🔴Режалаштирилган, аммо ўтказилмаган қабуллар бўйича Зоир Мирзаев вилояти олдинда
2026 йил август ойида давлат идораларида режалаштирилган мингта шахсий қабул ўтказилмаган. Бу бўйича энг юқори кўрсаткич Тошкент вилоятида қайд этилган — ҳудудда 148 та шахсий қабул амалга оширилмаган.
Кейинги ўринларда Фарғона вилояти — 137 та ва Тошкент шаҳри — 134 та билан турибди. Наманган вилоятида 106 та, Самарқанд вилоятида 85 та режалаштирилган шахсий қабул ўтказилмаган. Энг паст кўрсаткич Андижон вилоятида бўлиб, у ерда иккита қабул амалга ошмаган.
Августда республика бўйича 5 666 та шахсий қабул ўтказилиши режалаштирилган, амалда эса 4 666 таси ташкил этилган. Демак, режанинг қарийб 18 фоизи бажарилмаган.
Сайёр қабулларда ҳам режа тўлиқ ижро этилмаган. Масалан, 4 495 та қабулдан 4 327 таси ўтказилган. Электр тармоқлари корхоналари 39 та, ободонлаштириш бошқармалари 36 та ва маҳаллалар бўлимлари 31 та сайёр қабулни ўтказмаган.
Айни ойда давлат ташкилотларига 76 196 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг 11 114 таси такрорий мурожаатлардир. Энг кўп мурожаат Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Ички ишлар вазирлиги ва Мажбурий ижро бюросига йўлланган.
Telegram|Instagram | You Tube | Facebook | X
🔴«Туронбанк»нинг 98,9 фоизи сотилмоқда
Ўзбекистон «Туронбанк»даги 98,9 фоиз давлат улушини хусусийлаштиришга қарор қилди. Сотув Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан халқаро маслаҳатчилар хулосаси ҳамда банкнинг хусусийлаштиришга тайёрлик даражаси ҳисобга олинган ҳолда ўтказилади.
Ўзбекистон давлат банкларини сотишга аввал ҳам бир неча бор уринган, аммо белгиланган муддатлар қайта-қайта узайтирилган.
2026 йил февралида Стратегик ислоҳотлар агентлиги директорининг ўринбосари Абдулла Абдуқодиров кечикишни давлат банкларининг инвесторлар учун жозибадор эмаслиги билан изоҳлаган эди.
Унинг айтишича, айрим банкларда катта ҳажмдаги қайтмаётган кредитлар мавжуд. Кредит портфели бир ёки икки йирик қарздорга тўпланган, давлат лойиҳаларига узоқ муддатли кредитлар берилган ва риск даражаси юқори.
Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X
🔴Бобур кўчасидаги 90 йиллик тарихий бино учун кураш яна бошланди
✔️Ортиқўжаевнинг 2018 йилги қарори прокуратурада текширилади
Тошкентнинг Яккасарой тумани, Бобур кўчаси, 7-уйдаги тарихий бино атрофидаги қарийб саккиз йиллик можаро яна кун тартибига чиқди.
Маданий мерос агентлиги Бош прокуратурага мурожаат қилиб, бинони бузиш ва ўрнига кўп қаватли уй қуриш имконини берган 2018 йил 30 октябрдаги ҳоким қарорига ҳуқуқий баҳо беришни сўради.
Агентлик қонунбузилиш аниқланса, қарорни бекор қилиш ёки қайта кўриб чиқиш чораларини кўришни ҳам сўраган.
Бино 1936 йилда қурилган. Очиқ манбалардаги маълумотларга кўра, у аввал ҳам муҳофаза рўйхатида бўлган, аммо 2007 йилда ўша вақтдаги Тошкент шаҳар ҳокими Абдуқаҳҳор Тўхтаевнинг қарори билан маданий мерос объектлари рўйхатидан чиқарилган. Ўша қарор билан шаҳардаги яна 303 та объект ҳам рўйхатдан чиқарилгани хабар қилинган.
Орадан 11 йил ўтиб, 2018 йилда ўша пайтдаги Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг қарори билан Бобур кўчаси, 7-уй жойлашган ҳудуд «Universal Packing Masters» МЧЖга ажратилган. Қарорда мавжуд турар ва нотурар биноларни бузиш ҳамда улар ўрнида кўп қаватли турар жой қуриш назарда тутилган. Қарор қабул қилинган вақтда бино маданий мерос объекти сифатида ҳимояланган рўйхатда бўлмаган.
