Uzdiplomat | Расмий канал

@uzdiplomat · news · Belarusian · active

Янгиликлар, танқидий-таҳлилий мақолалар, журналистик суриштирувлар UzDiplomat.uz — Адолат очиқликдан бошланади •facebook.com/uzdiplomat •instagram.com/uzdiplomat.uz •youtube.com/@uzdiplomat Реклама: +99893 571 72 35 Таҳририятга мурожаат— @uzdiplomat_uz

Subscribers 34.8K Subscribers, last 30 days: 34.8K → 34.8K +0 24h
Reach per post (ERR) 22.5%7.8K avg views
Posting 8.7/day last 9 hours ago
Reactions per 1K views 9.2 👍 ❤ 🤣
  1. 🔴Тошкент осмонидаги ёрқин жисм Хитой ракетаси билан боғлиқ бўлиши мумкин 19 сентябрь куни кечқурун Тошкент осмонида ортидан узун ёруғ из қолдирган жисм кузатилди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолар юзасидан Ўзбекистон Фанлар академияси изоҳ берди. Астрономия институти мутахассисларининг дастлабки таҳлилига кўра, жисмнинг кўриниши, ҳаракати ва қолдирган изи метеор ёки болидга хос эмас. Ҳодиса ракета ёки унинг босқичларидан бири билан боғлиқ бўлиши мумкин. Институт катта илмий ходими Камолиддин Эргашевнинг билдиришича, эҳтимолий изоҳлардан бири — Хитойнинг «Тайюан» космодромидан учирилган Long March-2D (Chang Zheng-2D) ташувчи ракетаси. Дастлабки ҳисоб-китобларда учириш вақти ва йўналиши билан Тошкентда кузатилган ҳодиса ўртасида мослик борлиги қайд этилган. Хитойда ўша куни ҳақиқатан ҳам космик учириш амалга оширилган. «Синьхуа» агентлигига кўра, 19 сентябрь куни Пекин вақти билан соат 18:50 да — Тошкент вақти билан 15:50 да — мазкур ракета PIESAT-2 туркумидаги 13–16-рақамли тўртта сунъий йўлдошни орбитага олиб чиққан. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X

  2. uzdiplomat иқтибоси: 🖍 «Олдинлари бир миллион иш ўрни яратилди, деган маълумот бериларди. Аммо амалда ярми ҳам яратилмасди. Чунки ҳар бир иш ўрнини яратиш қанча маблағ талаб этишини, қанча технология олиб келиниши кераклигини биламиз. Лекин шу ишлар қилинмасдан ҳисоботда чиройли рақамлар кетарди. Натижада аҳоли сарсон, иш излаб четга кетади… Бу масалага ҳозир бошқача ёндашиляпти». 2022 йил, сентябрь ТАНЗИЛА НОРБОЕВА, Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Каналга уланиш:✏️ https://t.me/uzdiplomat

  3. 🔴208 нафар ўқитувчининг ҳар бирига 616 миллион сўмдан мукофот берилади Ўзбекистонда илк бор ўтказилган «Йил ўқитувчиси» танлови ғолиблари аниқланди. Мамлакат бўйлаб 46 мингдан ортиқ педагог қатнашган беллашувда 208 нафар ўқитувчи ғолиб бўлди. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги маълумотига кўра, 208 та туман ва шаҳарнинг ҳар бирида биринчи ўринни эгаллаган педагогга 616 миллион сўмдан пул мукофоти берилади. Бу базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 400 бараварига тенг. Ҳисоб-китобга кўра, ғолибларни тақдирлаш учун жами 128 миллиард 128 миллион сўм йўналтирилади. Танловда ўқитувчилар фақат ўз фанини қанчалик билиши бўйича баҳоланмаган. Уч босқичли саралашда уларнинг назарий билими, дарс ўтиш маҳорати, маънавий-маърифий фаолияти ва китобхонлиги ҳам инобатга олинган. Жумладан, педагоглар ўтган дарснинг видеоёзуви махсус платформага жойлаштирилиб, баҳоланиши белгиланган. Президент ташаббуси билан жорий этилган мазкур танловни 2026 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир марта ўтказиш назарда тутилган. Ғолиб бўлган ўқитувчиларнинг исм-фамилиялари вазирлик эълон қилган тўлиқ рўйхатда келтирилган. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X

