзаро ҳурмат ва тинглаш маданиятига эътибор қаратди. «Бу фақат гапириш эмас, бу — бир-биримизни тинглаш. Ўзи гапиришдан кўра тинглаш муҳимроқ. Мен бугун келдим, мана, сизга ҳозир интервью бериб турибман ва кўп эшитдим, кўп тингладим. Биз бугун, XXI асрда, бир-биримизни тинглашни ўрганишимиз керак», — деди у. Қудратхўжанинг фикрича, туркий халқларнинг муштарак тарихи, маданияти ва қадриятлари медиа соҳасидаги ҳамкорлик учун ҳам муҳим манба бўла олади. У форумда туркий давлатларнинг миллий нақшлари ва маданий рамзлари акс эттирилганига эътибор қаратиб, бундай тадбирлар халқларни яқинлаштириши кераклигини айтди. Форумнинг медиага оид кун тартибида дезинформацияга қарши кураш, сунъий интеллектдан фойдаланиш, қўшма медиа платформаларини яратиш ва стратегик коммуникацияни кучайтириш масалалари бор. TRT Avaz маълумотига кўра, Туркия–Ўзбекистон муносабатлари ва келгусидаги ҳамкорлик имкониятлари ҳам муҳокамаларнинг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Суҳбатда Қудратхўжа Туркия Республикаси ташкил топганининг 103 йиллиги муносабати билан кузатган байрам кайфияти ҳақида ҳам гапирди. У Анқара кўчаларидаги одамларнинг қувончи ва мустақилликка муносабати ўзида таассурот қолдирганини айтди. «Дунёда шундай миллатлар борки, давлати йўқ. Шундай миллатлар борки, байроғини осолмайди. Биз жуда бахтлимиз», — деди Қудратхўжа. Ташкилотчилар маълумотига кўра, форум дастурида университетлар, таҳлил ва тадқиқот марказлари ўртасида билим ҳамда ғоя алмашинувини кучайтириш ҳам кўзда тутилган. Шунингдек, туркий халқларнинг тарихий-маданий меросига бағишланган кўргазмалар ва маданий тадбирлар ўтказилиши белгиланган. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X

  2. 🔴ID-карта билан сафарлар, 100 та қўшма лойиҳа ва умумтуркий луғат... ✔️Мирзиёев ТДТ саммитида нималарни таклиф қилди? Президент Шавкат Мирзиёев 30 октябрь куни Анқарада ўтган Туркий давлатлар ташкилотининг 13-саммитида савдо, транспорт, туризм ва таълим соҳаларига оид қатор ташаббусларни илгари сурди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди. Ўзбекистон раҳбарининг асосий таклифлари қуйидагилардан иборат: - «ТДТ плюс» форматида ҳамкорликни йўлга қўйиш. Учинчи мамлакатлар билан мулоқотни соҳавий вазирлар учрашувларидан бошлаш таклиф қилинди. Учрашувлар савдо, транспорт ва инвестиция йўналишларида аниқ қўшма лойиҳаларни амалга оширишга қаратилиши керак. - «Туркий дунё — 100» дастурини қабул қилиш. Дастур юзта стратегик қўшма инвестиция ва саноат лойиҳасини қамраб олиши кўзда тутилмоқда. Улар орасида нодир минералларни қайта ишлаш ва «яшил» энергетика ускуналарини маҳаллийлаштириш лойиҳалари бор. Молиялаштиришга Туркий инвестиция жамғармаси ва халқаро молия институтлари ресурсларини жалб қилиш таклиф этилди. - Тадбиркорлар учун ўзаро ҳуқуқий ёрдам тизимини яратиш. Тижорат ишлари бўйича кўп томонлама шартнома тузиш, ҳуқуқий ёрдам сўровлари ва ҳужжатларни электрон алмашиш учун рақамли платформа ташкил этиш ташаббуси билдирилди. - Туркий давлатларнинг қўшма логистика тармоғини ташкил этиш. Ўрта коридорни яхлит иқтисодий тизимга айлантириш мақсадида «Туркий давлатлар логистика комплекслари тармоғи»ни тузиш ва биргаликда бошқариш таклиф қилинди. - «Туркий туризм альянси»ни тузиш. Ташаббус туркий давлатларнинг туризм салоҳиятини кенгайтиришга қаратилган. - ID-карталар билан сафар қилиш имкониятларини кенгайтириш. Аҳолининг ўзаро сафарларини соддалаштириш учун кўп томонлама битим ишлаб чиқиш таклиф этилди. - «Умумтуркий сўзлар луғати»ни яратиш. Луғатга туркий тиллардаги муштарак, барча туркий халқлар учун тушунарли сўзларни жамлаш ташаббуси илгари сурилди. Бундан ташқари, Мирзиёев «Янги Ўзбекистон стипендияси» доирасида туркий давлатлар ёшларига ҳар йили таълим грантлари ажратилишини маълум қилди. Ўзбекистоннинг 2027 йилни «Табиатни асраш йили» деб эълон қилиш ташаббуси қўллаб-қувватланганини ҳам қайд этди. Саммитда ТДТнинг янги бош котиби лавозимига Ўзбекистон вакили Мирвоҳид Азимов номзоди қўллаб-қувватланди. Ташкилотнинг навбатдаги саммити 2027 йилда Ўзбекистонда ўтказилиши маълум қилинди. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X

