🔴”Сирожиддин Одилов ишида жабрланувчилар даъволаридан воз кечишмоқда” ❗️Аввалроқ Одиловга қарши аризалар у ҳибсга олингач, йиғилгани айтилганди Мирзачўл судида кўрилаётган блогер Сирожиддин Одиловнинг жиноят иши бўйича айрим жабрланувчилар даъволаридан воз кечиб, унга нисбатан моддий ва маънавий талаблари йўқлиги ҳақида аризалар бера бошлаган. Бу ҳақда навбатдаги суд мажлисида қатнашган «Эзгулик» инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов маълум қилди. Ташановнинг ёзишича, мазкур шахсларнинг мурожаатлари Одиловга товламачилик айблови қўйилишига асос бўлган. Унинг қайд этишича, мажлисда прокурор суд музокараларига тайёр эмаслигини билдирган. Шунингдек, терговнинг қўшимча даъвоси бўлиши мумкинлиги ҳақида гап бўлган, бироқ постда бунинг тафсилотлари очиқланмаган. Ташанов суд жараёнини ижобий баҳолаб, Одиловнинг озодликка чиқишига умид билдирган. Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ишни кўраётган судья алмашгани сабабли суд тергови бошидан бошланган эди. Одиловнинг адвокати Uzdiplomat’га берган интервьюсида ҳимоя томони қамоқ эҳтиёт чорасини ўзгартиришни сўрагани, аммо суд илтимосномани рад этганини айтган. Адвокат иш ҳужжатларига таяниб, Одиловга нисбатан 10 март куни қамоқ эҳтиёт чораси қўллангани, аризаларнинг аксарияти эса 20 ва 23 март кунлари олинганини билдирган эди. Ҳимоячи, шунингдек, дастлаб қамоққа олишга асос қилиб кўрсатилган пора олиш ва пора беришга оид айбловлар судга киритилган айблов таркибида йўқлигини таъкидлаган. Ҳимоя томони амалдаги айбловларни ҳам баҳслашмоқда. Иш бўйича якуний ҳукм ҳали эълон қилинмаган. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X