  4. 🔴 «Тошкентда қачон замонавий Табиат тарихи музейи очилади?» — Анвар Назир Сиёсатшунос Анвар Назир Тошкентда Геология музейини ҳам қамраб олган замонавий Табиат тарихи музейи ва йирик илмий-тадқиқот марказини ташкил этишни таклиф қилди. У янги музейлар ва кўргазма масканлари очилаётганини қўллаб-қувватлашини билдириб, пойтахтда табиий фанларга бағишланган замонавий музейга ҳам эҳтиёж борлигини таъкидлади. «Бугунги Табиат музейининг ачинарли кўриниши — юртимизда табиий фанларга қандай ўрин берилаётганининг очиқ кўрсаткичидир. Бу фақат эски бино ёки янгиланмаган кўргазмалар ҳақида эмас. Бу — табиат ва билимга бўлган қарашимиз ҳақида», — деб ёзади Назир. Сиёсатшуноснинг фикрича, бундай музей фақат экспонатлар намойиш этиладиган жой билан чекланмаслиги керак. Унда олимлар ишлаши, илмий тўпламлар сақланиши, янги топилмалар ўрганилиши ва экспедициялар ташкил этилиши зарур. Назир АҚШга сафари давомида Вашингтондаги Смитсон институтига қарашли Табиат тарихи миллий музейида олган суратларини келтириб, Тошкентда ҳам шундай билим ва тадқиқот маскани бўлиши кераклигини таъкидлаган. У таклиф этаётган музей геология, палеонтология, эволюцион биология, зоология, ботаника, антропология ва иқлим йўналишларини бирлаштириши лозим. Экспозициялар Ернинг пайдо бўлиши, ҳаётнинг ривожланиши ва инсоннинг келиб чиқишини ўзаро боғлиқ ҳолда тушунтириши керак. Муаллиф Геология музейининг жамоатчиликка танитилиши масаласини ҳам кўтарган. Унинг фикрича, ўзбекистонлик геологлар ўнлаб йиллар давомида тўплаган минераллар ва қадимги ҳаётга оид топилмалар шаҳарнинг энг кўзга кўринарли илмий бойликларидан бирига айланиши зарур. Назир ёшлар орасида илмга зид қарашлар тарқалаётганидан ҳам хавотир билдирган. Хусусан, «динозаврлар ўрта асрларда яшаган» каби даъволарни танқид қилиб, Беруний меросини эслатган: табиатни англаш кузатиш, ўлчаш ва далилларни текширишга таяниши керак. Сиёсатшунос музейни ташкил этиш ва унинг фаолиятини юритишда ёш олимларга таянишни таклиф қилмоқда. Унинг тасаввурида бу — болалар табиатни тажриба ва кузатиш орқали ўрганадиган, ёшлар тадқиқот олиб борадиган, олимлар эса мамлакатнинг табиий тарихини ўрганиш ва сақлаш билан шуғулланадиган маскан. «Шаҳарнинг бугунги кунга қанчалик мослиги фақат баланд бинолар, кенг йўллар, меҳмонхоналар ва савдо уйлари билан ўлчанмайди. Унинг қай ўринда турганини музейлари, кутубхоналари, университетлари ва билим ўчоқлари кўрсатади», — дея таъкидлайди Анвар Назир. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X

  5. 🔴Қорақалпоғистонда нима гап? ✔️ Кредит, иш, сув ва йўл бўйича муҳим янгиликлар Нукусда Президент раислигида ўтган йиғилишда аҳолининг кундалик ҳаётига дахлдор бир қатор чоралар эълон қилинди. Президент матбуот хизмати берган маълумотлардан энг муҳимларини жамладик. ✔️ Оилавий бизнес учун кредит арзонлашади. Қорақалпоғистонда оилавий тадбиркорлик кредитлари ставкаси 17,5 фоиздан 12 фоизга туширилади. Кредитини вақтида қайтариб келган ишончли тадбиркорлар учун ҳам компенсация ҳисобига 12 фоизли кредит линияси очилмоқда. ✔️Асбоб-ускуна олишга 50 миллион сўмгача ссуда берилади. 1 октябрдан бу миқдор ҳозирги 20 миллион сўмдан 50 миллион сўмга оширилади. «Уста-шогирд» асосида касб ўрганиш харажатларини қоплашда ёш чегараси ҳам 30 ёшдан 40 ёшга кўтарилади. ✔️ Тошкентдан Нукусга поездда 7 соатда бориш режалаштирилмоқда. Келаси йил март ойидан тезюрар поезд қатновини йўлга қўйиб, сафар вақтини 16 соатдан 7 соатга қисқартириш белгиланди. ✔️ Мўйноққа янги ичимлик суви тармоғи тортилади. Қўнғиротдан Мўйноққа 100 километрлик сув тармоғи қурилиши ва «Туямўйин» сув тозалаш иншоотини реконструкция қилиш бошланади. ✔️Хусусий боғча очиш учун 7 фоизли кредит берилади. Қорақалпоғистонда боғча очадиган тадбиркорларга 15 йилга, 5 йиллик имтиёзли давр билан кредит ажратилиши эълон қилинди. ✔️ Олис туманларга келиб ишлайдиган шифокорларга устама берилади. Мўйноқда амал қилаётган 200 фоизгача ойлик устама 1 январдан Бўзатов ва Тахтакўпирда ҳам жорий этилади. Нукусда эса тиббиёт муассасаларини бирлаштирган университет тиббий кластери ташкил қилинади. ✔️ Деҳқон ва чорвадорлар учун сув таъминоти яхшиланади. Тўрткўлдаги «Ёнбош» ва Бўзатовдаги «Эркиндарё» каналларини 1 мартгача бетонлаш топширилди. Каналлар ва қўшимча сув иншоотларига жами 135 миллиард сўм ажратилади. Озуқа етиштиришга ҳар гектар учун 500 минг сўм субсидия бериш бўйича қарор лойиҳасини киритиш ҳам топширилди. ✔️Ёшлар учун IT ва логистикада иш ўринлари яратилади. Бир йилда минг нафар, кейинги икки йилда яна 5 минг нафар ёшни шу соҳаларда юқори даромадли иш билан таъминлаш вазифаси қўйилди. Амударё, Беруний, Чимбой ва Қўнғиротдаги биттадан техникумда халқаро касбий таълим дастури йўлга қўйилади. ✔️Нукусда 50 минг аҳолига мўлжалланган янги массив қурилиши бошланди. «Ашшикўл» ҳудудидаги «Нукус сити» 270 гектар майдонни қамраб олади. У ерда тураржойлар, савдо ва хизмат кўрсатиш марказлари ҳамда яшил хиёбонлар барпо этилади. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X