  3. edited

    🔴Туркия товарлари энди арзонлашадими? ✔️Туркий давлатларга ID карта билан сафар қилиш имконияти пайдо бўлиши мумкин ✔️Туркияда ишлаган ўзбекистонликлар пенсия оладими? ❗️Икки давлат ўртасида бешта келишув имзоланди Ўзбекистон ва Туркия савдо, ижтимоий таъминот ва тадбиркорлик соҳаларида бешта келишув имзолади. Бу ҳужжатлар оддий фуқаролар ҳаётига қандай таъсир қилади? Айниқса, Туркияда йиллаб меҳнат қилган ўзбекистонликларнинг пенсия ва ижтимоий суғурта ҳуқуқларида нима ўзгаради? 29 октябрь куни Анқарада Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ўртасидаги музокаралар якунида бешта келишув имзоланди. Ҳужжатлар савдо, божхона, ижтимоий таъминот ва бизнес соҳаларида ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган. Келишувлар орасида оддий фуқаролар учун энг аҳамиятлиларидан бири — ижтимоий таъминот соҳасидаги битим. Батафсил ўқиш Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X

  4. 🔴 Тошкентда уйда яроқсиз пиво ишлаб чиқараётганлар ушланди Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида яширин пиво ишлаб чиқариш цехи фош этилди. Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент маълумотига кўра, “Салар бўйи” кўчасидаги хонадонлардан бирида фуқаро В.Т. ва бошқалар қўлбола усулда истеъмолга яроқсиз пиво ишлаб чиқарган. Тезкор тадбир давомида яширин цехдан 22 турдаги пиво ичимликлари ҳамда ишлаб чиқаришда фойдаланилган маҳсулотлар ашёвий далил сифатида олинган. Ҳолат юзасидан хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган маҳсулотларни сотиш мақсадида ишлаб чиқариш билан боғлиқ модда асосида жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X

  5. edited

    🔴 Электр ва газ учун ёрдам пули оладиган оилалар доираси кенгайтирилади ✔️Кўмир хариди учун моддий ёрдам эса 2029 йил 1 январгача тўланади Ўзбекистонда электр энергияси, табиий газ ва кўмир харажатларини қоплаш учун давлат ёрдами олиш шартлари енгиллаштирилмоқда. Президентнинг янги фармонига кўра, компенсация тайинлашда оилаларнинг жон бошига тўғри келадиган ўртача ойлик даромади мезони оширилади. Хусусан:Электр ва газ учун компенсация олишда даромад чегараси минимал истеъмол харажатларининг 1,5 баробаридан 2 баробарига оширилади. Кўмир хариди учун моддий ёрдам ажратишда даромад мезони 1 баробардан 2 баробарга кўтарилади. «Саховат ва кўмак» жамғармаси орқали коммунал тўловлар, қарздорлик ва ёқилғи харажатларини қоплашда ҳам даромад мезони 2 баробар этиб белгиланади. Электр энергияси ва табиий газ учун базавий меъёр доирасидаги ва ундан ортиқ истеъмол тарифлари ўртасидаги фарқни қоплаш 2028 йил 1 апрелгача давом этади. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X