Кейинчалик қурилиш билан боғлиқ ҳуқуқлар «Jemchug House» компаниясига ўтган. 2020 йилдаги маълумотларга кўра, уйдаги 16 та квартирадан 13 тасининг эгалари қурувчи билан келишув имзолаган, қолган мулкдорлар билан эса компенсация ва кўчириш масаласида келишмовчилик юзага келган.
Бироқ бинонинг ўзи ҳам тарихий аҳамиятга эга. Бу ерда таниқли археолог Василий Шишкин (1894–1966) яшаб, ижод қилган. Шишкин Афросиёб деворий суратларини ўрганиш, қадимги Варахша ёдгорлигини тадқиқ қилиш ва Улуғбек расадхонасидаги археологик қазишмаларда иштирок этиш билан танилган.
2020 йилга келиб вазият ўзгарди. Маданий мерос бўйича Илмий-эксперт кенгаши бинога тарихий-маданий қийматга эга объект сифатида баҳо бериб, уни Миллий рўйхатга киритишни маъқуллади. 2021 йилда эса бинога берилган маданий мерос мақомини бекор қилиш таклифи рад этилди. Маданий мерос агентлигининг ҳозирги расмий позицияси ҳам объектни Миллий рўйхатдан чиқармасликдан иборат.
Масала судларга ҳам чиққан. 2021 йил мартда Тошкент туманлараро маъмурий суди қурувчилар ва шаҳар маъмуриятининг талабларини қаноатлантирмагани, натижада Бобур кўчаси, 7-уй давлат муҳофазасидаги маданий мерос объекти мақомини сақлаб қолгани хабар қилинган.
Аммо можаро шу билан тугамаган. 2026 йил сентябрида иш яна суд муҳокамаларига қайтди. ОАВ маълумотига кўра, «Jemchug House» уйда қолган мулкдорлардан бирини мажбурий кўчириш талаби билан судга мурожаат қилган. Шу жараён фонида Маданий мерос агентлиги бино давлат муҳофазасида эканини яна бир бор эслатди.
Энди эса масала Бош прокуратурага чиқди. Агентлик прокуратурадан нафақат 2018 йилги 1550-сон қарорнинг қонунийлигини текширишни, балки тарихий бино бузилиши, шикастланиши ёки унинг тарихий-маданий қийматига бошқа зарар етказилишининг олдини олиш чораларини кўришни ҳам сўраган.
Telegram|Instagram | You Tube | Facebook | X
🔴Сотилмаган давлат активлари нархи 90 фоизгача пасайтирилиши мумкин
Ўзбекистонда хусусийлаштиришга чиқарилган давлат активлари харидор топмаса, уларнинг бошланғич нархи босқичма-босқич пасайтирилади.
Президентнинг ПФ–177-сон фармонига кўра, давлат активи очиқ электрон аукцион ёки биржа савдоларида уч ой давомида сотилмаса, унинг бошланғич нархи ҳар ой 10 фоиздан пасайтириб борилади. Нархи дастлабки қийматининг 10 фоизигача туширилиши мумкин.
Шунингдек, айрим йирик давлат активлари ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини сотиб олишда харидорларга қулай тўлов шартлари берилади. Жумладан, харидор объект қийматининг 35 фоизини уч ой ичида тўласа, қолган қисмини 5 йилгача фоизсиз бўлиб тўлаши, 50 фоизини тўласа эса қолган қисмини 3 йилгача фоизсиз тўлаши мумкин. Қийматни 6 ойда тўлиқ тўлаганларга эса 25 фоизгача чегирма бериш назарда тутилган.
Фармонда такрорий аукционларда фақат битта талабгор қолган тақдирда ҳам объектни унга эълон қилинган нархда сотиш имконияти белгиланган. Шу билан бирга, давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган тижорат банклари қарз эвазига балансга олган мол-мулкларни 50 фоизгача чегирма билан, бошланғич тўловсиз ва 6 йилгача бўлиб тўлаш шартида реализация қилиши мумкин.