  6. 🔴”Сирожиддин Одилов ишида жабрланувчилар даъволаридан воз кечишмоқда” ❗️Аввалроқ Одиловга қарши аризалар у ҳибсга олингач, йиғилгани айтилганди Мирзачўл судида кўрилаётган блогер Сирожиддин Одиловнинг жиноят иши бўйича айрим жабрланувчилар даъволаридан воз кечиб, унга нисбатан моддий ва маънавий талаблари йўқлиги ҳақида аризалар бера бошлаган. Бу ҳақда навбатдаги суд мажлисида қатнашган «Эзгулик» инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов маълум қилди. Ташановнинг ёзишича, мазкур шахсларнинг мурожаатлари Одиловга товламачилик айблови қўйилишига асос бўлган. Унинг қайд этишича, мажлисда прокурор суд музокараларига тайёр эмаслигини билдирган. Шунингдек, терговнинг қўшимча даъвоси бўлиши мумкинлиги ҳақида гап бўлган, бироқ постда бунинг тафсилотлари очиқланмаган. Ташанов суд жараёнини ижобий баҳолаб, Одиловнинг озодликка чиқишига умид билдирган. Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ишни кўраётган судья алмашгани сабабли суд тергови бошидан бошланган эди. Одиловнинг адвокати Uzdiplomat’га берган интервьюсида ҳимоя томони қамоқ эҳтиёт чорасини ўзгартиришни сўрагани, аммо суд илтимосномани рад этганини айтган. Адвокат иш ҳужжатларига таяниб, Одиловга нисбатан 10 март куни қамоқ эҳтиёт чораси қўллангани, аризаларнинг аксарияти эса 20 ва 23 март кунлари олинганини билдирган эди. Ҳимоячи, шунингдек, дастлаб қамоққа олишга асос қилиб кўрсатилган пора олиш ва пора беришга оид айбловлар судга киритилган айблов таркибида йўқлигини таъкидлаган. Ҳимоя томони амалдаги айбловларни ҳам баҳслашмоқда. Иш бўйича якуний ҳукм ҳали эълон қилинмаган. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X

  7. 🔴SAT имтиҳонини бошқалар ўрнига ечиб бериш нархи 1 500 доллар! Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт туманидаги хусусий мактабда халқаро SAT имтиҳони саволларини талабгорлар ўрнига масофадан ечиб бериш учун «бункер» ташкил этилган. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди. ДХХ Тошкент вилояти бошқармаси ва вилоят ИИББ ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда мазкур гуруҳ фаолиятига чек қўйилган. Унинг аъзолари асосан хорижий университетларнинг Тошкентдаги филиалларида таҳсил олувчи талабалар бўлган. Хабарга кўра, IT соҳасига ихтисослашган МЧЖ мутахассиси тизимга яширин кириб, тест саволларини ечиш имконини яратган. Талабалар эса масофадан туриб, имтиҳон топширувчилар ўрнига саволларни ишлаган. Гуруҳ аъзоларидан бири беш нафар талабгорнинг ҳар биридан 1 500 АҚШ долларидан сўраган. Улардан бирининг пулини криптоҳамён орқали олган. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси — фирибгарлик бўйича жиноят иши қўзғатилган. Тергов давом этмоқда. Эслатиб ўтамиз, 2025 йилда Ўзбекистонда IELTS имтиҳони материаллари интернетда ноқонуний сотилаётгани ҳақида хабарлар тарқалган, айрим номзодларнинг натижалари қайта текширилиб, бекор қилинган эди. Шу воқеалар фонида ўша йилнинг 11 июлидан IELTS’ни қоғозда топшириш вақтинча тўхтатилган, компьютердаги имтиҳонлар эса давом этган. IDP имтиҳон маркази тўхтатилиш сабабини расман «операцион сабаблар» билан изоҳлаган. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X

