🔴 Блогер Санжар Каримовнинг яқинлари Алламжоновдан ёрдам сўради Беш йилга озодликдан маҳрум қилинган блогер Санжар Каримовнинг (Реал Санжик) онаси ва опаси Комил Алламжонов ҳамда АҚШ давлат идораларига ёрдам сўраб мурожаат қилди. АҚШ фуқароси бўлган яқинлари блогерга нисбатан чиқарилган суд ҳукмини адолатсиз деб ҳисобламоқда. Мурожаатлар АҚШ Давлат котиби, Адлия департаменти ва Комил Алламжоновга йўлланган. Санжар Каримовнинг ўзи эса БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари ҳамда Ўзбошимчалик билан ҳибсга олишлар бўйича ишчи гуруҳига мурожаат қилган. У суд жараёнида қонунбузарликларга йўл қўйилганини билдириб, ўзига нисбатан чиқарилган ҳукмдан норозилигини баён этган. Каримов жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек тумани суди ҳукми билан таҳдид, фирибгарлик ва гиёҳвандлик воситаларини сотишда айбдор деб топилиб, беш йилга озодликдан маҳрум қилинган. Блогер гиёҳвандлик воситаларини сотишга оид айбловни асоссиз деб ҳисобламоқда. Унинг иддаосича, мазкур айблов бўйича судга тақдим этилган далиллар ноқонуний йўл билан олинган. Шунингдек, у академик Акмал Саидовнинг бу масалага доир хулосалари ҳам инобатга олинмаганини билдирган. Хабарга кўра, ҳозир иш апелляция босқичида кўрилмоқда. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X