2026 йилда 84 та давлат ва давлат иштирокидаги корхона улуши, 1 242 та кўчмас мулк объекти ҳамда 8 минг гектар ерни хусусийлаштириш режалаштирилган. Давлат активлари ва ерларни сотишдан камида 14 трлн сўм тушум олиш мақсад қилинган.
Фармонга кўра, стратегик аҳамиятга эга айрим корхоналар хусусийлаштирилганда давлат «олтин акция» орқали муҳим қарорларга таъсир қилиш ҳуқуқини сақлаб қолиши мумкин.
Йирик объектлар рўйхатида бир қатор таниш номлар бор. Жумладан, «Андижон механика заводи»нинг 100 фоиз давлат улуши, «Халқ суғурта» АЖнинг 100 фоиз улуши, KO-UNG CYLINDER’нинг 54,76 фоиз, KOR-UNG Investment’нинг 50 фоиз, шунингдек Халқаро ҳамкорлик марказининг 79,27 фоиз давлат улуши хусусийлаштириш учун савдога чиқарилади. Рўйхатга турли вазирлик ва идоралар тизимидаги бошқа йирик корхоналар ҳам киритилган.
Telegram|Instagram | You Tube | Facebook | X
edited
🔴Гулистонда «қоғозда ишлаган» ободонлаштириш ходимларига 1 млрд сўм маош ёзилган
✔️Амалда амалдорлар пулларни талон-тарож қилган
Сирдарё вилоятида бюджет маблағларини талон-торож қилиш билан боғлиқ ҳолат аниқланди. Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти маълумотига кўра, Гулистон шаҳар ободонлаштириш бошқармаси масъул шахслари амалда ишламаган фуқароларни ишчи сифатида расмийлаштириб, улар номига жами 1 млрд сўм иш ҳақи ҳисоблаган.
Терговга қадар текширувда мазкур маблағлар кейинчалик масъул шахслар томонидан ўз эҳтиёжлари учун сарфлангани ва бюджет маблағлари ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилингани аниқланган.
Яъни, дастлабки маълумотларга кўра, бюджетдан иш ҳақи учун ажратилган пуллар ҳақиқатда меҳнат қилмаган шахслар номига расмийлаштирилган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси — ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Қонунчиликка кўра, мазкур модда бўйича жазо жиноятнинг миқдори, содир этилиш усули ва бошқа ҳолатларга қараб белгиланади.
Ҳозирча Департамент гумон қилинaётган масъулларнинг сони, уларнинг лавозимлари ва схема қанча вақт давомида ишлагани ҳақида қўшимча маълумот бермаган.
Telegram|Instagram | You Tube | Facebook | X
🔴Дипломатияга 550 нафар талаба қабул қилиниши керак эди, лекин 3200 киши 189 балл тўплади
✔️Келаси йил қабул тартиби ўзгариши мумкин
Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов дипломатия йўналишларига қабулда юзага келган муаммоли ҳолат ҳақида гапирди.
Унинг айтишича, бу йил 550 та ўринга 3 200 нафар абитуриент максимал — 189 балл тўплаган. Натижада уларнинг барчаси ўқишга қабул қилинган. Вазир келгуси йилдан қабул тартибида ўзгариш бўлишини маълум қилди.
2026/2027 ўқув йили қабулида оддий тест тизими бўйича тўплаш мумкин бўлган энг юқори балл 189 этиб белгиланган.
Абитуриент 5 та фан бўйича жами 90 та тест топшириғини бажаради: мажбурий уч фан учун 33 балл, икки мутахассислик фани учун эса 156 балл берилади.
Максимал балл олганлар сонининг кескин кўпайишига миллий ва халқаро сертификатлар тизими ҳам таъсир қилмоқда. Амалда сертификат натижаси абитуриентнинг қабулдаги баллига ҳисобланади, хорижий тил сертификатлари эса тизимга автоматик юкланади.
Айни пайтда абитуриентлар аудиториясида бошқа хавотир ҳам айтилмоқда.189 баллнинг оммавийлашиши энг кучли ОТМларда ҳатто максимал натижа билан ҳам рақобатни ҳал қилиб бўлмайдиган вазиятга олиб келиши мумкин. Абитуриентларга ихтисослашган каналларда тарих ва чет тили фанлари мажмуасида максимал балл тўплаганлар сони жуда кўпайгани, мавжуд квоталар уларнинг барчасини сиғдира олмаслиги ҳақида муҳокамалар кетмоқда.