  8. edited

    🔴Ўзбекистонда Хитой иштирокидаги корхоналар улуши 30 фоизга яқинлашди ✔️Беш йилда хорижий бизнес таркиби қандай ўзгарди? Ўзбекистонда хорижий сармоя иштирокидаги ҳар ўнта корхонанинг қарийб учтаси Хитой билан боғлиқ. Уларнинг сони Россия ва Туркия иштирокидаги корхоналарни қўшиб ҳисоблаганда ҳам кўпроқ. Хорижий таҳлилчилар Хитой Ўзбекистонга маҳсулот сотиладиган бозор билан бирга, ишлаб чиқаришни жойлаштириш мумкин бўлган мамлакат сифатида ҳам қараётганини таъкидламоқда. Бу ўзгариш Ўзбекистонга қандай имкониятлар беряпти? Корхоналарнинг кўпайиши одамларнинг иши, даромади ва маҳаллий бизнесда қай даражада сезиляпти? Умуман Хитой қачон ва қандай қилиб Россияни ортда қолдирди? 👉 Батафсил Uzdiplomat.uz сайтида ўқинг! ❗️Фото сунъий интеллект маҳсули. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X

  9. 🔴Билимни баҳолаш агентлиги ходимларига стаж учун 150 фоизгача устама тўланади 2026 йил 1 октябрдан Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги ходимларига иш стажига қараб лавозим маошининг 30 фоизидан 150 фоизигача ойлик устама тўланади. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 17 сентябрдаги қарори билан тасдиқланган янги низомда белгиланди. Ходим қанча узоқ ишлаган бўлса, маошига шунча кўп устама қўшилади: 1–3 йил ишлаганларга — маошининг 30 фоизи; 3–5 йил ишлаганларга — 60 фоизи; 5–10 йил ишлаганларга — 80 фоизи; 10–15 йил ишлаганларга — бир маош миқдорида; 15–20 йил ишлаганларга — маошининг 120 фоизи; 20 йилдан ортиқ ишлаганларга — бир ярим маош миқдорида. Бу пул ҳар ой асосий маошга қўшимча тўланади. Шу тариқа, октябрдан устама олиш учун энг кам стаж икки йилдан бир йилга тушади, энг юқори устама эса 35 фоиздан 150 фоизга ошади. Молиялаштириш манбаи давлат бюджетига ўтказилади. Қарор билан агентликнинг вазифалари, ҳуқуқлари, раҳбарлар масъулияти, фаолиятини баҳолаш ва ходимларни моддий рағбатлантириш тартибларини қамраб олган низом тасдиқланди. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X

  10. 📄uzdiplomat иқтибоси: 🖍 «Агар бирорта ғўддайган бойвачча пайдо бўлса, бирортангни кечирмайман. Мана шуни ҳамма билиши керак. Давлат бор бўлиши керак. Ана шунда бизда бирлик ва ҳамжиҳатлик бўлади, одамлар бизга ишонади». Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон Республикаси Президенти Сентябрь, 2026 йил Каналга уланиш:✏️ https://t.me/uzdiplomat

  11. Учкўприкда овқатдан заҳарланиш гумони билан шифохонага ётқизилганлар 57 нафарга етди Фарғона вилояти Учкўприк туманида 17–18 сентябрь кунлари ҳолсизлик, кўнгил айниши ва ич кетишидан шикоят қилиб, тиббий ёрдам сўраганлар сони 57 нафарга етди. Соат 20:00 ҳолатига уларнинг барчаси шифохонага ётқизилган. Бу ҳақда Озиқ-овқат хавфсизлиги қўмитаси хабар берди. Дастлабки эпидемиологик суриштирувда беморлар туманнинг Наврўзшоҳ кўчасидаги тезтайёр таомлар шохобчаларидан бирида хот-дог ва нон-бургер истеъмол қилгани аниқланган. Шифокорлар уларда овқатдан заҳарланиш ҳолатидан гумон қилмоқда. Беморлар орасида аҳволи оғир ёки реанимацияда ётганлар йўқ. Ҳолат юзасидан эпидемиологик суриштирув давом этмоқда, тадбиркорлик субъектининг фаолияти вақтинча тўхтатилган. Ҳозирча заҳарланишга айнан қайси маҳсулот ёки омил сабаб бўлгани ҳақида якуний хулоса эълон қилинмаган. Маълумот учун, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига кўра, озиқ-овқат орқали юқадиган касалликларга зарарли бактериялар, вируслар, паразитлар ёки кимёвий моддалар сабаб бўлиши мумкин. Уларнинг олдини олишда тозаликка риоя қилиш, хом ва тайёр маҳсулотларни алоҳида сақлаш, таомни етарлича пишириш ҳамда хавфсиз ҳароратда сақлаш муҳим. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X