  6. 🔴Мубашшир Аҳмад озодликка чиқиши мумкин ✔️Адвокат кассация шикояти киритди Мубашшир Аҳмад номи билан танилган Алишер Турсуновнинг адвокати Абдуллоҳ Содиқ 2026 йил 27 октябрь куни суд ҳукми устидан кассация шикояти киритилганини маълум қилди. Адвокатнинг айтишича, шикоят Учтепа туман жиноят ишлари бўйича судига тақдим этилган. Энди иш Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида кўриб чиқилиши кутилмоқда. Ҳимоя томони Жиноят кодексининг 244-1-моддаси учинчи қисми «г» банди ҳамда 156-моддаси иккинчи қисми бўйича оқлов ҳукми чиқарилишини сўрамоқда. Шунингдек, шикоятга қўшимча ҳужжатлар ва далиллар илова қилинган. Адвокат Мубашшир Аҳмаднинг Туркияда туриб қилган чиқишлари YouTube орқали Ўзбекистонда тарқалиши учун алоҳида рухсат талаб этилишини билмагани ҳақидаги важни ҳам келтирган. «Агар кассация шикоятимиз тўлиқ қаноатлантирилса, Мубашшир Аҳмад суд залидан озод қилиниши лозим», — деди адвокат Абдуллоҳ Содиқ. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X

  7. edited

    #Real_Ozbekistan 🔴 «Малика» бозорида таксичилардан ҳам тўлов ундирилмоқда UZDIPLOMAT.UZ таҳририятига такси ҳайдовчисидан мурожаат келиб тушди. Унинг билдиришича, Тошкентдаги «Малика» бозорига йўловчини тушириш ёки олиб кетиш учун қисқа муддатга кирган таксилардан ҳам автотураргоҳ ҳақи ундирилмоқда. Тошкент аэропортида эса йўловчи тушириш учун 5 дақиқа бепул вақт берилади. Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 2 апрелдаги 200-сон қарорида муайян шартлар асосида айрим бозорларга йўловчи олиш ва тушириш учун таксиларнинг бепул кириш ҳуқуқи назарда тутилган. Бу имтиёз «Малика» бозорига ҳам тегишлими? Ўзини ўзи банд қилган лицензияли таксичилардан пул ундиришнинг ҳуқуқий асоси қандай? Таҳририят мазкур саволларга бозор маъмурияти ва масъул идоралардан изоҳ кутади. ❗️«Реал Ўзбекистон» лойиҳасида иштирок этинг! Ўз ҳудудингизга оид янгиликлар, сурат ва лавҳаларни телеграмдан @uzdiplomat_uz га жўнатинг! Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X

  8. 🔴 Ўзбекистонда 60 мингга яқин олий маълумотли ишсиз бор — Бандлик департаменти Ўзбекистонда 674 минг нафар ишсиз фуқаронинг 9 фоизи, яъни 60 мингга яқини олий маълумотли. Бу ҳақда Аҳоли бандлиги департаменти директори Собир Ҳайтмуратов Uzdiplomat мухбири саволига жавобан маълум қилди. Uzdiplomat мухбири Жаҳон банки вакилининг Ўзбекистонда тадбиркорлик ривожига тўсқинлик қилаётган омиллардан бири малакали кадрлар етишмаслиги экани ҳақидаги фикрини тилга олиб, мамлакатдаги меҳнат бозори билан боғлиқ зиддиятга эътибор қаратди. «Бир томондан, ишсизлик муаммоси бор, кўплаб фуқаролар иш излаб хорижга кетмоқда. Иккинчи томондан, Жаҳон банки Ўзбекистонда малакали кадрлар етишмаслигини айтмоқда. Хўш, бизда олий маълумотли ишсизлар ҳам борми?» — дея савол берди журналист. Собир Ҳайтмуратов буни тасдиқлади. «Ҳозирги кунда 674 минг нафар ишсиз фуқаромиз бўлса, шундан 9 фоизи олий маълумотли. Бу 60 минг атрофидаги фуқарони ташкил этади», — деди у. Департамент директорига кўра, меҳнат бозори ҳар чоракда ўрганилади. Бироқ иқтисодиётда янги соҳалар пайдо бўлиши билан иш берувчиларнинг кадрларга қўядиган талаблари ҳам ўзгармоқда. Унинг таъкидлашича, олий таълим муассасалари асосан назарий билим беради, иш берувчилар эса амалий кўникмаларга эга мутахассисларни қидиради. Ҳайтмуратов бу муаммони ҳал қилиш учун дуал таълимни ривожлантириш, корхоналарни кадрлар тайёрлаш жараёнига жалб этиш ва ходимларни ишга қабул қилгандан кейин ҳам ўқитиш зарурлигини билдирди. Шунингдек, у Германия мисолида олий маълумотли ёшларнинг ҳатто амалиёт ўташ учун жой топишда қийналаётганини айтди. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X

