🔴Ўзбекистонда туғилишлар камаймоқда ✔️Тўққиз ойда 26 минг нафарга кам бола дунёга келди ✔️Қизлар сони камаймоқда Ўзбекистонда туғилишлар сони пасайишда давом этмоқда. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида мамлакатда 638 628 нафар чақалоқ тирик туғилган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан қарийб 26 минг нафарга ёки 3,9 фоизга кам. Таққослаш учун, 2025 йилнинг дастлабки тўққиз ойида тахминан 665 минг нафар бола туғилган. Энг кўп туғилиш Самарқанд вилоятида — 77 537 та, Қашқадарёда — 72 508 та ва Фарғонада — 71 437 та қайд этилган. Энг кам кўрсаткич эса Сирдарё (15 377 та) ва Навоий (17 533 та) вилоятларига тўғри келган. Жинслар кесимида ҳам камайиш кузатилган. 2026 йилнинг тўққиз ойида 308 854 нафар қиз ва 329 774 нафар ўғил бола туғилган. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қизлар сони 12 147 нафарга, ўғил болалар сони эса 13 823 нафарга камайган. Умуман, сўнгги йилларда туғилишлар сони изчил қисқармоқда. 2024 йилнинг январь–сентябрь ойларида 693,9 минг, 2025 йилда 664,6 минг, 2026 йилда эса 638,6 минг чақалоқ дунёга келган. Демак, икки йил ичида туғилишлар сони 55 мингдан ортиққа камайган. Шунга қарамай, Ўзбекистон аҳолиси табиий ўсишда давом этмоқда. Жорий йилнинг тўққиз ойида 123,4 мингта ўлим қайд этилган ва табиий ўсиш 515,2 минг кишини ташкил қилган. Telegram | Instagram | You Tube | Facebook | X