  12. Қорақалпоғистонда 592 млн долларлик лойиҳалар ишга тушди, яна 7 млрд долларлик қурилишларга старт берилди Бугун Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида Қорақалпоғистонда 592 млн долларлик 11 та лойиҳа ишга туширилди, яна 7 млрд долларлик 47 та лойиҳа қурилиши бошланди. Презмдент матбуот хизматининг маълум қилишича, улар ҳисобига 8 мингта иш ўрни яратилиши белгиланган. Ишга туширилган объектлар орасида Қораўзакдаги умумий қуввати 300 мегаватт бўлган иккита шамол электр станцияси ва 100 мегаваттли энергия сақлаш тизими бор. Нукусда БАА билан ҳамкорликда қурилган 27 млн долларлик, 100 ўринли Шайх Халифа шифохонаси, Тахиатошда эса «Linkwise» компаниясининг 150 млн долларлик интеллектуал ҳисоблаш марказининг биринчи босқичи очилди. Нукус жамоат транспорти учун 25 та автобус ва электробус олиб келинди. Йил охиригача яна 75 та электробус келтирилади. Бундан ташқари, Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан алоҳида лойиҳа доирасида 112 та электробус харид қилиш ва депо ташкил этиш режалаштирилган. Янги лойиҳаларнинг йириклари қуйидагилар: — Қўнғиротда Саудия Арабистонининг ACWA компанияси билан 2,6 млрд долларлик, 1,5 гигаватт қувватли шамол электр станцияси ва унга боғлиқ электр тармоқлари қурилади; — Қўнғирот ва Тахиатошда хитойлик ҳамкорлар билан 2,281 млрд долларлик рақамли валюта ишлаб чиқариш ва сунъий интеллект маълумотлар марказлари ташкил этилади; — А-380 «Ғузор — Бухоро — Нукус — Бейнеу» йўлининг 92 километрлик қисмида қурилиш бошланди. Лойиҳа қиймати — 233 млн доллар; — Нукусдаги «Дўстлик» канали бўйида «Сеул Мун» намунасида 103 млн долларлик дам олиш, савдо ва кўнгилочар марказ барпо этилади. Шунингдек, Нукусда ёш оилалар учун 30 минг аҳолига мўлжалланган «Янги Ўзбекистон» турар жой массиви тақдим этилди. Унга 270 гектар майдон ажратилган, лойиҳа ҳужжатларини тайёрлаш бошланган. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X

  13. 🔴БМТ миссияси Эрондаги мактабга зарбада АҚШнинг ҳарбий жиноят содир этганини тахмин қилиш учун асослар топди БМТнинг Эрон бўйича мустақил халқаро фактларни аниқлаш миссияси АҚШнинг Эрондаги мактаб ва спорт мажмуасига берган зарбалари ҳарбий жиноят бўлган, деб ҳисоблаш учун етарли асослар борлигини билдирди. Шу ҳисоботда Эрон ҳукуматининг норозилик намойишларини бостириш пайтидаги ҳаракатлари ҳам инсониятга қарши жиноятлар сифатида баҳоланган. 17 сентябрда эълон қилинган хулосаларда февраль ойида бошланган уруш давридаги зарбалар ҳамда Эронда 2025 йил декабрь охирида бошланган намойишларга ҳукуматнинг муносабати ўрганилган. Бу ҳақда Reuters хабар берди. Миссия эътибор қаратган асосий воқеалардан бири — 28 февраль куни Минаб шаҳридаги «Шажараи Таййиба» бошланғич мактабига берилган зарба. Эрон расмийлари маълумотига кўра, ҳужумда 150 дан ортиқ киши, жумладан, қарийб 120 нафар ўқувчи ҳалок бўлган. Экспертлар мактаб биноси фуқаролик объекти эканини аниқлаш мумкин бўлганини, унинг ҳарбий мақсадларда ишлатилганига далил топилмаганини билдирган. Мактаб Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг ҳарбий-денгиз мажмуаси яқинида жойлашган. Ҳисоботга кўра, АҚШ нишонлар ҳақидаги маълумотлар базасини янгиламаган ва зарба беришдан олдин бино ҳарбий объект эканини етарлича текширмаган. Миссия буни оддий бепарволикдан жиддийроқ ҳолат деб баҳолаган. Ламерд шаҳридаги спорт мажмуасига берилган зарба юзасидан ҳам шунга ўхшаш хулоса чиқарилган. АҚШ Марказий қўмондонлиги эса март ойида ўша куни Ламердга зарба бермаганини билдирган. Эрон ҳукуматига оид қисмда намойишчиларни қонунга хилоф равишда ўлдириш, қийноққа солиш, ўзбошимчалик билан ҳибсга олиш, мажбуран ғойиб қилиш ва сўз эркинлигини кескин чеклаш ҳолатлари қайд этилган. Миссия буларни тинч аҳолига қарши кенг кўламли ва тизимли ҳужумнинг бир қисми деб баҳолаган. Эроннинг расмий рақамларида намойишлар билан боғлиқ воқеаларда 3 038 киши ҳалок бўлгани, 25 минг киши жароҳатлангани кўрсатилган. Экспертлар бу рақамларни мустақил тасдиқлай олмаган, бироқ ҳақиқий қурбонлар ва жароҳатланганлар сони анча кўп бўлиши мумкинлигини билдирган. Вашингтон ҳисобот хулосаларини рад этди. Оқ уй вакили Анна Келли можарода ҳарбий жиноятларни фақат Эрон содир этганини даъво қилди. Пентагон эса ўз текшируви давом этаётганини, ҳозирча эълон қиладиган натижаси йўқлигини маълум қилди. Эроннинг Женевадаги доимий ваколатхонаси Reuters сўровига дарҳол жавоб бермаган. Ҳисобот 21 сентябрь, душанба куни Женевадаги БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашида тақдим этилиши ва давлатлар томонидан муҳокама қилиниши кутилмоқда. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X

