🔴Давлат пули қандай сарфланяпти? ✔️9 ойда 10,2 трлн сўмлик қоидабузарлик аниқланди Ўзбекистонда 2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида давлат харидларида 10,2 трлн сўмлик қонунчилик талаблари бузилиши ҳолатлари аниқланган. Ҳисоб палатаси эълон қилган бу рақам ортида қайси ташкилотлар ва мансабдорлар тургани, бюджетга қанча зарар етказилгани очиқ қолмоқда. Палатанинг 27 октябрдаги ҳисоботига кўра, тўққиз ойда 84 та аудит ўтказилган. Аниқланган ҳолатларга ҳуқуқий баҳо бериш учун 4,8 трлн сўмлик ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилган. Материалларнинг юборилиши ҳали айб исботлангани ёки суд жазо тайинлаганини англатмайди. Ҳисоботда 222,3 млрд сўмлик ҳужжатлар бўйича мансабдор шахслар маъмурий жавобгарликка тортилгани ҳам айтилган. Аммо кимлар, қайси лавозимдаги раҳбарлар ва нечта шахс жазолангани кўрсатилмаган. Қўлланган жазолар тафсилоти ҳам берилмаган. Харажатлар йўналишида 2 трлн сўмлик молиявий хатолик аниқланган, бюджетга 250,2 млрд сўм ундирилган. Қолган ундирилиши лозим бўлган маблағлар бўйича ишлар давом этаётгани билдирилган. Даромадлар йўналишида эса қўшимча солиқ ва мажбурий тўлов манбаларидан 656,3 млрд сўм бюджетга тушган. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X