  9. uzdiplomat иқтибоси🖍 «Келажак авлодларимиз бугунги фаолиятимизни имзоланган ҳужжатлар ёки ўтказилган анжуманлар сони билан эмас, балки улар учун яратилган имкониятлар, эгалланган билимлар ва ҳаётда эришилган натижалар орқали баҳолайди». Эркинжон Турдимов, Таълим ва илм-фан вазири 28.10.2026. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X

  10. 🔴Мирзиёев ва Эрдоған бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшма кенгаш тузишни муҳокама қилди Ўзбекистон ва Туркия президентлари бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича юқори даражадаги кенгашни таъсис этиш ҳамда истиқболли қўшма лойиҳаларни кўпайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Шавкат Мирзиёев ва Режеп Таййип Эрдоған бугун Анқарада учрашди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар берди. Музокараларда Ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг навбатдаги йиғилишига тайёргарлик кўриш ва янги йўналишларда амалий ҳамкорликни давом эттириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Учрашувда икки давлат ўртасида савдо ва инвестициялар ҳажми, қўшма корхоналар ҳамда авиақатновлар сони ўсиб бораётгани қайд этилди. Расмий хабарда янги лойиҳаларнинг қиймати ва кенгашни тузиш муддати очиқланмаган. Президентлар сиёсий-дипломатик ва маданий-гуманитар ҳамкорлик, бўлажак тадбирлар, шунингдек, халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан фикр алмашган. Мирзиёев Туркия халқини Республика куни билан табриклади. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X

  11. 🔴АҚШда ўзбекистонликни «энг ёмон жиноятчилар» қаторида кўрсатилди АҚШ Ички хавфсизлик вазирлиги Оҳайо штатида ушланган, жиноий ўтмишга эга ноқонуний муҳожирлар ҳақидаги баёнотида ўзбекистонлик Сардор Тиркашевни ҳам «энг ёмонлар» қаторига киритди. Вазирлик хабарига кўра, Иммиграция ва божхона назорати хизмати — ICE ходимлари Тиркашевни 7 октябрь куни Оҳайо штатининг Чилликоти шаҳрида ушлаган. Идора маълумотида у оғирлаштирувчи ҳолатларда ҳужум қилишнинг икки эпизоди ҳамда талончилик учун аввал судлангани қайд этилган. Вазирлик Тиркашевни АҚШда ноқонуний яшаб келган шахс сифатида кўрсатган. Баёнотда жами беш нафар хорижлик ҳақида маълумот берилган. Улар турли саналарда қўлга олинган. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X

  12. 🔴Канада компанияси Ўзбекистонда мис ва олтин конларини қидиришга қизиқиш билдирмоқда Канаданинг Arras Minerals Corp. компанияси Ўзбекистонда мис ва олтин конларини геологик қидириш бўйича ҳамкорлик имкониятларини ўрганмоқда. 28 октябрь куни Тошкентда Инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Шоҳрух Ғуломов ва Arras Minerals Corp. бош директори Тимоти Барри ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Вазирлик маълумотига кўра, музокараларда тоғ-кон саноати, геология-қидирув ишлари ва истиқболли мис ҳамда олтин конларини аниқлаш соҳасида ҳамкорлик қилиш имкониятлари муҳокама қилинган. Учрашув якунида томонлар ҳамкорликни ривожлантириш бўйича кейинги амалий қадамларни белгилаб олган. 2021 йилда ташкил этилган Arras Minerals Corp. бош қароргоҳи Канаданинг Ванкувер шаҳрида жойлашган. Компания асосан мис ва олтин конларини излаш ҳамда геологик тадқиқ қилишга ихтисослашган. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X