  14. 🔴Ўзбекистон халқаро захираларининг бир қисмини хорижий бошқарувчиларга топшириши мумкин ✔️2026 йилнинг биринчи ярмида олтин захиралари қарийб 50 тоннага кўпайган. Ўзбекистон Марказий банки захира активларининг бир қисмини халқаро профессионал бошқарувчиларга бериш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Марказий банк раиси Тимур Ишметов бугун 18 сентябрь куни Тошкентда ўтказилган Давлат активларини бошқариш бўйича халқаро форумда маълум қилди. Бу ташаббус мамлакат молиявий захираларини бошқариш амалиётида ўзгаришга олиб келиши мумкин. Бироқ ҳозирча қайси компаниялар жалб қилиниши, уларга қанча маблағ бошқаруви топширилиши ва танлов қандай ўтказилиши ҳақида маълумот берилмаган. Марказий банкнинг расмий хабарига кўра, форумда халқаро захираларни бошқариш, инвестицияларни турли активларга тақсимлаш ва молиявий хатарларни камайтириш масалалари муҳокама қилинмоқда. Олтиннинг халқаро захиралардаги ўрни ва жаҳондаги ноаниқлик шароитида миллий бойликни сақлашга алоҳида эътибор қаратилган. Ишметовнинг айтишича, 1 сентябрь ҳолатига Ўзбекистоннинг халқаро захиралари 72 миллиард долларга етган. Бу мамлакатнинг бир йилдан ортиқ импорт харажатларини қоплашга етади. 2026 йилнинг биринчи ярмида олтин захиралари қарийб 50 тоннага кўпайган. Марказий банк захираларни турли активлар, валюталар ва молиявий ҳамкорлар ўртасида тақсимлашни давом эттирмоқчи. Ишметов 2024 йилда илк бор АҚШ ғазначилик облигациялари харид қилинганини ҳам қайд этган. Унинг сўзларига кўра, ташқи бошқарувчилар билан ҳамкорлик Марказий банк мутахассисларининг тажрибасини оширишга ҳам хизмат қилиши мумкин. Захираларни бошқаришда маблағларнинг хавфсизлиги, зарур пайтда улардан фойдаланиш имконияти ва даромадлилик ўртасида мувозанат сақлаш муҳим. Маблағларни турли активларга жойлаштириш битта инвестицияга боғлиқликни камайтириши мумкин. Бироқ ташқи бошқарувчиларни жалб қилиш харажат, назорат ва жавобгарлик масалаларини ҳам кун тартибига олиб чиқади. Шу боис Ўзбекистон учун кейинги муҳим қадам — таклиф этилаётган механизмни очиқ тушунтириш. Бошқарувчилар қандай мезонлар асосида танланади? Форумда ички пул-кредит сиёсатига оид маълумотлар ҳам берилган. Ишметовнинг билдиришича, инфляциянинг мақсадли кўрсаткичга қараб барқарор пасайиши таъминланмагунча асосий ставка 14 фоиз даражасида сақланади. Августда йиллик инфляция 6,2 фоизни ташкил этган. Марказий банк уни 2027 йилда 5 фоизга туширишни мақсад қилган. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X