Бу йилги умумий қабул статистикаси ҳам муаммонинг кўламини кўрсатади. Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги маълумотларига кўра, республика бўйича 7 579 нафар абитуриент 189 ва ундан юқори натижа қайд этган. Бу барча абитуриентларнинг тахминан 1,1 фоизини ташкил этади.
Қўнғиротбой Шарипов келаси йилдан қабул механизми ўзгаришини айтган, аммо қўшимча имтиҳон, суҳбат, фанлар кесимида устуворлик ёки бошқа саралаш мезони жорий этиладими — ҳозирча очиқланмаган.
Telegram|Instagram | You Tube | Facebook | X
uzdiplomat иқтибоси:🖍
«Энг оғир қуллик — тафаккур қуллигидир».
Абдурауф Фитрат
(1886–1938)
Жадидчилик ҳаракатининг йирик намояндаларидан бири, адиб, олим, публицист, драматург ва давлат арбоби.
Ўзбек миллий уйғониши, замонавий таълим ва маърифат тараққиёти учун курашган зиёли.
Telegram|Instagram | You Tube | Facebook | X
edited
🔴 Сербия Ўзбекистонга баллистик ракеталар бўйича ҳамкорлик таклиф қилди
Аммо имзоланган ҳужжатларда мудофаа битими йўқ
Сербия Ўзбекистон билан мудофаа саноати, жумладан, баллистик ракеталар ишлаб чиқариш соҳасида ҳамкорлик қилишга тайёр. Бу ҳақда Сербия президенти Александр Вучич Белградда ўтказилган Сербия–Ўзбекистон бизнес-форумида маълум қилди.
Вучичнинг айтишича, Сербия ҳозирда қисқа масофали баллистик ракеталарни ишлаб чиқармоқда ва бир йилдан кейин узоқ масофага учувчи баллистик ракеталар ишлаб чиқаришни бошлашни режалаштирган.
У форум вақтида Сербия мудофаа вазирининг моддий ресурслар бўйича ёрдамчиси Ненад Милорадовичдан узоқ масофали баллистик ракеталар ишлаб чиқаришни қачон бошлаш мумкинлигини сўради. Милорадович бунга бир йил кераклигини билдирди.
Шундан сўнг Вучич Сербия бу йўналишда Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини айтди.
«Бир йилдан кейин узоқ масофали баллистик ракеталар ишлаб чиқаришни бошлаймиз ва бу масалада ҳам сизлар билан ҳамкорлик қилишга тайёрмиз», — деди Сербия президенти.
Вучич Сербия мудофаа саноати ривожланаётгани ва айрим давлатлардан технологиялар трансферини олаётганини ҳам таъкидлади.
Ҳозирча Ўзбекистон томони Сербия президентининг баллистик ракеталар бўйича ҳамкорлик таклифига алоҳида муносабат билдиргани ҳақида расмий маълумот эълон қилинмади.
Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X
🔴Ўзбекистон ва Сербия стратегик шерик бўлди
✔️Меҳнат миграциясидан эркин савдогача 20 га яқин ҳужжат имзоланди
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Сербияга илк расмий ташрифи якунларига кўра, Ўзбекистон ва Сербия муносабатлари стратегик шериклик даражасига кўтарилди. Бу ҳақдаги қўшма декларацияни Шавкат Мирзиёев ва Александр Вучич имзолади, деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Ташриф доирасида 20 га яқин ҳужжат алмашилди. Энг муҳим келишувлар қуйидагилар:
- меҳнат миграцияси — ўзбекистонликларни Сербияда тартибли ва қонуний ишга жалб қилиш бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилади;
- эркин савдо — икки давлат ўртасида эркин савдо битимини тайёрлаш учун ишчи гуруҳ тузилади;
- транспорт ва логистика — халқаро автомобиль ташувлари, Ўрта йўлак ва темир йўл инфратузилмаси бўйича ҳамкорлик кенгайтирилади;
- саноат — автомобиль қисмлари, ускуналар, электр техникаси ва электроника ишлаб чиқариш бўйича қўшма лойиҳалар кўриб чиқилмоқда;
- энергетика, фармацевтика, қишлоқ ва сув хўжалиги, рақамлаштириш, туризм ва бошқа соҳаларда ҳам келишувларга эришилди.