  13. edited

    🔴 Қамалиб чиққанлар қаерларда ишга жойлаштирилмоқда? Ўзбекистонда жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган 3704 нафар фуқаронинг манзилли рўйхати шакллантирилиб, уларнинг барчаси билан суҳбат ўтказилган. Бу ҳақда Аҳоли бандлиги департаменти директори Собир Ҳайтмуратов журналистлар саволига жавобан маълум қилди. Унинг айтишича, Ички ишлар вазирлиги томонидан Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига тақдим этилган рўйхат асосида собиқ маҳкумларни ишга жойлаштириш чоралари кўрилмоқда. Хусусан, 1459 нафар фуқарога турли маслаҳат ва хизматлар кўрсатилган, 1862 нафарининг бандлиги таъминланган. Шунингдек, жазони ўтаб чиққан фуқаролар учун корхоналарда 1668 та иш ўрни олдиндан захира қилинган. Ҳозиргача ушбу ўринларга 754 нафар фуқаро ишга жойлаштирилган. Журналистнинг «Улар асосан қайси соҳаларда ишга жойлаштирилмоқда?» деган саволига Ҳайтмуратов фуқароларнинг малакаси, хоҳиши ва мавжуд бўш иш ўринлари инобатга олинишини айтди. Бироқ у собиқ маҳкумлар айнан қайси корхона ёки соҳаларда ишлаётгани ҳақида аниқ маълумот бермади. Шунингдек, захира қилинган 1668 та иш ўрнининг 914 таси ҳозирча тўлдирилмагани маълум бўлмоқда. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X

  14. 🔴 «Сув танқислиги ва ер шўрланишига қандай ечим бор?» ✔️ «Аграр университетнинг нуфузи нега паст?» ✔️ Ректор Нарзулло Обломуродовда аниқ жавоб борми? Ўзбекистонда сув танқислиги ва ерларнинг шўрланиши қишлоқ хўжалиги олдида турган энг долзарб муаммолардан. Хўш, аграр соҳа учун мутахассислар тайёрлайдиган олийгоҳ бу муаммоларга қандай илмий ечимлар таклиф қилмоқда? Uzdiplomat мухбири Тошкент давлат аграр университети ректори Нарзулло Обломуродовга шу савол билан мурожаат қилди. Ректорнинг таъкидлашича, қишлоқ хўжалигида катта ислоҳотлар амалга оширилмоқда, университетнинг таълим ва илмий дастурлари ҳам долзарб муаммолар ечимига қаратилган. У тупроқ таҳлили, генетика, селекция, янги экин турлари ва маҳсулотларни қайта ишлаш бўйича илмий лойиҳалар олиб борилаётганини билдирди. Бироқ сув танқислиги ва ер шўрланишига қарши айнан қандай технологиялар ишлаб чиқилгани, улар қаерда синовдан ўтказилгани ва қандай натижа бергани ҳақида аниқ мисол келтирмади. Мухбир университетнинг нуфузи, ёшларнинг аграр соҳага қизиқиши ва олийгоҳнинг рейтингдаги ўрни ҳақида ҳам савол берди. Обломуродов университет ташкил этилганидан буён 150 мингдан ортиқ мутахассис тайёрлаганини айтди ва мухбирни олийгоҳ фаолияти билан танишишга таклиф қилди. Университетнинг ҳозирги рейтинги ҳақидаги саволга эса аниқ кўрсаткич келтирмасдан, дунёда меҳнат бозори ўзгараётгани, урбанизация кучаяётгани ва қишлоқ хўжалигига муносабат ўзгариб бораётганини таъкидлади. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X