  15. edited

    🔴Шароф Убайдуллаев: «Биз ҳозир ҳам кўп ёлғон гапираяпмиз!» Журналист Шароф Убайдуллаев Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзолик ҳужжати топширилиши маросимида сўз эркинлиги, журналистнинг ҳақиқат олдидаги масъулияти ва «Озодлик» радиоси билан ҳамкорлик қилган даврларини эслади. «Кўп одам тасаввур қилолмайди. Ҳатто кўришиш, “Озодлик”да иштирок этиш ҳақида гап бўлиши мумкин эмас эди», — деди у ўша даврни хотирлаб. Журналист бугунги муносабат ва ўзгаришларни Президент Шавкат Мирзиёев номи билан боғлади. Шунингдек, оғир даврларда ҳам ҳамкасбларига мадад бўлган инсонлар ҳақида гапириб, журналистикада ўз мактабини яратган устозлардан ўрганиш зарурлигини таъкидлади. Чиқишда «Озодлик»нинг фаолияти ва сўз эркинлиги масаласига ҳам тўхталинди. Убайдуллаев бир интервьюда Ўзбекистон мустақилликка эришганидан кейин радиога эҳтиёж қолган-қолмагани ҳақида берилган саволни эслади. Унинг ҳикоя қилишича, жавобда мамлакатнинг мустақил бўлиши билан сўзнинг эркин бўлиши бир хил тушунча эмаслиги, ахборотда ёлғон сақланар экан, муқобил манбаларга эҳтиёж ҳам қолиши айтилган. «Тўғри гапира олмайдиган одам сукут сақлаши керак», — деди Убайдуллаев. У ёш ҳамкасбларини бугун ёзаётган ва айтаётган гаплари учун келажакда ҳам масъул эканини унутмасликка чақирди. Журналистнинг таъкидлашича, ҳар бир чиқиш видео, овоз ёки матн шаклида сақланиб қолади. «Афсус қиласиз ёзганларингизга, афсус қиласиз. Нега? Ҳозирги пайтда улар нимада қолади? Видеода қолади, ёзувда қолади», — дея огоҳлантирди у. Убайдуллаев журналистиканинг жамиятдаги ўрнига тўхталиб, «тўртинчи ҳокимият» деган таъриф бежиз пайдо бўлмаганини ҳам қайд этди. Маълумот учун, Шароф Убайдуллаев — таниқли журналист ва публицист, ўткир фельетонлари ҳамда ижтимоий муаммоларга бағишланган очерклари билан танилган ўзбек матбуоти вакили. 1943 йил 17 январда Жиззах туманида туғилган. Тошкент давлат университетининг журналистика бўлимини тамомлаб, меҳнат фаолиятини «Сирдарё ҳақиқати» газетасида бошлаган. «Совет Ўзбекистони» ва «Тошкент оқшоми» газеталарида масъул лавозимларда ишлаган, 1992–1994 йилларда «Ўзбекистон овози» газетаси бош муҳаррири бўлган. «Нуроний» жамғармаси республика бошқаруви раиси ўринбосари сифатида ҳам фаолият юритган. 2021 йилда «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирланган. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X

  16. 🔴 Япониянинг Ўзбекистон қазилма бойликларни қайта ишлашда ёрдамлашиши муҳокама қилинди Аниқ лойиҳалар ҳозирча очиқланмади Ўзбекистон Япониянинг JOGMEC корпорацияси билан геологик қидирув ишларини кенгайтириш, критик минералларни ўзлаштириш ва соҳага япон технологияларини жалб қилиш имкониятларини муҳокама қилди. Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов бу ҳақда корпорация раҳбари Ичиро Такахара билан учрашувидан сўнг ижтимоий тармоқда маълум қилди. JOGMEC нефть, газ ва металл ресурслари таъминотини таъминлашга ихтисослашган Япония ташкилотидир. Саидовнинг билдиришича, музокараларда минерал хомашёни қайта ишлаш ва бойитиш, металлургия маҳсулотлари сифатини ошириш ҳамда ресурслардан самарали фойдаланиш масалалари кўриб чиқилган. Кадрлар тайёрлаш ва илмий тадқиқотлар ҳам ҳамкорликнинг эҳтимолий йўналишлари сифатида тилга олинган. Ўзбекистон учун бу ҳамкорликнинг муҳим жиҳати — қазилма бойликларни хомашё ҳолида сотишдан ташқари, уларни мамлакатнинг ўзида чуқурроқ қайта ишлаш имкониятидир. Япон технологиялари ва маҳаллий мутахассисларни тайёрлаш бунга хизмат қилиши мумкин. Бироқ учрашув ҳақидаги хабарда қайси минераллар ёки конлар бўйича иш олиб борилиши, қанча инвестиция киритилиши ва лойиҳалар қачон бошланиши очиқланмаган. Қайта ишлаш корхонаси қуриш ёки технология етказиб бериш бўйича аниқ шартнома имзолангани ҳам айтилмаган. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X