Шунингдек, Ўзбекистон EXPO-2027 халқаро кўргазмасида Белградда миллий павильон билан қатнашади.
Самарқанд вилояти ва Воеводина автоном ўлкаси ўртасида шериклик ўрнатилади.
Ташрифнинг яна бир рамзий воқеаси — Белград кўчаларидан бирига «Тошкент» номи берилди.
Эришилган келишувларни амалга ошириш учун Ўзбекистон ва Сербия алоҳида «йўл харитаси» қабул қилади.
Telegram| Instagram | You Tube | Facebook | X
Ўзбекистонликлар Умра зиёрати бўйича дунёда 10-ўринда
Юртимиздан Саудияга сафарлар йилдан-йилга ортиб бормоқда
Ўзбекистонликларнинг Саудия Арабистонига сафарлари кескин кўпаймоқда. 2026 йил январь–июль ойларининг ўзида 167,3 минг нафар Ўзбекистон фуқароси туристик мақсадларда ушбу мамлакатга борган. Тўрт йил аввал шу даврда бу кўрсаткич 50 минг нафар эди.
Миллий статистика қўмитаси маълумотига кўра, 2026 йилнинг дастлабки етти ойида Саудия Арабистонига 167 337 нафар Ўзбекистон фуқароси туристик мақсадларда сафар қилган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 15,6 минг нафарга ёки 10,3 фоизга кўп.
Январь–июль ойларида кўрсаткич 2022 йилда 50 минг, 2023 йилда 35,2 минг, 2024 йилда 106,5 минг, 2025 йилда 151,7 минг ва 2026 йилда 167,3 минг нафарни ташкил қилган.
Батафсил ўқиш
Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X
edited
🔴Жанубий Кореяда Интерпол орқали қидирилаётган 19 нафар Ўзбекистон фуқароси бор
Жанубий Кореяда хорижда содир этилган жиноятлар бўйича қидирувда бўлган 110 нафар чет эл фуқароси яшириниб юргани аниқланган. Улар орасида 19 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳам бор. Бу ҳақда Жанубий Корея Миллий полиция агентлиги маълумотларига таяниб, The Korea Times ёзди.
Энг кўп қидирув сўрови Хитой фуқароларига тўғри келган — 40 та. Кейинги ўринларда Ўзбекистон — 19 та, Мўғулистон — 17 та, Вьетнам — 13 та.
Жиноят турлари бўйича энг кўп ҳолат фирибгарлик билан боғлиқ — 47 та. Яна 29 та ҳолат болалар ва ўсмирларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунларни бузиш, одам ўғирлаш, ноқонуний ушлаб туриш ва фоҳишалик билан боғлиқ бошқа жиноятлар тоифасига киритилган. Гиёҳванд моддалар билан боғлиқ 7 та, ўғирлик, йўл ҳаракати қоидаларини бузиш, тан жароҳати етказиш ва зўравонлик бўйича эса ҳар бири 5 тадан ҳолат қайд этилган.
Манба 19 нафар ўзбекистонлик айнан қайси жиноятлар бўйича қидирилаётганини алоҳида очиқламаган.
Интерполдан сўров келиб тушганда Жанубий Корея Миллий полиция агентлиги гумонланувчи бўлиши мумкин бўлган ҳудуддаги полицияга уни қўлга олиш бўйича топшириқ беради. 2026 йилда халқаро ҳамкорлик билан шуғулланувчи ходимлар сони 22 нафардан 64 нафарга оширилган. Қидирувдаги хорижликларни ўз давлатларига қайтариш ҳолатлари ҳам кўпайган: ўтган йили 13 нафар бўлган бўлса, жорий йил августга қадар 24 нафар репатриация қилинган.
Telegram| Instagram | You Tube | Facebook | X
🔴 Фуқаро Олий суд судьялари ва Холмўмин Ёдгоров устидан шикоят қилмоқда
Олий суд судьяларининг ҳаракатидан норози фуқаро аслида кимга шикоят қилиши керак ва Раззоқов каби идорама-идора юриб жавоб излаётганлар яна қанча?