  15. 🔴Тошкентда ҳаво яна ифлосланди ✔️Корхоналарга чиқиндиларни икки баравар камайтириш айтилди Тошкентда нафас олаётган ҳавомиз саломатлик учун зарарли даражада қолмоқда. 29 октябрь соат 09:00 даги IQAir маълумотига кўра, пойтахтда ҳаво сифати индекси 188 ни ташкил этган. Бу — «носоғлом» даража саналади. IQAir рейтингида Тошкент ҳавоси ифлосланган йирик шаҳарлар орасида тўртинчи ўринда кўрсатилган. Ундан олдин Лоҳур, Деҳли ва Қоҳира жойлашган. Пойтахт ҳавосидаги майда PM2.5 заррачалари миқдори эса бир куб метрда 108 микрограммга етган. Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳам 28 октябрь кечқурун Тошкент ҳавосини «носоғлом» деб баҳолаган. Қўмитага кўра, шамолнинг сустлиги, ёғингарчилик йўқлиги ва тунги ҳарорат инверсияси туфайли шаҳардан чиқадиган чанг ва зарарли моддалар ҳавода тўпланиб қолмоқда. Содда айтганда, об-ҳаво шароити ифлос ҳавонинг тарқалиб кетишига тўсқинлик қиляпти. Вазиятни яхшилаш мақсадида Тошкент ва унга яқин ҳудудлардаги 7 та иссиқлик электр станцияси ҳамда 131 та йирик корхонага ҳавога чиқариладиган чиқиндиларни икки баравар камайтириш зарурлиги ҳақида огоҳлантириш берилган. Яна 30 та йирик қурилиш ташкилотидан чанг кўтарилишини камайтириш чораларини кўриш талаб қилинган. Ҳокимликларга асосий кўчалар ва йўл четларидаги қум-чангни тозалаш, фаввораларни ишлатиш топширилган. Корхоналардан чиқаётган зарарли моддалар миқдорини махсус кўчма лаборатория текширмоқда. Қўмита бундай пайтда, айниқса, болалар, кексалар, ҳомиладор ва эмизикли аёллар, юрак ёки нафас йўллари касаллиги бор кишиларга кўчада узоқ қолмасликни, очиқ ҳавода жисмоний зўриқишни чеклашни тавсия қилган. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X

  16. Роғун ГЭСи қурилишида сув сиғими ёрилиб, ишчилар сув оқими остида қолгани айтилмоқда Тожикистонда қурилаётган Роғун ГЭСининг туннелларидан бирида техник сув тўпланадиган сиғим ёрилиб, сув ишчилар устига оқиб тушган. Расмийлар ҳеч ким жароҳат олмаганини билдирмоқда, ОАВ эса беш нафардан ортиқ ишчи жабрлангани ҳақида хабар берган. «Азия-Плюс» нашрининг хабарига кўра, ҳодиса 21 октябрь куни соат 16:15 атрофида, туннелда цементлаш ишлари олиб борилаётган пайтда содир бўлган. Тожикистоннинг саноат ва тоғ-кон ишлари хавфсизлигини назорат қилувчи давлат хизмати маълумотича, юқоридаги сув сиғими ёрилиб, пастдаги сиғимни ҳам шикастлаган. Натижада ҳар иккисидаги сув ишчилар турган жойга оқиб тушган. Ўша пайтда у ерда Sino Hydro субпудратчи компанияси ходимлари ишлаётган бўлган. Идора ишчиларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилгани ва улар ишга қайтганини билдирган. Ҳодиса сабабларини ўрганиш учун ишчи гуруҳ тузилган. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X

  17. 📄 uzdiplomat иқтибоси🖍 «Ўзбекистон камбағалликни қисқартириш бўйича чемпион давлатлардан бири». 28.10.2026 Марат Жўраев, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг биринчи ўринбосари Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X