  17. Янги Тошкент аэропорти қурилиши учун 7 та қабристон кўчирилади Тошкент вилоятининг Қуйи Чирчиқ ва Ўрта Чирчиқ туманларида янги халқаро аэропорт қуриладиган ҳудуддаги еттита қабристон кўчирилади. Бу вилоят ҳокимининг 2026 йил 15 сентябрдаги қарорида белгиланди. Қарорда ушбу қабристонларда дафн ишлари кўп йиллар аввал тўхтатилгани қайд этилган. Улар орасида мусулмон, корейс ва рус христиан қабристонлари бор. Ҳужжатга кўра, Қуйи Чирчиқ туманидаги «Сергели болалар» қабристонидан марҳумларнинг қолдиқлари «Сурум» маҳалласидаги «Шардара» қабристонига, «Корейс» қабристонидан эса «Сергели» маҳалласидаги рус-корейс қабристонига кўчирилади. Ўрта Чирчиқ туманидаги «Сувон бағиш» ва «Қудойқул» мусулмон қабристонларидан қолдиқлар «Янги йўл» маҳалласидаги «Зайнаб она» қабристонига қайта дафн этилади. «Қудойқул» ва «Сариктепа» корейс ҳамда «Борис» рус христиан қабристонларидаги қабрлар эса «Тараққиёт» маҳалласидаги корейс қабристонига кўчирилади. Қарорда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2026 йил 10 апрелдаги хулосаси инобатга олинган. Унга кўра, марҳумларнинг жасадлари тупроққа айланган бўлиши эҳтимоли мавжуд ҳолларда қабристон ҳудудидан белгиланган тартибда фойдаланиш мумкин. Бироқ қабрлар очилганда суяк қолдиқлари топилса, уларни эҳтиёткорлик ва ҳурмат билан йиғиб, бошқа қабристонга қайта дафн этиш шарт. Ишлар диний урф-одатлар, санитария, экологик ва жамоатчилик талабларига риоя қилинган ҳолда бажарилиши белгиланган. Туман ҳокимликлари аҳоли ва марҳумларнинг қариндошлари билан тушунтириш ишларини олиб боради, кўчиришни ташкил этади ҳамда ҳар бир қайта дафн қилиш бўйича тегишли далолатномаларни расмийлаштиради. Санитария талабларига риоя этилишини вилоятнинг масъул бошқармаси назорат қилади. Қабристонларни кўчириш, қайта дафн этиш, ҳудудларни тайёрлаш ва ободонлаштириш харажатларини аэропорт қурилиши лойиҳасидаги хусусий шерик қоплайди. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X

  18. 🔴 Блогер Санжар Каримовнинг яқинлари Алламжоновдан ёрдам сўради Беш йилга озодликдан маҳрум қилинган блогер Санжар Каримовнинг (Реал Санжик) онаси ва опаси Комил Алламжонов ҳамда АҚШ давлат идораларига ёрдам сўраб мурожаат қилди. АҚШ фуқароси бўлган яқинлари блогерга нисбатан чиқарилган суд ҳукмини адолатсиз деб ҳисобламоқда. Мурожаатлар АҚШ Давлат котиби, Адлия департаменти ва Комил Алламжоновга йўлланган. Санжар Каримовнинг ўзи эса БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари ҳамда Ўзбошимчалик билан ҳибсга олишлар бўйича ишчи гуруҳига мурожаат қилган. У суд жараёнида қонунбузарликларга йўл қўйилганини билдириб, ўзига нисбатан чиқарилган ҳукмдан норозилигини баён этган. Каримов жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек тумани суди ҳукми билан таҳдид, фирибгарлик ва гиёҳвандлик воситаларини сотишда айбдор деб топилиб, беш йилга озодликдан маҳрум қилинган. Блогер гиёҳвандлик воситаларини сотишга оид айбловни асоссиз деб ҳисобламоқда. Унинг иддаосича, мазкур айблов бўйича судга тақдим этилган далиллар ноқонуний йўл билан олинган. Шунингдек, у академик Акмал Саидовнинг бу масалага доир хулосалари ҳам инобатга олинмаганини билдирган. Хабарга кўра, ҳозир иш апелляция босқичида кўрилмоқда. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X

  19. 🔴Урганчда пенсияни ошириб беришни ваъда қилган ҳоким ёрдамчиси ушланди Урганч шаҳрининг «Жамбул» маҳалласидаги ҳоким ёрдамчиси фуқаронинг пенсиясини ошириб бериш баҳонасида 15 млн сўм олганликда гумонланмоқда. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент хабар берди. Маълум қилинишича, ҳоким ёрдамчиси Б.Х. фуқаро Ш.Ю.га юқори лавозимларда ишловчи танишлари орқали унинг турмуш ўртоғига тайинланган ёшга доир пенсия миқдорини кўпайтириб беришни ваъда қилган. У олинган пулнинг бир қисмини қайтариб бераётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси — фирибгарлик билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов давом этмоқда. Эслатиб ўтамиз, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги маълумотига кўра, 2025 йилда 252 нафар ҳоким ёрдамчиси коррупцияга оид жиноятлар учун жиноий жавобгарликка тортилган, уларнинг 37 нафарига озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X

  20. edited

    📄uzdiplomat иқтибоси: 🖍 «Биз тушунишимиз керакки, табиат хатоларимизни кечирмайди». Азиз Абдуҳакимов Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси декабрь, 2021 йил Каналга уланиш:✏️ https://t.me/uzdiplomat

  21. Older posts