2013 йилда судланган Мамадали Раззоқов ўзини ноҳақ қамалган деб ҳисоблайди. У 2025 йилда Олий судга тафтиш шикояти билан мурожаат қилиб, ҳукмга қарши 14 та важ келтирган, аммо судьялар уларга тегишлича ҳуқуқий баҳо бермаганини даъво қилмоқда. Шундан сўнг у судьяларнинг ҳаракатларидан шикоят қилиб Судьялар олий кенгаши, Сенат ва малака ҳайъатига мурожаат қилган. Бироқ Раззоқовнинг айтишича, мурожаатлари бир идорадан бошқасига йўналтирилмоқда.
Батафсил ўқиш
Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X
edited
🔴Мирзиёевни қирувчи учоқлар билан кутиб олган Сербия расмий маросимда артиллериядан салют отди
✔️Ўзбекистон ва Сербия стратегик шерикликка ўтмоқчи
Бугун Белграддаги Сербия саройида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевни расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Уни Сербия Президенти Александр Вучич қарши олди. Фахрий қоровул саф тортди, икки давлат мадҳиялари янгради ва артиллериядан ўн марта салют берилди. Маросимдан сўнг икки давлат раҳбарлари музокараларни бошлади.
Шавкат Мирзиёев Сербияга 7–8 сентябрь кунлари расмий ташриф билан борган. Ташриф кун тартибидан савдо, инвестиция, транспорт, машинасозлик, енгил ва озиқ-овқат саноати, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика ва IT соҳаларида қўшма лойиҳаларни кенгайтириш ўрин олган. Шунингдек, ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси ва ҳудудлараро ҳамкорлик масалалари ҳам муҳокама қилиниши белгиланган.
Ташрифнинг энг муҳим сиёсий натижаларидан бири — Ўзбекистон ва Сербия ўртасида стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисида қўшма баёнот имзоланиши кутилмоқда. Сербия президенти маъмурияти эълон қилган дастурга кўра, икки давлат раҳбарлари якка тартибда ва делегациялар иштирокида музокаралар ўтказиб, сўнг икки томонлама ҳужжатлар алмашади.
Шу куни Сербия–Ўзбекистон бизнес форуми ҳам ўтказилиши режалаштирилган. Сербия томони ташриф арафасида транспорт соҳасида учта ҳужжат тайёрланганини маълум қилди. Белград Ўзбекистонни 2027 йилда ўтказиладиган Expo 2027 кўргазмасида фаол иштирок этишга ҳам таклиф қилган.
Сербия томони эълон қилган дастурда яна бир рамзий қадам ҳам бор. Белградда келажакдаги Тошкент кўчаси тақдимоти ўтказилиши кўзда тутилган. Шунингдек, Шавкат Мирзиёевга Сербия Республикасининг юқори давлат мукофоти — катта занжирли орден топширилиши режалаштирилган.
Шу тариқа, ташриф фақат протокол тадбирлари билан чекланмай, икки давлат муносабатларини стратегик шериклик даражасига олиб чиқиш ва иқтисодий ҳамкорликни конкрет лойиҳалар билан мустаҳкамлашга қаратилган.
Telegram| Instagram | You Tube | Facebook | X
edited
🔴Ўзбекистон PISAда 48-ўринни олдими? Рақам ортидаги ҳақиқий натижа
Ўзбекистон ўқувчилари PISA 2025 халқаро баҳолаш дастурида табиий фанлар бўйича 438 балл тўплади. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги бу натижани 91 давлат ва таълим тизими орасида 48-ўрин сифатида тақдим қилди.
438 балл — тўғри рақам. Натижаларни балл бўйича юқоридан пастга жойлаштирганда Ўзбекистон ҳақиқатан ҳам 48-қаторга тўғри келади.
Аммо буни «Ўзбекистон таълим сифати бўйича дунёда 48-ўринда» деб тушуниш тўғри эмас.
PISA спорт мусобақаси эмас. OECD мамлакатларнинг натижасини биринчи навбатда ўқувчилар тўплаган ўртача балл орқали баҳолайди. Тадқиқотда мамлакатдаги барча 15 ёшлилар эмас, махсус танлаб олинган ўқувчилар қатнашгани учун натижаларда статистик ноаниқлик ҳам мавжуд.
