Учкўприкда овқатдан заҳарланиш гумони билан шифохонага ётқизилганлар 57 нафарга етди Фарғона вилояти Учкўприк туманида 17–18 сентябрь кунлари ҳолсизлик, кўнгил айниши ва ич кетишидан шикоят қилиб, тиббий ёрдам сўраганлар сони 57 нафарга етди. Соат 20:00 ҳолатига уларнинг барчаси шифохонага ётқизилган. Бу ҳақда Озиқ-овқат хавфсизлиги қўмитаси хабар берди. Дастлабки эпидемиологик суриштирувда беморлар туманнинг Наврўзшоҳ кўчасидаги тезтайёр таомлар шохобчаларидан бирида хот-дог ва нон-бургер истеъмол қилгани аниқланган. Шифокорлар уларда овқатдан заҳарланиш ҳолатидан гумон қилмоқда. Беморлар орасида аҳволи оғир ёки реанимацияда ётганлар йўқ. Ҳолат юзасидан эпидемиологик суриштирув давом этмоқда, тадбиркорлик субъектининг фаолияти вақтинча тўхтатилган. Ҳозирча заҳарланишга айнан қайси маҳсулот ёки омил сабаб бўлгани ҳақида якуний хулоса эълон қилинмаган. Маълумот учун, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига кўра, озиқ-овқат орқали юқадиган касалликларга зарарли бактериялар, вируслар, паразитлар ёки кимёвий моддалар сабаб бўлиши мумкин. Уларнинг олдини олишда тозаликка риоя қилиш, хом ва тайёр маҳсулотларни алоҳида сақлаш, таомни етарлича пишириш ҳамда хавфсиз ҳароратда сақлаш муҳим. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X