  18. edited

    🔴Эркинжон Турдимов халқаро форумда таълимдаги ютуқларни санаб берди ✔️Олий таълим қамрови 44 фоизга ошган. Диплом кўпайди, билим-чи? 28 октябрь куни Тошкентда ўтган «Марказий Осиё — таълим, фан ва инновацияларнинг янги макони» халқаро форумида Эркинжон Турдимов сўнгги йиллардаги таълим ислоҳотларини ижобий баҳолади. Таълим ва илм-фан вазири Эркинжон Турдимовнинг айтишича, олий таълим қамрови 9 фоиздан 44 фоизга етган. Университетлар сони 205 тага, хорижий университетлар ва уларнинг филиаллари сони 35 тага етган. Давлат грантлари эса 2017 йилдаги 20 700 тадан 2026 йилда 46 900 тага кўпайган. Албатта, кўпроқ ёшларнинг олий маълумот олиш имкониятига эга бўлаётгани ижобий ўзгариш. Аммо университетга кириш имконияти кенгайгани таълим сифати ҳам ошганини англатмайди. Масалан, битирувчиларнинг қанчаси ўз мутахассислиги бўйича иш топмоқда? Иш берувчилар уларнинг билими ва малакасидан қониқяптими? Турдимов мактабгача таълимдан тортиб олий таълим ва илм-фангача бўлган соҳалар ягона бошқарув тизимига бирлаштирилганини ҳам таъкидлади. Аммо бу ўзгариш университетлар мустақиллигига қандай таъсир қилишига тўхталмади. Шунингдек, хорижий университетлар билан 800 дан ортиқ ҳамкорлик шартномаси имзолангани айтилди. Қизиғи, вазир нутқининг охирида шундай деди: «Келажак авлодларимиз бугунги фаолиятимизни имзоланган ҳужжатлар ёки ўтказилган анжуманлар сони билан эмас, балки улар учун яратилган имкониятлар, эгалланган билимлар ва ҳаётда эришилган натижалар орқали баҳолайди». Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X

  19. edited

    🔴«715 минг сўм бир кишига бир ойга ҳам етмайди» Журналист ва расмий ўртасида камбағаллик мезони бўйича баҳс Ўзбекистонда камбағаллик даражасини ҳисоблаш учун белгиланган 715 минг сўмлик минимал истеъмол харажатлари миқдори журналист ва расмий ўртасида баҳсга сабаб бўлди. Журналист мамлакат камбағалликни қисқартириш бўйича эришган натижаларини айнан шу паст мезон билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини савол остига олди. «Камбағалликни қисқартириш бўйича чемпион давлатга айландик, дедингиз. Бу камбағаллик чегараси 715 минг сўм қилиб белгилангани ҳисобига эмасми? Масалан, уни 500 минг сўм қилиб қўйсак, суперчемпионга айланишимиз мумкин-да?» — дея савол берди журналист. Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг биринчи ўринбосари Марат Жўраев эса Ўзбекистонда белгиланган камбағаллик мезони Жаҳон банки тавсия этадиган меъёрдан ҳам юқори эканини таъкидлади. Бу маблағ кунлик ҳисобда тахминан 23 800 сўмни ташкил этади. Унга озиқ-овқат, транспорт, коммунал хизматлар, кийим-кечак ва бошқа зарур харажатларни сиғдириш қанчалик реал? Жаҳон банкининг халқаро камбағаллик чегараси билан Ўзбекистондаги минимал истеъмол харажатлари мезонини таққослашда ҳисоблаш услуби ва харид қобилияти фарқини ҳам инобатга олиш зарур. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X

  20. Ходимларни мажбурий меҳнатга жалб қилган 47 нафар иш берувчи ва масъулга баённома тузилган 2026 йилнинг тўққиз ойида мажбурий меҳнат ҳолатлари бўйича 47 нафар иш берувчи ва масъулга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилган. Бу ҳақда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг биринчи ўринбосари Марат Жўраев матбуот анжуманида маълум қилди. У педагоглар ва бошқа касб эгаларини тозалаш ҳамда бошқа ишларга мажбуран жалб қилиш ҳақидаги хабарлар ўрганилаётганини айтди. Қоидабузарлик тасдиқланса, масъулларга нисбатан чора кўрилади. Бундан ташқари, ходимларни иш вақтидан ташқари ишга жалб қилиш билан боғлиқ яна 15 та ҳолат бўйича маъмурий жавобгарлик чоралари қўлланган. Вилоят раҳбарларига ҳам огоҳлантириш хатлари юборилган. Жўраевнинг таъкидлашича, Давлат меҳнат инспекцияси ижтимоий тармоқларда кўтарилган масалаларни ҳам, фуқароларнинг мурожаатларини ҳам ўрганади. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X

  21. Older posts