Шунинг учун расмийлар PISA натижаларини жамоатчиликка тақдим этишда «438 балл билан жадвалда 48-қатор» ва «биз дунёда 48-ўриндамиз» деган икки тушунчани аралаштирмаслиги муҳим.
Хўш, Ўзбекистон аслида қандай натижа кўрсатди?
438 балл нимани англатади?
Батафсил ўқиш
Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X
🔴Тошкентда уйларнинг янги баҳоси ҳозирча солиқни оширмайди
✔️Расмийлар шундай изоҳ бермоқда
Аввалроқ Uzdiplomat Тошкентда айрим квартира ва уйларнинг янги баҳоси амалдаги кадастр қийматидан бир неча баравар юқори чиққанини ва бу мол-мулк солиғига қандай таъсир қилиши мумкинлиги ҳақида ёзган эди.
Кўчмас мулкни оммавий баҳолаш миллий маркази бу масалага изоҳ берди.
Қайд этилишича,ҳозирги оммавий баҳолаш натижалари солиқ тўлови ошишига сабаб бўлмайди. Марказ таъкидлашича, янги қийматни солиқ ставкаси ёки тўланадиган солиқ суммаси билан тенглаштириш тўғри эмас. Амалда турар жойлар учун мол-мулк солиғи базаси ҳали ҳам кадастр қиймати ҳисобланади.
Шу боис уйнинг янги баҳоси 7–15 баравар ошган тақдирда ҳам, бу мол-мулк солиғи ҳам шунчага кўпаяди дегани эмас. Тошкентдаги жамоатчилик муҳокамаси якунланиб, «Кўчмас мулкни оммавий баҳолаш тўғрисида»ги қонун қабул қилинганидан кейин солиққа тортиш масаласи тегишли вазирлик ва идоралар томонидан алоҳида кўриб чиқилади. Марказ «солиқлар кескин ошиб кетади» деган хавотирга ҳозирча асос йўқлигини билдирди.
Янги баҳони davreestr.uz ёки my.gov.uz орқали кўриш ва унга муносабат билдириш мумкин. Бу мажбурий эмас, аммо мулкдор фикр билдирмаса, баҳолаш натижаси қайта кўриб чиқилмайди ва ўзгаришсиз қолади.
Яна бир муҳим жиҳат, оммавий баҳолашда уйнинг ҳақиқий таъмир ҳолати алоҳида ҳисобга олинмайди. Методикага кўра, барча объектлар шартли равишда «ўртача таъмирланган» деб қабул қилинади. Баҳолаш давлат томонидан бепул амалга оширилади.
Оммавий баҳолаш 2025–2026 йилларда Тошкентда, 2026–2027 йилларда Нукус ва вилоят марказларида, 2027 йилдан эса республика бўйлаб жорий этилиши режалаштирилган. Унинг мақсади 9 миллиондан ортиқ кўчмас мулк ва қарийб 8 миллион ер участкасининг иқтисодий қийматини аниқлаш, бозор ҳақида янгиланиб борадиган маълумот базасини яратиш ва келгусида солиққа тортишда адолатлироқ механизмни шакллантиришдан иборат, демоқда расмийлар.
Telegram| Instagram | You Tube | Facebook | X
Айрим йирик ОТМ ва тиббиёт марказларига хусусий инвесторлар жалб қилинади
Ўзбекистонда айрим йирик олий таълим муассасалари ва республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларини босқичма-босқич тижоратлаштириш режалаштирилмоқда.
Президент фармонига кўра, бундай муассасалар хўжалик жамиятларига айлантирилади. Кейин уларнинг фаолиятига хусусий инвесторлар жалб этилади.
Инвесторларни жалб қилиш механизмларидан бири сифатида муассасаларнинг устав капиталидаги акциялар пакетини оммавий савдоларга чиқариш кўзда тутилган.
Бу амалда давлат муассасасининг ташкилий-ҳуқуқий шаклини ўзгартириш, корпоратив бошқарув тизимига ўтказиш ва хусусий капитал кириши учун шароит яратишни англатади.
