🔴 «Тошкентда қачон замонавий Табиат тарихи музейи очилади?» — Анвар Назир Сиёсатшунос Анвар Назир Тошкентда Геология музейини ҳам қамраб олган замонавий Табиат тарихи музейи ва йирик илмий-тадқиқот марказини ташкил этишни таклиф қилди. У янги музейлар ва кўргазма масканлари очилаётганини қўллаб-қувватлашини билдириб, пойтахтда табиий фанларга бағишланган замонавий музейга ҳам эҳтиёж борлигини таъкидлади. «Бугунги Табиат музейининг ачинарли кўриниши — юртимизда табиий фанларга қандай ўрин берилаётганининг очиқ кўрсаткичидир. Бу фақат эски бино ёки янгиланмаган кўргазмалар ҳақида эмас. Бу — табиат ва билимга бўлган қарашимиз ҳақида», — деб ёзади Назир. Сиёсатшуноснинг фикрича, бундай музей фақат экспонатлар намойиш этиладиган жой билан чекланмаслиги керак. Унда олимлар ишлаши, илмий тўпламлар сақланиши, янги топилмалар ўрганилиши ва экспедициялар ташкил этилиши зарур. Назир АҚШга сафари давомида Вашингтондаги Смитсон институтига қарашли Табиат тарихи миллий музейида олган суратларини келтириб, Тошкентда ҳам шундай билим ва тадқиқот маскани бўлиши кераклигини таъкидлаган. У таклиф этаётган музей геология, палеонтология, эволюцион биология, зоология, ботаника, антропология ва иқлим йўналишларини бирлаштириши лозим. Экспозициялар Ернинг пайдо бўлиши, ҳаётнинг ривожланиши ва инсоннинг келиб чиқишини ўзаро боғлиқ ҳолда тушунтириши керак. Муаллиф Геология музейининг жамоатчиликка танитилиши масаласини ҳам кўтарган. Унинг фикрича, ўзбекистонлик геологлар ўнлаб йиллар давомида тўплаган минераллар ва қадимги ҳаётга оид топилмалар шаҳарнинг энг кўзга кўринарли илмий бойликларидан бирига айланиши зарур. Назир ёшлар орасида илмга зид қарашлар тарқалаётганидан ҳам хавотир билдирган. Хусусан, «динозаврлар ўрта асрларда яшаган» каби даъволарни танқид қилиб, Беруний меросини эслатган: табиатни англаш кузатиш, ўлчаш ва далилларни текширишга таяниши керак. Сиёсатшунос музейни ташкил этиш ва унинг фаолиятини юритишда ёш олимларга таянишни таклиф қилмоқда. Унинг тасаввурида бу — болалар табиатни тажриба ва кузатиш орқали ўрганадиган, ёшлар тадқиқот олиб борадиган, олимлар эса мамлакатнинг табиий тарихини ўрганиш ва сақлаш билан шуғулланадиган маскан. «Шаҳарнинг бугунги кунга қанчалик мослиги фақат баланд бинолар, кенг йўллар, меҳмонхоналар ва савдо уйлари билан ўлчанмайди. Унинг қай ўринда турганини музейлари, кутубхоналари, университетлари ва билим ўчоқлари кўрсатади», — дея таъкидлайди Анвар Назир. Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X