Ҳозирча қайси олийгоҳлар ва қайси республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари мазкур жараёнга биринчи босқичда киритилиши очиқланмаган.
Шунингдек, хусусий инвесторларга акцияларнинг қанча қисми таклиф этилиши ва давлат назорат пакетини сақлаб қолиши ёки йўқлиги ҳақида ҳам аниқ маълумот йўқ.
Telegram| Instagram | You Tube | Facebook | X
Тошкентда 25 нафар болани битта «Damas»да олиб кетаётган ҳайдовчи аниқланди
Тошкент шаҳрида йўл-патруль хизмати ходимлари 25 нафар болани битта «Damas» автомобилида ташиб кетаётган ҳайдовчини аниқлади. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ахборот хизмати хабар берди.
Ҳолат мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчиларини ташишда хавфсизлик талабларига риоя этиш масаласини яна бир бор кун тартибига чиқарди. ЙҲХБ боғча раҳбарлари ва ҳайдовчиларни болаларнинг ҳаёти ва соғлиғини хавф остига қўймасликка чақирди.
Ота-оналардан ҳам фарзандларини ташиш жараёнида транспорт ва хавфсизлик талабларига қай даражада амал қилинаётганини назорат қилиш сўралди.
Тошкент шаҳар ИИББ маълумотига кўра, 2026 йилнинг биринчи ярмида пойтахтда 420 та йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилган, шундан 116 таси болалар иштирокида содир бўлган. 26 та ЙТҲ эса ўлим билан якунланган.
Telegram| Instagram | You Tube | Facebook | X
edited
🔴«Оилани сақлаш учун чидаш керак»ми?
✔️Марказий Осиёда зўравонлик нега ҳали ҳам оқланади?
Марказий Осиёда аёлларнинг 18 фоизи ҳаёти давомида жисмоний ва/ёки жинсий зўравонликка дуч келган. Аммо муаммонинг янада оғир томони бор — зўравонликка учраётган аёлларнинг ўзи ҳам баъзан уни оқлайди.
Тожикистонда ўтказилган тадқиқотда эркакларнинг 97 фоизи, аёлларнинг эса 72 фоизи «аёл оилани сақлаш учун зўравонликка чидаши керак», деган фикрни билдирган.
Нега «оилани сақлаш» талаби баъзан зўравонликка чидаш талабига айланади?
Бунда ОАВ ва ижтимоий тармоқларнинг қандай роли бор?
Алматида ўтаётган минтақавий тренингда БМТ вакили кўтарган энг оғриқли масалалар ва Марказий Осиёдаги вазият ҳақида батафсил —
Uzdiplomat материалида ўқинг!.
❗️ Суратда эри томонидан 19 ёшида ўлдирилган сурхондарёлик келин. Унга ҳам оиласида зўравонликка чидаш кераклиги уқтириб келинган...
Telegram| Instagram | You Tube | Facebook | X
edited
🔴Ҳоким бўлиш “нархи” $210 минг!
Фарғона вилоятида фуқарони Учкўприк тумани ҳокими лавозимига тайинлатиб қўйишни ваъда қилган шахс қўлга олинди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Фарғона вилояти бошқармаси ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро С.А. фуқаро И.Д.нинг ишончига киргани аниқланган.
Маълум қилинишича, у ўзини Ўзбекистон Республикаси ҳакамлик суди судьясининг ёрдамчиси деб таништирган ва юқори лавозимларда ишловчи танишлари орқали И.Д.ни 210 минг доллар эвазига Учкўприк тумани ҳокими лавозимига ишга жойлаштириб қўйишини айтган.
С.А. келишилган пулнинг 100 минг долларини олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 25, 168-моддаси — фирибгарликка суиқасд қилиш ҳамда 28, 211-моддаси — пора беришда иштирок этиш аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Telegram| Instagram | You Tube | Facebook | X
uzdiplomat иқтибоси: 🖍
“Зиёли одам вақти келиб шаҳарнинг бош майдонига чиқиб, халқининг юзига тик боқиб, ҳисоб беришга тайёр бўлмоғи лозим!..”
ОЗОД ШАРАФИТДИНОВ,
Ўзбекистон қаҳрамони, адабиётшунос олим, танқидчи.
(1929-2005)
Каналга уланиш:✏️ https://t.me/uzdiplomat